Ўзбек мадҳи билан олам тўлғуси!
Ўзбекистон давлат мустақиллиги 32 йиллигига
О, йиллар армони, йиллар армони,
Армон кўрмадим мен сиздан буюкроқ.
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири
Ҳар кимга азиздир шахсий армони,
Унга етарлисин топмас замони.
Ёш болага армон – битта ўйинчоқ,
Катталарга эса – бу бир овунчоқ.
Катталар армони ўзига хосдир:
Янги тўн, машина, бир отим носдир.
Мен ўтган умримга ташлаб сал қиё,
Кўрдим қанча байрам, қанча фожиё:
Сувда оқиб кетган кунида кулчам,
Қоп-қора туюлган ёп-ёруғ олам!..
Бозордан хўрозқанд келтирса отам,
Топилмаган ундай оламда Ҳотам!
Онам айбим учун бурагач биқин,
Кўзимга кўп ёмон кўрингани чин!
Акаларим мендан бўлишган кучли,
Юракда уйғонган бир қаҳр – ўчли!
“Катта бўлганимда олгум аламим!” –
Дея синдирганман неча қаламим!
Ҳатто устозлардан бўлиб норози,
Ном олганман: “Мактаб даканхўрози!”
Шулар ҳам армон-да, болаликка хос,
Йиллару феъллардир бир-бирига мос.
Сўнг эса қуйилдим, сездим вақт юкин:
“Ўзгагамас, Тўлқин, ўзингга сўкин!..
Алам қилса чайна қалампир…”– дедим,
Аммо ўшанда ҳам анча ёш эдим.
Инсон йилдан-йилга йиғса гар ақл,
Дунёда қолмасди ахмоғу, бахил!
Аммо, бундай эмас нечун, водариғ,
Нечун ҳақнинг ранги ҳамиша сариғ?!.
Нечун кўп жиноят катталарга хос?
Нечун ўша эски ҳаммом, эски тос?!.
Нечун комиллашмас аҳли жамият?
Нега бунча арзон виждон, ҳамият?
Озгина порага диёнат бадал…
Янги тараққиёт юз бермас жадал?!
Олий фармонларга ғов қўйгувчи кўп,
Нега қўлимиздан тушмас эски чўп?!
Шундай саволларга келдим илк бор дуч,
Олтмишга етганда, тарк этганда куч…
Ёки очилдими янгидан кўзим,
Ўзгариб қолдимми ва ёким ўзим?!
Вақтнинг нодирлигини англадим чиндан,
Хаёл ҳам узоққа учмоқда индан.
Гоҳ тарихга шўнғир, гоҳ келажакка,
Вужудимни ташлаб кетганча якка.
Юртим иқболига бурганда юзим,
Кўрсам дейман ўша ёшимнинг юзин!
Ўшанда ўзбекнинг бўлмагай тенги,
Мамлакатлар ичра “Энги ва энги!”
Ҳар соҳада ёшлар етук бўлғуси,
Ўзбек мадҳи билан олам тўлғуси!
Ўтмиш армонларим қолгай бўлиб туш,
Халқда фахр туйғуси ургусидир жўш!
Менинг армонимга айланди иқбол,
Халқимиз ҳақлидир – меҳнаткаш, ҳалол!
Маъшум иллатларнинг берсак додини,
Онглардан ўчирсак пора ёдини!
Мана шу армоннинг рўёбин кўрсак,
Ажабмас, энг юксак минбарда турсак.
Сингапур сингари бўлолсак илғор,
Оддий одамликдан туйсак ифтихор!
Бугун ҳам ҳеч кимдан эмасдирмиз кам,
Аммо бўлмаслик шарт бундан ҳеч беғам.
Талабчанлик шартдир ҳамма соҳада,
Марказ бўладими, водий, воҳада.
Ўтмиш ва келажак келолсин уйғун,
Барқарорлик топсин воқелик, туйғум.
Санъат, адабиёт, спорт ва турмуш,
Бирлашса – бўлғуси чинакам бир мушт!
Ёлғиз отнинг, ахир чиқмагай чанги,
Ҳамиша долзарбдир мафкура жанги!
Янгича фикрлаш бўлсин бизга хос,
Ҳар бир қадам янги, замонага мос.
Шу майда иллатлар битган ҳамони,
Элу юртимизнинг бўлмас армони.
Устоз каби дилдан ёзарман мен ҳам:
“Сенга талпинаман буюк набирам!”1
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Маънавият фидойиси
2023 йил 1 август
—————————————-
1 Абдулла Ориповнинг “Генетика” шеъридан
Сўнгги фикрлар