Ўқитасизми ё кўчирмакашликка ўргатасизми?

(Талабалар ўқимасин…)

п5

Устозини мақтаб кетишаётган талабаларнинг суҳбати эътиборимни тортди.

– Қанийди ҳамма домла шундоқ бўлса,– дерди бир қиз ўқитувчисини завқ билан мақтаб.– Оралиқ, ҳатто якуний назоратни ҳам уйда ёзиб келишга рухсат беради!

– Ундан ташқари қаердан кўчириб келишимизни ҳам ўзлари ўргатиб қўяди,– деди дугонаси гапини тасдиқлаб.– Нима бўлсаям, дафтарни тўлдириб қўйсаларинг бўлгани, дейиши қандоқ яхши. Кейин ўзи ҳам дафтарларимизни ҳижжалаб ўқиб ўтирмасдан баҳомизни қўйиб ташласа керак.

– Баҳоларни гуруҳ сардори қўйишиб юборишини ҳамма билади-ку,– дея илиб кетди кўринишидан чапанироқ талаба йигит.– Бундан мамнун эмас, аксинча хафа бўлмоғимиз керак. Биз жонсиз роботмизми? Бунақа кўчирмакашлик талабага – бўлғуси кадрларга нима беради? Ундан кўра мавзуларни пухта ўргатиб, қайси адабиётларни ўқиб келишимиз зарурлигини айтсин! Талабаларни китоб ўқишга, маъно-мазмунини қандоқ уқишга ўргатсин. Домла талабасини тайёрига айёрликка ўргатса, оқибати қандоқ бўларкин? Кўчирмакашликдан билим тугул ҳеч вақо олиб бўлмайди-ку…

Бу талаба ҳақ эди!

Ҳурматли академикларимиздан бири “Муносабат” кўрсатувида баъзи олий таълим муассасалари ўқитувчилари талабаларни кўчирмакашликка ўргатаётгани, уларга тайёр реферат, ҳатто Битирув-малакавий ишларини бераётгани ҳақида қайғуриб гапираркан, бунинг ортида қандайдир манфаатдорлик борлигидан кўз юмиб бўлмаслигини ошкор этганди.

Қирғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам ошкор бўлаверади, деган гап айнан шунақаларга жуда-жуда тааллуқлидир, дегимиз келади. Яъни, ўқитувчилар бугун талабаларга чуқур билим бериш, китоб ўқишга, фикрлашга ўргатиш ўрнига кўчирмакашликдек қинғирликка бошласа, эртага улар қанақа кадр бўлиб етишиши мумкин?

Шу ўринда Жанубий Африка Республикасидаги Стелленбосс университетига кираверишда катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган қуйидаги битиклар биз учун ҳам катта сабоқ бўлишини айтмоқчимиз:

“Ҳар қандай миллатни йўқ қилиш атом бомбаси ёки узоқ радиусли ракеталарни қўллашни талаб этмайди. Фақатгина таълим сифатини пасайтириш ва таълим олувчилар томонидан имтиҳонларда ёлғон қўлланилишига рухсат беришнинг ўзи кифоя.

Бундай шифокорлар қўлида беморлар вафот этади.

Бундай муҳандислар қурган бинолар бузилади.

Бундай иқтисодчи ва ҳисобчилар қўлида пуллар йўқолади.

Бундай юрист ва судьялар қўлларида адолат йўқолиб боради.

Таълим инқирози – бу миллат инқирози”.

Хўш, қадрли ҳамкасблар! Виждонан айтинг-чи, сиз таълим сифатини қай даражада ошираяпсиз ёки билиб-билмай уни пасайтиришга ҳисса қўшаяпсиз?

Шогирдларингиз эртага мутахассис сифатида ишончни оқлай оладими?

Шифокор бўлса қўлида беморлар вафот этмаслигига ишонасизми?

Муҳандис бўлса қурган бинолари кўпга бормасдан қуламайдими?

Иқтисодчи ва ҳисобчилар бўлса қўлида пуллар йўқолиб кетайдими?

Юрист ва судьялар бўлса қўлларида адолат адойи тамом бўлмайдими?

Ўқитувчи бўлса ёш авлодга талаб даражасида дарс ўта оладими?

Математик бўлса ҳисобда адашмайдими ва ўзгаларни адаштирмайдими?

Таржимон бўлса хорижлик ишбилармонларнинг ғоялари ва таклифларини ўзбек тилига нотўғри таржима қилиб уялиб қолмайдими? Телевизорда шарманда бўлмайдими?

Хуллас, таълим инқирози бу – миллат инқирози эканлигини англадингизми?

Дўст ачитиб гапиради, деганларидек, самимий гапларимиздан ҳеч қаерингиз ачишиб кетмадими?

Сиз-у бизни ўқитган улуғ устозларимиз бунақа таълим-тарбия бермаганини бир ёдга олинг.

Хўш, сиз бу иллатни қаердан юқтирдингиз?..

Қай бирингиз шундоқ хатоликка йўл қўяётган бўлсангиз, дарҳол ўзнгизни тузатиб олинг. Букрини гўр тузатар, деган мақолга асло ҳожат қолмасин…

 Дониш домла

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *