Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4907-сон Фармонига мувофиқ, мамлакатимиз илм-фани нуфузини янада ошириш, илмий-технологик салоҳиятини юксалтиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, Фанлар академияси аъзолари таркибини фаннинг устувор йўналишларида олиб бораётган фаол илмий-тадқиқот изланишлари натижалари билан республика ва халқаро илмий ҳамжамият томонидан эътироф этилган таниқли олимлар ҳисобига кенгайтириш, мавжуд илмий мактаблар анъаналарини давом эттириш ва янги мактаблар яратилишини таъминлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳайъати ва тегишли фан ихтисосликлари бўйича фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзоларининг тавсиясига асосан қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқлансин:

Физика-математика фанлари бўйича

Азамов Абдулла — Фанлар академияси Математика институти бўлим мудири

Бахадирханов Мухамед Кабир — Тошкент давлат техника университети кафедра мудири

Бахрамов Сагдилла Абдуллаевич — Фанлар академияси физика-математика ва техника фанлари бўлими раҳбари-илмий котиби

Зайнабидинов Сиражидин — Андижон давлат университети профессори

Лақаев Саидахмат Норжигитович — Самарқанд давлат университети кафедра мудири

Усманов Тимурбек — Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институти лаборатория мудири

Эгамбердиев Шухрат Абдуманнапович — Фанлар академияси Астрономия институти директори
Кимё фанлари бўйича

Жалилов Абдулахат Турапович — “Тошкент кимё-технологиялар илмий-тадқиқот институти” давлат унитар корхонаси директори

Ибрагимов Бахтияр Туляганович — Фанлар академияси бош илмий котиби

Намазов Шафаат Саттарович — Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти лаборатория мудири

Тураев Аббасхан Сабирханович — Фанлар академияси Биоорганик кимё институти директори ўринбосари

Биология фанлари бўйича

Абдурахмонов Иброхим Юлчиевич — Инновацион ривожланиш вазири

Сабиров Равшан Заирович — Фанлар академияси Биоорганик кимё институти лаборатория мудири

Тожибаев Комил Шаробитдинович — Фанлар академияси Ботаника институти директори

Техника фанлари бўйича

Аллаев Кахраман Рахимович — Тошкент давлат техника университети профессори

Игамбердиев Хусан Закирович — Тошкент давлат техника университети профессори

Мирсаидов Мирзиёд — Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти кафедра мудири

Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича

Сулаймонов Ботиржон Абдушукирович — Тошкент давлат аграр университети ректори

Тарих фанлари бўйича

Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич — Ўзбекистон Миллий университети профессори

Юсупова Дилорам Юнусовна — Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими

Иқтисодиёт фанлари бўйича

Абдурахманов Каландар — Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали директори

Аимбетов Нагмет Каллиевич — Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раиси

Филология фанлари бўйича

Каримов Наим Фатихович — Қатағон қурбонлари хотираси музейи етакчи илмий ходими

Мирзаев Тўра — Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими

Юридик фанлар бўйича

Саидов Акмал Холматович — Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

Педагогика фанлари бўйича

Жураев Рисбай — Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти лойиҳа раҳбари

Тиббиёт фанлари бўйича

Аляви Анис Лютфуллаевич — Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари

Арипова Тамарахон Уктамовна — Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика иммунология илмий маркази директори

Иноятова Флора Ильясовна — Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази лойиҳа раҳбари

Курбанов Равшанбек Давлетович — Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори

Назиров Феруз Гафурович — академик В.Вахидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори

Санъатшунослик фанлари бўйича 
Хакимов Акбар Абдуллаевич — Фанлар академияси Санъатшунослик институти бўлим мудири

2. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Йўлдошев Фанлар академиясининг тасдиқланган ҳақиқий аъзоларининг асосий фаолият йўналишлари доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни тасдиқласин, ижросини назоратга олсин ва режалаштирилган барча тадбирларни тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалга оширилишини таъминлаш юзасидан зарур чораларни кўрсин.

“Йўл хариталари”да Фанлар академиясининг тасдиқланган ҳақиқий аъзолари томонидан, жумладан, қуйидаги йўналишлардаги тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилсин:

илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият;

илмий натижаларни амалиётга жорий қилиш;

жойларда илмий мактабларни ривожлантириш;

ўз фаолиятига тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларининг илмий асосланган ечимларини ишлаб чиқишда фаол иштирок этиш;

таълим жараёнида иштирок этиш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш;

халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро миқёсда Ўзбекистон илм-фани нуфузини юксалтириш;

илм-фан тараққиётини таъминлаш ва инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, замонавий илм-фан ютуқларини жойларда кенг тарғиб қилиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Йўлдошев Фанлар академиясининг тасдиқланган ҳақиқий аъзоларининг 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари” ижроси мониторингини юритсин ҳамда йилнинг ҳар чорак якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий маълумот киритиб борсин.

4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси  Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 декабрь

***

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолиятини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 

фармони

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини янада қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини рағбатлантириш, республиканинг академик илм-фани нуфузини ошириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:
2018 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари (кейинги ўринларда академиклар деб аталади) учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн икки баробари миқдорида, собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзолари (кейинги ўринларда мухбир аъзолар деб аталади) учун эса – энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробари миқдорида ойлик гонорар тўланади; академикларга ва мухбир аъзоларга тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йил 1 январдан бошлаб ушбу Фармоннинг 1-бандида белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни ажратишни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:
қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин; ўзлари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Фармонга мувофиқлаштирсинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4907-сон Фармонининг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзоларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5146-сон Фармонининг 1-бандида иккинчи ва учинчи хатбошилари чиқариб ташлансин.

5. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Р.Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т.Мирзаев ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Йўлдошев зиммасига юклансин.

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти                Ш.МИРЗИЁЕВ
 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 29 декабрь

***

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги фармонларига шарҳ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолия­ти­ни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларига
 
ШАРҲ

Иқтисодиётни инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг ролини кучайтириш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, илғор илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш, жойларда илмий мактабларни мустаҳкамлаш ҳамда тегишли ҳудудий ва тармоқ муаммоларини ҳал қилишда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилиш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фани нуфузини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига охирги сайловлар 1995 йилда ўтказилгани мазкур Фармоннинг тарихий аҳамиятини янада оширади. Ўтган йиллар мобайнида академикларнинг сони икки мартадан кўпроққа қисқарди ва ҳозирги кунга келиб академиянинг атиги 63 нафар ҳақиқий аъзоси қолган эди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижроси дорасида қисқа вақт ичида илмий-тадқиқот фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базаси ва молия­­­лаш­тириш механизмларини янада такомиллаш­тириш, моддий-тех­ни­ка салоҳия­тини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини оширишга йўналти­рил­ган мақсадли комплекс чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширил­моқда.

Бу кенг қамровли вазифаларни амалга оширишда мамлакат фундаментал фанининг етакчиси сифатида Фанлар академияси ҳақли равишда алоҳида ўрин тутади.

9 та илмий-тадқиқот муассасаси Фанлар академияси таркибига қайтарилди, қатор илмий ташкилотлар қайта ташкил этилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. «2017-2021 йилларда республикада илмий-тадқиқот муассасалари инфратузилмасини мустаҳ­кам­лаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури» амалга оширилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари сифатида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-таддқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаш­тирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш белгиланган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилиниши Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга хизмат қилади ҳамда иқтисодиёт ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида инновацион жараёнларни жадаллаштиришга катта туртки беради.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони билан 22 йиллик узоқ танаффусдан сўнг академикликка тасдиқлаш учун энг муносиб олимларни танлов асосида саралаб олиш ишларига якун ясалмоқда. Фармонга мувофиқ, академиянинг Ҳайъати ва фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзолари тавсиясига кўра, Фанлар академиясининг 32 нафар янги ҳақиқий аъзолари тасдиқланди.

Тасдиқланган академиклар қаторидан – республиканинг физика-матема­тика, кимё, биоло­гия, техника, қишлоқ хўжалиги, тарих, иқтисодиёт, фило­­­ло­гия, ҳуқуқшунослик, педагогика, тиббиёт фанлари ҳамда санъат­шунослик соҳаларида кўзга кўринган, замонавий илмий-тадқиқот фаолиятини белгилаб берадиган қуйидаги қатор муҳим мезонлар бўйича кўп босқичли саралашдан муваффақиятли ўтган олимлари ўрин олди:

илмий жамоатчилик томонидан тан олинган, илм-фанни шахсий ютуқлари ва йирик илмий натижалари билан бойитган;

ўз йўналишида янги илмий мактаб ташкилотчиси ва раҳбари бўлган ёки мавжуд илмий мактабни ривожлантиришда бевосита иштирок этган;

амалиётга жорий этилган ишланмаларга эга бўлган ёки ўзи раҳбарлик қилаётган жамоа ходимлари томонидан эришилган фан ютуқларини ишлаб чиқаришга ёки амалиётга жорий этишда бевосита қатнашган;

фундаментал, амалий илмий лойиҳалар ва инновацион ишланмаларга илмий раҳбарлик қилган;

халқаро илмий лойиҳаларга илмий раҳбар бўлган ёки уларни бажариш ва халқаро илмий ҳамкорликда иштирок этган.

Танловли саралаш асосида академиклар қаторини тўлдириш натижасида Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари таркиби ёшарди, бу академик­ларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва интеллектуал салоҳиятидан илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳаларида самарали фойдаланиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, академикларни илмий, таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш режалаштирилган.

Фармон билан, шунингдек, академикларнинг асосий фаолият йўналишлари доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш топширилиб, улар томонидан илмий-инновацион соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, замонавий илм-фан ютуқларини оммалаштириш бўйича мақсадли тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

“Йўл хариталари”да республикамизнинг чекка ҳудудлари, олис туман ва қишлоқлари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Мамлакатимиз Президенти, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ҳамда собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзолари ва мухбир аъзолари фаолия­ти­ни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга ҳам имзо чекди. Фармонда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб:

Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва собиқ Ўзбекистон қиш­лоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоларига энг кам ойлик иш ҳақининг ўн икки баробари;

собиқ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг мухбир аъзоларига энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баро­бари миқдорида ойлик гонорар тўланиши белгилаб берилди.

Бундан ташқари, академиклар ва мухбир аъзоларга тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахс­лар даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.

Мазкур фармонларнинг қабул қилиниши академик илм-фан нуфузини янада ошириш, унинг кадрлар ва интеллектуал салоҳиятини мустаҳ­кам­­лаш, иқтидорли ёшларни илм-фан соҳасига кенг жалб қилиш, Фаол тад­бир­кор­лик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида инновацион жараёнларни жадаллаштириш борасида давлатимиз томони­дан қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг изчил равишда давом эттирилишидан далолат беради.

http://uza.uz

 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *