Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинди

2016 йил 28 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Сарвар Садуллаевич Отамуратов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Абдурахмонович Кетмонов, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланади. Шу муносабат билан мажлисда сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ масала кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Шу куннинг ўзида Марказий сайлов комиссиясининг бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш ҳамда комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун онлайн режимида брифинг ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов тадбир иштирокчиларини Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарликнинг бориши ҳақида хабардор қилди.

Сайлов кампанияси мамлакатимиз қонунчилиги ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастурига тўла мувофиқ ҳолда амалга оширилаётгани таъкидланди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига асосан сайловолди ташвиқоти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар рўйхатга олинган кундан бошланади.

Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга оммавий ахборот воситаларидан Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тенг фойдаланиш ҳуқуқи берилади ва таъминланади.

Жумладан, сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.

“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурлы жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.

Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири республикамиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситаси – махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланади. Мамлакатимизнинг 36 та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликларини бепул жойлаштириш имконияти яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти материалларининг турлари, шакллари, услублари ва мазмунини мустақил белгилайди.

Таъкидлаш жоизки, сайловолди ташвиқоти даврида тенг шарт-шароитлар яратиш тамойили партия нашрларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар тегишли материалларни исталган ҳажмда чоп этишлари мумкин.

Брифингда сайловга тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам фикр юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш учун 9 минг 378, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси тузилди. Сайлов участкалари зарур алоқа воситалари, компьютер ва ташкилий техника, ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус белгиланган жойларда яширин овоз бериш учун сайлов кабиналари, сайлов қутилари ўрнатилган.

Округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссиялари таркиблари шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Комиссия аъзоларининг 69 фоизи илгари сайлов комиссияларининг фаолиятида бевосита иштирок этган ва муайян тажрибага эга фуқаролардир. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир.

Брифингда сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш масалаларига, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли ахборотдан фойдаланишлари учун барча шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди. Ҳозирга қадар Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 500 дан ортиқ вакили, округ сайлов комиссиялари томонидан қарийб 560 нафар маҳаллий журналист аккредитациядан ўтказилди.

 ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *