2017 йилнинг илк дақиқаларидан бошлаб, ўзбекистонликлар ўзгача давр бошланганини ҳис эта бошлади. Негаки, замонавий давлатчиликда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев халқини телемурожаат орқали шахсан табриклади. Шунингдек, 14 январь куни ташкиллаштирилган видеоселектор йиғилишида ўша вақтдаги собиқ бош вазир ўринбосари Рустам Азимов қаттиқ танқид остига олинди.
Худди шундай бўлди: орадан 11 ой муддат ўтиб, Шавкат Мирзиёев Молия вазири Жамшид Қўчқоров фаолиятига баҳо берди. Унга молия тизимини «тозалаш»га кўрсатма берилди.
Шунингдек, президент Сурхондарё вилоятига сафари давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хушбоқов хонадонида бўлган эди. Шавкат Мирзиёев Шоди бобо ва у кишининг умр йўлдоши Саломат момо билан оиланинг кундалик ҳаёти, фарзандлар ва набираларнинг тарбияси тўғрисида суҳбатлашди. Ва Шоди бобога сўнгги русумдаги Captiva автомобилини совға қилди. Машина ҳақида гап кетганда, Шавкат Мирзиёев Chevrolet Malibu автомашинасини бошқаришни хуш кўриши эслаб ўтиш лозим. Давлат раҳбари 25 март куни Тошкент шаҳридаги қурилиши тугалланган ва режалаштирилаётган иншоотларни Chevrolet Malibu автомобилининг янги намунасида бориб кўрганди.
30 март куни эса Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселекторда телевидение фаолияти танқид қилинган ва тизимни ўзгартириш кераклиги таъкидланган. Бу соҳада аҳвол «эски ҳаммом, эски тос» бўлиб қолаётгани айтилган. Шундан сўнг, май ойларида«O‘zbekiston 24» номи остида янги миллий ахборот-таҳлилий телерадиоканал пайдо бўлиши ҳақида хабар пайдо бўлди.
Ўзбекистонда 2017 йил апрелида фаолият бошлаган Халқаро Пресс-клуб давлат арбоблари, жамоатчилик вакиллари ва бошқа турли соҳалар раҳбарларини студиюга таклиф этмоқда, журналистлар улардан муҳим маълумотларни олишмоқда. Сайёр Пресс клуб жонли тарзда эфирга узатила бошланди.
Қуддус Аъзам бошчилигидаги «Муносабат» кўрсатуви ҳафтасига бир неча марта жонли эфирга узатилди. Бироқ, «ёз эйфорияси» августнинг охирги кунларида адоғига етди. Шундан сўнг, телевидение томошабинларни «ҳайрат»га солишни тўхтатди. Фақат Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга уюштирган ташрифи юқори даражада, жонли эфирлар орқали ёритилгани инобатга олинмаса, ЎзМТРКдаги шитоб тезлик билан сўнди.
Йил бошида мактабларнинг 11 йиллик таълим тизимига қайтиши ҳақидаги миш-мишлар кўпайганди. Бунга ҳам ойдинлик киритилди. Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев қуйидагича жавоб берди: «Ҳозирда биз 9+3, яъни 9 йил мактаб ва 3 йил лицей ёки касб-ҳунар коллежлардаги таълим тизими бўйича ишлаймиз ва бу тизим ўзини тўлақонли оқламоқда. Агарда мазкур масалада қандайдир ўзгаришлар бўлса, ОАВ ходимлари, албатта, биринчилардан бўлиб хабардор бўлишади».
16 июнь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 78-умумтаълим мактабига ташриф буюрган давлат раҳбари айнан мана шу масалага мурожаат қилди. Шавкат Мирзиёев шу жойда мактабда 11 йиллик таълим тизимини қайта жорий этиш таклифини билдирди. Аввалига бу янгилик Тошкент шаҳрида тажриба-синов тариқасида жорий этилиши билдирилган бўлса, кейинчалик бутун Республика бўйлаб шундай амалиёт пайдо бўлиши маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев февраль ойидан бошлаб барча турдаги пенсия тўловлари ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда, талабаларга эса стипендияларнинг камида 50 фоизини нақд шаклда топшириш ҳақида кўрсатма берди. Йил сўнггида эълон қилинган қарорга кўра, пенсия ёшида ишлаётган шифокорлар иш шаклининг ҳақ қандай кўринишидан қатъи назар, пенсия пулини тўлиқ олиши белгилаб қўйилди. 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,15 мартага (15 фоиз) оширилди.
Февраль ойига келиб, Олий Мажлиси Сенати кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 10000 сўмлик банкнотларнинг чиқарилиши тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. 10 минг сўмлик банкнотлар 10 март кунидан муомалага чиқарилган бўлса, 22 августидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қиймати 50000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқарди. Орадан 15 кун ўтмасдан, валюта эркин конвертацияси оммага таништирилди. Шундай қилиб, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қиймати кескин ўзгарди, аммо тижорат-банклари валютани сотишда маъмурий буйруқбозликларга йўл қўйилмаслигини билдирди.
1 мартдан Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари, жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолидан пластик карталар воситасида тўловларни қабул қилишни таъминловчи ҳисоб-китоб терминалини мажбурий ўрнатмасдан фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмаслиги маълум қилинди. Аммо бу хабар амалда сусткашлик билан ижро этилдими, йирик бозор ва айрим садо шохобчаларида хизмат кўрсатаётган тадбиркорлар ҳалигача ҳисоб-китоб терминалисиз савдо амалга оширмоқда.
Август ойининг биринчи ярмида Тошкент шаҳридаги Олой, Юнусобод ва Қўйлиқ бозорларида нақд пул ечиб олиш мумкин бўлган банкоматлар ишга тушди. Ҳар бир бозорда биттадан банкомат ўрнатилган. Банкоматларга ҳар куни ўртача 30 млн сўм пул қўйилади. Ўрнатилган тартибга кўра битта карта билан 100 минг сўм пул ечиб олиш мумкин. Бир кунда бир киши бир мартадан ортиқ пул ечиб ололмайди (битта карта бир кунда фақат бир марта қабул қилинади). Банкоматлар 10000, 5000 ва 1000 сўмлик банкнотлар билан тўлдирилган.
Шунингдек, март ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб, юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар 2 йилда бир марта малака оширишга мажбур бўлади. Малака оширганлиги тўғрисидаги сертификатларни берувчи ягона ташкилот Avtotest ҳисобланади.
Транспорт хусусида Тошкентни тарк этган трамвайлар ёдга тушади. Улар 15 апрель куни Самарқанд шаҳрида Темирйўл вокзали – Сартепа йўналиши бўйича қатновга қўйилди. Бунда Шавкат Мирзиёевнинг ўзи ҳам иштирок этди. Давлат раҳбари «Тарих музейи» бекатидан «Темир йўл вокзали» бекатигача вилоят фаоллари билан бирга трамвайда келди.
Апрель ойида «Ўзавтосаноат» ва GM Uzbekistan АЖ матбуот хизмати интернетда маҳаллий автомобиллар нархи ошиши ҳақида тарқалган хабарлар асосга эга эмаслигини айтиб, ушбу хабарларга раддия берганига қарамасдан, GM Uzbekistan компанияси ўзи ишлаб чиқараётган бир қатор автомобилларнинг нархларини оширди. 1 июндан бошлаб машиналар тан нархига нисбатан тахминан 30 фоиз оширилгани эълон қилинди. Компания 4 сентябрь куни барча маҳсулотларини миллий валютада сотишини маълум қилди.
20 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 393-сонли қарори қабул қилинди. Қарорда бакалавриат ва магистратура босқичига талабаларни қабул қилишнинг янги тартиблари белгиланган. Унга кўра, «супер контракт» шаклида ўқишга қабул қилиш қонуний тасдиқланди. 2017/2018 ўқув йили учун ўтказилган кириш имтиҳонларида Ўзбекистон қуролли кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар тавсияномаларига эга бўлган абитуриентларга кириш тестларида тўплаган балларининг 50 фоизи қўшиб берилди. Бундай янгилик оқибатида Андижон тиббиёт институтида ўтказилган тест синовларида бир абитуриент энг юқори — 306,9 балл тўплагани шов-шувга айланди.
Ички ишлар тизимида шундай катта ислоҳотлар бошландики, бу ўзгаришлар ортидан милиция сўзи ҳам фойдаланишдан олиб ташланди. Бу ҳақда Ички ишлар собиқ вазири Абдусалом Азизов хабар берган бўлса, кейинчалик янги вазир Пўлат Бобожонов «тизимни нопок ходимлардан тозалаши»ни билдирган. Вазир ҳисобот даврида хизмат интизомини бузгани учун 7000дан зиёд ходимлар интизомий жазога, жиноят содир этгани учун 201 нафар шахс жавобгарликка тортилганини маълум қилган.
Йилнинг ўртасида Бош прокуратура Гулнора Каримова ва унинг шерикларига нисбатан 2013 йилда жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берди. Хабарга кўра, Каримовага 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Декабрь ойига келиб АҚШ ҳукумати Гулнора Каримовага нисбатан санкция жорий қилди. Унинг номи энди «Магнитский қонуни» рўйхатида.
Бундан ташқари, йил давомида қаттиқ танқидларга учраган собиқ Молия вазири Рустам Азимов Ўзбекистон ҳукумати аъзолигидан ҳам чиқарилди. Унинг ўрнига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари (айни пайтда Молия вазири) Жамшид Қўчқоров тайинланди. Рустам Азимов ўтган йилнинг декабрида Молия вазири ва бош вазирнинг биринчи ўринбосарлигидан кетганди. «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбари Очилбой Раматов Жуманиёзович эса бош вазирнинг биринчи ўринбосарига айланганди. Азимов давридан буён Молия вазирлигида ишлаб келаётган кўплаб раҳбарлар ҳам ишдан кетди. Улар қаторида президент ғазабига йўлиққан «Острогорский» (Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси собиқ бошлиғи Элла Острогожская) ҳам бор.
2017 йилда халқ орасида катта қизиқишга сабаб бўлган «Аҳмадбой» иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқиш жараёни бошланди. Тошкент вилоятида чинозлик «Аҳмадбой» номи билан донг таратган Аҳмаджон Турсунбоев ва у билан бирга 6 кишидан иборат гуруҳнинг ЎзР ЖКнинг тегишли моддалари юзасидан айбланиб, суд иши бўлаётгани ҳақида сайтда хабарлар берилди. Минг-минглаб ўзбекистонликлар тақдири билан узвий боғлиқ бу мавзу сайт эътиборидан четда қолгани йўқ.
Дастлаб, Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган лавҳа эълон қилинди.
Сўнгра, Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев йиғилишда шаҳардаги мактаблар, коллежлар ва академик лицейлар раҳбарларини сўкиб ҳақоратлагани, аёл директорларни таҳқирлаб ерга ургани ифодаланган аудиоёзув эълон қилинди.
Носиржон Эгамбердиевга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилган, Андижон шаҳар ҳокими эса таълим муассаса раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақоратлагани учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5167200 миқдоридаги жарима жазоси билан қутулган.
21 сентябрь куни кечки соат 23:00да Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигида видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бу йилги пахта терими мавсуми масаласи муҳокама қилинди. Ҳукумат раҳбари томонидан 22 сентябрь куни соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилди.
Энди пахтани ким теради, деган масала очиқ қолаёзганди. Бироздан сўнг, ёшларни мавсумий иш билан таъминлаш орқали уларнинг моддий аҳволини яхшилаш мақсадида «Фидойи ёшлар отрядлари» ташкил этилди ва улар орқали пахта терим мавсумини муваффақиятли якунлаш режалаштирилганди. Бироқ, ўқитувчи ва шифокорлигини яшириб, пахта терим мавсумига жалб этилган теримчиларҳалигача борлиги кўп бора аниқланди. Водийдан ўқитувчиларни пахта теримига олиб келган Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи поездлар қатнови шу орада номаълум муддатга қадар йўловчиларга хизмат кўрсатишни тўхтатди.
Ўзбекистоннинг янги тарихида илк марта «қўшиб ёзганлар» фош бўлди. Хоразм ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси пахта режасини бажаргани ёлғон бўлиб чиқди.
Тошкент шаҳри марказида 8 сентябрь куни «Ўзбегим» миллий қадриятлар фестивали бўлиб ўтди. Фестивал доирасида тайёрланган мегапалов Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Таомнинг соф оғирлиги 7360 килограммни ташкил этди. Уни тайёрлаш учун 50 нафар ошпаз 6 соат давомида иш олиб борган.
Бундай томоша ортидан «Шаршара» бренди остида гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи Gold Premium Product МЧЖга тегишли корхона кўздан кечирилганда, 69,6 кг. эшак гўшти бошқа гўшт турларига қўшиб юборилгани аниқланди. Бундан ташқари, 2017 йилда Қашқадарёдан Тошкентга 10 йилдан буён сифатсиз, ҳаром ўлган мол гўштини келтириб, савдо расталарига тарқатган жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйилди.
15 ноябрь кунидан Ўзбекистонда бензин нархи 35 фоизгача ошди. Энди Аи-80 маркали автобензин учун — 1 литрига 3800 сўм, Аи-91 маркали автобензин учун — 1 литрига 4300 сўм, Дизел ёқилғиси — 1 литрига 4100 сўм. Ҳукуматнинг тегишли қарори ёқилғи-энергетика ресурсларига жаҳон бозоридаги нархларнинг ошиб бораётганлиги юзасидан қабул қилинган.
Йилнинг энг ёрқин лаҳзаси бу — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси бўлди. Тўрт соат давомида давлат раҳбари мамлакатнинг деярли барча соҳасига назар ташлашга улгурди. МХХ тизими келгусида ислоҳ этилади, элчихона ва хориждаги ваколатхоналар фаолиятига танқидий баҳо берилади.
Албатта, 2017 йил муштарийларни қувонч ва ҳайратига сабабчи бўлган воқеа, ҳодисалар билан тўлиб-тошди. Айтиш мумкинки, ўтиб бораётган йил Ўзбекистоннинг ҳар бир соҳаси, халқи ва ҳаёти учун синовли давр бўлди. Катта ўзгаришлар, ислоҳот ҳамда янгиланишлар даври билан 2018 йилга қадам қўймоқдамиз.
http://kun.uz
Сўнгги фикрлар