ЎзМУ талабасининг каратэ бўйича медаллари сони 50 тага етди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг эпчил, чаққон спортчи талабалари қатор халқаро мусобақаларда ғолиблик шоҳсупаларидан муносиб ўрин эгалламоқдалар.
Иқтисодиёт факультети талабаси Дониёрбек Абдуллаев 2013 йилда Италияда ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, жаҳон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлган!
У ўтган йили ноябрь ойида пойтахтимиз Тошкентда каратэ бўйича ўтказилган Марказий Осиё чемпионатида навбатдаги олтин медаль соҳибига айланди.
Шу йил февраль ойида Малайзиянинг Куала-лумпур шаҳрида 18-35 ёшгача бўлган эркак спортчилар ўртасида каратэ бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди.
Айни пайтда бу спортчимиз 29-30 апрель кунлари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё чемпионатида иштирок этиш учун астойдил ҳозирлик кўрмоқда.
– Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини 35 нафар спортчилар ҳимоя қиламиз,– дейди қора белбоғ соҳиби Дониёрбек Абдуллаев.– Ҳар бир спортчи майдонга ғалаба учун тушади, албатта. Бу гал қўлга киритадиган ютуқларимиз жонажон юртимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрамига муносиб туҳфамиз бўлади, деган умиддамиз.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида таваллуд топиб, болалигидан каратэ билан шуғуллана бошлаган Дониёрбек Абдуллаевнинг шу кунгача турли мусобақаларда қўлга киритган олтин, кумуш, бронза медаллари сони 50 тага етган. У Жанубий Корея, Италия, Франция, Малайзия, Украина, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларда Ўзбекистон байроғини юксакларга кўтарган ҳақиқий ўзбек ўғлонларидан биридир.
Улуғбек Усмонов,
ЎзМУ Олий журналистика курси талабаси
Bo’lajak janglarda omad yor bo’lsin.