Ўсимликлар интродукцияси: ютуқлари ва истиқболлари

Ҳаётимизни она табиатнинг ноёб мўъжизаси – ўсимликларсиз

тасаввур эта олмаймиз. Ана шу ўсимликлар тури ва нави қанча кўп бўлса, турмушимиз шунчалик фаровон бўлади.

б1 б2 б3 б4 б5

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология факультетида ЎзМУнинг 100 йиллигига бағишлаб ўтказилган “Ўсимликлар интродукцияси: ютуқлари ва истиқболлари” мавзуидаги республика илмий-амалий конференциясида бу борадаги янги инновацион лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.

Факультет декани Фарида Пирохунова ва бошқалар мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида биолог олимлар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритдилар.

Экология кафедраси мудири Рустам Аллабердиев шу соҳада самарали илмий тадқиқотлар олиб бораётган таниқли олим, профессор Каримжон Сафаровнинг илмий-педагогик фаолияти ҳақида маъруза қилди. “Бугун 70 баҳорини қаршилаётган заҳматкаш олимнинг турфа ўсимликлар оламини бойитишга қўшган ҳиссаси ёш биологлар учун ибрат мактаби” эканлиги алоҳида эътироф этилди.

Анжуманда Ботаника ва ўсимликлар физиологияси кафедраси доценти Алишер Сафаров, “Шафран” илмий-тадқиқот маркази раҳбари Бобоқул Тўхтаев, Ботаника институти етакчи илмий ходими, профессор Тошхоним Раҳимова, Экология кафедраси профессори Тўрахон Раҳимова ва бошқа тадқиқотчилар, соҳа мутахассисларининг маърузалари катта қизиқиш билан тингланди.

Маърузаларда қайд этилганидек, интродукция – олдин маҳаллий ҳудудда учрамаган ўсимлик тури ёки навларини олиб келиб етиштиришдир (лотинча introduction – кириш). Жаҳон қишлоқ хўжалиги тараққиётининг характерли хусусияти қишлоқ хўжалиги экинларини бир ҳудуддан иккинчисига кўчириб ўтказиш ҳисобланади.

Энг қадимий даврларда аввал қўшни қабила билан ўсимликларнинг уруғлари алмашинилган. Шу билан дастлабки интродукцияга асос солинган. Интродукциянинг кенгайишига халқларнинг ва қабилаларнинг кучиб ўтиши, савдонинг ривожланиши ва боища омиллар сабаб бўлган. Американинг кашф этилиши ҳам жуда катта таъсир қилган: эски ва янги дунё ўртасидаги алоқалар қишлоқ хўжалигида янги экинларни етиштиришга имкон яратган. Қишлоқ хўжалигимизни маккажўхори, картошка, кунгабоқар, тамаки, узун толали ғўза ўсимликларисиз тасаввур қилиш қийин. Улар Америкадан келтирилган (интродукция қилинган).

Кўпинча интродукция жараёнида ўрганилаётган ўсимликларнинг янги тупроқ-иқлим шароитларига мослашуви қийин бўлади. Бунинг сабаби шундаки, ўсимликларнинг муҳит омиллари таъсирида ўзгариши уларнинг реакция меъёрларига боғлиқ бўлади. Одатда ўсимликлар ўхшаш иқлим омилларига мослаша олади, шунда ҳам турли навларнинг адаптация хусусиятлари турлича бўлади. Қийин интродукция қилинадиган ўсимликларни янги навлар яратиш орқали маҳаллий шароитларда етиштириш мумкин.

Анжуман иштирокчилари бу мавзуда ўзаро фикр алмашиб, соҳа амалиёти учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқдилар.

 ЎзМУ Ахборот хизмати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *