Ўзбекнинг “Жириновский”си

Талабалик пайтимиз (1980-1985 йиллар) Журналистика

факультетида рус ёзувчи-шоирлари нақадар улуғланиб гапириларди. Оддийгина таърифи ҳам: “улуғ рус шоири” қабилида бошланар эди. Ўша мафкурага онгимиз чулғаниб юрган кезлар талабалар ўзимизнинг улуғларни шундай таърифларди: “Абдулла Қаҳҳор – ўзбекнинг Чехови”, “Абдулла Орипов – ўзбекнинг Пушкини” ва ҳоказо.

Ёшликка хос қайсарлигим тутиб баъзи курсдошларимни “аслида “Чехов – ўриснинг Абдулла Қаҳҳори!”, “Пушкин – ўриснинг Абдулла Орипови!” деб кулдирганим ёдимда.

Бу гапларда аслида икки буюк халқ ёзувчи-шоирларига юксак эҳтиром туйғуси жўш урарди холос.

жирин

Россия телевидениесида анча пайтдан бери Жириновсий деган зотнинг тўғри-нотўғрилигидан қатъи назар шартта-шартта айтиб ташлайдиган гаплари шов-шув бўлиб кетганини кўп кузатганмиз.

“Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш этилаётган жонли эфир – “Муносабат” кўрсатуви қанчалик оммалашиб кетганини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Энг қизиғи, бошловчи Қуддус Аъзам кўрсатув иштирокчиларини аввал-бошдаёқ “жонли эфирда ҳушёрликка чақириш” ўрнига дангал, очиқ-ошкора гапиришга даъват этгани этган!

– Ютуқларимиз жуда кўп, бироқ, улар ўзимизники! Томошабин биздан ўша ютуқларни санашимизни кутмайди,– дейди у ҳаммани илҳомлантириб.– Қуруқ танқидни ҳам бугун ҳеч ким олқишламайди. Танқид ва таҳлил, муаммо ва унинг ечими ҳақида гапирсак яхши бўлади! Телетомошабинларимиз кутган муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида айтсангиз, одамларда умид ва фикр уйғонади! Ҳар қандай масалани биргаликда ҳал этишимиз мумкин-ку!

Кўрсатув бошловчисининг бу эҳтиросли гапларидан кўпчилик жўшиб кетади ва у кўрсатувда озми-кўпми ўз ифодасини топади.

Кечаги кўрсатувда ҳақиқатпарвар домламиз Омонулла Мадаев кўп йиллар мобайнида олий таълим муассасаларига қабул жараёнида ишлаганини ва ўзи кўрган-кечирганларини шартта-шартта айтиб ташлаётганида кимдир секингина: “ана, ўзбекнинг Жириновскийси” деб пичирлагани қулоғимга чалинди.

Бу гапдан кулгимни босишим қийин бўлди. Ишқилиб, экранда кўриниб қолмайин, деб ҳушёр тортдим…

Кулгимни қистаган гап бошқа. Яъни, ўша қайсарлигимга бориб ўйлаганим: “Жириновский – ўриснинг Омонулла Мадаеви” десак тўғрироқ бўлади.

Кўрсатувга миллионлаб телетомошабинлар берган баҳо – энг холиси ҳисобланади, албатта. Телестудиядан чиққаним ҳамоно телефоним кетма-кет жиринглашни бошлади. Турли тоифадаги дўстлар, таниш-билишлар Омонулла домламизнинг гапларига муносабат билдирар эди:

– Омонулла домламиз айтган кўп масалалар ижобий ҳал бўляпти-ку…

– Домла тўғри айтди. Бироқ, бугун вазият анча ўзгарган!

– Омонулла домла Жириновскийдан ҳам ўтиб кетди-ку!..

Телефондаги суҳбатдошларимга жавобим шу бўлди:

– Буни ўз номи билан – “Муносабат” дейдилар! Омонулла домламизнинг гаплари ҳам у кишининг воқеликка муносабати! Устоз бу танқидий гапларини анчадан буён очиқ-ошкора айтиб келмоқда. Мевасини эса, мана, ўзингиз айтиб турибсиз. Ҳарқалай, ўзгаришлар бўлаётган экан! Бу “Муносабат” кўрсатувининг ҳам ўзига яраша ютуғидир!

Хўш, азизлар, Сиз бунга нима дейсиз?

Тўлқин Эшбек,

“Муносабат” телеклубининг жамоатчилик асосидаги раиси

***

Омонулла Мадаев: «Ректорларнинг тепасида хўжайинлари бор. Улар ҳам «бункер» қилишга мажбур» (видео)

Омонулла Мадаев: «Ректорларнинг тепасида хўжайинлари бор. Улар ҳам «бункер» қилишга мажбур» (видео)

Кадр: «Ўзбекистон» телеканали

Кеча «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» кўрсатувининг навбатдаги сони олий таълим муассасаларига бўладиган тест синовларининг шаффоф ва адолатли ўтишига бағишланди.

Жумладан, кўрсатувда иштирок этган адабиётшунос Омонулла Мадаев тест синовларидаги «бункерлар» масаласига алоҳида тўхталди.

«Бу ерда кўп мунозаралар бўлаяпти Лекин кимдир айтди: аудиторияларда телефонларни назорат қилдим деди.

Ўқитувчи 10 доллардан пул йиғиб олибди. Ҳамма болалар йиғиб беришган, кейин телефондан бемалол фойдаланишган. Бу гадойчилик эмасми? Бу ўқитувчилик шаънига иснод, даҳшатли фожеа эмасми?

Ҳозир гапираверасизлар. Лекин энг олий даражадаги абитуриент ўзининг олий даражадаги ишини қилаверади. Лекин мен 1966 йилдан бери қабулда ишлаганман. 1990 йилдан кейин репетиторлик билан шуғулландим. Пухта тайёрланган ўқувчи албатта ўқишга киради.

Аммо исталган жойда ўз манфаатини кўзлайдиган одамлар бор. «Бункер» деяпсизлар. «Бункер» — катта хўжалик у. «Бункер»да бир кун ишлаган битта ўқитувчи 500дан 1000 долларгача пул ишлайди. «Бункер»да ётадиган жойи бўлади, овқатланадиган жойи бўлади. Буни ректорат билмаса ким қилади бу нарсани?

Сиз тасаввур қилинг: бугунги кунда контракт билан ўқиганлар ректор бўлгани йўқ. Ҳаммаси давлат ҳисобига ўқиган одамлар. Лекин шу одамларнинг ҳам тепасида хўжайинлари бор. Мен сени ректор қилиб қўйсам, битта боламни ўқишга кирита олмасанг нима қилиб юрибсан дейди. Натижада улар ҳам «бункер» қилишга мажбур бўлади», — деди Мадаев.

Кўрсатув бошловчисининг «Унда миллатнинг келажаги нима бўлади?» дея ташлаган луқмасига жавобан Мадаев шундай жавоб қайтарди: «Миллатнинг келажагини ўйлайдиган одам йўқ ҳозир. Фақатгина Президентимизнинг қарори мустаҳкам ишламаса, ҳеч нарсанинг фойдаси йўқ.

Қарорнинг амалга ошиши учун асосий ижрочи — қабул имтиҳонида ишлайдиган масъул одамлар. Қабул комиссияси раислари, ўринбосарлари, ректорлар, проректорлар. Лекин битта нарсани унутманг: уларнинг ҳар бирида ўқишга кирадиган битта одам бор. Ҳамиша».

Кўрсатув давомида Мадаевнинг сўзларига «Адолат» газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев: «Ўртоқлар, бир қораласак, ҳаммани бирдан қоралаб ташламайлик. Тўғри, тестга қаршиман, лекин ҳамма ректор муттаҳам, ҳамма ўқитувчи порахўр дея баҳо қўйишга ҳаққимиз йўқ», — дея эътироз билдирди.

«Исломжон, «бункер» йўқ институтни биласизми? Айтинг бирортасини? Мен ишлаганман қабулда. Ишламаган бўлсангиз гапиришга умуман ҳаққингиз йўқ. «Бункер»сиз институт йўқ эди. Агар «бункер» йўқ бўлса шунинг ўзида 70-80 фоиз шаффофлик таъминланади», — деди Мадаев унга жавобан.

Вам может также понравиться...

1 комментарий

  1. Азиз:

    Оммавий ахборот воситаларида жамиятдаги муаммоларни кўтариб, уларга эътибор қатаратилиши даврнинг талаби ва ушбу муаммоларга ечим топилаётганлигидадир. Бунинг натижасини бўлаётган ўзгаришлар орқали кузатиш мумкин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *