“Ўргамчак тўри”
ёхуд фарзандларимизда “ахборот хуружи”гақарши иммунитет етарлими?
Ақл тарозусига солиб кўрсак, кўп фанлар ибтидосини гўдакликдаёқ оилада ўрганганмиз. Эшитган эртакларимиз – адабиёт фанининг ибтидоси бўлса, санашни ўрганиш – математиканинг илк сабоқлари эди. Ўсимликлар дунёси – ботаника, жониворлар – зоология, қуёш ва ойнинг чиқиб-ботиши – астрономия, чақмоқ чақиб, ёмғир ёғиши – табиат ва физика фанлари ҳақида тасаввур уйғотган. Миллий ғоя, шарқона фалсафани ҳам илк бора ота-онамиз қонимизга сингдиришган! Улар ҳатто тарих, диний қадриятлардан ҳам сабоқ берганларини энди англаямиз. Ҳуқуқбузар қандай жазога тортилишини ҳам қулоғимизга қуйишган: “ўғирлик ё безорилик қилсанг, мелиса қамаб қўяди…” Демак, қонунчилик қирралари гўдакликдаёқ мурғак қалбимизга жо бўлган…
Ахборот технологиялари беқиёс даражада ривожланиши баробарида сўнгги йилларда лисонимизга “ахборот хуружи” ибораси кириб келди.
Яна ўйлаб кўрайлик-чи, бугун биз учун янгиликдек туюлаётган бу “соҳа”да ҳам ёшлик чоғларимиз оилада сабоқ олмаганмидик? Оналаримиз аввало нима яхши-ю нима ёмонлигини ўргатишган. Мана бу яхши, буниси – ёмон, уни оғзингга солма!.. Анави иссиқ, ушласанг, қўлинг куяди… Ёмон болаларга қўшилма ва ҳоказо.
Демак, илк тарбиячиларимиз мурғак қалбимизда ёмон нарсаларга, салбий ҳодисаларга қарши иммунитет пайдо қилишган. Ҳатто, айрим қўни-қўшниларнинг оиламизга нисбатан “ахборот хуруж”ларига қарши кураш усулларини ҳам ўргатишган. Эндигина тили ва оёғи чиқиб, кўчага ўйнагани отланган ўғли ёки қизи қулоғига айрим оналар шундай гапларни қуйиб қўярди:
“Бировлар, опанг ўқишдан ҳайдалибди, деса, бекор айтибсан, де! Аслида у академ таътилга чиққан!”
“Отанг жоҳиллик қилиб, онангнинг кўзини кўкартирган, деса, ишонма! Ўзим йиқилиб тушдим…”
“Шаҳарда катта лавозимда ишлайдиган аканг ота-онаси ҳолидан хабар олмайдими, деса, “алам қилсин!” деявер. Чунки, бу – кўролмайдиган кўзинг чиққурларнинг гапи!” ва ҳоказо.
Бўйи бир қарич бўлса-да, тили икки қарич айрим болакайларнинг кўча-кўйда бир-бирларига “ахборот хуружи”ни авж олдираётганларини ва ундан ўзларини, қолаверса, оилаларини ҳимоя қилаётганларини кўп кузатганмиз. Кўриниб турибдики, фарзандларда “ахборот хуружи”га қарши иммунитет ҳосил қилиниши оила тарбиясининг табиий жараёнига айланиб кетган!
Гўдаклигимиздаёқ яхши ва ёмонни фарқлашни ўргана бошлаган эдик. Буни ҳатто мақоллар воситасида тушунтиришарди. Мана, эътибор беринг:
Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади. Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга. Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади, ёмонга яқин юрсанг балоси юқади. Ишонмагин дўстингга – сомон тиқар пўстингга. Миш-мишга ишонган – харом ўлармиш. Яхши гап – жон озиғи, ёмон гап – тан қозиғи. Яхши-яхши гаплардан илон ҳам индан чиқар, ёмон-ёмон гаплардан мусулмон диндан чиқар. Гапни гапир уққанга – жонни жонга суққанга!
Бу каби мақолу нақлларимиз замирида ҳам турфа салбий иллатлардан эҳтиёт бўлиш, одамнинг онги заҳарланиб қолишидан сақланиш ғоялари мужассам.
Мактабга қадам қўйгач, ибтидосини оилада ўрганган илмларимизни фан сифатида ўзлаштира бошладик. Бироқ, биз ўқиган 1970-1980 йилларда республикамизга, миллатимизга, миллий ғуруримизга нисбатан ахборот хуружлари тамомила ўзгача тарзда амалга ошириларди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, собиқ империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблайдиганлар миллий қадриятларимизни беаёв оёқости қилишарди… Подшолар, қози калонлар, мингбошидан тортиб юзбошигача – қонхўр, бойлар – хотинбоз, хотинлар қора чиммат ичида, ҳаммаси чаласавод ва ҳоказо. “Битсин золим бойлар!” деган шеър ҳатто қўшиқ қилиб куйланар эди.
Миллатимизга қарши бундан ҳам даҳшатлироқ ахборот хуружи бўлиши мумкинми? Энг даҳшатлиси, бу хуруж бизга ўша даврдаги мустабид тузум мафкураси, мактабда азиз муаллимлар “сабоғи” орқали амалга ошириларди… “Бир эсланг, шўро замонида, 80-йилларда собиқ марказ “ўзбек иши”, “пахта иши” деган уйдирмаларни баҳона қилиб, ўзбек миллати вакилларини бутун дунёга қандай кўрсатарди? Сочи тақир қилиб олинган, қалпоқ кийган, белини боғлаган, соқол қўйган одамларни, мана, буларнинг башараси, деб, пешонасига тамға қўйиб, матбуот орқали намойиш этарди,– деб ёзган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов.– Мен ўша пайтда – 1989 йилда республика раҳбари бўлиб келишим билан, авваламбор, ўзбек халқини шундай уйдирма ва туҳматлардан сақлаш, унинг шаънини асраш мақсадида, миллатни доғ остида қолдиришга қаратилган уринишлардан халос қилишга киришдим. Ва ҳозиргача ўзбек миллати ҳеч қачон қул бўлмаган, ҳеч қачон босмачи бўлмаган, ҳеч қачон қон тўкиш тарафдори бўлмаган, деб бутун дунёга шу фикрни англатишга ҳаракат қилиб келяпман. Бугун жаҳонда ўзбек номи, ўзбек миллатининг обрў-эътибори тан олингани шунинг исботи эмасми?”1.
Миллатимизга қарши бундай оммавий ахборот хуружига қарши кураш ўша кезларда ҳам озми-кўпми бўларди. Масалан, севимли шоирларимиз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари ўзбек элимизга отилган тошларга қарши исён ифодаси эди!
Юртимиз истиқлолининг дастлаб йиллариданоқ ўз қадриятларимиз, тарихимиз, бобокалонларимиз аслида қандай буюк зотлар бўлгани, бетакрор урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳақида баралла айта бошладик. Диний қадриятларимиз ҳам ижтимоий воқеликка айланиб кетди. Бироқ…
Бироқ, ёш мустақил давлатимизга даҳшатли ахборот хуружлари бўлиши мумкинлиги ва ундан ёш авлодларни муттасил огоҳ этиб боришимиз зарур эканлиги ҳақида етарли даражада қайғурмадик. Мактабларда мустақиллик моҳиятини, миллий ғоянинг беқиёс аҳамиятини тушунтириш баробарида, танганинг иккинчи томони, деганларидек, бу улуғвор ишларимизни хуруж қилувчилар қандай талқин этишлари мумкинлиги ҳақида ўйлашга зарурат сезмадик. Аслида, ахборот хуружига қарши оилада қандай иммунитет пайдо қилишган бўлса, катта оиламиз – Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилишимиз бағоят улкан заруратга айланган экан! Яъни, ахборот хуружига қарши кураш ҳам ғоят жиддий масала бўлиб, бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати мактаблардаёқ ёш авлодга ўргатилиши лозимлигини ҳаёт ўзи исботламоқда. Зеро, “Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Бизнинг ғоямиз кучли бўлиши лозим. Авваломбор, ўзимиз, ҳаётнинг ўзида синалган ўз ғоямизга ишониб майдонга чиқишимиз даркор”2.
Синалган ғояларимиз эса аллақачон пиру бадавлат буваларимиз, азиз бувиларимиз, бой ҳаёт тажрибасига эга ота-оналаримиз тарбияси устувор бўлган оилаларда мудом куртак отади. Эътибор берган бўлсангиз, бирор нуроний уруш бўлишини, юрт тинчлиги бузилишини истамайди! Дуоларида яратган эгамдан энг аввало юртга тинчлик сўралади!
Оила – давлатнинг кичкина кўринишими, демак, уни бир неча миллион марта катта ҳолида тасаввур этсак – Ватан демакдир! Аслида, миллионлаб оилалар бирлашиб, улкан Ватанни ташкил этамиз! Оилада ўн жон бўлсак, Ўзбекистон аталмиш оилада – йигирма олти миллион атрофида оға-ини, опа-сингил, қавму қариндошлар баҳамжиҳатгина, бахтли-саодатли яшаяпмиз!
Жонажон Ватан сарҳадлари қанчалик бепоён бўлса, ундаги муаммолар, турфа ишлар, ҳатто гап-сўзлар ҳам шунга яраша бўлиши шак-шубҳасиз. Юртимиз истиқлоли туфайли беқиёс бахтга эришдик. Энди ана шу бахтимиз пойдеворини ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб курашмоқдамиз! Муаммоларимиз ҳам кам эмас. Оилада қанча муаммо бўлса, улкан оила – мамлакатимиз миқёсида ҳам шунга яраша бўлиши табиий. Муаммоларнинг кўплиги аслида – эзгу мақсадлар, умидли режалар кўплиги билан изоҳланади. Яъниким, ҳар бир муаммомизни ўзимиз енг шимариб ҳал этишга қодирмиз.
Қиссадан ҳисса шуки, гўдакликда айрим қўни-қўшниларнинг “ахборот хуружи”га қарши иммунитетимиз пайдо бўлган бўлса, улғайиб камолга етгач ва она Ватанимиз аслида улкан оиламиз эканлигини қалбдан англагач, энди айрим давлатларда ин қуриб олган бузғунчи касларнинг шунақа бемаъни хуружларидан ҳимояланиш йўллари ҳақида атрофлича ўйлаб кўришнинг мавриди етганга ўхшайди.
Бугунги ёшларнинг билими ҳам, дунёқараши ҳам замонасига яраша. Ҳеч кимдан кам бўлмаган болаларимиз компьютер технологияларини ҳам ривожланган давлатлардаги тенгқурларидан кам билмайди! Унча-мунча ота-оналар тушунмайдиган интернетнинг сиру синоатини беш қўлдай биладиган зукко ўғил-қизларимизнинг саноғи йўқ. Бу жуда яхши, албатта. Аммо, четдан туриб “ахборот хуружи”ни авж олдираётган бузғунчилар айнан ўша “моменти”дан фойдаланиб қолишга чиранаётганларидан кўз юмиб бўлмайди.
Бугун ўғил-қизларимизнинг мактаб, литсей ва коллежидан чиқа солиб компьютер хоналарига югуришларини, мурғак қалбларининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга интилишларини, ҳаётга нақадар қизиқувчан ва айни пайтда улар нечоғли ишонувчан ҳам эканликларини ғаламислар яхши биладилар! Ва шунга яраша “отни қамчилаб қолишга” чиранаётганлари ҳам сир эмас! Айниқса, мурғак қалбли ёшлар онгини заҳарлаб ташлайдиган гапларни ўша устаси фаранглар шу қадар тўқиб ёзадиларки, оқибатда, гоҳо ўз ўғлингни ҳам танимай қоласан… Шу ўринда қуйидаги даъваткорона сўзлар дилга таскин беради: фарзандларимизни ҳеч қачон ҳеч кимга бериб қўймаймиз!..
Хўш, ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган ўғил-қизларимизни шунақа бало-қазолардан мудом асраш учун нима қилмоқ керак, деган саволга аниқ жавоб топилди! Яъни, оиладаги ўша нозик тарбияни мактаб ва бошқа ўқув юртларида давом эттириш зарур! Юқорида таъкидлаганимиздек, гўдакликда оналаримиз айрим қўшнилар “хуружи”дан эҳтиёт бўлиш чораларини кўрган бўлса, энди улар жамиятнинг биринчи улкан пағонаси – мактабга қадам қўйдими, демак, бу масканларда ҳам ҳар қандай хуружга қарши иммунитет уйғотишимиз шарт!
Бугун ўғил-қизларимиз мактабда компьютер сабоқларини, интернет сиру синоатларини ўрганяптими, шунинг баробарида ўша “ўргамчак тўри” орқали ўрмалаб келадиган турфа балои қазолар аслида қанақа оғулигини, уларни қайси ичиқоралар том маънодаги қора ниятлар билан юбораётганларини ҳам зукко ёшларимиз теран англаб олишлари лозим!
Демак, мактаб ўқув режаларига “ахборот хуружи”га қарши ёш авлодда иммунитет ҳосил қилишга қаратилган дарслар киритишнинг фурсати етди, деб ҳисоблаймиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди
(2014 йил 9 август куни ёзилган мазкур мақола айрим жузъий
тузатишлар киритилган ҳолда қайтадан ҳавола этилмоқда)
___________________________________________
1 Каримов И.А. Ватанимиз тинчлиги ва хавфсизлиги ўз куч-қудратимизга, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги ва букилмас иродасига боғлиқ. –Т. Ўзбекистон, 2004, 13-б.
2Қаранг: ўша асар, 12-б.
Долзарб мавзудаги мақола чиқибди. Бу «тўр»га болаларимиз илиниб қолмаслиги учун шундай мақолалар кўпроқ ёритилса яхши бўларди.
Ажойиб таҳлилий мақола бўлибди. Талабалар сабоқ ва ибрат олса арзийди.
Чиндан ҳам долзарб мавзу кўтарилган. Ҳамма ўзига керакли хулосани чиқариб олади, ўқиб бўлгач…
Ушбу мақола, бўлажак дарслик учун кириш сўзи бўлиб қолса керак деб ўйлайман
Agar har maqolani yoy deb oladigan bo’lsak ba’zi yoylar markaz atrofiga borib sanchiladi ammo bu maqola dolzarblikning markaziga qadalibdi.
Bugungi kunda XXI asr axborot asri ta’rifini noto’g’ri talqin etilib, tushunilishi natijasida insonlar ongi yot g’oyalar bilan zabt etilayotgani achinarli hol.Axborot almashish, internet tarmoqlari hayotimizning ajralmas va muhim qismiga aylangani shubhasiz. Ammo bundan g’arazli maqsadlarda foydalanib, ongni zaharlashga e’tibor qaratayotganlar ham talaygina.Shunday paytda axborot xurujiga qarshi immunitetni shakllantirish va uni mustahkamlash eng dolzarb talabdir
ajoyim o`ib biz ham manaviy ozuqa oldik