Ўзбек журналисти нигоҳида: Афғонистон!

Хориж мавзусини ёритиш маҳоратини қуйидаги мақола

мисолида ўрганишни тавсия этамиз, дейди Дониш домла ўзи ҳам ҳайрат ичра мутолаа қилар экан.

а1

Қурол, террор, гиёҳвандлик… Афғонистонга ичкаридан бир назар

Қурол, террор, гиёҳвандлик... Афғонистонга ичкаридан бир назар

 
Қурол, террор, гиёҳвандлик моддалари, портлаш ва ўлим… ТВ орқали Афғонистон ҳақида эшитадиган маълумотларимиз кўпинча шундай даҳшатли сўзлар билан боғлиқ. 
 
Лекин, аслида ён қўшнимиз бўлган Афғонистон ичидаги вазият қандай? Қирқ йилдан буён фақат урушни кўриб улғайган одамлар ҳаётдан нималарни кутяпти? Портлаш ва ғалаёнлардан бошқа нарсани билмайдиган келажак авлод ўз эртасини қандай тасаввур қилар экан?

AA01.jpg

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги орқали хизмат сафари билан илк аёл журналист сифатида Афғонистонга бориш менга насиб қилди.
Бу давлатга бориш қанчалар қўрқинчли бўлса, унга бўлган қизиқиш ҳам шунчалар кучли эди.

Сафар олдидан, Қобулда рўй берган бир икки портлаш ҳақидаги янгилик бироз одамни чўчитарди. Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг жанубий чегаралари ортидаги ҳаётга қизиқиш барибир мени янгиликлар орқали тасвирланган “Қонли, урушли Афғонистон”га етаклади. Афсуски, Афғонистоннинг катта шаҳарлари бўлган — Мозори Шариф, Ҳирот, Қобулларга бориш насиб этмади.
Қуйидаги таасурот ва хулосалар фақатгина Амударёнинг нариги қирғоғидаги, Термиздан бир неча километр узоқликда бўлган Афғонистон этагидаги ҳаёт ҳақида.
“ЁНИНГИЗДА ҚУРОЛ ЁКИ ГРАНАТА БОРМИ?”

“Ҳайратон” кўпригидан Амударёнинг у қирғоғига ўтарканмиз, ҳаёлим узоқларга кетади… Бир вақтлар Амир Олимхон ҳам оиласи билан шу дарёни кечиб Ватанни тарк этганди. 1917-1937 йиллар орасида бу азим дарёни қанчадан-қанча юртдошларимиз кечиб ўтишмаган. Улар тазйиқдан қочиб, ўз туғилиб ўсган юртидан кетишга мажбур бўлишган. Бугун Афғон тарафларда ана шу юртдошларимиз ва уларнинг авлодлари ҳам яшаб келмоқда.

Кейинчалик Амударёни собиқ СССР армияси кесиб ўтди. Катта сиёсий хато деб топилган бу урушда Афғонистон ерларида ўн йиллар давомида ўзбек, қирғиз, тожик, рус йигитларининг қони тўкилди.
AAAA07.jpg
AAAA06.jpg

Шукрки, бугун, бу кўприкдан фақат инсонпарварлик ёрдамлари, Афғонистоннинг шимолий ҳудудини таъминлаб келаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ўтмоқда. Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги савдо-сотиқ ишлари шу кўприк орқали амалга оширилмоқда. 

Йўлда давом этамиз…
Чегара қўриқчилари бизни тўхтатиб, тезгина ҳужжатларни текширади ва расмиятчилик учун “Ёнингизда, қурол, граната, наша йўқми?”, деб сўрайди. Савол менга кулгили туюлади…

Зирҳланган автомобилларда чегарадан ўтишимиз билан қуролли аскарларга тез-тез дуч кела бошлаймиз. Аввалига, қурол, пулемётларни кўриб “лол” қолдим, кейин кўника бошладим. Ахир бу ер Афғонистон.

Ҳудди афғон ҳалқи каби атрофда соя-салқин берувчи дарахтлар ҳам кўринмайди. Қуруқ текисликлар, офтоб, чанг, иссиқ ҳаво… Бу манзарада ойналари қорайтирилган “Тойото” русумли “Жип”ларнинг юриши Голливуд киноларини эслатади. Машиналардаги ҳайдовчилар ёнида қурол кўтарган ҳарбийлар. Йўл қоидалари бу ерларга бегона. Ким кучли бўлса, йўл уники, тамом.

Болалигидан қуролни ўйинчоқдек ўйнаб улғайган қўшни юрт одамлари қандай экан. Халқ орасига кириб боришимиз билан, юз йил ортга қайтгандек ҳис қиламан ўзимни. Гўё бизни зирҳли машиналар қўшни юртга эмас балки, вақт машинаси қадимги даврга олиб ўтгандек туйилади.
Гапнинг очиғи, журналист бўлсамда, шу пайтгача бунча кўп қурол, аскар ва ўрта аср одамларидек салла ўраб, ҳирқа кийган одамларни кўрмагандим. Уларнинг фақат кийимлари эмас, нигоҳлари ҳам содда туюлди менга. Улар бизга ойдан тушган одамлардек тикилади, биз ҳам уларни кўриб ҳайратимизни яширмаймиз. Аксарият эркаклар униққан ҳирқа ва саллаларда. Аёллар орасида рўмолни елкасига ташлаганлар ва Афғонистонга хос бўлган кўк бурқа кийганлар ҳам талайгина. Суратга олмоқчи бўлсак, қўлларини сарак-сарак қилиб “мумкин эмас” ишорасини беришади. Аёллар кўзларида ғам бордек, болаларнинг эса атрофдаги оғир вазиятга қарамасдан нигоҳларида гўдакларга хос қизиқиш, ним табассум ва беғуборликни кўриш мумкин. Улардан бирининг онаси билан суҳбатлашаман:

— Ўзбекистондан келдингизми? Мен ҳам Термизга борганман. Нима учундир одамларда юртимизга нисбатан қўрқув бор. Гўё бизни бомбалар ва қуролли отишмалар орасида яшайдигандек тасаввур қилишади. Лекин, ҳаёт ундай эмас. Кўриб турганингиздек тинчлик. Аҳён-аҳёнда бўлиб турадиган портлашларни айтмаганда тинчгина ҳаёт кечираяпмиз. Болалар мактабга боради, дўконларга, бозорларга борамиз, бошқа одамлар қатори ишлаймиз. Шимол тарафларда ҳаёт тинч. Мозори Шарифда ҳам қариндошларим яшайди. У ерда ҳам ҳаёт шундай сокин.

AAAA03.jpg

Суҳбатимизга яна бошқа бир аёл қўшилади: 

— Ҳаётимиз тинч. Лекин, одамларнинг аксари қорнини тўйғазиб овқат емайди. Сув йўқ. Иш кам. Ҳайратон кўприги яқинида ўғил болалар асосан юк ташиб пул топадилар. Сизларда сув бор, ҳаёт яхши деб эшитганман. Лекин, сувни тежамайсизлар. Биз каби сувсизлик нималигини билмайсизлар.

Иссиқ, қуруқ ҳаво тинкамни қуритади. Офтоб куйдирай дейди, атрофда биронта дўкон, сув сотувчи шохобча кўринмайди. Чегарадан ўтиш олдидан ўзимизникилар огоҳлантиришган эди: “Рўзаи рамазон ойида, Афғонистон ҳудудида сув ичиш, чекиш, чақич чайнашдан чекланганингиз маъқул”. Қоидаларга риоя қиласиз ёки сизни хавфсизлигингизга биров жавоб бера олмайди.

АФҒОНИСТОНДА 150 ТА ХУСУСИЙ ТВ КАНАЛЛАР БОР

Одамлар билан суҳбатлашиб тургунимизда Ўзбекистоннинг Афғонистонга юборган инсонпарварлик юклари – 50 тага яқин буғдой ортилган вагонлар кириб кела бошлади. Ёрдамни тантанали кутиб олишга йиғилганлар қўлларида гул, юзларида табассум билан пешвоз чиқдилар. Ўзбек халқи азалдан шундай, қўшниси оч турганда қараб турмайди, тезроқ ёрдам қўлини чўзишга шошилади. Бу халқимизнинг азал-абад қон-қонига сингиб кетган қадрият.

Афғонистоннинг бешта вилоят ҳокими Ўзбекистон делегациясини афғонча тўн ва дўппи билан сийлади. Расмий маросимда бирин-кетин ҳар икки тараф вакиллари сўзга чиқа бошлади.

AAAA08.jpg

Афғонистон давлат вакиллари Ўзбекистондан келган делегация аъзоларига миннатдорчилик билдирди, иқтисодий алоқаларни ривожлантиришни, маданий-маърифий алоқаларни кучайтиришни сўраб қолдилар. Термизда таҳсил олаётган Афғон талабаларининг сафини кенгайтиришни илтимос қилдилар.

Тадбирга йиғилган одамларни бирма-бир суҳбатга чорлайман. Бошига салла ўраб, ҳирқа кийган эркак ўзини Балх вилояти депутати, деб таништирди:

—Ўзбек халқи билан азалдан дўст бўлганмиз, сизлар билан Ватанларимиз туташ, алломаларимиз бир. Ҳатто севимли таомимиз ҳам бир — Палов.

Ишонасизми, Мозори Шарифда кўпгина давлатлар савдо-марказларини очган эди, иши юришиб кетмади. Аммо, Ўзбекистон очган савдо-маркази мана ҳозир гуллаб яшнамоқда, доим одамлар билан гавжум. Афғон халқи ўзбекларга кўпроқ ишонади. Алоқаларни янаям ривожлантирсак яхши бўлар эди. “Ҳайратон” орқали маҳсулот олиб ўтишдаги енгиллик халқимизга катта ёрдам бўлди. Одамлар иш билан таъминланяпти, тирикчилик қиляпти, – дейди Матн Саботий.

Тадбирда расмийлар сўз олмоқда. Афғонистон томонидан учрашувни ёритишга келган журналистларнинг кўплиги диққатимни тортди. Афғон телеканалари журналистларидан бири бу давлатнинг ОАВлари ҳақида шундай дейди:

—Бизнинг мамлакатда, оммавий ахборот воситалари кўп. Бир вилоятда 10-15 тага яқин телеканаллар мавжуд. Уларнинг сони мамлакат бўйича 150 та. “Фарйад”, “Зиндаги”, “Ҳуршид”, “Нигаҳ”,Ареезо”,”Нур ТВ” Улар мутлақо эркин. Цензура йўқ. Журналистлар ўз нуқтаи назарини бемалол, очиқ билдиради. Бу борада кўпгина ривожланган давлатлар билан тенглаша олади. Уларнинг иқтисодий манбаси рекламадан, – дейди Иқбол Ҳакимий.

Ундан Афғонистон жанубидаги вазиятни суриштираман. Журналист жанубда ҳамон вазият ўнгланмаганини айтади. Лекин, шунга қарамасдан тинч аҳоли аввалги вақтларга нисабатан хавфдан ҳоли. Одамларнинг қўлида сўнгги русумдаги уяли телефонлар. Одамлар дўконлар очмоқда, илм ўрганмоқда ва умуман келажагини тинч ҳаёт ва ривожланишлар билан тасаввур қилмоқда. Қўрқувлар ортда қолди, уруш ва аёлларнинг уйда беркиниб ўтириши ўтмишда қолган. Расмийлар орасида ҳам рўмол ўраган, давлат хизматларида ишлайдиган аёллар билан суҳбатда бўлдим. Улар зиёли, илмли оилаларда аёллар кўчага чиқишини, ишлашини айтишди. Умуман олганда Афғонистонда илмли кадрлар танқис бўлгани учун, университетни битирган талаба тез ва осон давлат хизматига ишга жойлаша олишини айтишди.

ГИЁҲВАНД МОДДАЛАР

Дунё Афғонистонни гиёҳвандлик моддаларини етиштириб тарқатувчи ўчоқлардан бири, деб билишади. Биз борган ҳудудларда, албатта, кўкнори далаларини учратганимиз йўқ. Лекин, буни кутган эдик. Хавфсизликни таъминлаш учун келган ҳарбийни исминисўрайман, у исмини айтмасдан “ҳарбийман”, дейди қисқагина. Кўкнори далалари ҳақида сўрайман, кулади у. Яна халқ орасидаги вакиллардан бери менга бу борада очиқ маълумот беради:

— Қобул тарафларда нашавандларни кўп учратганман. Биз оилаларимизни, фарзандларимизни гиёҳвандликдан узоқ юришларини истаймиз. Гиёҳвандлик ҳамон Афғонистоннинг энг биринчи ва оҳриқли муаммоларидан бири. Қобул аҳолиси кўпроқ бу муаммо билан юзма-юз келмоқда. У шаҳарда гиёҳвандлик моддалари билан савдо қиладиган махсус ҳудудлар бор, – дейди аёл.

Расмий учрашувлар якунига етгач биз яна машиналарга ўтириб ортга қайтдик. Машиналар йўлга чиқиши билан ерда тўпланиб турган қушлар галаси осмонга кўтарилди. Шунда ёнимдаги шеригим “Афғонистонда ҳам қушлар галаси пайдо бўлибди”, деди. Айтишларича уруш бўлаётган ҳудудларда қушлар камайиб кетар экан. Улар фақат осмони тинч, мусаффо бўлган диёрларда яшайдилар. Атрофда ҳарбийлар, уруш хавфини ҳар қадамда эслатувчи қурол аслаҳали машиналарнинг кўп бўлишига қарамасдан осмонда қушлар галасининг парвоз қилаётгани бу юртга ҳам тинчлик кириб келаётганидан дарак берарди.

Анора Содиқова, ЎзА
Тошкент — Ҳайратон — Тошкент.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *