ЎзМУ талабаларига хорижлик профессорлар дарс ўтди
Хорижлик профессор-ўқитувчиларнинг дарслари талабалар учун ҳам янгилик, ҳам қизиқарли бўлади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети билан Москва давлат университети ўртасида имзоланган меморандумда икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг ўзаро тажриба алмашиш асносида ҳамкорликда дарс ўтишлари ҳам назарда тутилган.
Шу муносабат билан МДУ Тупроқшунослик факультети профессор-ўқитувчиларидан бир гуруҳи ЎзМУ Биология факультети тупроқшунослик йўналишида таҳсил олаётган талабаларга маъруза ўқидилар.
Машғулотлардан сўнг ўтказилган давра суҳбатида ЎзМУ проректори Расулжон Раҳмонов, Биология факультети профессори Лазизахон Ғофурова ва бошқалар россиялик ҳамкасбларининг дарслари юксак савияда ўтгани, талабалар ўтилган мавзулар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олганларини алоҳида таъкидладилар.
МДУ Тупроқшунослик факультети профессори, Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, МДУнинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Евроосиё маркази директори П.Красильников, WOCATнинг Россиядаги вакили, доцент О.Андреева, биология фанлари номзодлари, мазкур факультет илмий ходимлари О.Голозубов, А.Сорокинлар ер, тупроқ ресурслари, уларнинг хавфсизлигини таъминлашда илғор усуллар, табиат ва экология, қишлоқ хўжалик соҳасидаги глобал муаммолар ҳамда уларнинг ечимларига оид билим ва тажрибаларини ўртоқлашдилар.
Давра суҳбатида икки университет олимлари ва тадқиқотчилари ҳамкорлигида чоп этилган “Земельные ресурсы и продовольственная безопастность Центральной Азии и Закавказья” деб номланган илмий мақолалар тўплами тақдимоти ўтказилди.
ЎзМУ Ахборот хизмати
Сўнгги фикрлар