Ўзбекистон — ШҲТ: Тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик
Тинчлик — улуғ неъмат.
Айниқса, бугунги глобаллашув даврида унинг қадру қиймати янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Кузатаётган бўлсангиз, ҳар куни оммавий ахборот воситаларида дунёнинг қайсидир бир ерида юзлаб бегуноҳ одамлар терроризм, диний экстремизм, айирмачилик, уюшган жиноятчилик, наркотик моддалар тарқалиши каби қабиҳ хатти-ҳаракатларнинг қурбонига айланаётгани ҳақида хабарлар тарқатилаяпти.
Улар кишини атрофга теранроқ назар ташлашга, огоҳ бўлишга ундайди. Чунки “Аср вабоси” дея таърифланаётган бундай жиноятларнинг чегара билмаслиги, ҳудуд танламаслиги жуда кўп бор ўз исботини топган.
Албатта, глобал хавфсизликка таҳдид солаётган бундай хатарларга фақат бир мамлакатнинг саъй-ҳаракати билан барҳам бериб бўлмайди. Бу йўлда ўзаро ҳамкорлик, бамаслаҳат иш кўриш муҳим аҳамиятга эгадир. Шу боис ҳам дунёда жуда кўп ташкилотлар, тузилмалар фаолияти йўлга қўйилган. Улар орасида нуфузи ортиб бораётган, ўзаро истиқболли ҳамкорликни ривожлантириб, халқаро муаммолар ечими бўйича энг мақбул ва самарали йўлларни илгари сураётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти(ШҲТ)нинг алоҳида ўрни бор.
Мазкур халқаро тузилмага 2001 йил 15 июнда Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатлари томонидан асос солинган. ШҲТ айни пайтда сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда алоқаларни ривожлантириш, жаҳонда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бу борада доимий фаолият юритувчи органи — Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) ўрни алоҳида эканини таъкидлаб ўтиш жоиз. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2003 йил май ойидаги Қарорига асосан, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси Тошкент шаҳрида жойлашиши белгиланди ва ушбу тузилма 2004 йилнинг 17 июнидан пойтахтимизда ўз фаолиятини бошлади.
Эътиборлиси, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси шаклланиши ва расмий очилиш маросими Ўзбекистоннинг ташкилотда илк бор раислиги даврида, яъни 2004 йил июнь ойида амалга ошди.
Бундан ташқари, ўша йили мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг учрашуви институти ташкил этилди. Таъкидлаш лозимки, у ҳозирги шароитда минтақамизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқишда ўзига хос механизмга айланган.
Хусусан, 2010 йил 23 апрель куни Тошкентда ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгашлари котибларининг навбатдаги — бешинчи учрашувида ШҲТ ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга доир долзарб масалалар, ташкилотга аъзо давлатларнинг терроризм, айирмачилик ва экстремизмга, шунингдек, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ҳамда интернет-терроризмга қарши курашиш борасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Мазкур учрашувда Президентимиз Ислом Каримов ҳозирги даврда минтақавий ҳамда глобал хавфсизлик муаммоларини ҳал этишда, халқаро терроризм, айирмачилик, экстремизм ва наркотрафик, қолаверса, стратегик муҳим минтақа бўлган Марказий Осиёдаги бошқа таҳдид ҳамда хавф-хатарларга қарши курашишда ШҲТнинг роли тобора кучайиб бораётганини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари ён қўшнимиз Афғонистонда узоқ йиллардан буён давом этаётган можаро ҳал этилмас экан, -минтақамизда тинчлик-барқарорликка нисбатан таҳдид ҳам сақланиб қолаверишини жуда кўп бор таъкидлаган ва нуфузли халқаро минбарлардан туриб, бу масала ечими бўйича ўзининг аниқ таклифларини илгари сурган.
2010 йили пойтахтимиз мезбонлик қилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги йиғилишида ҳам ШҲТ ва унинг органлари фаолиятини такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш билан бир қаторда, терроризм, диний экстремизм ва айирмачиликка, наркотик моддалар ҳамда қурол-яроғ контрабандасига, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистондаги вазият анжуман иштирокчилари диққат-эътиборида бўлди.
Музокаралар якунида бир қатор муҳим ҳужжатлар — ШҲТга аъзо давлат раҳбарлари кенгаши ўнинчи мажлисининг декларацияси, ШҲТга янги аъзоларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТ Процедуралари қоидаларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор, ШҲТ Бош котибининг Ташкилотнинг ўтган йил мобайнидаги фаолиятига оид ҳисоботини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор ва ШҲТ МАТТ Кенгашининг МАТТнинг 2009 йилдаги фаолиятига доир ҳисоботини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор имзоланди.
Ўшанда саммит иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга раислик давридаги фаолиятига юксак баҳо беришган. Бунга асослар етарли. Гап шундаки, ўтган вақт мобайнида мамлакатимиз ШҲТнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш, меъёрий-ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш, ШҲТ Хартиясидаги мақсадлар, вазифалар ва тамойиллардан келиб чиқиб, хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни илгари сурди, уларни ҳаётга татбиқ этди. Шу орқали ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, Тошкентда 2010 йил 5 апрелда БМТ ва ШҲТ Котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ШҲТ олдида турган вазифаларни ҳал этишда БМТ минбаридан янада фаолроқ фойдаланиш, жумладан, унинг доирасида ШҲТга аъзо давлатларнинг манфаатларини ифодаловчи масалаларни биргаликда илгари суриш имконини беради.
Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ўн беш йиллик юбилейига бағишланган йиғилишига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади. Айни пайтда ушбу нуфузли анжуман ва унинг доирасидаги тадбирларга қизғин тайёргарлик кўрилаяпти. Шубҳасиз, мазкур саммитда ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш, нуфузини ошириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда Ўзбекистон ташаббуслари яна бир бор эътирофини топиши, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида эса янги уфқлар очилиши шубҳасиз.
Зеро, бугун дунё Ўзбекистонни нафақат жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ўз стратегияси туфайли барқарор -ривожланаётган давлат сифатида яхши билади, балки глобал ҳамда минтақавий муаммоларга оқилона ечим бўла оладиган янгича ёндашувлар, механизмлар ташаббускори сифатида ҳам тан олмоқда. Бу ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Саиджон МАХСУМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Сўнгги фикрлар