Ўйин топмаган “ўғилжон”…

Биз қитмирга Дониш домланинг жавоби етарли бўлса керак!

4

Халқ мақоллари орасида баъзи кесатиқли нақллар ҳам гоҳо ўрни келганда асқотиб қолар экан. Гоҳо ўзимиз фаолият кўрсатаётган, таъбир жоиз бўлса, анча-мунча залворли юкини тортаётган даргоҳ – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳақида бўлмағур гап-сўзлар қулоққа чалинганда “Ўйин топмаган “ўғилжон” ўз онасининг кўзига чўп тиқармиш…” деган ўша кесатиқли нақл ёдга тушаверади.

Бир асрдан ортиқ давр мобайнида минглаб зиёлилар, қанчадан-қанча атоқли олим-у академиклар, атоқли шоир-ёзувчилар, давлат ва жамоат арбобларини камолга етказган мўътабар даргоҳ бугунги янгиланаётган Ўзбекистон шароитида яна қандай залворли ишларни амалга ошираётганидан мутлақо бехабар (ёки, ҳар бир воқеликни устамонлик билан бузиб талқин қилишга ўрганган ичиқора) кимса куракда турмайдиган гапларини ижтимоий тармоқларга ёзганига кўзинг тушганда яна ўша кесатиқли нақл руҳан таскин берар экан.

4

Ўзини “Баҳодир Хон Туркистон” деб атайдиган қандайдир “жонкуяр”да озроқ фаҳму-фаросат бўлганида шунақа асоссиз, таъбир жоиз бўлса, тутуриқсиз гаплар ёзармиди? У бетайин “дарди”га журналистлардан “малҳам” излабди. Унга айтар гапимиз шу: марҳамат, ЎзМУга келиб, Ахборот хизмати раҳбари, Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова, агар камлик қилса, биз билан бир юзма-юз мулоқот қилинг! Ҳар қандай (ҳатто, бузғунчилик кайфиятидаги) саволингизга ҳам ҳаққоний жавоб эшитиб, қилган қилмишингиздан уялиб қоласиз.

Бугун ЎзМУнинг қандай улуғ даргоҳ эканлигини билгиси келганлар дунёнинг у бошидаги Москва давлат университетидан тортиб бу бошидаги Исроилнинг Холон университетидаги ҳамкорларимиздан сўрасинлар. ЎзМУнинг истиқболига ишонч ва умид билан қараган ўша илғор давлатлар университетлари етакчилари бу даргоҳда қўшма факультет очганларига икки йилдан ошмоқда!

Қолган мухтасар фикрларни http://uchildiz.uz/миллий-университетимизнинг-нурафшон/ дан ўқиб олсангиз ҳам кам бўлмайсиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети Журналистика кафедраси мудири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *