ЎзМУ ёш олими Ўзбекистондаги замонавий халқ дипломатияси тарихини тадқиқ қилмоқда

Отабек Алимардонов 2009-2013 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик

институти Жаҳон сиёсати ва тарих факультетида “Марказий Осиё халқлари тарихи” йўналиши бўйича бакалавр босқичида, 2013-2015 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультетида “Давлат бошқаруви ва маҳаллий ўз-ўзини бошқарув” мутахассислиги бўйича магистратурада таҳсил олган.

2015-2016 йилларда ЎзМУ Халқаро алоқалар бўлими методисти, 2016-2017 йилларда ЎзМУ Ёш олимлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, 2015-2018 йилларда Тарих факультети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси ўқитувчиси, 2017 йилдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси Европа ва Америка давлатлари билан алоқалар бўлими бош мутахассиси лавозимларида меҳнат фаолиятини давом эттириб келмоқда.

2018 йилдан Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети “Ўзбекистон тарихи” кафедраси таянч докторанти (PhD) сифатида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Отабек Алимардонов талабалик даврида маънавий-маърифий, жамоат ишларидаги фаоллиги, турли танлов ва мусобақалардаги муваффақиятли иштироки билан алоҳида ажралиб турди. Унинг шу пайтгача 20 дан ортиқ илмий мақолалари республика ва хориж нашрларида чоп этилган. Илм йўлидаги иштиёқи, тиришқоқлиги, изланувчанлиги ва натижали ҳаракатлари сабаб 2014-2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси совриндори бўлган.

Ёш олим илмий фаолияти давомида республика (“Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан ўзаро дўстлик алоқаларида халқ дипломатиясининг тутган ўрни”) ҳамда халқаро миқёсида (“Толерантлик- ўзаро ишончнинг воситаси сифатида”) ўтказилган илмий-амалий конференцияларни ташкил этишда фаоллиги сабаб Университет ректорининг ташаккурномасига сазовор бўлган. Шу билан бирга, семинар-тренинг, мастер-класс, форумларда иштирок этиб имтиёзли диплом ва сертификатларни қўлга киритган.

Ҳозирги кунда “Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг тутган ўрни (Хитой, Жанубий Корея, Япония, Вьетнам, Малайзия давлатлари мисолида 1991-2017 йиллар) мавзусида илмий иш олиб бормоқда.

Ушбу диссертацияда мамлакатимизнинг фаол “халқ дипломатияси” асосида чет элдаги ватандошларимиз билан мунтазам ва ўзаро фойдали муносабатларни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ҳақида чет элдагиларга тўғри маълумот беришни ўз олдига мақсад қилган 36 та дўстлик жамиятлари ва уларни мувофиқлаштирувчи Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти батафсил ёритилмоқда.

Диссертацияда шунингдек, халқ дипломатиясининг назарий концептуал асослари, АҚШ, Россия, Хитой ва Европа мамлакатларининг шу соҳа бўйича етакчи илмий тадқиқот муассасалари ва олимларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда Ўзбекистонда халқ дипломатиясининг келиб чиқиш тарихи ва замонавий талқини моҳияти; Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикаси ва Корея Республикаси билан ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда халқ дипломатиясининг тутган ўрни; Ўзбекистоннинг Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари – Вьетнам ва Малайзия билан халқ дипломатияси алоқаларига алоҳида тўхталиб ўтилмоқда.

Отабек Алимардонов илмий фаолияти давомида бир қанча хориж мамлакатларида ҳам тадқиқотлар олиб боришга эришди. Ҳусусан, 2018 йил Франциянинг Париж (Сарбона университети), Тур (Тур университети) шаҳарларидаги олий таълим муассасалари ва илмий марказлари (“Мерос” ва “Лингауфест 37” ассоциациялари)да халқ дипломатияси соҳасида Франция тажрибаси билан яқиндан танишиб қайтди.

2019 йил АҚШнинг Чикаго (“Ўзбек-Америка” жамияти), Атланта (“Атланта-Ўзбек” жамияти), Нью-Йорк (“Ватандош” федерацияси, “АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлари Конгресси”) шаҳарларидаги ватандошлар жамиятлари ва нуфузли олий таълим муассасалари (Emory State university, Illinois state university) ҳамда илмий тадқиқот марказлари (Center of the US and Canada Bukharian Jews Congress, “Sunday school of Uzbek community of Chicago”) да стажировка ўтаб келди. 2019 йил Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий Қозоқ-турк университетида бўлиб ўтган халқаро конференцияда “Некоторые аспекты народной дипломатии между странами Центральной Азии и Китаем (на примере взаимоотношений Узбекистана и Китая)” мавзусидаги маърузаси билан қатнашди.

2019 йил Хитойнингнинг Пекин шаҳрида Бутун Хитой дўстликка кўмаклашиш ассоциацияси фаолияти бўйича тадқиқот олиб бориб, Чжанцзяцзе шаҳрида бўлиб ўтган “Буюк Ипак йўли ёқасида жойлашган шаҳарларни биргаликда ривожлантириш” конференциясида ҳамда ўзбек-хитой бизнес-форумида иштирок этди.

Ёш изланувчининг илмий тадқиқотларига муваффақият тилаб, келажакда мамлакатимиз илм-фанига муносиб ҳисса қўшадиган етук олим бўлиб етишишига тилакдошмиз.

 Университет илмийтадқиқот бўлими медиа хизмати

https://nuu.uz/uzc/press/news/events/ev-science/1081

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *