Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 20 декабрь куни «Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида»ги фармонга имзо чекди.

Фармонда қайд этилганидек, Ўзбекистон ўз танлаб олган мустақил тараққиёт йўлидан – ижтимоий адолат ва қонунийлик тамойилларига асосланган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан қатъият билан бормоқда.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган биринчи халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Инсон ҳуқуқларининг умумжаҳон декларациясида ҳар бир инсон фуқаролик ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қандай асосларда эга бўлганликдан қатъий назар, республиканинг бутун ҳудудида ҳамма учун тенг бўлган ягона фуқаролик белгилаб берилган.

Фуқаролик давлат томонидан барча шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлашнинг асоси ҳисобланади.

Ўзбекистон конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди ва унинг ташқарисида ўз фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси ва муҳофазасини таъминлайди.

Шу муносабат билан, бугунги кунда фуқаролик бериш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва бундай юксак унвонга муносиб шахсларни, энг аввало «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий вазиятларга кўра чет элда бўлган республиканинг маҳаллий аҳолиси орасидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида асосли қарорлар қабул қилиш масаласи муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мазкур чораларнинг амалга оширилиши халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига тўла мос келади ва ўзбек заминида туғилиб, ўсиб-улғайган ҳамда Ватанимизнинг тараққиёти ва равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган шахсларнинг манфаатларини назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-банди, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17- ва 30-моддаларига мувофиқ бир гуруҳ  шахсларнинг аризалари қаноатлантирилиб, улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. (Уларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинган).

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *