Ўзбекистон-Туркия: ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган ҳамкорлик жадал ривожланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп

Таййип Эрдўғон 29 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ўзбекистон-Туркия: ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган ҳамкорлик жадал ривожланмоқда

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркия Республикаси Президенти ва унинг рафиқасини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.

Таъкидлаш лозимки, Туркия Республикаси Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган. Халқларимиз кўп асрлик тарихи, тили, дини, қадриятлари ва муштарак урф-одатлари билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугунги кунда изчил мустаҳкамланиб бормоқда.

Ташрифнинг асосий тадбирлари Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон тор доирада учрашув ўтказди. Дўстона ва очиқлик руҳида ўтган мулоқотда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илм-фан, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Президентимиз Туркия Президентини самимий қутлаб, мамлакатларимиз муносабатлари ривожида муҳим сиёсий воқеа бўлган ушбу ташриф ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ҳамкорлигимиз изчил ривожланиб бораётганининг далолати эканини таъкидлади.

– Ўтган йил мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар янги стратегик босқичга кўтарилди. Ўзаро саъй-ҳаракатлар туфайли товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ўсди. Имзоланган ҳужжатлар самарасида халқларимиз ўртасидаги борди-келди енгиллашди. Олий даражадаги навбатдаги музокаралар халқларимиз манфаатига хизмат қилаётган ушбу эзгу ишлар суръатини янада оширишига ишончим комил, – деди Шавкат Мирзиёев.

Режеп Таййип Эрдўғон давлатимиз раҳбарига таклиф учун миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда муттасил тараққий этаётганини мамнуният билан қайд этди.

– Туркия ва Ўзбекистон тарихи буюк, урф-одат ва анъаналари муштарак, энг яқин дўстлар сифатида танилган. Халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини доимо қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар ушбу дўстлик ришталарини яна бир поғона юқорига олиб чиқишига ишонаман, – деди Режеп Таййип Эрдўғон.

Ўзбекистон ва Туркия ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли. Мамлакатимизнинг бозори, тобора эркинлашаётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити Туркияни қизиқтиради. Ушбу мамлакатнинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги ва туризм салоҳияти Ўзбекистонга фойда келтиради.

Давлат раҳбарлари 2017 йил 14 май куни Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми, ўша йилнинг 10 сентябрь куни Остона шаҳрида бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити доирасида музокаралар ўтказди. Шунингдек, сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида учрашди.

Президентимизнинг 2017 йил октябрь ойида Туркияга давлат ташрифи икки томонлама дўстона муносабатларда янги даврни бошлаб берди. Ташриф давомида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг мавжуд ҳолати ва истиқболларини батафсил муҳокама қилдилар. Имзоланган Қўшма баёнот ўзаро ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда энг муҳим ҳужжат бўлди.

Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Музокарада савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзаро савдо ҳажми ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича ижобий ўзгаришлар алоҳида қайд этилди.

Туркия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан биридир. 2017 йилда давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 1,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Шу йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 20 фоизга ўсиб, 400 миллион долларга етди. Яқин йилларда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ тадбирлар юзасидан келишиб олинди.

Рангли металлар ва улардан тайёрланадиган буюмлар, мева-сабзавот маҳсулотлари, хизматлар, азот ўғитлари, нефтни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар мамлакатимизнинг Туркияга асосий экспорти бандларини ташкил этади. Ўз навбатида, мамлакатимиз пардоз-андоз буюмлари, турли механик ва электрон ускуналар, пластмасса ва улардан тайёрланадиган маҳсулотлар, тўқимачилик, кимё, фармацевтика маҳсулотлари, тери ошлаш ва бўяш воситаларини импорт қилади.

Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида очилган Ўзбек – Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.

Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамда Ер усти юк ташувлари тўғрисидаги келишувларга мувофиқ тузилган Халқаро автомобиль ташувлари масалалари бўйича қўшма комиссия бу йўналишдаги алоқалар ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

«Боку – Тбилиси – Карс» темир йўли ўзаро савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда 1993 йилдан буён ваколатхонаси фаолият кўрсатаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) саъй-ҳаракатлари ҳам юқори баҳога лойиқдир. Ўтган давр мобайнида ушбу агентлик тиббиёт ва таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида фаол қатнашди.

Музокарларда ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўплиги, ушбу ташриф икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар ривожига янги суръат бахш этиши таъкидланди.

Икки мамлакатда ҳам харидоргир бўлган юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни етказиб бериш ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш орқали ўзаро савдо ҳажмини муттасил ошириб бориш ва диверсификация қилиш бўйича якдил фикр билдирилди.

Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ишлари бундан кейин ҳам рағбатлантириб борилиши қайд этилди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштиришда миллий авиакомпанияларимиз ўртасида шерикчилик муҳим ўрин тутади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан ўтган йил октябрь ойидан бошлаб “Самарқанд – Истанбул”, жорий йилнинг мартидан бошлаб “Турк ҳаво йўллари” томонидан шу йўналиш бўйича тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани, халқларимиз ўртасидаги борди-келдининг соддалаштирилгани муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

Ҳозирги вақтда авиақатновларни кенгайтириш мақсадида янги режа ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатимизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги дастурлар доирасида турк инвестицияси иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам музокаралар мавзуси бўлди.

Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради.

Яна бир муҳим йўналиш – Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ҳам амалий фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Ўтказилган суҳбат ва музокаралар давомида Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази инфратузилмаларини ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини шакллантиришда туркиялик қардошлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган маданий-гуманитар алоқалар ҳам Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг ажралмас қисми ҳисобланади. 2016 йил июнь ойида Анқарада Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Турк санъат усталарининг Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида мунтазам иштирок этиши, Туркия давлат телерадиокомпанияси (ТРТ) Ўзбекистонда ўтказиладиган расмий тантаналарни хорижий мамлакатларга ретрансляция қилиши анъанага айланди.

Соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим соҳаларида, етакчи тадқиқот марказлари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатларимиз БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига ўхшаш ёки яқин.

Президентлар минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар. Хусусан, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш масаласида ҳам атрофлича фикрлашиб олинди.

– Бизнинг бу борадаги қатъий позициямизни яна бир бор таъкидлашни истардим: Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев. – Албатта, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бу борада асосий воситачи ролини бажариши лозим.

Давлат раҳбарлари маърифий ва бағрикенг ислом динини тарғиб этиш, унинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш борасида ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидладилар. Зеро, ислом дини доимо эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон кенг кўламли стратегик ҳамкорлигимизни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилган, ўз мазмун-моҳияти билан катта аҳамиятга эга бўлган Қўшма баёнотни имзоладилар.

Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатларимиз ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжатга имзо чекилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

– Музокаралар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналарига мос ҳолда, очиқ, сермазмун ва самарали бўлди. Ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, унинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб олинди. Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди, – деди давлатимиз раҳбари.

Туркия Президенти музокаралар ўзаро англашув, манфаатдорлик ва ишонч руҳида ўтганини, Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, стратегик даражага кўтарилганини таъкидлади. Кўлами ва аҳамияти катта бўлган келишувларга эришилганидан, Бухородаги муборак қадамжоларни зиёрат қилажагидан бахтиёр эканини билдирди.

Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмонга мамлакатимиз парламентида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари олдида нутқ сўзлади.

Куннинг иккинчи ярмида Туркия Президенти Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Шундан сўнг Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйиб, Буюк Йўлбошчимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон «Ўзэкспомарказ»да ташкил этилган «Ўзбекистон – Туркия» ишбилармонлари бизнес форумида иштирок этдилар. Бизнес-форум доирасида умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг 50 дан ортиқ янги инвестициявий қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришда бундай бизнес-форумлар муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.

 Зиёдулла Жонибеков, ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *