«O‘zbek tiliga davlat tili maqomining berilishi xalqimizning milliy mustaqillikka erishish yo‘lidagi muhim qadamlaridan biri bo‘lgan edi», – deyiladi ziyolilar partiyasi hisoblanmish MT tarqatgan bayonotda.

O‘tgan yillarda “Davlat tili to‘g‘risida”gi qonun jamiyat hayotini tubdan o‘zgartirdi. Eng asosiysi, millat o‘z tilidan uyalmaydigan bo‘ldi. Biroq haligacha til va uni ishlatishda qator muammolar bor deb hisoblaydi partiya.

Lekin internetda o‘zbek tilining qo‘llanish doirasini kengaytirish, uning dunyo global tarmog‘ida munosib o‘rin egallashi uchun sa’y-harakat qilinayotgan bir paytda rus tiliga rasmiy maqom berish taklifi bilan chiqish mavhumlikdan, odamlarni chalg‘itishdan o‘zga narsa emas deydi MT partiyasi.

O‘zbek ziyolisi buning teskarisi uchun kurashishi, ya’ni o‘zbek tilining davlat tili sifatida barcha sohada qo‘llanishiga erishish, o‘zbek tilida ish yuritish tizimini yaratish ustida o‘ylashi va izlanishi shart va zarur emasmi deb savol qo‘yadi MT partiyasi.

Bizning o‘zbek ziyolilari bugungi kunda davlat tili haqidagi qonunning ijrosi haqida chuqurroq o‘ylasalar edi, balki to‘g‘ri yo‘l tutilgan bo‘lar edi. Chunki uning ijrosi borasida hali talay muammo va kamchiliklar mavjud.

“Milliy tiklanish” demokratik partiyasining o‘rganishlari shuni ko‘rsatmoqdaki, jamoat joylarida va “Reklama to‘g‘risida”gi qonunning bajarilishida o‘zbek adabiy tili me’yor va qoidalariga amal qilinishi yuzasidan kamchiliklar mavjud.

  • 2018-yilda partiya tomonidan 5 ta viloyat, 8 ta tumanda “Davlat tili to‘g‘risida”gi, “Reklama to‘g‘risida”gi qonunlar ijrosi o‘rganilgan.
  • Davlat korxonalari, xususiy tashkilotlarga tegishli tashqi yozuv va reklamalarda o‘zbek adabiy tili me’yor va qoidalariga rioya qilinmay, ko‘p xatolarga yo‘l qo‘yilgani aniqlangan.
  • Rahbarlarga qonuniy chora ko‘rish va ularni ma’muriy javobgarlikka tortish, reklama matnini o‘zbek tilida aks ettirish, zarur bo‘lganda o‘zbek tilidagi matn ostiga chet tilidagi matnini yozish, Qoraqalpog‘iston Respublikasi, viloyatlar, Toshkent shahar hamda tuman va shahar hokimliklari tarkibida “Tadbirkorlik sub’yektlarini ro‘yxatga olish inspeksiyasi” (Yagona darcha) bo‘limiga reklama va yozuvlarni to‘g‘rilash va nazorat qilish uchun mas’ul xodim ajratish kabi zaruriyatlar mavjudligi aniqlandi.

Partiyaning fikricha, birinchi navbatdagi vazifa davlat tili bo‘lgan o‘zbek tilidagi ana shunday holatlarni bartaraf etish va o‘zbek tili mavqeini oshirishdir.

Shu nuqtai nazardan, partiya bir guruh o‘zbek ziyolilari tomonidan bildirilgan taklifni noo‘rin deb hisoblaydi.

«Milliy tiklanish»ning fikricha, rus tili bundan keyin ham o‘zbek jamiyati hayotida o‘z o‘rni va roliga ega bo‘ladi.

«Ammo davlat tili mavqeini oshirish va “Davlat tili to‘g‘risida”gi qonunning amalda to‘liq qo‘llanishiga erishish dolzarbroq vazifa bo‘lib qolmoqda», – deb xulosa qiladi partiya.

“Milliy tiklanish” demokratik partiyasi 2008-yilda «Milliy tiklanish» demokratik partiyasi va «Fidokorlar» milliy demokratik partiyasi negizida tashkil topgan.

200 mingga yaqin a’zoga ega partiya huquqiy demokratik davlat va adolatli fuqarolik jamiyatini barpo etish, fan-texnika taraqqiyotini va O‘zbekistonning globallashib borayotgan jahonda munosib o‘rin egallashini ta’minlashni o‘zining asosiy maqsad-vazifasi deb biladi. Oliy Majlis Qonunchilik palatasida 36 deputat bilan ikkinchi o‘rinda turgan partiya milliy ziyolilar partiyasi hisoblanadi.

https://minbar.uz/uz/post/milliy-tiklanishga-rahmat

***

«Индамаслик — розилик аломати эмас»

Шерзод Шерматов рус тилига расмий тил мақомини бериш бўйича мунозараларга қўшилди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Фейсбукдаги саҳифасида давлат тили атрофида бўлаётган муноазаралар юзасидан пост қолдирди.

«Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 30 йил тўлади. Биз бу санани яхшилаб нишонлашга тайёргарлик қилиш ўрнига, қайсидир «зиёлилар»нинг рус тилини ҳам расмий тил этиб белгилаш керак деган таклифига индамай ўтирибмиз…

«Индамаслик — розилик аломати» деб қабул қиладиганлар ҳам топилиб, бу қайсидир «зиёлилар» позицияси эмас, айнан Давлат томонидан олдинга сурилган таклиф, деб ҳам талқин қилаётганларни кўриб, ўз фикримни билдиришим зарурлигини тушуниб етдим.

Мактабдаги кезларимда ўзбекча гапиришдан ор қиладиганлар орасида ўзига хос стереотип бўларди. Худдики фақат русчада ўқиганлар яхшироқ билимга эга, оддий ўзбек мактабида ўқиганлар эса яхши ўқимагандек қабул қилинар эди. Инглиз тилидаги факультетга ўтиб, барчага тенг шароит яратилганда бу стереотипнинг хато эканлиги яққол кўриниб қолди.

Яъни мактабда рус тилида ёки ўзбек тилида ўқиганлар бемалол инглиз тилидаги ўқишда тенгма-тенг рақобат қилар эдик. Оддий ўзбек тилидаги мактабни битириб, ҳар ҳолда АҚШдаги энг нуфузли университетлардан бирида ўқиш ва кейинчалик катта лавозимларда ишлаш насиб қилди. Бу ҳам, айнан мамлакатимиз Мустақилликка эришганидан кейингина яратилган имкониятлар туфайли бўлди.

Мамлакатимиз ўз Мустақиллиги йўлини танлаган ва бу йўлдан четлашишга ҳеч ким йўл қўймайди. Ҳозирги вақтда, барчамиз ўз она тилимиз, миллатимиз ва маданиятимиз билан фахрланишга ўрганишимиз керак.

Чет тилларини имкон борича ўрганавериш керак, лекин бу деган ўз она тилини эсдан чиқариш дегани эмас. Шунинг учун ҳам, Президент мактабларига маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари номзодларига очиқ танлов эълон қилган эдик. Бу мактабларнинг битирувчилари чет тили ва замонавий билимларга эга бўлгани ҳолда, энг асосийси ҳақиқий ватанпарвар ва юксак маънавиятли бўлиб етишиб чиқишлари шарт.

Ўз тилимиздан ва миллатимиздан ғурурланиш ҳиссига эга бўлсаккина мамлакатимиз ривожланишига эриша оламиз», — дея фикр билдирган халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўз постида.

https://kun.uz/news/2019/05/05/indamaslik-rozilik-alomati-emas-sherzod-shermatov-rus-tiliga-rasmiy-til-maqomini-berish-boyicha-munozaralarga-qoshildi

***

Ўзбек тилини ўрганишдан инсонларда ғурур пайдо қилишимиз зарур

Ўзбек тилини ўрганишдан инсонларда ғурур пайдо қилишимиз зарур

Бир гуруҳ “зиёли”ларнинг Ўзбекистонда рус тилининг мавқеини қайта кўриб чиқиб, унга расмий тил мақомини бериш тўғрисидаги хати неча кундирки ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинмоқда.
Рус тили, маданияти ва адабиёти билангина халқимиз неларгадир эришган-у, энди эса саводсизлик ва маданиятсизлик гирдобига кириб кетаётгани ҳақида ёзганлар халқимизни бир қалқитди. Шўролар даврида тилимизни давлат тили мақомига кўтаришга бўлган интилишлар, орзулар, ўй-ҳаёллар рўёбга чиқиб турган бугунги кунимизда бутун бошли халқнинг ғурури жунбушга келди. Ижтимоий тармоқларда қалқиган халқимиз вакилларининг ҳаяжонлари, эътирозлари, ғазаби ортида олам ҳали санашниям тузук-қуруқ билмаган, ўзаро ўлжа талашиб уришиб юрган маҳалларда билимга интилиш мўътабар саналган шу қутлуғ тупроқларимиздан етишиб чиққан не-не даҳоларнинг қони ҳануз оқаётган юртдошларимизнинг ҳайқириғи эшитилган бўлса не ажаб. Халқимизнинг тарихи қадим-қадимларга тақалар экан, ўзбек тилига ҳам қадимий тил намунаси сифатида қарашимиз, уни асраб-авайлашимиз лозим. Бутун цивилизациядаги генлар тўплами бизда мужассам бўлган, тилимизнинг нақадар бойлигини биз ўзимиз тушунмаган қирралар ҳануз бор экан буни инкор қилиб бўлмайди. Ўзбек тилини ўрганишдан инсонларда ғурур пайдо қилишимиз зарур.
Замонавий билимларга эга бир киши, олим сифатида халқимиз тарихи сирларига назар ташларканмиз, юртимиз аҳолисининг генларини тадқиқ қилинганда уларнинг ирсияти ўнлаб минг йил нарига бориб тақалганини кўрдик. Бу ҳали тўлиқ тарих эмас – генларни “ўқиш” жараёнида фан тилида мутация дейиладиган ҳодисага асосланиб генетик тарихга бир назар солса бўлади. Соддароқ қилиб айтсам, одамзод пайдо бўлибдики, генларни аждодлардан авлодларга берилишида муҳрланган ўзгаришларни кўра оласиз. Бу эса Ўзбекистон халқларининг генетик тарихи ўртача эллик минг йилдан зиёд эканини кўрсатиб турибди. Демакки, биз Европа халқларидан 16 минг йил қадимийроқмиз. Бу борадаги изланишларимиз “The Open Genomics Journal” халқаро журналининг 2009 йил 2-сонида “Gene Flow at the Crossroads of Humanity: mt-DNA Sequence Diversity and Alu Insertion Polymorphism Frequencies in Uzbekistan”, яъни “Инсоният чорраҳасида ген оқимлари: Ўзбекистонда учрайдиган инцерцион полиморфизмлардаги мт-ДНК турли-туманликлари” сарлавҳаси билан эълон қилинди. Тадқиқотда Марказий Осиё чиндан ҳам дунё тараққиёти йўлидаги олтин бешик экани ўз исботини топган.
Ақлли одам дейилган “Homo Sapiens” Африкада пайдо бўлгани илмий ҳақиқат ҳисобланса, илк кишилар яшаш учун қулай, баракали тупроқларни излаб йўлга чиқишган. У маҳалда кишиларнинг денгизни сузиб ўтишлари мумкин эмас эди. Арабистон ярим ороли орқали тоғлардан ошиб, бизнинг ўлкаларга келиб ўрнашишган, бир қисми Олтой томон кетишган. Ўша йўналиш бўйича музликлар диёридан ўтиб, Америка қитъасигача етиб боришган. Бу антропология фанидаги уч асосий фаразнинг бири дейилса-да, илмий исботлари қониқарли деб ҳисобланмас эди. Геномика марказимизнинг изланишлари мобайнида мана шу тарзда Марказий Осиё инсоният тараққиёти йўлидаги олтин шоҳбекат бўлиб хизмат қилгани ўз исботини топди. Бу – ҳақиқатан ҳам, жуда қадимги тарих. Шунингдек, тадқиқотларимиз натижасида халқимиз цивилизациядаги мавжуд барча генлар хилма-хиллигига эга эканлиги ва улар орасида инсон цивилизациясидаги энг қадимий генотиплар мавжудлиги кўрсатиб берилди. Бу халқимизнинг ўта қадимий генетик тарихига урғу бериши билан бирга, “тирик тарихий музей” эканидан ҳам далолат беради. Хулосаларимизнинг асоси шуки, бизнинг юртимиз нафақат сиёсий, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга, балки ўта қадимий ва хилма-хил бўлган инсонлари билан халқаро миқёсда жуда катта биологик бойликни ўзида мужассам этган. Биз бу бойликни англашимиз, қадрлашимиз, асраб-авайлашимиз ҳамда ундан ғурурланишимиз керак.
Тилимиз эса коммуникация воситаси бўлиш билан бир қаторда шууримизнинг-да аксидир, у халқнинг феъл-атвори, хулқини ҳам бошқаради, ўзлигини намоён этишига хизмат қилади. Шундай экан, ўзга тилни эмас, ўз тилимизнинг мавқеини кўтариш зарурлиги айни замон талабию халқ истаги бўлиб қолганини бугунги воқеалар исбот қилиб турибди.
Ешларимизнинг қалбига кириб бориш ва уларда миллий ғурурни шакллантириш, “бировларнинг“ қора юмушларини қилиш ёки фикрларига қўшилиб кетишни танлашдан олдин ўзларининг нақадар генетик жиҳатдан қадри баланд инсон эканликларини адабий усулда тушунтириш учун таниқли ёзувчи Исажон Султон таъбиридан “Генетик” асари ешларимиз қалбига миллий ғоя билан кириш ва уни шакллантиришда катта ўрин тутади.
Зеро, ҳар боламиз қонида истеъдод оқмоқда. Бу истеъдодни ривожлантириш, “ухлаб ётган генларни” уйғотишда халқимиз бойлиги, ғурури ва шаъни бўлмиш тилимизга янада кўпроқ эътибор қаратиш давлатимиз сиёсати, деб баралла айтишимиз мумкин. Жорий йилда умумий ўрта мактаблардаги “Адабиёт” фанига мўлжалланган 3D-тизимли интерактив ўқув-методик қўлланмаларни яратиш ва жорий қилиш, ўзбек халқининг этногенез тарихини ўрганиш бўйича “Эртош Дўлана” ёдгорлигини тадқиқ этиш, қадимий ёзма ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ қилиш, уларнинг рақамлаштирилган кутубхонасини яратиш, ўзбек тилида нейминг: меъёрий-ҳуқуқий яратиш каби амалий ва инновацион лойиҳаларга грантлар берилди. Грантларнинг асосий мақсади ҳам тилимиз, қадриятларимизни ёшларнинг шуурига сингдириш бўлиб, бу йўлда янги лойиҳалар амалга ошириляпти, олимлар изланишлар олиб бормоқда. Зиёлиларимиз миллий қадриятларни ҳимоя қилиш учун меҳнат қилишлари, изланишлари, тадқиқотлар олиб боришлари айни муддаодир.Ҳали олдинда шу ва бошқа лойиҳалар тилимиз мавқеининг янада ошишига хизмат қилади.
Иброҳим Абдураҳмонов,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири
Ўзбекистон фанлар академияси академиги,
Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси
http://uza.uz/oz/society/zbek-tilini-rganishdan-insonlarda-urur-paydo-ilishimiz-zarur-05-05-2019

 ***

Ўзбек тилининг илдизлари тарихнинг олис қаърига етиб боради

Ўзбек тилининг илдизлари тарихнинг олис қаърига етиб боради

Дунёда биз билган ва билмаган сир-синоатлар жуда кўп. Шулардан бири тил масаласи. Тил ҳақида гап кетганда, уни онага менгзаш одат тусига кириб қолган. Бундай ёндашув жаҳон тилларининг ҳаммасида деярли бир хил: ОНА ТИЛИ.
Ҳамманинг ёдида бўлса керак, 80-йилларнинг охирида озодлик, мустақиллик учун бўлган саъй-ҳаракатларнинг жон томирини тил масаласи ташкил этган ва миллат дарди, миллат келажаги учун қайғурган ҳамюртларимизнинг аксарияти ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши масаласини дадил кўтариб чиққан эди. Ўшанда ҳам юрагида ҳадик, қўрқув бўлган бир гуруҳ миллатдошларимиз ўзбек тилига давлат тили мақомини бермаслик ёки икки тиллилик масаласига маҳкам ёпишиб олганди. Ўшанда юртимиз бошида турган инсонларнинг узоқни кўзлаб юргизган сиёсати туфайли тилимизга “Давлат тили” мақоми берилганди.
Шу кунларда бир гуруҳ зиёлиларимиз томонидан рус тилига расмий тил мақоми берилиши тўғрисидаги мурожаатини ўқиб, шу юртнинг оддий бир фарзанди сифатида ҳайрон қолдим. Юртимизда рус тилини ўрганишга ҳеч қандай монеълик қилинмаётган, тил сиёсатида дунё давлатларига ўрнак бўладиган сиёсат олиб борилаётган, халқимиз томонидан бошқа миллат вакилларининг барчасига ўзига яраша шарқона иззат-икром кўрсатилиб, ҳамма халқлар бир-бири билан дўст, иноқ бўлиб яшаётган пайтда кимга керак бўлиб қолди бундай “МУРОЖААТ”. Ошкоралик, демократия ниқоби остида халқ қалбидаги энг теран риштани “чертиш”, у билан ҳазиллашиш эмасми бу?!
7 тилда таълим-тарбия ишларининг олиб борилиши дунёнинг бирон-бир давлатида йўқ. Кўчаларига инглиз, немис, араб, рус тилларида рекламалар тўлиб-тошиб ётган, лавҳалар, кўрсаткичларнинг кўринарли қисми рус ёки инглиз тилларида битилган юрт дунёда борми ўзи?! Асло йўқ! Уларга нисбатан индамаётганимиз остида халқимизнинг бағрикенглиги, тинчлик-осойишталикни ҳамма нарсадан устун қўйиши, ҳар қандай миллат вакилларига нисбатан хайрихоҳлик нигоҳи билан боқиши сабабчи бўлмоқда, десам янглишмаган бўламан.
Шундоқ ҳам рус тили ва унинг ривожланишига ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ. “Давлат тили” ҳақидаги қонуннинг тегишли жойларида рус тилининг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни кўрсатиб қўйилган. Л.Толcтой, А.Пушкин, М.Лермонтов асарларини ҳамма жойда тарғиб қилиб юрибмиз. Шу кунгача рус миллатига мансуб биронта шахс ўз она тилига нисбатан ўзбекларнинг менсимай мурожаатда бўлаётгани ҳақида шикоят қилгани ҳам йўқ. Яна ўзимиз… Бу қора кўзойнак тақадиган жаноблар битта ҳақиқатни билиб олишса яхши бўларди. Бугун бизга битта рус тили эмас, улуғ маърифатпарвар адиб Маҳмудхўжа Беҳбудий айтганидек “тўртта тилни ўрганиш” ҳам камлик қилиб қолди… Ўзбекистон дунё мамлакатлари билан бўйлашаётган, жаҳонда ўз ўрнини топишга астойдил уринаётган бир пайтда бундай субъектив ёндашиш фойда келтириш ўрнига зарарга ишлайди. Рус халқи билан ўртадаги муносабатларимизни лойқалатишга олиб келади. Наҳотки, катта-катта фильмларни олишга ақли етган, анча-мунча халқ артистлари ҳам чиқа олмайдиган саҳналарда туриб қўшиқ айтган маданиятимиз ва санъатимиз дарғалари шу оддий ҳақиқатни билишмаса. Уларни алқаб юрган халқ бу ҳақда нима дейди?!
Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши бу – Яратганнинг иродаси. Унга қарши бориш халқпарварликдан, фидойиликдан эмас. “Қонун” бандларига ўзгартиришлар киритиш учун ҳиссиётларга берилмаслик, 4000 йиллик тарихчилик анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда ўта босиқлик билан узоқни кўзлаб иш кўрмоқлигимиз зарур. 18та дарғанинг гапи билан ўн саккиз минг олам ичида ягона бўлган ўзбек миллати ва ўзбек халқининг иродаси букилиб, улар айтган ҳавойи сўзларга учиб қолмайди.
Лутфий, Атоий, Навоий, Яссавий, Бобурлар алқаган, Нодира, Увайсий, Зулфиялар баралла куйлаган, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирийлар қалам тебратган табаррук тил бу. Бу тилнинг илдизлари тарихнинг олис қаърига етиб боради. Не-не босқинлардан, зулмлардан ўтиб келган бундай улкан чинорни ўрнидан қўзғатиб бўладими? У бир гуруҳ инсонларнинг истакларига қарама-қарши равишда дунёнинг энг бой ва қадимий тилларидан бири сифатида минглаб, миллионлаб инсонларни улғайтиришда, тарбиялашда давом этаверади.
Абдулҳай СОБИРОВ,
профессор
http://uza.uz/oz/culture/zbek-tilining-ildizlari-tarikhning-olis-ariga-etib-boradi-05-05-2019
***

Ўзбек бундай демайди!

Бироқ  шуни тан олишимиз керакки, бу ишлар узоқ йиллар чўзилиб келди. Минг афсуски, бугунги кунда она тили тақдири учун қайғуриш туйғуси миллатимизнинг ҳар бир фарзандида қалб амри даражасига кўтарилган, дея олмаймиз. Акс ҳолда, «Вести.уз» сайтида олим, журналист, ҳуқуқшунос, санъаткор, бастакор ва ҳоказодан иборат бир гуруҳ «ўзбек зиёлилари» Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифини илгари сурмаган бўлар эди.

Мурожаат ниҳоятда пухта ўйланган режа асосида тайёрланганлиги кўриниб турибди. Бизнинг «оғриқли» нуқталаримизга урғу бериш орқали ночор қилиб кўрсатишдан тап тортмаслик ҳануз орамизда ўзини «фидойи ватанпарвар» кўрсатган миллий ғоямиз душманлари кўплигини кўрсатади. Мен бу ўринда уларнинг ҳар бир мулоҳазаси кетида нима анқиб турганини яхши тасаввур қилиб турибман. «Ақлли таҳлиллар»дан кўзланган мақсад мени даҳшатга солмоқда. Қўйнимиздаги илонлар чақишга хезланди. Бунга асло йўл қўйиш мумкин эмас! Конституция ва қонунлар орқали ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган она тилимизни ҳимоя қилиш ўрнига бизнинг рус халқи ва унинг тилига бўлган чуқур ҳурматимиздан фойдаланиб ўзларининг хуфия мақсадларини амалга оширишга киришганлигидан уларнинг миллати ўзбек эканлигига шубҳа қилиб қолдим. Бу жирканч мақсад остида жамиятни пароканда қилиш, юртимизда тинч-тотув яшаб келаётган миллат ва элатлар ўртасига нифоқ солиш, онги тўлиқ шаклланмаган ёшларни хаёлини бузиш режалари йўқ дейсизми? Рус тилини иккинчи расмий тил сифатида киритиш таклифи бир баҳона, халос! Буларга кўрсатилган шунча эҳтиром, эъзоз – ҳайф! Букрини гўр тузатади, деганлари шу бўлса керак.

Шу нуқтада ўзимизда ҳам айб бордек. Тезлик билан лотин ёзувига асосланган алифбомизни ислоҳ этиб, тўлиқ жорий этишга шошилишимиз, бунга қарши бўлганларга зарба беришимиз керак. Қозоғистон бу масалани шартта ҳал қилди, қўйди. Биз нимани кутяпмиз? Университет томонидан алифбони такомиллаштириш, имло қоидаларини ишлаб чиқиш, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида илмий асосланган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритилган. Амалий ишларга ўтиш вақти келмадими? Сенат кенгаши томонидан илгари сурилган «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлаш ва давлат тилида иш юритиш ҳамда реклама ёзувларини назорат этувчи «Тил инспекцияси»ни ташкил этиш ҳақидаги режани амалга ошириш зарур. Ўзбек тилига тўғри ва адолатли муносабатни шакллантириш, унга ҳар томонлама эътиборни кучайтириш, уни замонавий илм-фан, интернет тилига айлантириш лозим. Шундагина халқимизнинг қалби ором топади, бузғунчи ғояларнинг пайи қирқилади. Ўзбекистонда ўзбек тили чинакам давлат тилига айланади.

Шуҳрат Сирожиддинов,
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори
https://kun.uz/news/2019/05/05/ozbek-bunday-demaydi-rektor-lotin-alifbosini-toliq-joriy-etishga-shoshilishga-chaqirdi
***

Тил — миллат кўзгусидир

Тил - миллат кўзгусидир

Она тили — муқаддас тушунча. Ҳар бир инсон ўз она тилини улуғлайди, кўкка кўтаради. У орқали дунёни танийди, кашф этади, жамиятда ўз ўрнини топади.
Тил — миллатнинг кўзгуси бўлиб, унда тарих — ўтмиш ва келажак жонланади. “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур” — дея эътироф этади Абдулла Авлоний. Маълумки, энг катта хиёнат эътиқодга бўлган хиёнатдир. Бизнинг эътиқодимизнинг узвий бир жиҳати ҳам тилимизга бўлган эътиборимиз биландир. Демак, тилнинг софлигига путур етказаётган ғаламислар бугунги куннинг энг катта хоинлар десак тўғри бўлади.
Афсуслар бўлсинки, ҳозирда баъзи бир фитначилар ижтимоий тармоқда она тилимизга бўлган ҳурматни йўқотмоқдалар. Аҳолиси 90% ўзбеклар бўлган мамлакатда иккинчи давлат тили дея, рус тилига урғу беришмоқда. Бу “ишлар” нинг орқасида қандайдир мақсадлар борлиги барчага маълумдир. Дунёда 40 та йўқолиб кетиш хавфи бўлмаган тиллар мавжуддир. Қувонарлиси шундаки бизнинг она тилимиз ҳам ушбу тиллар оиласига киради. Сабаби бизнинг тилимизда ёзма манбалар, қўлёзмалар, қадимий ва замонавий адабиётлар кўпдир. “Тилнинг софлиги миллатнинг софлигидир” – дейилади. Демак шундай экан тилимизнинг қадрини ва вазнини буюк эътиқод даражасида авайлашимиз зарур.
Тошкент шаҳар Бош имом хатиби
Раҳимберди домла Раҳмонов
 http://uza.uz/oz/society/til-millat-k-zgusidir-05-05-2019
***

Тилимиз – фахримиз ёхуд иғволарга беэътибор бўлмайлик!

Тилимиз – фахримиз ёхуд иғволарга беэътибор бўлмайлик!

 Шу кунларда ижтимоий тармоқларда “Рус тилига давлат тили мақомини бериш” ҳақидаги “ташаббус”га фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда, бу борада қизғин баҳс-мунозаралар давом этмоқда. Мавриди келганида мен ҳам шу юрт фарзанди сифатида бу масалага ўз муносабатимни билдиришни лозим топдим.
 Аввало, бу “ташаббус”ни ёқлаб чиққанлар шу юрт учун ғам чекишига, ўзбек миллати, миллий тили ҳақида қайғуриши, уларда миллий қадриятларга ҳурмат ҳиси борлигига шубҳа қиламан. Чунки, агар уларда миллий ғурур тушунчаси бўлганида бизга ёт бир тилга давлат тили мақомини беришни талаб қилиб чиқишмас эди.
 Маълумки, ҳар бир давлат ўз тилига, ўз байроғи, мадҳиясига эгадир. Буларсиз бирон давлатни мустақил, ўзига хос йўлга эга деб бўлмайди. Чунки, тилдаги қарамлик бошқарувдаги қарамликка сабабдир.
 Инсон қайси тилда сўзлашса, ўша тилда фикрлайди, бирон воқеа-ҳодисага муносабатини ўша тилда ифодалайди. Тилнинг инсон эътиқодига, хатти-ҳаракатларига, одоб-ахлоқига таъсир каттадир. Ўзбек бўлатуриб чет тилида сўзлашувчи одамларга эътибор берсангиз, уларнинг тушунчаси, тасаввури, дунёқараши, ўзини тутиши, муомаласи ўша тилдагиларга ўхшайди. Зеро, тил бутун танага амирдир. Тил қандай бўлса, бошқа тана аъзолари ҳам шундай бўлади.

Шуни баралла айта оламан: Биз қайсидир тилга боғлиқ эмасмиз, рус тили бўлмаса, миллат сифатида дунё харитасидан ўчиб кетадиган даражада кичик миллат эмасмиз. Рус тилисиз ҳам ўз қаддимизни тик тутиб, обрўйимизни сақлаб тура оламиз. Чунки, бизнинг илдизимиз чуқур, асосимиз мустаҳкам. Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Адиб Аҳмад Югнакий каби минг йиллар аввал туркий тилда ижод қилган боболаримиз бор. Лутфий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Огаҳий, Фурқат, Завқий, Муқимий, Абдулла Қодирий каби туркий-ўзбек тилининг ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз бор. Биз ҳеч қачон ўзга тилларга қарам бўлмаганмиз. Бундан кейин ҳам қарам бўлмаймиз!

1989 йил 21 октябр куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Жорий йилнинг октябр ойида бу воқеага 30 йил тўлади. Афсуски, шунча муддат ичида ўз она тилимизни тўлақонли давлат тили қилиш йўлида қаттиқ жидду жаҳд қилмадик, тил билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга кўп ҳам эътибор қаратмадик. Буниси етмагандек, рус тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги гап-сўзлар дард устига чипқондек бўлди. Чунки ҳали ўзбек тилини тўлақонли давлат тили мақомига кўтариш борасида кўп саъй-ҳаракатлар қилишимиз лозим. Рус тилига давлат тили мақоми берилиши мустақил Ўзбекистон манфаатларига зид, халқимиз онги, тушунчаси, хулқ-атвори, миллий қадриятларига номуносибдир.
Хуллас, мен “Рус тилига давлат тили мақомини бериш” ҳақидаги ташаббусни фитна, иғво, деб биламан, илм-маърифат эгалари, зиёлилар, юртини, миллатини яхши кўрган ҳар бир фидойи инсон бундай ғайрли ҳаракатларга тиш-тирноғи билан қарши туриши керак, деган фикрдаман.
 
Одилхон қори Юнусхон ўғли
 http://uza.uz/oz/society/tilimiz-fakhrimiz-yekhud-i-volarga-beetibor-b-lmaylik-05-05-2019
***

ЎзА минбари. Огоҳликка даъват

ЎзА минбари. Огоҳликка даъват

Бир гуруҳ кишиларнинг Ўзбекистонда рус тилига давлат тили мақоми бериш таклифини билдирганлари ҳақидаги хабар ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар қандай одамни ларзага солади. 
Миллат, халқ қайғусида бўлган кўплаб юртдошларимиз ижтимоий тармоқларда бу номаъқул хоҳиш-талаб юзасидан ўзларининг холис ва кескин фикрларини билдиришмоқда. Албатта, бир зиёли фуқаро сифатида мен ҳам бу масалага бефарқ қараб тура олмайман.
Хўш, Ўзбекистонда рус тилига давлат тили мақомини бериш таклифини бугун эмин-эркин ўртага ташлаш тасодифми ё бирор махсус режа маҳсулими? Менимча, бу қандайдир нохолис, жиддий кучлар томонидан атай ташкил этилаётган тадбир. Акс ҳолда, сал кам 30 йилдан бери мустақил қад кериб турган мамлакатда ўзга бир тилни давлат тили сифатида жорий этиш истагини билдиршга, ўзбек халқига, ўзбек тилига нисбатан ошкора ҳурматсизлик, беодоблик кўрсатишга ҳеч ким журъат этмаган бўларди. Давлатнинг расмий тили иккита бўлишини хоҳлаётган бу ғаламис кимсалар эрта-индин Ўзбекистонни икки Президент бошқариши керак деган фикрни олға суришдан ҳам тоймайдилар.
Менимча, уларнинг мақсади битта: ўзбек халқининг нозик миллий туйғуларига атай тегиб, камситиб мамлакатда ички низолар уруғини сепиш. Тараққиёт, юксалиш йўлидан жадал бораётган юртимиз тинчлигига рахна солиш. Бундай фитна-фасодга асло бефарқ қараб бўлмайди! Ғаламислик таклифи билан чиққан нусхаларга нисбатан тегишли чора-тадбирлар кўриш керак, деб ўйлайман. Шу баробарида, ўзбек тилининг мавқеини, иззат-обрўсини янада кўтарадиган қўшимча расмий ҳужжатлар қабул қилиш зарур. Жумладан, худди солиқ, божхона қўмиталари каби, Ўзбек тилини, яъни Давлат тилини ривожалантириш, унинг шаънини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи нуфузли ташкилот фаолиятини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.
Луқмон Бўрихон,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси 
http://uza.uz/oz/society/za-minbari-ogo-likka-davat-06-05-2019
***

Тилга хиёнат – элга хиёнат!

Тилга хиёнат – элга хиёнат!

ЎзА минбари
Ўзбекчалаштирилган замонавий украин ҳангомаларидан.
– Фаррухджан, мен иложи борича ҳозир русчада кам гаплашишга уринаяпман.
– Нима бўлди Зокиржон, украинлар келиб дўппослашидан қўрқяпсанми?
– Йўқ, русларнинг келиб мени ҳимоя қила бошлашидан қўрқяпман.
Бугунги кунда маълумотларнинг энг тез тарқаладиган тизими бу, албатта, интернет тизимидир. Айнан мана шу тизимнинг “Kun.uz” сайтида кечагина бир неча кишиларнинг ўзбек давлат тилига тажовузи эълон қилинди. Булар қанчалик кўпчиликни ёки озчиликни ташкил қилмасин унчалик хавфли эмас, албатта. Аммо, уларнинг ўзларини (ўзбек миллати, Ўзбекистон халқи)нинг зиёлиси санашини, албатта, катта ачиниш билан тан олиш керак.
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
Маълумки, тарихдан бизга етиб келган энг доно ақидалардан бири ҳам “қалъа ичидан бузилади”, деган ибора бўлади. Бу бир гала Ўзбекистон давлатининг эркин фуқаролари, албатта, турли йўналишдаги ўз фикрларини айтиши, эълон қилиши, унинг ҳаққонийлигини исбот қилишга уринишлари ҳам табиий ҳол. Бир қараганда ашаддий бир жиноят қилинган эмасдай. Аммо, бугунги кундаги давлат қонунлари доирасида, давлат мустақиллиги декларацияси доирасида, қолаверса Ўзбекистон Конституцияси олдида жиноятга қўл урилгани кўриниб турибди. Бирқанча қонунларимизнинг талаблари бузилгани аниқ кўриниб турибди. Бу фикрни анчагина авом бўлган ҳар бир адвокат ҳам нон чайнаб турган ҳолда исбот қилиб ташлаши турган гап.
Биз ҳатто ўзларини шу давлатнинг зиёлиларимиз, дейдиган ўз фуқароларимизнинг, аслида ачиниб айтадиган ҳолат ватандошларимизнинг, эл олдига мана бундай олчоқ фикрлар билан чиқишигача қандай етиб келдик. Албатта, бунинг сабаблари кўп. Энг катта сабаблардан бири, мана ўттиз йилдирки, давлат миқёсида ўз ДАВЛАТ ТИЛИМИЗГА беэътиборлик билан қарашимиз бўлди. Яна бир сабаб, айни ўтиш даврида биз алифбомизни ўзгартиришга киришганимиз ва бу жараённи баъзи юқорида мана шу мақолани ёзишга сабаб бўлганлар каби Ватан ва миллатимиз тилини ҳурмат қилмаган, унинг обрўсини тўккан ушу сотқинлар қаторидан жой олса бўладиган раҳбарлар ҳаракатсизликлари натижасида ЎТА чўзиб юборганимиз, кечагина давлат тили бўлган рус тилининг ўз мавқеини курашсиз жон бермаслигини инобатга олмаганимиз, катта авлоднинг кирил алифбода савод чиқарганини ва айнан катта авлоднинг миллий менталитетимиздан келиб чиқиб ёшларга таъсир кучининг катталигини кўздан қочирганимиз, бу ўринда катталарга кўрсатган ҳурматимиз тилимизга ҳурматсизлик бўлганини ажрата олмаганимиз, давлат тармоғида ҳамма норматив ҳужжатларнинг рус тилида мерос қолгани ва шунга ўхшаш кўплаб омилларнинг кучига тўғри баҳо беролмаганимиз бўлди.
Яна катта бир хатомиз шу бўлдики, энг юқори лавозимдаги кишиларга қуйидаги одамларимизнинг лаганбардорона муомаласи ва муносабати қон қонимизга сингиб кетганлиги бўлди. Ўз вақтида тилимиз оғир аҳволга тушиб қоляпти, мустақилликнинг асосий кўринишларидан бири бу миллатнинг, давлатнинг давлат тили нафақат қонунда аслида амалда кўтарилмаса бу тил ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди, деб ўша каттанинг юзига айтолмаганлик бўлди. Мана шу: “катталарнинг” бирон ҳаракатимиз билан ғашига тегиб қўймайлик, деган тушунча бизни тобе ва “катталарни” ҳукмрон поғонасига олиб чиқаверди, буларнинг оқибати, ўз ичимиздан чиққан, қалъани ичидан бузувчиларнинг ҳаракати бугун бизни ҳайрон қолдирмаслиги керакка ўхшайди. Ахир, бизнинг давлат тилини ҳаётга жорий қилишдаги ҳаракатимиз, амалий сиёсатимиз ён атрофдаги қўшни давлатларга қараганда ҳам толенрантроқ муносабатда бўлган эдику. На бозорда, на ташкилотларда бу чет тилли ватандошларимизнинг тил ва чет тилини ишлатишларида“пишагини пишт”демаган эдик. Мана оқибат, улар туз еган жойнинг тузлуғига тупуриш даражасига етиб келди. Уларнинг ўз тили билан айтганда, “бармоғимизни чўзиб турган пайтимизда улар энди бизнинг қўлимизни суғуриб олишмоқчи”.
Бундайлар ҳақида ўз вақтида Ҳиндистоннинг тарихий бир тизимдан бошқа тизимга ўтиш, мустамлакачиликдан қутулиш тажрибасини бошидан кечирган М. Ганди: миллатнинг энг ашаддий душманларидан бири бу колонизаторлар етиштириб чиқарган маҳаллий аҳолидан чиққан зиёлилар, деган эди.
Қаранг, нақадар аллома ҳақлиги аниқ кўриняпти.
Айтиш лозимки, мутахассисларнинг таъкидлашича миллат тушунчасини аниқлашда биринчи ўринда унинг тили инобатга олинади ва айнан мана шу белги асосий омилга айланади. Ҳозирги кунда дунё давлатлари орасида ҳам бу белги ўз кучини йўқотган эмас. Тўғри, давлат тили сифатида, баъзи ҳолларда иккинчи давлат тили сифатида ўз этник тилини эмас бошқа тилни ишлатаётган давлатлар дунёда йўқ эмас. Бундай ҳолатларда ўша давлат ва унинг тарихий ўтмиши жиддий назардан ўтказилса бу ҳолатга чидаш мумкинлигини кўрасиз. Аммо бизнинг чуқур тарихий томиримизни, давлатчилик маданиятимизни назардан қочирмасдан қарасак бизга на бошқа тилни ишлатиш ва на давлат тили сифатида иккинчи тилга ҳеч ҳам эҳтиёжнинг йўқлигини кўрамиз.
Бу ўринда айтишлари мумкин, ҳа ўша Ҳиндистонда ҳам иккинчи давлат тили сифатида инглиз тили ишлатиладику, деб. Ушбу эътирозларга барҳам бериш учун ҳиндларнинг ўз қадимий ёзувининг асрлар давомида сақланиб келаётганлиги ва бу уларнинг ҳар бир сўзни, айниқса ташқаридан кириб келаётган сўзларни ўз тили ва ўз талаффуз қонун қоидаларига сингдириб юборишларини таъкидлаган бўлардим.
Бизда эса айнан мана шу икки омил жиддий оқсоқланади. Биринчидан алифбомизни тарихда жуда тез тез ўзгартириб турганимиз ва (балким шу сабабдир) ташқаридан бирор сўзни олмоқчи бўлсак бу сўзни ўша миллат вакилларидан ҳам “тозароқ” қилиб талаффуз қилишга уринишимиздир. Оддий мисол, боболаримиз Москов дейишган, биз эса тилимизни бурро қилиб “Москва”, деймиз. Ҳатто ўша руслар ҳам бу сўз аслида уларники бўлмаса ҳам биздай чиройли айтолмайди.
Шундай экан, бугунги кунда бир сиқим собиқ тизимдан қолган, ўрисларнинг тили билан айтганда “совоклар”нинг бу чиқишларини унчалик катта фожеа сифатида кўтар кўтар қилмасак ҳам бўлар эди. Аммо, ҳар бир ёмон ишнинг бир яхши томони ҳам бўлиши мумкин, деганларидай, ушбу ҳолатдан унумли фойдаланишимиз, келгусида бундай чиқишлар такрорланмаслик йўлларини кўришимиз зарур эканлиги аниқ бўлиб қоляпти.
Бугунги кундаги ўзбек ДАВЛАТ ТИЛИНИНГ давлатимизда, халқимиз, ёшларимиз орасида, мактаб ва оммавий ахборот воситалари доирасида ва умуман бугуннинг назарида қай даражада эканлигини бир назардан ўтказайлик.
Гапни кўчадан ва пойтахтдан бошлайлик.Кўчада ўн кишидан беш киши ўзбек ва рус тилларини аралаштириб ишлатади. Мана бир манзара: кўчаларимизга ўзбекча ном беришга бердик нега энди қаҳвахона, дорихона, ресторан, ошхона ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаларига қўйилган номлар: “Kebbi” “Крепость”, “Перекрёстокь”, “Мillenium”, “Globus”, “Золотыстие выпечки”… “Radisson”, “Вressiria”, “Royal”, “Choco world” “Super bistro”, “Mig bistro”, “Kapriz”, “Lagoste”, “Будильник”, “Urban Toys”… Бу номларнинг ҳаммаси нақ Тошкент шаҳрининг ўртасидалигини, номлар қонун талабига кўра давлат тилида ёзилиши ва керак ҳолларда бошқа тилда берилиши мумкинлигини унутманг.
Шу жойда ачиниб айтгинг келади, сиз қайси шаҳарларда ўзбекча номланган кафе ва бошқа ташкилот ва корхоналарнинг номларини учратдингиз? Бу ҳолатни ёзар эканман, ёшларимиз орасидаги исмларни эслаб кетдим. Бизнинг ёшлар орасида Мадина деган исмни кўп учратиш мумкин. Аммо бирон марта Самарқанд Фарғона, деган исмни учратганмисиз? Йўқ албатта. Биласизми, бизнинг Самарқанд ва Фарғоналар бўлганда Мадина ҳали каттароқ бир қишлоқ ҳам бўлмаганку, дегинг келади.
Кўчаларимиздаги ўн реклама намуналаридан тўққизтасида маълумотлар рус ва бошқа тилларда бериляпти. (кичкинагина савол, бу рекламалар кимга қаратилганлигини реклама берувчилар унутяпти, шекилли). Ўзбек тилида берилаётган ўн реклама намунасидан тўққизтасида имловий хатолар (ўз тилига ҳурматсизлик ҳам шунча бўладими ахир?) бериляпти ва бунга биз эътибор бермай ҳам қўйганмиз.
Тил тўғрисидаги қонуннинг бузилишини ҳокимиятлар (айниқса Тошкент ҳокимияти) бошлаб беради. Ташкилотларга берилаётган номлардан бошланиб фирма ва кафечаларнинг номлари ва уларнинг рекламалари “ғужала тилда берилади”, десак камлик қилади, улар ғаламислик шаклларда берилади ва берилиб келинмоқда.
Реклама тўғрисидаги қонун ҳам тил қонунига боғлиқ бўлганидан у ҳам Конституциянинг сайловлар тўғрисидаги бандига ўхшаб саноқсиз равишда ўзгартилиб борилди. Шунинг учун бу қонуннинг ҳам талаблари бажарилмайди, одамларнинг сайловларга ишонмай қўйганларидай, рекламаларга ҳам ишонмай қўйиши юзага келди. Аммо, рекламанинг психологик таъсирини унутмаслик керак.
Реклама берувчилар хоҳлаган тилларида ўз рекламасини берсин, аммо қонун талабига биноан бу рекламанинг ДАВЛАТ ТИЛИДА ҳам беришлари шартлигини унутмасинлар. Бу ўринда харажатни тежаш устунлик қилмоқда.
Айрим тадбиркорларимизнинг тилларинику ҳакка чўқисин. Улар чиқараётган маҳсулотларнинг нима ва қандай ишлатилиш қоидаларининг (одатда уларнинг 80 ва 90 % русча берилади) ўзбекчасини ўқиб ўзбеклигингга ачиниб кетасан.
Ташқаридан киритилаётган материалларнинг ҳаммасига ўзбекча ёрлиқ ва қўлланмалар бўлиши керак, аммо улар йўқ. Қўшма корхоналар материаллари ҳам шу аҳволда. Узоққа бормайлик ва мени мисоллар келтирмабсиз, деб айблашмасин. Бизда чиқарилаётган машиналарнинг ўзбекча қўлланмаларини ҳалигача бир неча янги машина олган бўлишимга қарамасдан ҳалигача кўрган эмасман. Хитой билан ишлаб чиқарилаётган электрҳисоблагичларга қўлланма талаб қилиб ҳам ололмадим ва улар “ўзбекчаси йўқ, ҳали тайёрланмаган”, деган безбетликдан нари ўтишмади.
Одатий ҳол, кўпинча биз маҳсулотларнинг қиммат-арзонлигини, сифатини суриштирмай харид қиламиз. Нари борса моддий зарар кўрамиз. Аммо пойтахтимизнинг ҳар қадамида кўзингиз тушадиган ажнабий атамалар фарзандларимизнинг руҳига чаласаводликни сингдиришини унутамиз, бу билан мактаблардаги чаласаводлиликка ҳисса қўшяпмиз, миллат маънавиятига зарар етказяпмиз. Давлат тилимизнинг мавқеини туширяпмиз, беписандлик, ҳурматсизлик пайдо қиляпмиз. Давлат тилимизнинг мавқеи тушиб кетяпти, деб чорак асрдан бери бонг урамиз. Телевидение ва радиоларда кўрсатув, эшиттиришлар берамиз. Бир телекўрсатувда мен 1 синф Алифбе китобида 16 хато борлигини айтиб уни ёзган муаллиф билан ота гўри қозихонагача борган эдим. Бу кураш ва талашларда натижанинг йўқлиги бошқа жойда эканлигини тушунишни хоҳламаймиз. Ҳа, натижаси йўқ.
Ҳолатнинг ўзгариш йўналишида бир неча муаммолар кўндаланг. Биринчиси, “Давлат тили ҳақидаги” қонунимиз мукаммал эмас. (Буни кимлардир атайлаб шундай қилишди). Демак, зудлик билан бу қонунни ҳаётий, талаб даражасига кўтариб қайтадан қабул қилишимиз ШАРТ. Иккинчидан, қонуннинг ижроси атайлаб сусткашликка солинди, чунки, бу қонунни бузганлар учун қонунда чора назарда тутилмагани бўлди. Кўряпсизми, ҳар қандай қонун масалани кўтаради, ҳал қилади ва албатта бузилса “мана бундай чора кўрилсин” деган таъкидга эга бўлади. Тилимиз тўғрисидаги қонунда айнан мана шу жазо банди атайлаб қабул қилинмади. Айни ҳолат қонунчилик назариясининг бузилиши бўлишига қарамасдан шундайича қабул қилинди.
Масалан, Давлат тили ҳақидаги Қонуннинг 1995 йил 21 декабрдаги янги таҳрири 20-моддасида “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлар ДАВЛАТ ТИЛИДА расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин.” Эътибор беринг асосий матн Давлат тилида ва керак ҳоллардагина бошқа тилда унинг таржимаси берилиши мумкин дейилган. 1998 йилда 25 декабрдаги Реклама тўғрисидаги Қонуннинг “Рекламанинг тили”, яъни 5-моддасида эса “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг ДАВЛАТ ТИЛИДА ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади.” Солиштиринг, “реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади”, дейилган. Қонуннинг ўзгартирилишида кимлардир манфаатдор бўлиб улар энди бир бирини инкор қиладиган моддалардан иборат. Бу ўринда Ўзбекистон ва ўзбек халқининг манфаатини кўзлаб, хулоса чиқаришни мен Ўзбекистон Конституцион суди ва Адлия вазирлигига тавсия қилган бўлардим.
Ҳолат мана шундай экан, Ўзбекистоннинг жонкуярлари қолган бўлса рўй рост оёққа туриш пайти келди, демоқчиман. Марҳамат, азизлар, ўз сўзингизни бугун айтмасангиз юқорида тилга олинган “ташаббускорлардан” ҳам даҳшатлироқлари, заҳарлироқлари чиқиши тайин. Мана, “…Ё ҳаёт ё мамот…” пайти мана шу бўлади. Бу рўйхатдагиларнинг ҳар бири тўғрисида халқимиз кенг маълумотлар бериши мумкин. Уларнинг кўпчилиги кўплаб атоқли олимларнинг руҳларини чирқиратибди, маданият ва санъат ходимларининг руҳларини чирқиратибди. Биргина Карим Зокировни айтадиган бўлсак, бу инсон руҳи ҳам қабрида бир ағдарилиб тушган бўлса керак. Аттанг, ачинарли ҳол бўлибди!!!
Миллат ўз тилини йўқотса унинг миллат сифатида йўқолиш муддати аниқланиб қолади. Шундоқ ҳам ўзбек тили бошқа тиллар қаторида бугунги кунда йўқолиш хавфидаги тиллар қаторидан жой олиб турибди.
Бутун дунёда миллий давлатчилик масаласи, ДАВЛАТ ТИЛИ МАСАЛАСИ жиддий тус олаётган бир пайтда мана бу юз берган номардликни кечириб бўлмайди. Азизлар! Ҳар биримиз буларнинг эшигига, дарвозасига: “Бу ерда яшаётган шахс Ўзбекистон Давлат тили манфаатига путур етказяпти, ўзбек тилининг душмани”, деб ёзишга тайёр бўлайлик.
М.Йўлдошев,
Психология фанлари доктори
 http://uza.uz/oz/society/tilga-khiyenat-elga-khiyenat-05-05-2019