Шундайликка шундайку-я, аммо ўз ихтиёримиз билан танлаган касбимизнинг машаққатли жиҳатлари бошқа касбларникидан қолишмайди. Журналист воиздек чечан, заргардек тиниқкўз, ҳакамдек холис, табибдек зукко бўлиши, ўз ихтиёрини қоғозу қалам ҳукмига топшириши керак. Ўзинг яхши билган, ич-ичингдан ишонган мавзуларнигина қаламга олишга тўғри келади. Бугун кимнидир гумбурлатиб мақтасанг-гу, қўлбола қаҳрамонинг эртага бир ҳунар кўрсатиб, юзингни қора қилса ёки бугун ўз билганингча эмас, суд ҳукми асосида бир “муттаҳам”нинг кирдикорларини элга ошкор қилсанг-у, эртага оқланиб кетса, бундан ёмони йўқ.
Устоз журналист, публицист-адиб Аҳмаджон Мелибоев, мана, эллик йилдан ошдики, айни шу талабларга қатъий амал қилишга ҳаракат қилади. Талабалик йилларидан бошланган сермаҳсул ижоди сира тўхтамайди. Ҳар йили ўттиз-қирқта мақола, бир-иккита китоб нашр эттиради. Қайси лавозимда ишламасин, касбини унутмай юрт кезади, мавзу, қаҳрамон излайди. Ҳар йили янги ўқув йилининг биринчи кунлари журналистика факультетига қабул қилинган ёшларга: “Туғилган туманингизни, қишлоғингизни айтинг, таниқли одамлари, урф-одатлари, қизиқ-қизиқ воқеаларидан баҳслашамиз, ютқизсам, ҳозирнинг ўзида баҳойингизни қўйиб бераман”, дейди ва ҳеч қачон ютқизмайди. Мамлакатимизда Аҳмаджон ака бормаган, бирор жиҳатини қаламга олмаган, ичакузди латифа айтиб кулдирмаган жой деярли қолган эмас. “Бир жойга борган мухбир гувоҳномасини кўрсатиб, дарҳол сўроқ-истакни бошламаслиги керак. Бундай қилса, одамлар кўнглидаги гапни айтмайди, яширади. Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам мулоқотни самимий суҳбатдан бошлаган маъқул”, дейди устоз ўзи ташкил этган “Маҳорат мактаби” тингловчиларига.
Аҳмаджон ака бўлажак касбдошларига мўлжаллаб кўплаб китоблар ёзди. “Бир заминда яшаймиз”, “Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўлмайди”, “Ҳуштакни ким чалади?”, “Умр учар юлдуз”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Сувора соғинчи”, “Қирқ бешинчи бекат”, “Қабоҳат тўри” публицистик тўпламлари, “Журналистика: касб, ижод, маҳорат”, “Журналистика сабоқлари” ўқув-қўлланмалари, “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат” монографияси, юзлаб илмий, бадиий-публицистик мақолалари талабалар учун ўзига хос хазинага айланган. Бундай сермаҳсуллик самараси ўлароқ, устоз “Офарин” миллий мукофоти, халқаро “Олтин қалам” ва журналистика соҳасида Олий ўқув юртлари ўртасида ўтказилган танловларда ғолиб бўлди, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” орденига муносиб кўрилди. Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда у Аҳмаджон ака раҳбарлигида дунёга машҳур адиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича ўзига хос илмий марказга айланиб бормоқда. Университетимиз доцентининг Чингиз Айтматов номидаги Халқаро Академия аъзолигига сайлангани биз учун фахрлидир.
Истиқлол арафаси ва унинг дастлабки йилларида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигини мамлакатнинг машҳур нашрига айлантирган бош муҳаррир бугун “Жаҳон адабиёти” журналига бошчилик қилмоқда. Аҳмаджон акани миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик, ижодий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган адиб, куюнчак жамоат арбоби сифатида қўшни мамлакатларда ҳам яхши билишади ва ҳурмат қилишади.
Аҳмаджон ака устоз Сайди Умиров ҳақида ёзган бир мақоласида бутун умрини журналистикага бағишлаган устозни “Ўйновчи тренер” деб атаган эди. Бу иборани ўзининг қутлуғ 75 ёшини қаршилаётган касбдошимизнинг ўзига ҳам татбиқ этсак, муболаға бўлмайди. Ҳозиржавоблик, кучли мантиқий таҳлил, кенг қамров, таъсирчан бадиий ифода ва образли мушоҳада, тил бойлиги, халқона юмор руҳи Аҳмаджон ака қаламига мансуб мақолаларга хос хислатлардир. “Европага шовлаб оққан шон”, “Миллиардернинг афсуси самимий эдими?”, “Гап кўршапалакдами?”, “Сувда оқиб келаётган пўстин” каби ижтимоий-публицистик мақолаларнинг ҳар бирини, оғир пандемия шароитида ёзилган “Тождор ажал ҳамласи” китобини мукаммал журналистик асар дейиш мумкин.
Мухтар Худайкулов:
Юқоридаги гаплар, ҳурмат-иззатлардан тушуниб етдимки, Аҳмаджон ҳам фалон ёшга кирибдилар. Мен ҳам дўстларимизнинг аз таҳи дил айтган гапларига тўла қўшилган ҳолда мақола қаҳрамони — ўткир, ҳозиржавоб публицист, халқчил ёзувчи, моҳир муҳаррир ва жамоат арбоби бўлмиш қадрдон дўстимиз, укамиз Аҳмаджон Мелибоевга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромимни билдираман. Эсимда бор, у ТошДУга ўқишга келганида соддагина қишлоқинамо йигит эди, аммо ақлли мулоҳазали эди, шу боисдан у гуруҳ старостаси — ҳозирги замон тили билан айтганда етакчи-лидерига айланди. Пахта теримларида юрганимизда тор ҳам чертиб қўярмиди-ей… Хуллас калом Аҳмаджон ўқишни битиргач қаерда бўлмасин астойдил ишлади ва кўп ўтмай ўша пайтнинг энг юқори идораси Ўзбекистон Компартияси Марказкомига ишга олинди. аммо бу оқ кўнгил йигит бошқалардек бу юқори лавозими билан мағрурланиб кетмади, доим биз, оддий халқ билан яхши мулоқотда бўлди ва ҳамиша ҳақиқат тарафида турди. Кейин у «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»дек юқори даражали ва нозик матбуот нашрига муҳаррирлик қилди, газетани гуллатиб юборди. Мустақилликдан кейин у яна юқори идораларда ишлади ва яна одамийлик билан қадам босиб, кўп масалаларда ўз ёрдамини аямади, ҳамиша тўғриликка, яхшиликка содиқ қолди. Кейин мана университетда дарс бериб келаяпти, қизғин ижод қилаяпти. Катта ёзувчимиз Чингиз Айтматовнинг Ўзбекистондаги ҳамфикр вакили бўлди, унинг музейини очди, бундан ўзбегу қирғиз халқлари хурсанд ва рози. У «Жаҳон адабиёти» дек салмоқли журналга муҳаррир, ижодкорларнинг ҳаиақий маслаҳатгўйи, халқимизнинг ардоқли журналист-публицисти. Мен Аҳмаджоннинг қандай юбилаейи бўлаётганидан аниқ хабардор эмасман, аммо бу атоқли шогирд-дўстимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, халқ учун, республикамиз равнақи учун, ўзбек адабиёти ва журналистикаси учун бажариб келаётган улкан ишларида бардавомий парвозлар тилайман.
Sirojiddin Rauf
Аҳмаджон Мелибоев ҳақиқий публицист-ёзувчи. Ўзини публицистман дейдиган журналистлар Аҳмаджон акани ўқиши керак!
Озода Бекмуродова
Не бахтки, газетада бир ишлаш мобайнида қадрли устозимиз Аҳмаджон Мелибоев сабоғини олишга муяссар бўлганман. Ардоқли устознинг умри зиёда бўлсин !
Рузимбой Хасан
Устоз хозиржавоблар хам. Тожли вирус балоси -карантин давридан тезкор езган публицистик китобини бир утиришда укиб чикиб, койил колганимни телефон килиб айтдим.
Юз билан юзлашиб юрсинлар!
Sharbat Abdullaeva
Аҳмаджон ака Мелибоев қаламлари ўткир, фикр ва қарашлари теран, ҳақиқат йўлида курашувчан ижодкорлар. Уларга ҳурматим жуда баланд, чунки жуда салмоқли мақолалар ёзадилар, чуқур таҳлилий қарашларни шакллантира оладилар. Таваллуд айёмлари билан самимий табриклайман! Соғлик, ижодлари ва ишларида зафарлар доимо ёр, умрлари узоқ бўлишини тилайман!
Jovli Xushboq
АХМАДЖОН МЕЛИБОЕВ ЯХШИ ИНСОН ВА МАШХУР ЖУРНАЛИСТ
Baxtiyor Ollomurod
Ассалому алайкум устоз! Ҳали ҳеч қаерда эълон қилмаган бир туркум ҳангомаларингизни ёддан биламан. Ўшалар орасидан «Жунолғи» деган ҳангомангизни ўзлаштирмоқчиман, рози бўлсангиз, албатта!
Адиба Умирова
Менга ҳам Мелибоевнинг ҳангомалари, ҳажвиялари ёқади… Бошқа ўқийдиган жиддий асарлари ёки мақолалари бўлса, айтинглар, ўқийлик!