ЎзМУда Латвия Таълим ва фан вазирлиги вакиллари билан учрашув ўтказилди
Илмий ҳамкорликлар имкониятлар эшигини очаверади.
Бугун Латвия Республикаси ҳам ривожланган мамлакатлар қаторида туради. Бу давлатда фан ва технологиялар, таълим тизими тобора такомиллашиб бормоқда. Анча йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан Латвия Республикаси Таълим ва фан вазирлиги ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик изчил ривожланиб келаётир.
Шу муносабат билан мамлакатимизга ташриф буюрган жаноб Андис Гейжанс бошчилигидаги Латвия Республикаси Таълим ва фан вазирлиги ҳамда қатор илмий муассасаларнинг мутасаддилари билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида учрашув бўлиб ўтди.
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов латвиялик меҳмонларга аср тенгдоши бўлган Миллий университетимиз тарихи, илмий мактаблари, замонавий лабораториялари, сўнгги йилларда таълим ва ўқитиш тизимида эришилаётган ютуқлар, қатор хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликлар самаралари ҳақида маълумот берди.
Суҳбат давомида ана шундай илмий-маърифий ҳамкорликлар Латвия университетлари билан ҳам йўлга қўйилиши борасида фикрлашиб олинди.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар