ЎзМУ Журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоевнинг мазкур
долзарб мавзудаги мақоласи талабаларимиз учун ўзига хос «Маҳорат дарси»дир. Шу даражада тафаккур қила олган ва ёзган талабани «Устози даражасига етибди!» деб олқишлаймиз. Элимизда эса, Устозидан ўзмаган шогирд — шогирд эмас, деган нақл ҳам бежиз айтилмаган. Қани, Журфак талабалари орасида шу мақолага муносиб фикр билдирадиган зукколар ўзларини кўрсатсинлар! Энг яхши фикрномага ҳурматли Устозимиз энг юқори балл қўйишига ишонамиз, дейди Дониш домла.
2020 йилнинг январь ойида интернетда ғаройиб бир хабар тарқалди: италиялик фермер Дарио Гамбарин ўзининг ҳайдов трактори билан экин даласида “КОРОНАВИРУС” деган сурат ишлаган. У бундан икки йил олдин худди шу усулда Россия Президенти Владимир Путининг суратини чизган экан. Янги асарга кимдир эътибор берди, кимдир ажабланди ва яна кимдир “Бу ҳам бир тентакликдир-да”, дея қўл силтаб қўя қолди. Матбуот бошқа муҳим мавзуларга ўтиб кетди. Трактор ғилдираклари билан ишланган ноёб сурат деярли ёддан кўтарилай деб турганида инсоният бошига оғир фалокат келди.
Бугун Нью-йорк, Лондон, Рим ва Париждаги машҳур музейларда сақланаётган баҳоси неча юз миллион долларлик асарлар орадан бир неча юз йил ўтибгина машҳурлик шоҳсупасига кўтарилган. Дарио Гамбариннинг “қўлбола” асари бўлса, орадан икки ой ўтиб-ўтмас машҳурликда тасвирий санъат соҳасининг “Мона Лиза”, “Қора квадрат”, “Венеранинг туғилиши”, “Помпеянинг сўнгги куни”, “Уч баҳодир”ни ҳам ортда қолдириб кетди. Бундай бўлиши ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди.
Оддий тракторда ушбу асар “ҳайдалаётганида” Хитойда коронавирус касаллиги тарқалаётгани ҳақидаги дастлабки хабарлар ахборот воситаларини деярли эгаллаб бўлган эди. Савол туғилади: Гамбариннинг бу асари шунчаки мухлислар эътиборини тортиш учунмиди ёки дунёга бало-қазодай ёпирилиб келаётган, бу ёруғ оламнинг мавжудлигига рахна солишга қодир офатга беэътибор бўлмасликка даъватмиди?
Бу тўғрида баҳслашишга ҳожат қолмади. Бўлар иш бўлиб бўлди: коронавирус мислсиз шиддат билан дунёни эгаллади. Ҳамма ниқобда: юзда ниқоб, қўлда ниқоб. “Уйда қолинг” деган шиор “Яшашни истайсизми?” дегандай эшитилади. Бугунги техник имкониятлар билан идора ишларини бемалол уйда бажариш мумкин. Кўчалар бўм-бўш, ишхоналар берк. Йўллар тин олган. Ҳар биримизнинг орамиз икки метрдан кам бўлмаслиги керак. Кексалар, болалар ва айниқса, иммунитети сустлашган беморларни эҳтиёт қилиш зарур. Давлат ва ҳукумат раҳбарлари даражасида муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев бу чораларни миллатни, унинг бугуни ва эртасини асраб қолиш даражасидаги курашга қиёслади. Хорижда турли сабабларга кўра қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатга қайтариш борасида Ўзбекистон жиддий намуна кўрсатди.БМТ Бош котиби Антонио Гутерреш “Euronews” мухбири Изабелла Кумарнинг оғриқли тагдор саволларига жавоб қайтарар экан, бундай фалокатли ҳол 2008 йилги молиявий инқироздан анча хавфли эканини тан олди. Бош котибнинг фикрича, қатъий чоралар кўрилмаса, тақиқ ва чекловлар жорий этилмаса, иқтисодий оқибатларини ҳатто тасаввур қилиш қийин бўлган янги рецессия юз бериши мумкин. Шунинг учун ҳам бугун БМТ шафелигида аниқ мақсадли умумҳаракат дастурларини ишлаб чиқиш лозимлиги айтилмоқда. Ким айбдор, ким сусткашлик қилди, ким хатога йўл қўйди, дея баҳслашиб ўтиришнинг вақти эмас, деб таъкидлади у.
Бош котиб аҳволни ўнглаш, қочоқларга ёрдам кўрсатиш, оч-наҳорларни қўллаб-қувватлаш, қонли можароларни тўхтатиш каби мақсадларга камида 2-2,5 миллиард доллар маблағ зарурлигини айтди. Бугун дунёнинг етакчи мамлакатлари ҳарбий мақсадларга ҳар йили 2 триллион доллар сарфламоқда. Бундай хавфли пойгани жиловлаш вақти келди. 2 триллион олдида икки ярим миллиард пул нима бўлибди? БМТдек нуфузли ҳамжамият учун ҳам мураккаб синов даври келди.
Инсоният тарихида турфа хил офатлар кўп бўлган. Сурункасига етти йил қурғоқчилик ҳукм сурганида ҳам одамлар ақл-идрок, фаҳм-фаросат, бирлик, якдиллик билан ўзини ва болаларини омон сақлаб қолган. Бугун дунё равшан билдики, кўпчилик мамлакатлар вирусли ҳужумларга тайёр эмас экан. Бундай ҳужумлар бошқа такрорланмайди, дея ким айта олади?
Сиёсатшунос олимларнинг эътирофларига кўра, дунёда ҳозир вақти-вақти билан гоҳ у қитъада, гоҳ бу қитъада хуруж қилиб турадиган 160 дан ортиқ вирус мавжуд (Бу рўйхатга ўқувчи ва талабалар ўйлаб топган компьютер вируслари кирмайди). Эбола вируси, тумов вируси, Сеул вируси, Онковируслар, Хантавируслар, Андес вируси, Папиллома вируси, Ғарбий Нил иситма вируси, Эпштейн-Бар вируси… Уларни шунчаки эслашнинг ўзи вужудингизни титроққа солади. Биргина Вьетнам урушида маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган ерларга 400 килограммдан ортиқ диоксин сепилган. 14 миллион тоннадан ортиқ портловчи моддалар ишлатилган. Бу қуроллар бошқа планетадан олиб келинган эмас. Хўш, улар, ҳарбий мақсадларда ишлатиладиган бошқа газлар қандай пайдо бўлган, ким томонидан ихтиро қилинган?
Бу саволларга жавоб бериш қийин эмас: сунъий йўл билан, аниқ мақсад йўлида инсон, инсон бўлганда ҳам, бу ақлли жонзотнинг энг истеъдодлилари томонидан узоқ йиллик илмий изланишлар натижасида ихтиро қилинган.Бугун коронавирус ҳамласидан бошқаларга нисбатан кўпроқ ва аянчлироқ зарар кўраётган дунёнинг етакчи мамлакатларида кўпдан-кўп ошкора-пинҳона лабораториялар бўлиб, улар асосан тегишли ташкилотларнинг махсус буюртмаси асосида “маҳсулот” етиштирадилар.
Жанубий Америкада бундан беш-ўн йил аввал иштаҳаси ҳакалак отган баъзи олимлар ҳозиргига нисбатан йилига камида уч-тўрт марта кўп бол йиғадиган асалариларни сунъий йўл билан етиштиришга киришадилар ва бунга муваффақ ҳам бўлади. Аммо қувончлари узоққа чўзилмайди. Сунъий етиштирилган асаларилар гулчанг йиғиш ўрнига ғуж-ғуж бўлиб одамларга ҳужум қилади, нишлари заҳридан кўплар вафот этади. Уларни йўқ қилишга жуда катта маблағ сарфланади.
Ўйлаб кўрайлик. Бугун дунё мамлакатларининг ҳарбий-саноат комплексларида хизмат қилаётган қуролсозлар, вирусолог олимлар, бомба ва снарядларнинг янги модификацияларини ихтиро қилаётган, мовий фазони даҳшатли лазер нурлари билан тўлдираётган мутахассислар ер, сув ва ҳавони тоза сақлаш, ўрмонларни асраш, одамларнинг умрини узайтириш, болалар иммунитетини кучайтириш, иссиқ-совуққа чидамлиликни ошириш, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кўтариш билан шуғулланганларида ҳаётимиз бугун қандай бўлар эди?
Таассуфки, инсон бугун илмий тафаккур билан бирга сунъийлашиш, ўз моҳиятидан узоқлашиш, оёғи тиралиб турган замин тақдирига беписандлик, уни ифлослантириш йўлидан ҳам бормоқда. Ер тинимсиз бурғуланмоқда. Бурғулаш машиналари атлантика муз океанигача етиб борди. Олимлар йирик саноат мажмуаларида иш ҳақи талаб қилмай ишлайдиган роботлар яратиш устидагина эмас, уйда кир ювадиган, болаларга энагалик қиладиган, таом тайёрлайдиган, мусиқа чалиб берадиган, муқом қилиб рақсга тушадиган, қироат билан китоб ўқийдиган, қўшиқ куйлайдиган, алла айтадиган, йиғлоқиларни овутадиган сунъий ёрдамчиларни тайёрлаш устида ҳам бош қотирмоқдалар. Демакки, роботларнинг янги-янги вазифалари пайдо бўлади, ораларидан зукко ишбилармонлар, ёзувчи, рассом, ҳар ерда ҳозиру нозир мухбир, компьютерда ҳар қандай мусиқани бир зумда тайёр қиладиган бастакор етишиб чиқиши ҳам мумкин. Бу хусусда матбуотда дастлабки хабарлар пайдо бўлганига анча бўлди.
Булар маълум фактларга асосланган хабарлар эди. Фақат шу эмас, олимлар сабзавот ва меваларнинг генетикасини ўзгартиришмоқда. Ёпиқ илмий (ҳарбий) лабораторияларда сунъий зурриётлар етиштириш устидаги ишлар жадаллашмоқда.“Сизу биз бугун сунъий етиштирилган зомбилар, камикадзелар билан бирга яшамоқдамиз, бирга нафас олмоқдамиз”, деятганлар ҳақ бўлиши мумкин. Буюртма асосида икс зурриётларни (Кассандра тамғасини) етиштирган олим Филофей космик ракета иллюминаторини очиб, само бўшлиғига сакраши билан ўз ҳаётига нуқта қўйди. Биз қаёққа сакраймиз? Бундай фалокатлардан омон сақлайдиган жой борми ўзи бу ёруғ оламда?
Бир нима дейиш қийин. Бироқ одам одам мақомида қоладими-йўқми, деган маънавий савол саволлигича турибди. Наҳотки ўз уйимизда, она-бешигимизда ортиқча бўлиб қолсак? Улуғ адиб Чингиз Айтматов умрининг сўнгги йилларида “Бугунги энг муҳим вазифа – Инсонни инсон мақомида сақлаб қолиш”, деган гапни бежиз айтган эмас. Биз бугун киммиз – ҳою ҳавас, тўқликка шўхлик қилиб, ўзи туғилган бешикни бузаётган, киндик қони тўкилган тупроқни заҳарга тўйинтираётган, ҳаво ва сувни булғаётган, ота-бобоси эккан чинорни қўпораётган, ўзи ўтирган шохни арралаётган (Эркин Воҳидов) ақли ноқисга айланиб қолаётганимиз йўқми? Мантиқсиз хатти-ҳаракатларимизга кўзимиз очиқлигида ўзимиз баҳо беришга улгурамизми ёки бу ишни келажак наслларга қолдирамизми? Кимни ва нимани кутиб турибмиз? Кўз ўнгимизда кечаётган ғайриинсоний, ғайриахлоқий воқеа-ҳодисаларга, миллион йиллик музлар эриб, сув сатҳи кўтарилаётганига нега бефарқмиз? Ғарб мамлакатларида яратилаётган кўплабфильмларда сунъий роботлар, “Эшак семирса, эгасини тепади” деганларидек, ўз яратувчиларига қарши бош кўтариб, ер юзида тириклик чироғини сўндиришга бел боғлагани ва бунга эришиш остонасига яқинлашиб бораётгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ушбу сатрлар қоғозга кўчаётганида интернетда янги хабар пайдо бўлди: машҳур режиссёрлардан бири “Биздан кейинги цивилизация” номли фильм устида иш бошлаган эмиш. Бу шунчаки хаёлотми ё огоҳлик қўнғироғими?
Расмий маълумотларга кўра, бугун ер юзида мавжуд ядро қуроллари она сайёрани камида юз марта бутунлай йўқ қилиб, кукун сифатида фазога сочиб юборишга етиб ортади. Шу ҳолатда ҳам бу ажал уруғини янада кўпайтириш, такомиллаштириш режалари мавжудлигини қандай баҳолаш мумкин? Водород бомбасини ихтиро қилган академик Сахаров кейинчалик бу ишидан пушаймон бўлди. Аммо у биргина тазарру билан кўзадан чиқиб кетган шайтонни аввалги жойига қайтариш мумкин эмаслигини яхши биларди.
Маҳатма Ганди “Инсон – тафаккур ҳосиласи, у нимани ихтиёр қилса, шунга эришиши мумкин”, деган экан. Йигирма биринчи аср тафаккурининг ўзак мақсади нима? Илм яна қандай ихтироларга қодир? Беш, ўн, йигирма ёки эллик йилдан кейинги ихтиролар кимга ва нимага хизмат қилади?
Уйда ўтирган кишининг хаёлига нималар келмайди, дейсиз. Кимдир китоб мутолаа қилади, рўзғор ишларига қарашади. Кимдир ёнбошлаб уззу-кун телевизор кўради. Хорижий сериаллар оилавий муносабатларнинг энг нозик жиҳатларини намойиш этиш билан банд: эр хотинни алдайди, хотин эрни чалғитади, иккаласи ҳам пок эмас, қайси бирининг бошқа бир аёлдан боласи бор, қайси бирининг икки-уч маъшуқаси. Ота боласини, қиз онасини, набира бобосини танимайди. Эркинлик устига эркинлик. Ажрашади, ярашади, яна ажрашади. Оила – ўйинчоқдек гап. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган найранглар, фисқ-фасодларни айтинг. “Мастер-класс”нинг нақд ўзи.Бу ҳам ўзига хос пандемия эмасми?!
Коронавирус туфайли ер юзи аҳолисининг тенг ярми – уч ярим миллиард киши бир муддат уйида жон сақлади. Аммо бу, бошини қумга тиқиб турган туяқуш хавф-хатардан бутунлай қутилмаганидек, пандемия билан боғлиқ даҳшатли муаммонинг ечими эмас. Бинобарин, одам боласи хонанишин бўлиб, уйида муқим қолиб кетмайди: кўчага чиқиши, даласига сув очиши, боғига қараши, меҳнат жамоасига қайтиши, маҳсулот ишлаб чиқариши, очиқ ҳавода болалари билан сайр қилиши, уларни бағрига босиши зарур. Бугуннинг одами бундан бошқача турмуш тарзини қабул қила олмайди. Шундай экан, ечимни қаердан излаган маъқул?
Олимлар оддий асалари ҳаётини узоқ йиллардан буён ўрганиб келади. Асалари оиласидаги тарбия, юксак интизом, адолатли меҳнат тақсимоти, бир-бирларига ахборот етказиш, душманга қарши биргаликда “жанг” қилиш, ишёқмаслик, дангасалик, фирибгарлик (инга бемаза гулчанг олиб келиш) учун жазо чоралари, инни тоза сақлаш, уй ичига бегоналарни киритмаслик, бола тарбияси билан шуғулланиш каби қатъий тартиб-қоидалар ҳаммани ҳайратга солади. Асалари қиш мавсумида уч-тўрт ой инидан ташқарига учиб чиқмайди, аммо ахлатини яшаётган уйи ичига ташламай қорнига йиғади. Қиш чўзилиб кетса, қорни шишиб ҳалок бўлади.
Пандемия ҳолатлари (парранда гриппи, чўчқа гриппи) авваллари ҳам кўп бўлган. Бошқа такрорланмаслигига кафолат йўқ. Демак, бу офатлардан сақланиш учун, ҳеч бўлмаса асаларилардан ибрат олмоғимиз лозим эмасми?! Инсон фаолияти билан боғлиқ чиқиндилар наинки ер юзини, океан тубларини ҳам тўлдириб юборди.
Азизиддин Насафийнинг комил инсон ҳақидаги китобида ғоят муҳим хулоса-кўрсатма бор: “Биз (бу) оламда мусофирмиз. Оламнинг аҳволи ҳам мусофирдир. Давлат (бойлик) ҳам, заҳмат ҳам, омад ҳам ўткинчи. Оламнинг аҳволи бир ҳолатда (узоқ) қолмайди. У ҳамиша айланишдадир, ҳар замонда бошқа суратга киради. Бу ҳолат ўз моҳиятига кўра дарёнинг тўлқинидир ёки шунга ўхшаш. Оқил киши ҳеч қачон тўлқин устига иморат қурмайди”. Улуғ аллома “Уй-жой қурма, чайла-пайлада ҳам яшаса бўлаверади” демоқчи эмас, “Бу ўткинчи дунёга ортиқча ҳавас қўйма, бойлик йиғишга, ҳою ҳавасга берилма, манманлик тулпорига минма, қўлинг бошқаларникидан узунлигини кўз-кўз қилма” демоқчи. Инсониятни бало-қазоларга гирифтор қилаётган, Еру осмонни титратаётган, иймонимизни сусайтираётган шу иллатлар эмасми?!
Робия Балхий қиссасида ўқиймиз: “Зарб тегмаса сас қаердан чиқади? Ахир, даф (ноғора) ҳам зарб еганидан кейин ун чиқаради-ку”. Коронавирус пандемияси Дунёга қақшатгич зарба берди. Инсоният кутилмаганда ўзининг ҳаёти-мамоти билан чамбарчас боғлиқ буюк Имтиҳонга дуч келди. Турмуш тарзи, кундалик одатлар, ёзилган ва ёзилмаган қоидалар ўзгариб кетди, қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик, дўст-қадрдонлик муносабатлари бошқача тус олди. Дунё бойлари бир ҳафта ичида ярим триллион доллар маблағ йўқотишди. Неча миллион киши иш жойини йўқотди. Қанча минг киши вафот этди. Бою камбағал, мулкдору тадбиркор, қарздору ҳақдор хавотирда. Жаҳон ҳамжамиятида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг йирик дунёвий инқироз юзага келди. Бразилиядаги йирик “Маракана” стадиони, Нью-Йорк марказидаги машҳур парк касалхонага, “Сантьяго Беранабеу” тиббий дори-дармонлар омборхонасига айланди. Тобут ишлаб чиқарувчи фабрикалар дам олиш кунларисиз икки сменада ишлади, ишлаб чиқариш ҳажми 10 баробарга ортди. Ҳоржлик ҳамкасбларимиздан бири Италияда коронавирус туфайли вафот этганларни кўмиш жиддий муаммога айлангани ҳақида ёзар экан, бу ҳолатни Ленинград қамалининг қиш-қировли кунларига қиёслади.
Фақат шу эмас, офат боис кўпларнинг бошига ташвиш тушди, имони суст, кўзи оч кишилар тўйқус юзага келган вазиятдан “унумли” фойдаланиб, бир нималик бўлиб қолиш ҳаракатига тушдилар. Ваҳимали уйдирмалар урчиди. Бозор ва магазинларда картошка можароси юзага келди. Йўловчи ташувчи хусусий тадбиркорлар орасида “Така бўлсин – сут берсин” қабилида иш тутувчи, мўмай даромаддан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиганлар оз эмас экан. Юзга тутиладиган ниқоб бепул берилаётганида ёки қайсидир тадбиркор муҳтожларга бепул озиқ-овқат тарқата бошлаганида одамлар айрим жойларда оломонга айланди. Қозони бир кунда бир марта қайнайдиганлар сабрда, эрта-кеч тинимсиз қайнайдиганлар ваҳима кўтариб, дуч келган тарафга зир югуриб, омборларини тўлатиб олишди.
Японияда содир бўлган Фукусима фожиаси пайти уй-жойидан, мол-мулкдан ажраган неча минглаб одамлар, асосан қари-қартанглар, дунёга японларга хос буюк бир ибратни намоён этдилар. Улар ҳукумат томонидан бепул тарқатилаётган озиқ-овқат пакетлари устига океан тўлқинидай ёпирилиб бештадан-ўнтадан олишмади, бир-бирларига йўл, навбат бериб, эртанги кунга умид билан қараб фақат биттадан пакет олишди. Қанчадан-қанча уй-жойлар қаровчисиз қолиб кетганига қарамай, бирорта ҳам ўғирлик, талончилик содир бўлмади.
Айтиш зарурки, пойтахтдан вилоятларга йўловчи ташийдиган айрим ҳайдовчиларнинг диёнатсизлиги бизда биринчи марта содир бўлаётгани йўқ. Узоқ йиллардан буён қутлуғ байрамларимиз, муборак Ҳайитларимиз, Янги йил арафасида, таассуфки, шундай бўлади. АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Испания, Белгия каби мамлакатларда мусулмонларнинг байрамлари куни озиқ-овқат маҳсулотлари Ислом динига ҳурмат маъносида бир мунча арзонлашади. Бизда эса…
Диний мавзудаги маърузаларда бунга эътибор берилса мақсадга мувофиқ эди.
Ақл-идрок, яхши ният, сабр-қаноат бўлса, ҳаётнинг ўзи ҳамма нарсани жой жойига қўяди, турмуш яна ўз ўзанига тушади. Давлатимиз раҳбарининг қатъияти, вақтида кўрилган, пишиқ-пухта ўйланган чора-тадбирлар, фидойи шифокорларнинг жасоратли меҳнатлари самарасини беради, албатта. Бунга ишончимиз комил. Ҳаммамиз ижтимоий фаолликка, ижодий фаолиятга, илм-маърифатга, таълим-тарбияга, қадрдон жамоаларимизга қайтамиз. Йўллар очилади, тўсиқлар олинади, ниқоблардан халос бўлган чеҳраларда яна ҳаёт завқи, яратиш, бунёдкорлик шукуҳи, ишонч, муҳаббат, кулгу-табассум жилоланади, шаҳару қишлоқлар асалари уясидек гувиллай бошлайди. Дунё яна бола табассумига тўлади. Лекин…
Бу қандай қайтиш бўлади? Оғир синовгача қандай яшаган, кимлардир ўйлаб топган сохта, мантиқсиз, бошдан-оёқ исрофли, исломий одоб-ахлоққа зид қадриятлар, кимошди “пойга”ларига амал қилган бўлсак, янги ҳолатга уларни ўзимиз билан бирга олиб ўтамизми ёки виждону иймонимизни, ақл-фаросатимизни, фуқаролик бурчимизни озроқ тафтиш қилиб, бугун қандай дунёда, қандай жамиятда яшаётганимизни ҳис этиб, “ота-боболардан қолган урф-одат” ниқоби остида онг-шууримизга, турмуш тарзимизга чирмовуқдай ўралиб олган, белимизни букчайтираётган, қарзга ботираётган ортиқча, “удум”ларни, дафн маросимини ҳам “хўжа кўрсин”га айлантириш, фотиҳага келганларнинг лавозимлари билан ғурурланиш каби ярамас иллатларни ортда қолдирамизми? Фалон жойда мунча тонналик палов тайёрланди, сумалак пиширилди, кўпкари совринига от, ҳўкиз, машина қўйилди, деган гердайишларничи? Тўйларни бугунгидек ихчам, камхарж, қариндош-уруғ, маҳалла билан дабдабасиз ўтказиш, уйларни қўшнининг томидан баланд қилиб қурмаслик, кўча ҳақидан қўшмаслик бизни инсонийлик сари ундайди. Ортиқча мол-мулк, зеб-зийнат, қўша-қўша иморату машиналар оддий картошка олдида бир пул бўлиб қолишига сал қолди-я! Бу ҳолатни италиялик фермер Дарио Гамбарин трактори билан чиза олармикин?
Йўқ, чиза олмайди. Бу сурат ҳар биримизнинг қалбимизда иймон нури, виждон бўёғи, инсонийлик салоҳиятию қалб кўзи билан чизилмоғи, келажак наслларга маънавий мерос бўлиб қолмоғи керак.
Гап пандемия ҳодисасидан Инсон зоти ирқи, диний эътиқоди, миллати, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, кўзини катта очиб, ақл-ҳушини жамлаб, бурнидан кўра узоқроқни кўриб тегишли хулосалар чиқаришига боғлиқ. Бошқа бир сафар Помпея фожиаси ёки Шоҳимардон сели пайтидагидек, мулоҳаза юритиб ўтиришга имкон бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.
Бу хулосалар қандай бўлиши мумкин?
Энг муҳим хулоса – огоҳлик. Бу – эртаю кеч чор-атрофга олазарак қараб туриш, ҳамма нарсани шубҳа остига олиш дегани эмас. Шифокорлар иштаҳа очилганида таом тановул қилишни тўхтатиш керак, дейишади. Пандемия бу гапнинг тўғрилигини амалда исботлади –иштаҳамиз қурғур роса очилган эди-да. Олийгоҳдаги сабоқларимда “Бахт ва омад ҳамиша ҳам яхшилик келтирмайди”, деган гапни такрорлаб тураман. Истиқлол халқимизга буюк бахт, мислсиз омад олиб келди. Паспортларимизда дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш мумкинлиги тўғрисида махсус белги пайдо бўлди. Биз бу имкониятдан қандай ва нима мақсадларда фойдаландик? “Иштаҳа”миз шу қадар очилиб кетгандики…
Иккинчи хулоса – эртами-кечми, Инсон ёлғон балосидан қутулиши керак. Журналистларнинг рост, текширилган ахборотларга эга бўлиш ҳуқуқи мамлакатимизда қонун даражасида эътироф этилган. Истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида ҳам қонун бор. Аммо бу фоний дунёда одамларга фақат рост ахборотларни тарқатиш, ёлғонни реклама қилмаслик тўғрисида қонун ҳам, тақиқ ҳам йўқ. Пандемия офатлари пайти ҳамма жойда ёлғон-яшиқ урчийди, одамларни чалғитади. Маълум манфаат эвазига “Мен бу дорини ичиб, фалон касалликдан тузалдим, оёқларим юра бошлади, жигарим жойига тушди, ошқозонимдаги яра битди, саратон аломатлари йўқ бўлди, орзуимиз ушалиб, фарзандли бўлдик” қабилидаги ёлғонларни тўқиш ҳеч гап бўлмай қолди. Чоққина ҳовли ертўласида ёки бошқа бир жойда “қўлбола” дори тайёрлайдиган цехлар очганлар оз эмас. Бугун дунё бўйича истеъмол қилинаётган жами дори-дармонларнинг қанча фоизи яроқсизлиги маълум. Бу соҳада қатъий интизом ўрнатилмас экан, фирибгарлик давом этаверади.
Яна бир хулоса – бугунги дардман, безовта дунёни кучли беш-ўнта давлатлар, сиёсий, иқтисодий бирлашмалар, ҳарбий блоклар эмас, инсоннинг чин Инсонга хос ақл-идроки, покиза нияти ва ибратли ибодати қутқаради.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ
http://uza.uz/oz/society/zlikka-aytish-yekhud-traktor-bilan-chizib-b-lmaydigan-surat-04-04-2020
Сўнгги фикрлар