29 сентябрь куни Халқаро Пресс-клубда «Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари: ўзбек дипломатиясининг янги вазифалари»мавзуидаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлари вазири Абдулазиз Комилов,   Сенат қўмитаси раиси Алишер Курманов, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембоев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Сидиков, Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Абдул Аҳад Халикяр, шунингдек Ўзбекистонда фаолият юритаётган элчихоналар, вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

Сессияда бугунги кунда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи, БМТ минбаридан сўзлаган нутқи, шунингдек Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Президентининг маънавият ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани қайд этилди.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ташаббуси билан чиққанини маълум қилди. Шу ўринда бу ҳеч қандай ташкилот эмаслигига урғу берилди. Комилов бу Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг очиқ-ойдин фикр алмашадиган майдони эканлиги ва бундай тажриба илгари бўлмаганини таъкидлаб ўтди.

Сенат қўмитаси раиси Алишер Курманов

Ўз ўрнида, Сенат қўмитаси раиси Алишер Курманов ТИВ раҳбарининг сўзларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Марказий Осиё мамлакатлари бир ёқадан бош чиқариб ишлаётганини алоҳида қайд этди. Шунингдек у сўнгги вақтларда Парламентнинг ўрни мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Бундан ташқари, спикер БМТ Бош ассамблеясида Орол денгизи муаммосига алоҳида эътибор қаратилгани, эндиликда бу муаммо ечими устида жаҳон ва парламент, халқаро молиявий институтлар ҳамкорликда ишлашини маълум қилди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен АҚШ Ўзбекистон билан барча соҳаларда кенг қамровли ҳамкорликка умид қилаётганини билдирди. Шунингдек Спратлен хоним Орол денгизи муаммосига тўхталиб, у ерни ўз кўзи билан кўриб қайтгани ва бу нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг муаммоси эканини қайд этди.

«Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб Орол муаммосини кўтаргани жуда ўринли бўлди. Умуман Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи тарихий аҳамият касб этди», — дейди АҚШ элчиси.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва барқарорлик масалалари, бугунги кундаги муаммоларга янгича ёндашувларнинг аҳамияти ва йўл хариталари масалаларига тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, йўл хариталари ҳамкорликни қайси йўналишда ривожлантиришни белгилаб олишга ёрдам беради, бу эса бугунги кундаги долзарб масалалардан бири.

«Одамлар келиб, Марказий Осиё минтақаси мамлакатларининг бирдамлигини кўриши жуда муҳим. Умуман олганда, 2017 йил Марказий Осиё мамлакатлари учун тарихий аҳамиятга эга йил бўлди. Бу ҳамкорликда янги натижаларга эришишни бошлаб берадиган йил бўлди», — дейди Қозоғистон элчиси.

Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Садиков

Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Садиков Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи қирғиз халқи учун тарихий аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади. Ташриф доирасида кўп муаммоларнинг ечими топилди. Унинг сўзларига кўра, куни кеча ратификация қилинган Ўзбекистон-Қирғизистон чегаралари тўғрисидаги шартнома тарихий аҳамиятига кўра Қирғизистоннинг «Мангу дўстлик» ҳужжати даражасига тенг.

«Қирғиз халқи бу кунни жуда узоқ кутган эди, бу икки биродар халқ учун байрам бўлди. Бугун рўй бераётган воқеалар ва президентларимизнинг иродалари ҳаммасининг ўз ўрнига тушишига сабаб бўлди», — деди элчи. Бундан ташқари, Данияр Садиков Қирғизистон президентининг яқин кунларда, октябрь ойида Ўзбекистонга келишини тасдиқлади.

Бундан аввал KUN.UZ’да ушбу ташрифнинг 5-6 октябрга режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилинганди.

Сессиянинг асосий қисмдан сўнг спикерлар оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Савол: Чет мамлакатларга чиқиб кетган кадрларни қайтариш масаласи ҳақида анчадан буён гапирилмоқда, амалда қанча одамни қайтаришга муваффақ бўлинди?

Бу борада аниқ рақамларлар белгилаб қўйилмаган. Зеро чет элларда фаолият юритаётган кадрларни мажбурлаб олиб келиш йўқ. Уларнинг ўзида хоҳиш бўлсагина, бу ерда уларга барча қулайликлар яратиб берилади. Лекин қандайдир кампания ёки режаларда булар албатта қайтиши керак деган нарса йўқ. Хориждаги кадрларимиз у ерда ўз ишининг устаси бўлса, улар икки мамлакат ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб, мамлакатлар манфаати йўлида хизмат қилиши мумкин.

Давлат раҳбари АҚШга ташрифи доирасида чет эллик кадрлар ва ёшлар билан учрашди. Таъкидлаш жоизки, уларнинг кўпчилиги фарзандлари билан ўша ерда яшайди. Табиийки, улар бошқача муҳитда тарбия топгани боис бу ерда қийналишлари мумкин. Шундай бўлса-да, Ўзбекистондаги ўзгаришлардан хабар топиб, ўқишни тугатгач, бу ерга қайтиб ишлаш истагини билдирган ёшлар ҳам бор.

Ўзбекистон Президентининг АҚШга давлат ташрифи кутиляптими, агар кутилаётган бўлса, қачон?

АҚШга давлат ташрифи режада бор, албатта, бироқ бу борада ҳали катта тайёргарлик йўқ. Бу ерда энг асосий масала — кун тартибида — шу масалаларни охирига етказиш керак. Алоқаларни муайян даражага етказишимиз керак. Кун тартиби тайёр бўлганидан кейин албатта ташриф амалга оширилади, бироқ яқин орада бундай режа йўқ.

Афғонистоннинг президенти йил охиригача Ўзбекистонга келиши кутиляптими ва бунда кун тартиби қандай бўлади?

Афғонистон президенти, жаноб Ашраф Ғанийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутиляпти. Аниқ саналар ҳали белгиланмаган. Энг аввало, иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек Ўзбекистон транспорт-коммуникация соҳасида бир неча лойиҳаларни амалга ошириши кутилмоқда. Афғонистон муаммо эмас, балки умумий минтақамиздаги тинчлик ва барқарорликни қайта тиклаш жараёнларининг бир қисми бўлиши керак эканлиги таъкидланди.

 

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имиджини яхшилаш учун яна қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган?

Европа Иттифоқи билан алоқаларни яхшилаш режада бор. Ноябрь ойида бўладиган халқаро анжуманга ЕИ вакиллари келади, жумладан Евроиттифоқ ТИВ раҳбари Могерини хонимнинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Улар билан икки томонлама учрашув бўлади ва кун тартибида Европа мамлакатлари раҳбарларидан Президентимиз номига  қатор таклифлар келиб тушган, шулар кўриб чиқилади. Бундан ташқари, яқин орада Жанубий Корея ва Японияга ташриф учун тайёргарлик кўрилмоқда.

Европада Франция-Германия тренди бўлгани каби Марказий Осиёда Ўзбекистон-Қозоғистон тандеми тузилиши мумкинми?

Ҳеч қандай тандемлар ёки ташкилотлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Фақат ўзаро маслаҳатлашувлар бор. Тўғри, Марказий Осиёда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг таъсири кўпроқ бўлиши мумкин, зеро мамлакатларимизнинг позициялари кўп жиҳатдан ўхшаш. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон қўшни мамлакатларнинг барчаси билан тенг алоқалар ўрнатади.

Бундан ташқари, тадбирда Афғонистон билан ҳамкорлик масалалари ҳақида сўз юритилди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон транспорт-коммуникация, миллий кадрларни тайёрлаш, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда Афғонистонга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган. Ўзбекистон ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Афғонистондан ташриф буюриши кутилаётган ўқитувчи ва педагогларнинг темир йўл-транспорт тизимида таълим олишини таъминлайди.

Шунингдек ТИВ раҳбари Марказий Осиё давлатлари манфаатлари кўп жиҳатдан муштарак экани, лекин шунга қарамай баъзи умумминтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун муайян вақт керак бўлишини қайд этди. Қандайдир жиддий ечимини топмаган масалаларни ҳал қилиш учун эса муҳокамалар майдонини кенгайтириш керак.

 

Хулосалар:

1. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказади.

2. Яқин кунларда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

3. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Корея ва Япония мамлакатларига ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда.

4. Ноябрь ойида Евроиттифоқ ТИВ раҳбари Могерини хоним ва ЕИнинг бошқа вакилларининг Ўзбекистонга ташриф буюради.

5. Йил охирига қадар Афғонистон президенти Ашраф Ғанийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилмоқда.

6. Темир йўл-транспорт тизимида таълим олиш мақсадида афғонистонлик ўқитувчи ва педагоглар Ўзбекистонга ташриф буюришади.

7. Орол денгизи муаммосининг ечими устида жаҳон ва парламент, халқаро молиявий институтлар ҳамкорликда ишлайди.

Сессия давомида барча спикерлар бир сўзни кўп қўллашди — тарихий йил, тарихийташриф, тарихий воқеалар ва ҳ.к. Умид қиламизки, тарихий ҳодисаларнинг айнан «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга ошиши бежиз эмас, зеро 2017 йил Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатида катта ўзгаришлар кузатилмоқда, аҳолининг ечимини кутаётган муаммолари тингланмоқда ва имкон қадар ҳал қилинмоқда. Бугун Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларга жаҳон оммавий ахборот воситаларининг қизиқиши ҳам ўзгача. Бу борада KUN.UZ’да хориж нашрларида чоп этилган қатор мақолалар ҳам тақдим этиб борилмоқда. Марказий Осиё мамлакатларининг бугунгидек муштараклиги ва дўстона муносабатларга йўналганлиги эса минтақанинг жаҳон саҳнидаги ўрнини мустаҳкамлаши шубҳасиз.

http://kun.uz/

***

«Уч илдиз» маҳорат мактаби тингловчилари учун сабоқ:

 Мана, мавзуни қандоқ ёритиш керак! Аввало, Халқаро Пресс-клуб деган номига яраша мана шундай дунёқадар мавзуларда суҳбатлар уюштирилиши мақсадга мувофиқдир. Журналистикамиз амалиётида ўзига хос илғор қадам бўлган Халқаро Пресс-клуб фаолиятига омадлар, ижодий парвозлар тилаб қоламиз.

Дониш домла.