Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев ёшлар билан онлайн мулоқот ўтказди.
Мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан жорий йил 30-июнда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўлаётгани таъкидланди.
Ёшлар ҳаётига дахлдор, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришга қаратилган 14 меъёрий ҳужжат –қонунлар, Президентимиз фармони, қарори ва фармойиши, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ишлаб чиқилди. Жорий йил қарийб 3 минг ёш оила уй-жой билан таъминланди. Кўплаб ёшлар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Мингдан зиёд ёш тадбиркор имтиёзли кредитлар олди. Ёш тадбиркорлар ва фермерлар билан ишлаш бўйича ташкил қилинган марказлар томонидан уларни қўллаб-қувватлаш, фаолиятини янада ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ёшлар иттифоқи қошида йил охиригача 15 нодавлат нотижорат жамоат ташкилоти фаолият юрита бошлади, йил охиригача уларнинг сони 30 тага етказилади. Ёшлар бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, 5 мингдан ортиқ ёш иш билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифанинг ижроси доирасида уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича тизим яратилди. Ушбу долзарб масалага бағишлаб ўтказилган илмий-амалий анжуман натижаларига таяниб, уюшмаган ёшларни қизиқтираётган масалалар ижроси бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.
Чет элларга ўқиш ёки ишлаш учун кетган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ёшлар иттифоқи масъуллари жорий йил август ойида Хитой Халқ Республикасидаги ўзбекистонлик ёшлар билан учрашди. Уларнинг таклиф-истакларига кўра, Шанхай ва Пекинда Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ташкил этилди. 30-октябрь – 8-ноябрь кунлари Ёшлар иттифоқи делегацияси Россиянинг Москва, Астрахань, Новосибирск ва Санкт-Петербург шаҳарларида таҳсил олаётган ва меҳнат фаолиятини юритаётган ўзбекистонлик ёшлар билан учрашувлар ўтказади.
Президентимиз тавсиясига биноан Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясини ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2018-йил 1-январдан бошлаб мазкур ташкилот Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши қошида фаолиятини бошлайди. Янги йилдан бошлаб «Ёшлар овози» газетасини ҳафтада тўрт маротаба чоп этиш йўлга қўйилади.
Ижтимоий тармоқдаги fb.com/kuranbayev.k саҳифасида тўғридан-тўғри ўтказилган мулоқотда ёшларнинг муаммо ва хоҳиш-истаклари билан ўртоқлашилди, фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилди.
Сўнгги фикрлар