ЎзМУда АЭС қурувчи мутахассислар тайёрланади
Бу мавзуда ЎзАда ёритилган суҳбатни ўқишга таклиф этамиз, дейди Дониш домла.
Ўзбекистонда АЭС қурувчи мутахассислар тайёрланади
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида иқтисодий барқарорлик, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур фармон ижроси доирасида «Ўзатом» агентлиги ташкил этилди. ЎзА мухбири мазкур агентлик фаолияти ва мамлакатимизда биринчи атом электр станцияси қурилиши бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш мақсадидаЎзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари – «Ўзатом» агентлиги бош директори Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ билан учрашди.
– Маълумки, 2018 йил октябрида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари томонидан республикамиздаги биринчи атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилган эди, – дейди Ж.Мирзамаҳмудов. – Ушбу старт келгусида АЭС қурилиши учун майдон танлаш бўйича муҳандислик тадқиқотларини бошлаб берди.
Айни чоғда мамлакатимизда режалаштирилаётган атом электр станцияси учун барча талабларга жавоб берадиган жойни танлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун эса танланган жойларда геологик ва сейсмик тадқиқотлар ўтказилаётир. Ўзбекистон ушбу масалада Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) тавсияларига ва белгиланган талабларга қатъиян амал қилади.
МАГАТЭ тавсияларига мувофиқ, камида АЭС учун учта майдонда тадқиқотларни ўтказиш лозим. Бу иш геологик, гидрологик, метеорологик, сейсмик, иқтисодий ва инфратузилмавий тадқиқотларни ўз ичига қамраб олади. Бу жараён 1-1,5 йил давомида амалга оширилади.
– Ўзбекистондаги илк атом электр станцияси Россия технологиялари асосида барпо этилади. Ушбу лойиҳанинг амалий аҳамияти ҳақида нима дейсиз?
– Дарҳақиқат, биринчи ўзбек атом электр станцияси Россия технологиялари асосида қурилади. Шу муносабат билан атом энергетикаси соҳасида дунёда хорижий лойиҳалар сони ва кўлами бўйича етакчи ҳисобланган «Росатом» давлат корпорацияси билан тегишли келишувларга эришилди.
Бўлажак атом электр станцияси «3+» авлодга мансуб бўлиб, ҳар бирининг қуввати 1 200 МВт га тенг иккита ВВЭР-1200 энергоблокидан ташкил топади. Улар Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг хавфсизлик бўйича барча талабларига жавоб беради. Синовдан ўтган мазкур технология асосида бугунги кунда Нововоронеж АЭС-2 (Россия)да янги энергоблок фаолиятда бўлиб, бу ерда яна битта шундай технология ишга туширилиши кутилмоқда.
Амалиёт шуни кўрсатадики, АЭСнинг ишга туширилиши атом электр станцияси жойлашадиган ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига, янги корхоналар қурилиши истиқболларига, янги иш ўринлари яратилишига, маҳаллий аҳоли фаровонлиги ортишига ва локал инфраструктура ривожланишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясининг ишга туширилиши мамлакатга ҳар йили 3,57 миллиард кубометр газни тежаш, уни юқори қўшимча қийматли, экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқариш учун чуқур ишлов беришга йўналтириш имконини беради. Шу билан бирга, АЭС қурилиши пайтида 8 минг кишига мўлжалланган иш ўрни, атом электр станцияси ишга тушгач эса 2,5 мингга яқин иш ўрни яратилишига эришиш мумкин.
– «Ўзатом» агентлиги қисқа даврда кўплаб хорижий мамлакатлардаги АЭСлар фаолиятини ўрганиб чиқишга муваффақ бўлди. Ушбу тажриба бўлажак АЭС учун қанчалик аҳамиятли?
– Бу жараёнда, энг аввало, лойиҳа бўйича ўхшаш атом электр станцияси, жумладан, Нововоронеж АЭС-2 иш тажрибасини ўрганиш муҳимдир. Юқорида таъкидлаганимдек, унда ҳам Россия технологияларига асосланган ВВЭР-1200 атом реакторларидан фойдаланилади. Нововоронеж АЭС-2 иш тажрибаси шуни кўрсатадики, ушбу лойиҳа энг замонавий халқаро талабларга ва МАГАТЭ тавсияларига мосдир.
Дарҳақиқат, «Ўзатом» агентлиги мутахассислари бошқа мамлакатлардаги бир қатор АЭСларни бориб кўришга муваффақ бўлди. Амалдаги атом электр станциялари билан танишишдан ташқари атом энергетикаси соҳасидаги тузилмалар билан ҳамкорлик келишувларига эришилди. Улар орасида Венгрия, Беларусь, Украина, Япония каби давлатлар бор. Бундай ҳамкорлик Ўзбекистонга биринчи АЭС қурилишида ҳамкор мамлакатлар тажрибасига таяниш имкониятини яратади.
«Ўзатом» агентлиги Атом энергияси бўйича халқаро агентлик билан фаол мулоқот олиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон ва МАГАТЭ ҳамкорлигининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига имкон берди. Хусусан, 2019 йил 31 январида МАГАТЭ бош директори Юкия Амано билан музокаралар ўтказилди. У радиацион ва ядровий хавфсизликни таъминлаш ва ошириш, шунингдек, техник ҳамкорлик доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича қўшма фаолиятнинг самарадорлигидан мамнун эканини билдирди.
Учрашувда МАГАТЭ раҳбари Ўзбекистонда АЭС қурилиши таълим тизимини такомиллаштириш, ядровий-муҳандислик фанлари, қурилиш саноати ва энергетикани ривожлантириш учун пухта пойдевор яратишини алоҳида таъкидлади. Мазкур ташкилот томонидан мамлакатимизга техник ва эксперт ёрдам кўрсатиш, шунингдек, атом электр станцияси қурилиши бўйича лойиҳани амалга оширишга кўмаклашилади.
– «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси томонидан имзоланган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, жамоатчиликка, умуман, атом энергетикаси ва, хусусан, АЭС қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисида батафсил маълумот беришга катта эътибор қаратилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимиздаги биринчи атом электр станцияси қурилиши бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш масаласи қандай амалга оширилади?
Дарҳақиқат, «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси ўртасида Ўзбекистон Республикасида атом энергетикаси бўйича ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Икки томонлама ҳамкорлик Ўзбекистон аҳолисини замонавий ядровий-энергетик технологиялар, шунингдек, атом энергетикаси объектлари жойлашадиган ҳудудда бу каби лойиҳаларни амалга оширишдан кўриладиган самаралар ҳақида хабардор қилишга ва бунда, энг муҳими, АЭСдан фойдаланиш қанчалик хавфсиз ва иқтисодий самарали эканлигини тушунтиришга қаратилади.
Республика ОАВ вакилларини уларнинг атом энергетикаси соҳаси ва ядровий технологиялар хусусиятларидан хабардорлигини ошириш учун ўқитиш, ядровий-энергетик технологиялар ва бошқа бир қатор йўналишларда халқаро конференцияларни ташкил қилиш ва ўтказиш назарда тутилган.
Шунингдек, истиқболда «Росатом» давлат корпорацияси кўмагида Атом энергетикаси бўйича ахборот марказини ташкил қилиш режалаштирилган. Ушбу марказдан кенг жамоатчилик ҳамда ядровий технологияларга қизиқувчи барча кишилар фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу эса кенг жамоатчиликка ядро энергетикаси бўйича истиқболли йўналишлар ривожи ҳақида барча зарур маълумотларга эга бўлиш имконини беради.
– Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан юртимиз атом энергетикаси соҳаси учун кадрлар тайёрланади. Бу қандай амалга оширилади?
– 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетининг Тошкентда очилаётган филиалида атом энергетикаси соҳасидаги бўлажак мутахассисларни ўқитиш бошланади. Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университети магистратурасида турдош мутахассисликлар очилган.
Ҳозирги кунда Москвада “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядровий университетида 57 нафар ўзбекистонлик мутахассис таълим олмоқда. Келгуси ўқув йилидан мазкур олий ўқув даргоҳининг магистратурасида Ўзбекистон учун квоталар сони икки баравар оширилади.
– Оммавий ахборот воситалари вакилларининг атом энергетикаси ва ядро технологиялари борасидаги тушунчаларини ошириш бўйича қандай ишлар режалаштирилган? Сизнингча, айнан шу соҳани ёритишда ОАВ ходимлари ихтисослашган бўлиши керакми? Бу борада халқаро тажриба қандай?
– Атом энергетикаси фаолиятида оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни бор. Уларнинг соҳа бўйича билим ва малакасини ошириш учун бир неча тадбирлар ўтказилди. Жумладан, пойтахтимизда ОАВ вакиллари учун ўтган йил ноябрь-декабрь ойларида мақсадли семинарлар уюштирилди. Нововоронеж АЭС-2га депутатлар ва журналистлар учун пресс-тур ташкил қилинди. Бу борадаги режали ишлар яна давом эттирилади. Умуман, бизнинг амалга оширилаётган ишларимиз матбуот учун очиқ. Яна бир муҳим масала шуки, ядро энергетикаси мавзусини ёритадиган журналистлар бу соҳа асослари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиши керак. Маълумотларни кенг оммага ва аудиторияга қанчалик маҳорат билан етказа олиши уларнинг эгаллаган билим ва тажрибасига боғлиқдир.
– Соф энергия манбаи, дея тавсиф этиладиган АЭС экологик хавфсизликка қандай таъсир кўрсатади?
АЭСни эксплуатация қилиш жараёнида иссиқлик энергетикаси объектларидан фарқли равишда ундан ис гази ҳосил бўлмайди. Бу эса атом энергиясининг экологик тозалигини таъминлайди. Мутахассислар фикрига кўра, иккита энергоблокли АЭСнинг ишга туширилиши йилига 14 миллион тоннагача ис гази ва 36 тоннагача азот оксиди чиқарилишининг олдини олади.
Атом электр станциясининг ишга туширилиши ҳозирги пайтда электр энергия ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган табиий газ миқдорини жиддий равишда қисқартириш имконини беради.
– Ўзбекистонда электр энергия ишлаб чиқарилишининг умумий ҳажмида бўлажак АЭСнинг улуши қандай бўлади?
Экспертларнинг баҳосига кўра, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб, электр энергияга бўлган талаб иқтисодий ривожланиш, аҳоли кўпайиши ва турмуш даражаси ортиши туфайли 117 миллиард кВт/с га етади.
Шу маънода, АЭС мамлакатимиз энергетик мувозанатини таъминлашнинг энг муҳим асосига айланади. Агар АЭС 2019 йилда ишга туширилса, у йилига 18,5 миллиард кВт/с электр энергия ишлаб чиқаради. 2030 йилга келиб, республикада электр энергия генерациясини қарийб икки баравар – 117 миллиард кВт/с га ошириш режалаштирилмоқда. Шунда ҳам АЭС улуши салмоқли бўлиб, 15 фоизга яқинни ташкил этади.
АЭСдан фойдаланиш мамлакатнинг умумий энергетик балансига 2,4 ГВт қувватни қўшимча равишда киритади, бу эса Ўзбекистон энергетика хавфсизлиги учун қўшимча кафолатларни таъминлайди.
Бугунги кунда эса Ўзбекистон табиий газга ниҳоятда қарам бўлиб, у мамлакат электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида 85 фоизни эгаллайди. Бундай кўрсаткич сабаб, келгуси ривожланиш учун мамлакат кўп сонли энергия манбаларига муҳтож бўлади.
– Ўзбекистон географик жойлашуви бўйича сейсмик ҳудуд ҳисобланади. Бундай фавқулодда ҳодисалар АЭС фаолиятига таъсир этиши мумкинми?
Ўзбекистонда амалга оширилаётган АЭС лойиҳаси 9 балли зилзилада режали иш олиб боришга мўлжалланган. Республикамиз ўзининг сейсмик ва иқлим шароитларига кўра, Бангладеш ва Туркия каби мамлакатларга яқин, у ерда ҳам бизнинг мамлакатимизда қурилиши режалаштирилаётганга ўхшаш АЭСлар бунёд этилмоқда.
Бу масалани халқаро тажриба мисолида изоҳламоқчиман. Мамлакатимиз делегацияси 2018 йил 29 октябрь – 1 ноябрь кунлари Токио шаҳридаги АЭСда бўлди. «Токай 2» атом электр станцияси 1978 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 2014 йилда янги талаблар жорий қилиниши муносабати билан тўхтатиб қўйилган. Ҳозирги кунда «Токай 2» атом электр станциясида хавфсизликни кучайтириш бўйича барча чоралар амалга оширилган ва 2018 йил сентябрида станцияни ишга туширишга. 2018 йил октябрида эса келгуси 20 йил давомида АЭСни эксплуатация қилишга рухсат олинган.
Демак, бу АЭСга оид барча аввалги ва замонавий технологиялар сейсмик талабларга тўлиқ жавоб беришини англатади.
http://uza.uz/oz/science/vatanimiz-i-tisodiy-udrati-oshishiga-khizmat-iladi-11-03-2019
Сўнгги фикрлар