ЎзМУда Туркия олий таълим муассасалари ҳамкорлигида қўшма факультет ташкил этилади

Аввал хабар берилганидек, шу йил апрель ойида Мирзо Улуғбек

номидаги Ўзбекистон Миллий университети Халқаро алоқалар бўйича проректори Расул Раҳмонов Туркияга ташриф буюриб, мазкур давлатнинг 4 та олий таълим муассасаси билан илмий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш юзасидан меморандум имзолаб келган эди.

ЎзМУда Туркия олий таълим муассасалари ҳамкорлигида қўшма факультет ташкил этилади

Туркиянинг Ибн Холдун университети ректори Режеп Шентурк, Истамбул Заим университети ректори Меҳмет Булут ва Истамбул университети профессори Муртазо Бедирлардан иборат делегация Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрди.
photo5240420796671830240.jpg
Шу муносабат билан 5 июнь куни университетимизга Туркиянинг Ибн Холдун университети (бу олий таълим муассасаси Ўзбекистонда илк бор ЎзМУ билан ҳамкорлик ўрнатди) ректори Режеп Шентурк, Истамбул Заим университети ректори Меҳмет Булут ва Истамбул университети профессори Муртазо Бедирлардан иборат делегация ташриф буюрди.
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов Туркиялик меҳмонларни самимий қутлар экан, тарихий илдизлари, миллий қадриятлари, тили, дини бир бўлган азалий қардош эл билан манфаатларимиз туташаётганидан, илмий-маърифий алоқаларимиз янада ривожланаётганидан икки мамлакат олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ғоят мамнун эканлигини алоҳида таъкидлади.
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ва Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифлари фан, таълим, маънавий-маърифий ва бошқа соҳалардаги алоқаларимизни янада ривожлантиришимиз учун кенг истиқболли йўлларни очгани икки мамлакат зиёлилари, илм-фан фидойилари учун ҳам катта имкониятларни яратди, – дейди А.Мараҳимов. – Бу сизу бизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди. Бугун биз ҳамкорликда бошлаётган эзгу ишлар то абад авлодларимиз манфаатларига ҳам хизмат қилади.
photo5242721331479423285.jpgЎзМУ ректори туркиялик меҳмонларга Ўрта Осиёнинг Мовароуннаҳр минтақаси, Шош (ҳозирги Тошкент шаҳри), Бухоро, Кеш каби шаҳарлари бўйича илмий тадқиқот олиб бориш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди. Бу борада турк профессорлари ва талабаларини айнан ўша шу ернинг ўзида тадқиқот олиб боришлари, реал воқеликни ўрганишлари учун имкониятлар яратилишини қайд этди. Зеро, Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Термиз ва Қўқон каби тарихда илм-фан, маданият, савдо ўчоқлари сифатида донг таратган кўҳна шаҳарларимиз қардошлар нигоҳи ила тадқиқ этилиши кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотади, албатта.
Ўз навбатида, Туркиялик меҳмонлар Ўзбекистон олий таълим муассасалари, биринчи галда, мамлакатдаги етакчи университет – ЎзМУ билан илмий-маърифий алоқалар мустаҳкамланаётганидан мамнун эканликларини эътироф этдилар.
Навбатдаги меморандумлар ЎзМУ билан Истамбул Заим университети ҳамда Истамбул университети ўртасида имзоланди. Мазкур ҳужжатда иқтисодиёт, менежмент, тарих, психология ва социология, бизнес коммуникацияси ва медиатехнологиялари соҳалари бўйича икки университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари алмашинувини изчил амалга ошириш каби масалалар кўзда тутилган.
ЎзМУда мазкур соҳаларга оид фанларни ўқитишга қаратилган қўшма факультет ташкил этиш борасида ҳам фикрлашиб олинди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги ташкил этилажак факультетда ЎзМУ ва Туркия олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамкорликда фаолият кўрсатадилар. Бу факультетни тамомлаган мутахассисларга шу икки мамлакат университетларининг қўшма дипломи берилади.
Суҳбат давомида 2018–2019 ўқув йилидан бошлаб талаба, профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчи алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда талабалар учун ўзбек маданияти, адабиёти ва тарихини теран ўрганишга қаратилган ёзги мактаблар ташкил этиш, ҳамкорликда илмий-амалий конференциялар ташкил этиш, илмий грант лойиҳаларини амалга ошириш каби ишлар муҳокама қилинди.
Кўтаринки руҳда ўтган учрашувда ЎзМУ ва Туркия олий таълим муассасалари ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳам келишиб олинди.
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *