ЎзМУда Паралимпия ўйинлари ғолиблари билан учрашув
Шу йил Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия
ўйинлари ғолиб ва совриндорлари юртимиз фахрига айланиб қолдилар. Унда юртимиз спортчиларининг муносиб иштироки, жасорат, матонат ва мардлик намунасини кўрсатиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини янада юксалтиришга қўшган салмоқли ҳиссалари кўпчиликка ибратдир.
Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бир гуруҳ Паралимпия ўйинлари ғолиблари билан учрашув бўлиб ўтди.
ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов, дзюдо бўйича терма жамоа мураббийси Шуҳрат Тўраев ва бошқалар ХV ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларини самимий қутлар экан, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бу борада амалга оширган ишларини алоҳида таъкидладилар. Спортчиларимиз Паралимпия ўйинларининг 31 медалини ( 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 бронза) қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 200 яқин иштирок этган давлатлар ўртасида 15-ўринни (медаллар сони бўйича 12-ўрин), Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2- ўрин (1-ўрин Украина, 171 спортчи билан иштирок этган), Осиё давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Хитой, 326 спортчи билан иштирок этган) қўлга киритгани, дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллашгани ҳар бир юртдошимиз қалбига чексиз ғурур бахш этади.
– Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилгани талабаларимизни ҳам тўлқинлантириб юборди,– дейди ЎзМУ проректори Давлатбой Жумабоев.– Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижа қайд этишмаган. Қайд этиш лозим бўладики, жуда кўп давлат делегациялари Ўзбекистон эришган ютуқларга ҳайрат ва ҳавас билан қарашмоқда. Бу ютуқлар замирида халқимизнинг қўллаб-қувватлаши, дуоси, давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларга бўлган ишонч ҳамда спортчиларимиз ва уларнинг мураббийларининг тинимсиз меҳнати ётибди. Ўзбекистон ва унинг халқининг шундай Ватанни севгувчи фарзандлари бор экан Ўзбекистон байроғи доимо баланд кўтарилаверади.
Учрашувда иштирок этишган енгил атлетика бўйича терма жамоа аъзолари Сафия Бурхонова, Дониёр Солиев Александр Свечников, Миран Сахатовлар ўша кезларда бутун дунё нигоҳида бўлган Рио-де-Жанейро майдонларида эришган ютуқлари, ҳаяжонли онлари ҳақида сўзлаб бердилар.
Самимий мулоқот тарзида ўтган учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди.
Эркин Усмонов,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар