Ўқитиш учун ўқиш керак!
Дониш домла дейдики: Оширсангиз малака, дарсда бўлар барака!
***
2015 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Олий таълим вазирлиги қошидаги Бош илмий-методик марказда малака оширганимда турли сайтлар ва мақолаларни ўрганиб ва ўзимнинг шахсий мулоҳазаларим билан уйғунлаштириб раҳбарликка оид бир нарсаларни қоралагандим. Шуни Сизлар билан бўлишишни истайман.Балки Сизга ҳам асқотиб қолар…
***
Раҳбарлик салоҳиятини ошириш бўйича баъзи мулоҳазалар:
Бирор ташкилот, корхона, муассаса ва борингки, шахсий ишларингизни муваффақиятли бажаришингизда ҳам маълум кўникма, билим ва қоидаларга амал қилиш лозим бўлади.
Раҳбарлик салоҳияти бўйича қадимги юнон-рим муаллифлари асарлари, Авесто, Низомулмулкнинг «Сиёсатнома» асари, «Темур тузуклари»дан тортиб Макиавеллининг «Государь» (Олампаноҳ) асаригача турли қарашлар, қоидалар ва тавсиялар олға сурилган. Бугунги вақтимиз тиғиз бўлган замонавий даврда эса инсонларнинг асаблари ва маънавиятлари ўзгариб бормоқда. Муаммоли ходим масаласи ҳозирги раҳбарликнинг тушовидир. Бу соҳада ҳам жуда катта илмий ишлар олиб бориш лозимлигини англаган ҳолда, бу катта билим ва илм соҳасининг баъзи қирраларини мулоҳазаларимиз идрокидан ўтказдик.
Сизнинг ҳаётда ўз ўрнингизни топишингиз ва муваффақиятли раҳбар бўлишингиз учун биз қуйидагиларни тавсия этамиз:
1. Ишхонангизнинг жорий, узоқ муддатли ва перспектив вазифаларини белгилаб олинг;
2. Ходимларга ишни ўз вазифасига кўра бўлиб беринг;
3. Ўз ишинингизни режалаштиринг, ходимларни ҳам шунга ўргатинг;
4. Ўринбосарларнинг мажлисларга ва ҳузурингизга киришда берилган топшириқларни унутмасликлари учун қўлларида кундалик ва ручка бўлишини таъминланг ;
5. Йиғилишлар ўтказиш қоидаларини ўрнатинг , унинг жойи, ўтказилиши муддатини ишга халақит бермаган ҳолда ўз вақтида ўтказишга одатланинг;
6. Регламент ва субординацияга ҳар доим амал қилинг;
7. Юклатилган вазифаларнинг сифатли бажарилишини назорат қилишни унутманг;
8. Яхши ходимларни кўролмайдиган, билими заиф кишиларнинг турли иғволарига, гап-сўзларига учманг;
9. Ҳаммага ўз билим ва савиясига кўра вазифа юклатинг;
10. Жамоа лидерларининг ҳатти-ҳаракатларини кузатиб боринг;
11. Муаммоли ходимлар фаолиятини таҳлил қилинг, агар у жамоага катта зарар келтирса, уларнинг баҳридан ўтинг;
12. 40-50 ёшга кириб конкрет натижага эришмаган ходимларни ишдан бўшатинг ва уларнинг сафини иқтидорли ёш мутахассислар билан тўлдиринг;
13. Ҳар йил охирида ходимларинингизни хисоботларини тингланг ва уларни аттестациядан ўтказинг;
14. Ходимлар ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлинг;
15. Ҳузурингизга кириб-чиқувчиларнинг ташриф вақтларини аниқ белгиланг;
16. Раҳбар адолатли ва низоли вазиятларда нейтрал бўлиши кераклигини унутманг;
17. Ўз котибингиз ва ходимларингизнинг малакаларини муттасил ошириб боринг;
18. Бир ходимнинг муаммоларини бировларга айтманг, конфиденциалликни сақланг;
19. Гоҳида қўл остингиздаги инсонлар билан учрашиб суҳбатлашиб туринг;
20. Илгари ишлаб нафақага чиқиб кетган ёши катта иқтидорли олимларни таклиф қилиб талабаларга намуна сифатида улар билан учрашувлар ўтказиб туринг;
21. Ўринбосарларни лаёқатли, билим ва тажрибалиларини тангланг, шунда ишингиз яхши кетади;
22. Кадрлар сиёсатини олиб боринг;
23. Талабалар билимини холис баҳолашга йўналтирилган методларни танланг! Аудиторияларга, тест топширишга мўлжалланган компьютер синфлари ва ўқитувчилар хоналарига АКТнинг замонавий технологияларини, яъни веб камера, микрофон ўрнатинг;
24. Ходимларнинг ишини назорат қилиш учун имкон топинг.
25. Доимий ижро назоратининг бузилиши, кечикиш, бажариш уқувининг, субординациянинг йўқлиги, мақсадсиз таътиллар, прогуллар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини назоратингизга олинг;
26. Сафарга кетишдан олдин ўринбосарларга вазифангизни тўлиқ топширинг.
Раҳбарнинг йиғилишларни ўтказишга оид тавсия ва мулоҳазалар:
1 Мажлис ўтказишда мақсад ва вазифалар аниқ белгиланиши лозим.
2 Бу мажлис ўзининг самарали натижасини беришга йўналтирилиши керак.
3 Ўтказилган йиғилиш мақсад ва вазифага мос келиши керак. Ўтказиладиган йиғилишлар, мажлисбозлик, ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган баландапарвоз, ортиқча гап-сўзлардан узоқ бўлиши мақсадга мувофиқ.
4 Баъзи раҳбарлар йиғилишни бошқариш инструменти сифатида тушуна олмайдилар. Бу мажлисларда “гаплашиб кўриш”, “муаммони муҳокама қилиш”, “муаммонинг ечимини топиш” каби умумий гаплар кўп бўлади ва бу мажлисда вақт бекорга сарфланади, энг муҳими бу мажлис орқали натижага эришилмайди.
5 Йиғилиш қатнашчиларининг йиғилишга тайёрланмасдан келиши, мажлиснинг нима ҳақда бўлишини ҳам билмаслиги, уларнинг мажлисда иштирок этишни истамаслиги салбий ҳолат.
6 Мажлисда аниқ регламентнинг йўқлиги. Баъзи мажлислар 3-4 соатлаб чўзилиб кетади. Шунда раҳбар кун тартибидаги кўплаб масалаларнинг ўхшашларини саралаб, кун тартибини ихчамлаштириш керак бўлади.
7 Турли даражадаги ва умумий йиғилишларни бир хил методикада олиб бориш мақсадга мувофиқ эмас.
Йиғилиш бошқарувда содир бўлаётган ўзгаришлар, ходимларнинг кайфиятлари, уларнинг эҳтиёжлари, олий таълим тизимидаги муаммоларни тушуниш даражаси, раҳбариятга ва раҳбарга бўлган муносабатларни белгилашда муҳим асос ҳисобланади.
Йиғилишларнинг типи ва кўринишлари
Йиғилишлар олий таълим тизимининг бошқарув инструменти сифатида муамммоли масалаларни ҳал қилишда жамоа фикри, мутахассисларнинг ақли, билими ва тажрибасидан фойдаланиш, турли бўлимлардаги ходимлар ўтрасида информация алмашиш, конкрет вазифаларни ўз ижрочиларига тезда етказишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Йиғилишлар бошқарувнинг кучли ва энг муҳим инструменларидан ҳисобланади. Раҳбар инсон оператив йиғилишлардан ториб турли йиғилишларни ўтказишда махсус билим ва кўникмага эга бўлиши лозим. Оператив (ҳафтада бир ўтказилади –Ш.Ў.) йиғилишларда жорий масалалар кўриб чиқилиши лозим.
Йиғилиш ва мажлислар жамоада қўйилган конкрет вазифаларнинг бажаралишини бориши, бўлимлар ўртасида информация алмашишни яхши йўлга қўйиш учун ўтказилади:
Улар бир-биридан қуйидаги хусусиятларига қараб фарқланади:
1. Қатнашчиларнинг сони бўйича (баъзи йиғилишларда раҳбарият, бўлим бошлиқлари, масъул мутахассислар қатнашса, умумий йиғилишларда асосий персонал қатнашади).
2. Мажлислар муҳокама қилинаётган масаланинг характерига кўра (жорий, умумий, перспектив) ўтказилади.
Мақсадига кўра қуйидаги типдаги йиғилишлар ўтказилиши мумкин:
1. Таништирувчи
2. Информацион
3. Тушунтирувчи
4. Муаммоли
5. Инструктив
6. Оператив
7. Координацион
Ўтказилиш методлари бўйича йиғилишларни қуйидагиларга ажратиш мумкин:
1. Гуруҳли интервью, бунда бунда ходимларнинг фикр-мулоҳазалари сўралади
2. Ақлий ҳужум (конкрет масалаларни ҳал қилиш учун қўлланилади)
3. Муаммоли вазиятларни ҳал қилиш учун жамоавий қарор қабул қилишга мўлжалланган метод
4. Жамоавий муҳокама (ностандарт вазиятларда)
5. Жамоавий дискуссия
Мажлисларнинг умумий муддати узоғи билан 1,5-2 соатдан ошмаслиги керак.
ИЗОҲ: 30-40 минутдан кейин йиғилиш қатнашчиларининг диққати сустлашади, 70-80 минутдан кейин жисмоний чарчоқ пайдо бўлади, 80-90 минутдан кеийн салбий фаоллик кучайиб боради. 2 соатдан кейин мажлис қатнашчилари мажлисдан тез чиқиб кетиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлади.
Йиғилиш жараёнини бошқариш
Йиғилишлар одатда бажарилаётган ишларнинг ҳолатини аниқлаш, аввалги қарорларнинг бажарилишини назорат қилиш, бажарилиш муддати ўтиб кетган бўлса ҳам ким ўзбу вазифасини тўлиқ бажара олмагани, янги вазифаларни аниқлаш мақсадида олиб борилади.
Мажлисни олиб борувчи кириш сўзи техникасига амал қилиши керак.
Кириш нутқи одатда 3-4 минут бўлади:
1. Йиғилишнинг мақсади
2. Кун тартиби
3. Мумкин бўлган ечим ва уларни қабул қилиш шартлари
4. Мажлис регламенти ва баённомаларни олиб бориш тартиби
Мажлис бошқарувчиси мажлисни бошқаришнинг дипломатик ва авторитар усулларидан биридан фойдаланган ҳолда олиб боради.
Авторитар усулда раҳбар ўз фикрини ўтказади, ходимларнинг мустақил фикрлашларига йўл қўймайди, мажлис аҳли ундан қўрқади ва пинҳона ёмон кўради
Дипломатик усулда раҳбар истовчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олади, қарор чиқаришда жамоа фикрига асосланади.
ПСИХОЛОГ МАСЛАҲАТИ: Раҳбар нейтрал ҳолатда мажлисни бошқариши керак. Бу инсонларнинг эмоционал ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади.
Доимий равишда раҳбар ўзида ҳар қандай вазиятда суҳбатни давом -эттириш қобилиятини шакллантириши керак. Агар ноқулай пауза пайдо бўлган тақдирда раҳбар қўшимча саволлар, тушунтиришлар ва дастлабки хулосаларни бериш йўли билан суҳбатни давом эттириши лозим.
Ҳамкорларни қабул қилиш бўйича тавсиялар:
— “Кенгашли тўй тарқамас” мақолига кўра, ходимлар билан ёки ишлаб чиқариш корхоналари, соҳага оид ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш фойда келтиради;
— Ҳамкорлик демократик бошқарувни келтириб чиқаради;
— Ҳамкорлик адолатли бошқарувга асос бўла олади;
— Ҳамкорлик жамоада муаммоли вазиятларнинг олдини олишга хизмат қилади;
— Адолатли ва ижобий маънода ҳамкорлик қилишни унутмаслик керак;
— Маҳаллийчилик ва уруғчилик ҳамкорликка путур етказади;
— Адолатсиз ва жамоага, шунинг баробарида давлатга зарар келтирадиган ҳамкорлик коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлади!
Муаммоли ходимлар билан ишлаш
Муаммоли ходим ўта эркин ва ҳар қандай вазифага танқидий ёндашади. Баъзи ходимлар муаммоли ходимлар таъсирида бўлади. Муаммоли ходимлар сирасига ўз ишининг устаси бўлмаган, билими паст нопрофессионал мутахассислар ҳам киради.
Муаммоли ходимларнинг пайдо бўлиши ва уларга ёндашувлар:
1. Ишга қабул қилишда сифатга эътибор қаратмаслик;
2. Вазифаларнинг аниқ тақсимланмаганлиги;
3. Ходимнинг олий таълим корпоратив маданиятига мос келмаслиги;
4. Муаммоли ходимнинг касбий фаолияти, илми, тажрибаси ва жамоага қўшаётган улушига қараб, ундан қутулиш ёки қутулмаслик вазифасини қўйиш керак;
5. Раҳбар ўз жамоасидаги муаммоли ходимларнинг сонини аниқлаши керак, агар улар кўпчиликни ташкил этса, раҳбарнинг ўзи ҳам муаммоли раҳбар бўлиши мумкин;
6. Муаммоли ходимларга кўпроқ эътибор қаратиб, жамоага фойда келтиришга жалб этиш лозим;
7. Раҳбар муроса йўлини топиши лозим.
Раҳбар муаммоли ходим билан ишлашда қуйидаги инструментларни қўллаши лозим:
• муаммоли ходим билан яккама-якка суҳбат олиб бориши яхши эффект бериши мумкин. Ҳолатни баён этиш, “ерга тушириш”, мотивациялаш, назорат қилиш муаммоли ходим билан ишлашда қўл келади;
• муаммоли ходимга обрўли ходим орқали таъсир ўтказиш самара бериши мумкин;
• Муаммоли ходимни узоқ муддатда бажариш лозим бўлган янги вазифалар билан банд қилиб қўйиш йўлларини излаш;
Раҳбар яхши билиши керакки, идеал ишхонанинг ўзи бўлмайди. Муаммоли ходимнинг бўлиши –бу раҳбарнинг бошқара олиш устамонлиги, жамоага таъсир эта олиши, ташкилотчилик қобилияти, узоқни кўра олишини аниқлаш учун берилган синов.
Шоҳиста Ўлжаева
тарих фанлари доктори
Сўнгги фикрлар