Биз қайси ўринда бўлишимиз ўзимизга боғлиқ. Ўтган йили кафедрамиз ЎзМУ
рейтингида «0» балл билан энг охирги ўринга тушиб кетгани жуда уят бўлди. Ректоримиз Авазжон Мараҳимов қатъий чоралар кўришга киришди. Биринчи галда реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўша кафедраларни тугатиб, янги «Журналистика» кафедрасини ташкил этдилар. Катта ишонч билдириб каминани мазкур янги кафедрага мудир этиб тайинладилар. Журфакка шижоатли ва катта тажрибага эга бўлган янги проректоримиз Раҳима Ширинова куратор бўлдилар.
Бизда аслида илмий салоҳият етарли. Фан докторимиз Ёқутхон Маматова, доцентлар Шавкат Ибрагимов, Юсуфжон Ҳамдамов, Зоир Тоҳиров, Шавкат Миралимов, Фарида Эгамбердиева, ташкилий ишларга устаси фаранг Рамзиддин Абдусатторов, шунингдек, «Жаҳон адабиёти» журнали Бош муҳаррири, доцент Аҳмаджон Мелибоев (0,75 ставка), ЖОКУ профессори Қудрат Эрназаров (0,50 ставка), «Ёшлар овози» газетаси Бош муҳаррири Фахриддин Каримов (0,50 ставка), шунингдек, докторантларимиз Равшанжон Омонов ва Замира Абдуллаеваларнинг ҳар бири улкан ижодий-илмий ишларга қодир журналист-педагоглардир.
Бутун фаолиятимизни Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, газета-журналлар таҳририятлари, китоб нашриётлари, турли идора ва ташкилотларнинг Ахборот хизматлари, халқаро ташкилотлар, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар Ижодий уюшмаси, республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда амалга оширамиз.
Журфак талабалари ўқишни тамомлагунларига қадар 100 фоиз иш ўринларига эга бўлишларига эришамиз.
Энг муҳими, муносиб кадрлар етиштиришга муваффақ бўламиз.
Қатор лойиҳаларимизни ЖОКУ ва ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультети билан ҳамкорликда амалга оширамиз. Айни пайтда бу ўқув масканлари билан ижодий-илмий рақобатдош бўлиб, ривожланишга муваффақ бўламиз.
Ишлаш, ижод ва илм билан шуғулланиш учун барча шароитлар етарли. Соғлом муҳит яратаяпмиз. Бу даргоҳда энди ҳеч қанақа салбий ҳолатга йўл қўйилмайди. Шиоримиз: интизом- меҳнатга маром!
Худо хоҳласа, Ректоратимиз қўллаб-қувватлашлари билан аҳил жамоамиз бу йил ЎзМУ бўйича кафедралар рейтенгида кучли 10 таликка кирамиз!
Агар биз кучли 10 таликка кирсак, Миллий университетимиз дунё рейтенгида кучли 500 таликка киришига умид қилсак ва ишонсак бўлади.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ доценти
ЎзМУ Журналистика факультетида «Халқ сўзи» газетасининг «Маҳорат мактаби» ташкил этган Устозлар — газета Бош муҳаррири Ўткир Раҳматга, ўринбосари Шуҳрат Жабборовга, адабий котиби Шавкат Ортиқовга ташаккур изҳор этамиз
Ўзбекистонда олий таълим тизими янги ривожланиш босқичига ўтмоқда
Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш талаби қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бу борада амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, яқин келажакда республикамизнинг яна 10 та олий таълим муассасаси халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингидан ўрин олиши кутилмоқда.
Эндиликда Ўзбекистон миллий университети ва Самарқанд давлат университети мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг флагманига айланади.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш назарда тутилган. Шунингдек, халқаро стандартлар ва миллий анъаналар уйғунлигида юқори малакали, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар, профессионал кадрларни тайёрловчи етакчи таълим ва илм-фан маркази – Президент университети ташкил этилади.
Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасалари мустақиллиги жорий этилади, яъни босқичма-босқич республикамизда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари қабул квоталарини ўз йўналишларидан ҳамда иқтисодиётнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилаш имконияти яратилади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон олий таълим тизими Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи хабга айлантирилади.
Концепциянинг мақсадли кўрсатгичларида 9 та йўналиш белгиланган бўлиб, уларнинг биринчиси – олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган. 2019 йили аҳолини олий таълим билан қамраб олиш даражаси жами битирувчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб 50 фоиздан ошади. Нодавлат, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида олий таълим муассасалари сони 35 тага етказилади. Кредит-модуль тизими жорий этиладиган олий таълим муассасалари сони ҳам ҳозирги 2 тадан 85 тага кўпаяди.
Олий таълим тизимининг ривожланиш босқичларида “учинчи авлод” университетларига (тадбиркорлик экотизимлари, истиқболли технологиялар бозорлари ва миллий иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини халқаро даражада таъминлаш) бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу мақсадда олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг ўзаро узвий боғлиқлигини назарда тутувчи “Университет 3.0” концепциясини босқичма-босқич жорий этиш белгилаб берилди.
Шу ўринда бир маълумот: мамлакатимизда 2018 йил 3243 хорижлик талабага салкам 400 миллион доллар қийматидаги таълим хизматлари экспорт қилинган. Мазкур концепцияда ҳам келгусида таълим сифати ва қамрови кўрсаткичларини ошириш эвазига хорижлик талабалар сафини кенгайтириш ва таълим хизматлари экспортини кўпайтириш кўзда тутилмоқда.
Фармонга мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши негизида нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика олий таълим кенгаши ташкил этилади. Уларнинг асосий вазифалари жамоатчилик ва иш берувчиларнинг фикрини ўрганиш ҳамда илғор хорижий тажрибаларни таҳлил қилиш орқали олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиш, профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар, қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигига холисона баҳо бериш, таълим сифати устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, оммавий ахборот воситалари ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишдан иборат.
Концепцияда талаба-ёшларнинг таълим-тарбияси учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш ҳам кўзда тутилган.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА
Сўнгги фикрлар