Университетимиз ташкил топгач 11 йил ўтганидан кейин туғилганлар бугун
90 ёш билан «тўқнашди». Таниқли ижодкор Саъдулла Кароматов Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олган эди. Қуйидаги мақола раҳматли устоз хотирасига бағишланган тадбир ҳақида. Бўлғуси ижодкорлар уни ўқиб, ибрат олсалар яхши бўларди, дейди Дониш домла.
Одамийлиги, маҳорати, фидойилиги ибрат ижодкор
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Миллий журналистикамиз ривожига ҳисса қўшган устоз ижодкорларнинг фаолияти – улардаги одамийлик, касбга садоқат, юксак маҳорат, маънавий жасорат каби жиҳатлари барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб келади. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида моҳир журналист, устоз ижодкор Саъдулла Кароматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган хотира кечасида шулар хусусида сўз юритилди.
«Овози тожик» газетаси таҳририяти, «Мурувват» ижодий гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ватан тақдирига тенг ҳаёт» номли тадбирга фахрий ижодкорлар, муҳаррирлар, талаба-ёшлар, устоз журналистнинг қадрдонлари таклиф этилди.
Болалигидан мусиқа, адабиётга меҳри баланд Саъдулла Кароматов Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олди. Сўнг «Ўзбекистон» радиосининг Ўзбек мусиқа таҳририяти масъул муҳаррири, мактабда она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, етакчи босма нашрларда масъул вазифаларда самарали меҳнат қилди. Ижодкорнинг лавҳа ва очерклари, фельетонлари, публицистик мақолалари долзарблиги, самимияти, жонли руҳи билан ўқувчию тингловчилар эътиборига тушди.
1966 йилда «Тошкент оқшоми» ҳамда «Вечерний Ташкент» газеталарининг ташкил этилиши устоз журналистнинг изланиши, машаққатли меҳнати самарасидир. Тошкентда зилзила бўлган ўша йили бундай газетанинг ташкил этилиши минглаб пойтахтликларга маънавий далда бўлди, бунёдкорлик ишларини ҳамюртларимизга етказишда муҳим аҳамият касб этди. Ўша йилларда бу газета таҳририяти журналистлар маҳоратини чархлайдиган, уларни шакллантирадиган, ўз услуби ва йўлини топишга кўмаклашадиган ижод мактабига ҳам айланди.
– Саъдулла ака яхши ижодкорларнинг меҳнатини қадрлай оладиган, ҳиммати баланд, мард, қалби пок инсон эди, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Солиҳ Ёқубов. – Унинг самимий раҳбарлик қобилияти, яратган ижодий муҳити, ходимларни қўллаб-қувватлаши ибрат олса арзигулик фазилатлардан.
Серқирра ижодкор «Тоғлар табассуми», «Амунинг зар кокиллари», «Кумуш камар», «Гўзаллик рамзи» каби очерклар тўпламлари, «Ҳижрон», «Эътиқод», «Олтин қум», «Сўнгги барханлар», «Бир томчи қон» каби қисса ва романлар, сайланма асарларнинг муаллифидир. У адабий таржиманинг моҳир устаси сифатида ҳам ўзига хос мактаб яратган ижодкор. Француз адиби Жюль Верн, рус ёзувчиси Вадим Кожевников, туркман ёзувчиси Қилич Қулиев, тожик ижодкорлари Сотим Улуғзода, Жалол Икромий, абхаз адиби Георгий Гулиа ва бошқа халқлар ижодкорларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Хотира кечасида устоз журналист ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унинг ибратли фазилатлари, ёрқин ва қадрли хотиралари ёдга олинди. Асарлари, ижод намуналари, ҳаёти, фаолиятига бағишланган китоблар ва фотокўргазма ташкил этилди.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА
http://uza.uz/oz/society/odamiyligi-ma-orati-fidoyiligi-ibrat-izhodkor-19-06-2019
Сўнгги фикрлар