ЎзМУ профессор-ўқитувчилари Жиззах вилоят мактабларида сабоқ беришмоқда

Бугун мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ёш авлодни муносиб

камолга етказиш – умуммиллат ишига айланган. Бу улуғвор ишга Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Айни пайтда ЎзМУ Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ғолибжон Ботиров бошчилигидаги бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани мактабларида ўқувчиларга турли фанлардан “Маҳорат дарслари” ўтмоқдалар.

1 (2)

– Мактабларда педагоглар малакасини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришдек муҳим ва масъулиятли ишларга яқиндан кўмак беришга астойдил киришган профессор-ўқитувчиларимиз ўтган ойда Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги умумтаълим мактабларида дарс ўтган эдилар. Навбатдаги маърифий сабоқларимиз Жиззах вилоятида давом этмоқда,– дейди ЎзМУ проректори.– Шароф Рашидов туманидаги 18 мактабда турли фанлардан ўтказилган “Маҳорат дарслари” ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Улар ЎзМУ Умумий ва ноорганик кимё кафдраси доценти Эрхон Турғунов, Механика ва математик моделлаштириш кафедpаси доценти Асқар Зокиров, Инглиз филологияси кафедраси ўқитувчиси Сардор Соҳибов, Ўзбекистон тарихи кафедраси ўқитувчиси Меҳриддин Нуриддинов ва бошқа профессор-ўқитувчиларнинг математика, кимё, инглиз тили ва тарих фанларидан ўтган маҳорат дарсларидан сабоқ олдилар. Навбатда 1, 2, 3, 4, 9, 36, 39, 46, 53, 57 мактабларда ана шундай “Маҳорат дарслари” ўтилиши давом этмоқда. Бизни қувонтирган ҳол шуки, илмга чанқоқ ўқувчилар орасида келгусида Миллий университетда таҳсил олиш ва етук кадр, муносиб инсон бўлиб камолга етиш истагида юрган иқтидорли ўғил-қизлар сони тобора ортмоқда.

“Маҳорат дарслари” ва очиқ мулоқотларда ўғил-қизларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда китобхонлик маданиятини ошириш, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус ижроси ҳар бир мактабда қай даражада амалга ошгани билан танишиш ва зарурат бўлса уларни янада такомиллаштириш, ўқув жараёнларида таълим сифатини янада яхшилаш, педагогларнинг малакавий компетентлигини ошириш, жамиятда муаллимлик касби нуфузини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ректор соати” мавзулари ўқитувчилар учун ҳам катта сабоқ бўлмоқда. Унда ҳар бир мактаб мутасаддиси ва ўқитувчилар кундалик иш режаларини самарали амалга ошириш юзасидан ўзаро тажриба алмашмоқдалар.

Айтиш ўринлики, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мактабларни «оталиққа олиш» ва уларга ҳар томонлама кўмак бериш вазифаси ЎзМУ жамоаси томонидан шу тариқа босқичма-босқич амалга оширилаётир. Университет ректори Авазжон Мараҳимов лойиҳаси асосида ҳар бир иш алоҳида режа асосида амалга оширилмоқда. Мазкур режага биноан аввало мактаблардаги ҳақиқий аҳвол, уларнинг моддий-техник базаси ва муаммолари ўрганилади ҳамда тегишли мутасаддилар билан биргаликда уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилади. Иккинчиси, мактаб ўқитувчилари билан очиқ мулоқотлар ўтказилади. Зотан, «Жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш», «Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ўқитувчиларнинг ўрни» каби мавзуларда ўтказилган очиқ мулоқотлар асносида баъзи масалалар ечими ҳам топилмоқда.

ЎзМУ профессор-ўқитувчиларининг мактабларда “Маҳорат дарслари” ўтиш ва ёш авлодни муносиб камолга етказиш йўлидаги эзгу ишлари изчил давом этаверади.

 Тўлқин ЭШБЕК

http://xs.uz/uzkr/post/ozmu-professor-oqituvchilari-zhizzakh-viloyat-maktablarida-saboq-berishmoqda

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *