Ўзбекистон Сенатига илк марта аёл киши раҳбарлик қилади

У ким ва қандай ваколатларга эга?

Ўзбекистон парламентининг юқори палатасига илк маротаба аёл киши раҳбарлик қиладиган бўлди. 20 июнь куни Сенат ялпи мажлисида президент Шавкат Мирзиёев тақдимига биноан Танзила Норбоева Сенат раиси этиб сайланди.

Бунгача Хотин-қизлар қўмитасига раҳбарлик қилиб келган Норбоева янги лавозимида бош прокурорликка ўтган Ниғматилла Йўлдошевнинг ўрнини эгаллади.

Ялпи мажлисда 81 нафар сенатор Норбоева номзодини ёқлаб овоз берди, 2 сенатор бетараф қолди, «қарши» овоз берганлар бўлмади.

Сенатнинг тўртинчи раиси

Танзила Камоловна – Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи раисидир. Мамлакатда икки палатали парламентаризмга ўтилган 2005 йилдан буён қонун чиқарувчи ва вакиллик органининг юқори палатасини Мурод Шарифхўжаев, Илгизар Собиров ва Ниғматилла Йўлдошев бошқариб келган.

Ўзбекистон Сенатининг илк раҳбари, академик Мурод Шарифхўжаев бу лавозимда бир йил фаолият юритгач, 2006 йил февралида соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли истеъфога чиққан.

Шарифхўжаевичдан кейин Сенатга раҳбарлик қилган Илгизар Собиров ҳам, Ниғматилла Йўлдошев ҳам суд-ҳуқуқ соҳаси вакили эди. 2006-2015 йилларда бу лавозим эгаси бўлган Собиров бунгача суд, адлия ва ҳокимият органларида ишлаган бўлса, ундан кейин келган Йўлдошев прокуратура ва адлия органларида узоқ йиллик иш тажрибасига эга эди.

45 йиллик меҳнат фаолияти

Сенатнинг илк аёл раиси сифатида Ўзбекистон тарихидан жой оладиган 63 ёшли Танзила Норбоева меҳнат фаолиятини бошлаганига 45 йил бўлган.

У 1956 йилда Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1981 йилда Тошкент давлат университетини битирган. Педагогика фанлари номзоди.

Иш фаолиятини 1974 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаб, 1975-1995 йиллари Тошкент шаҳрида мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражадаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган.

1995-2010 йиллари Бош вазир ўринбосари котибияти мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари котибияти мудири, Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларини эгаллаган.

2018 йил июль. Каттақўрғон

2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси бўлиб ишлаган.

Сиёсатчи 2016 йил декабрь ойидан буён Бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган, 2018 йил декабрида бу лавозимга қайта сайланган эди.

Танзила Норбоева – оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Болалар меҳнатига чек қўйилиши ва президент эътирофи

Бугун Сенатнинг 20-ялпи мажлисида иштирок этган президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқининг салмоқли қисмини жамиятда хотин-қизларнинг ўрни ва ролини оширишга бағишлади.

Эндиликда давлат раҳбарининг ташаббуси билан Сенатда янги қўмита – Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита тузилади.

Шавкат Мирзиёев Сенат раҳбарлигига Норбоева номзодини илгари суриб, бу тасодифий қарор бўлмагани, балки бунга бир йилдан ортиқроқ вақт тайёргарлик кўрганини маълум қилди.

Президент Танзила Норбоева борасида фикр билдирар экан, унинг ўз ишига масъулиятли ёндашиши, ростгўйлиги ва ватанга муҳаббатини эътироф этиб ўтди.

«Айниқса, унинг болалар меҳнатига барҳам бериш йўлидаги ҳаракатларини қадрлайман», – деди президент.

Халқаро меҳнат конференцияси. Женева, 2019 йил июнь

Маълумот учун, 2019 йилнинг март ойида АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар «қора рўйхати»дан чиқарди. 1 апрель куни эса Брюсселда эълон қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоботида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон пахта саноатида болалар ва мажбурий меҳнатдан тизимли фойдаланишга барҳам берилгани эътироф этилди.

Сенат раисининг ваколатлари нималардан иборат?

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, Сенат раиси:

1) Сенат ва унинг Кенгаши мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;
2) Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;
3) Сенат маъқуллаган қонунларни имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборади;
4) Сенат қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
5) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Сенат қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
6) Сенат Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
7) парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Сенат гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;
8) Сенат матбуот органларининг уставларини ва таҳрир ҳайъатлари таркибини ҳамда уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;
9) Кенгаш билан келишилган ҳолда Сенат матбуот органларининг бош муҳаррирларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади;
10) Сенат матбуот органларининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;
11) Қонунчилик палатаси, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Сенат номидан иш кўради;
12) Сенат ва унинг Кенгаши қарорларини имзолайди;
13) Сенат девони фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, сенаторлар ва Сенат девони ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;
14) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва Сенат Регламентида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Сенат Раиси ўзининг ваколатига тааллуқли масалаларни Кенгаш муҳокамасига киритишга ҳақли. У ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

БМТ Хотин-қизлар Комиссиясининг 63-сессияси. Нью-Йорк, 2019 йил март

Сенат Раиси ўз вазифасини бажариш даврида сиёсий партия ва ҳаракатларга аъзоликни тўхтатиб туради, Сенат қўмиталарининг таркибига сайланиши ҳам мумкин эмас.

Шунингдек, Конституцияга асосан давлатнинг амалдаги раҳбари ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолатларда унинг вазифа ва ваколатлари вақтинча Олий Мажлис Сенати Раисининг зиммасига юклатилади.

Ўзбекистонда аёл сиёсатчилар

«Бир нарсани тан олиш керак: аёллар халқнинг дардини бошқалардан кўра чуқур ҳис қилади. Бу йил декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда меҳнаткаш ва оқила аёлларимиз қанчалик кўп сайланса, бундан давлатимиз ҳам, жамиятимиз ҳам фақат наф кўради», – деди Шавкат Мирзиёев бугун Сенатнинг ялпи мажлисида.

Қайд этиш керакки, айни пайтда Олий Мажлис юқори палатасида 100 нафар сенатордан 22 нафари, Қонунчилик палатасида эса 150 депутатдан 18 нафари аёл киши. Халқ депутатлари туман ва вилоят кенгашларига депутатлик учун номзодларнинг 22-23 фоизини аёллар ташкил этади.

Танзила Норбоевадан ташқари Ўзбекистон сиёсий ҳаётида энг таниқли аёл сиёсатчилар сифатида Светлана Ортиқова, Элмира Боситхонова, Агреппина Шин, Дилором Тошмуҳамедова, Гавҳар Алимова, Сайёра Рашидова кабиларни санаб ўтиш мумкин. Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёевнинг қизлари Саида ва Шаҳноза Мирзиёевалар ҳам давлат органларида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб боришмоқда.

Ўтган ҳафта фаол жамоатчи эксперт Азиза Умарова ЎзЛиДеПга аъзо бўлгани ва жорий йилги парламент сайловларида Олий Мажлис депутатлиги ёки сенаторлигига сайланиш умидида эканини маълум қилганди.

https://kun.uz/news/2019/06/21/ozbekiston-senatiga-ilk-marta-ayol-kishi-rahbarlik-qiladi-u-kim-va-qanday-vakolatlarga-ega

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *