Президент Соғлиқни сақлаш вазирига чет элда ишлаётган ўзбекистонлик врачларни ватанимизга қайтариш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда «Upl.uz» сайти хабар бермоқда.

Манбада қайд этилишича, 2017 йилнинг 5 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашди.  Видеоконференция шаклида ўтган ушбу учрашув тафсилотлари «Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилган.

Тадбирда нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари тўлиқ ҳажмда аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатмагани сабабли йилига 40 мингдан зиёд фуқароларимиз чет давлатларга тиббий ёрдам олиш учун чиқишга мажбур бўлаётганини афсус билан таъкидлади.

Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш, умуман, соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш мақсадида давлатимиз раҳбари Бош вазир ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромовга уч ой муддат ичида 50 нафар чет элда ишлаётган ўзбекистонлик врачларни ватанимизга қайтариш бўйича топшириқлар берди. Шу билан бирга, хорижда ишлаётган ўзбекистонлик врачларнинг ишлашлари, яшашлари учун мамлакатимизда барча шароитлар яратиб берилишини кафолатлади.

Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан ҳар йили ўн нафардан, керак бўлса, йигирма нафардан врач хорижга, ўқишга юборилиши, шу каби вазифалар билан шахсан Бош вазир ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов шуғулланиши лозимлигини алоҳида таъкидлаган.