Ғалаба боғида шод кезар руҳлар
Ғалабанинг 75 йиллигига
(Генерал Собир Раҳимов ва содиқ сафдошлари хотирасига)
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил ёзида Олмазор туманида Ғалаба боғи барпо этиш юзасидан кўрсатмалар бериб, бу боғ халқимизнинг Ғалабага қўшган ҳиссасини намоён этиши, ота-боболаримизнинг қаҳрамонлигини абадийлаштириши, Иккинчи жаҳон уруши муҳити, ватандошларимиз қатнашган жанглар ҳақида маълумотлар акс этиши зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Бу дориломон кунларни раҳматли отам кўрганида эди…
Курраи заминни ларзага келтирган Иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан Эшбек бувамнинг тўрт ўғли иштихонлик тенгдошлари қатори жангга кетди. 1941 йил июнь ойида Самарқандда зудлик билан ташкил этилган “Ўзбек дивизияси” сафида Суннатилла, Омон, Исмон амакиларим ва эндигина 19 ёшни қаршилаётган отам Усмон Эшбековлар кўнгиллилар қатори фронтга отланган.
Тўрт ўғлини қайта кўриш бувамга, отани сўнгги манзилга кузатиш шу ўғлонларига насиб этмаган…
Уруш балоси не эканини гўдакликдан ҳис этиб улғайганмиз. Ўнг қўлининг ярмидан жудо бўлиб келган отам тинчлик, осойишта ҳаёт қанчалик бебаҳо неъматлиги ҳақида гапирганида шундай дориломон кунларни кўрмай кетган акалари, сафдошларини эслаб, кўзлари ёшланарди…
Тошкентдаги Мустақиллик майдонида урушдан қайтмаган собиқ жангчилар хотирасига ўрнатилган улкан китобларда раҳматли амакиларимнинг зарҳал ҳарфлар билан ёзилган муборак исм-фамилиясини ўқиган чоғим кўзимдан шашқатор ёш оқаверади.
1943 йил адоғи ва 1944 йил бошларида отам ва акаси Исмон амаким ногирон ҳолда кўкси орден-медалларга тўлиб қайтиб келган. Асли касби ўқитувчи бўлган отам уруш туфайли ёпилиб қолган қишлоқдаги мактабни қайтадан очган ва узоқ йиллар ёш авлодга таълим-тарбия беришда давом этган. Уруш даври ва ундан кейинги йиллари қашшоқлик гирдобидаги мамлакат иқтисоди, қишлоқ хўжалигини тиклаш ишларидан четда турмаган отам бошқа соҳаларда ҳам фаолият кўрсатган.
“Ўзбек дивизияси” ҳақида эшитганларимни болалик шуурим билан унча тушунмагандим. Севимли санъаткоримиз, истеъфодаги полковник Икромжон Бўроновдан шу ҳақда сўрадим. Саксонинчи баҳорини қаршилаган Икромжон ака ўша суронли дамлар ҳақида шундай деди:
– Урушнинг дастлабки кунлари Самарқандда генерал Миркомил Миршаропов бошчилигида “Ўзбек дивизияси” ташкил этилганини яхши биламиз. Ўзбек ўғлонлари кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида кўп китоблар ёзсак арзийди. Афсуски, шу кунга қадар ёзилганлари жуда кам… Фронтнинг олд қисмига ташланган “Ўзбек дивизияси”да жанг қилган отамнинг айтганлари хотирамда жонлана бошланди. Бу дивизия Сталинград жангларида фашист газандаларининг додини бериб, урушда туб бурилиш ясашга катта ҳисса қўшган. Тиш-тирноғигача қуролланган йиртқичларнинг “тишини синдирган” азамат жангчиларимиз фронтнинг қоқ ўртасидан вазият ўзгаришга ва фашист-босқинчиларини чекинишга мажбур қилишган!
Афсуски, қақшатқич жангларда “Ўзбек дивизияси” жуда кўп талафотлар кўрган. Сўнг, анча камайиб қолган аскарларини бошқа қисмларга қўшиб юборган экан. Отамларнинг ротаси Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-гвардиячи ўқчи дивизияси таркибида жангни давом эттирган.
– Ўзбек жангчилари ғурурланадиган қўмондонимиз Собир Раҳимовни кўпинча оддий аскарлар орасида кўрардик, – деб хотирларди отам. – У киши ҳар қандай вазиятда ҳам вазминлик ва мулоҳазакорлик билан иш тутарди. Энг оғир дамларда ҳам аскарларга ғамхўрлик кўрсатарди. Ўзининг шижоати ва қатъий иродаси билан ҳаммага руҳий тетиклик бахш этарди. «Бир қадам ҳам ортга чекиниш йўқ!» деган шиор қўмондонимизнинг қандай мардона қадам ташлашини кўрсатар эди. Унга ўзи қатъий амал қилар, шу тариқа минглаб аскарларни ортидан эргаштирар эди.
Хотиралар кўз ўнгингизда жонлана бошлайди. 1902 йилда туғилган Собир Раҳимов ота-онасидан эрта етим қолгач, Тошкентдаги қариндошлари қўлида вояга етган. Болалигидан чиниққан, эпчил ва чапдаст йигит орзуси зобит бўлиб, Ватанига садоқат билан хизмат қилиш эди. 1922 йили армия сафида хизмат қила бошлаган кезлари ниятига етган бўлса ажабмас. 1922-1925 йилларда Бокудаги ҳарбий мактабда таҳсил олгач, Самарқанддаги ўзбек отлиқ дивизиясида ҳарбий фаолиятини бошлаган. Йиллар давомида армия сафларида чиниққан ўзбек ўғлони Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар полковник унвони билан масъул лавозимларда ишлаган. 1941 йил июль ойида у танк дивизияси таркибидаги моторлаштирилган полк командирининг ўринбосари эди. Унинг полки июль ойи бошларида биринчи марта жангга кирган.
Қирғинбарот жангларда мард ва жасур командир ҳарбий маҳоратини кўрсатиб, душманнинг кўп режаларини чиппакка чиқарарди. Кучли моторлаштирилган техникага эга фашистлар қора кўланкадек бостириб келишда давом этарди. Ўзбек қўмондони эса жангчиларини олға бошларди. Қарши ҳужум душманни саросимага соларди. Қақшатқич жангларда фашистлар бир неча бор чекинишга мажбур бўлган, бироқ, яқин атрофда портлаган мина Собир Раҳимовни ярадор қилган.
– Ростов шаҳри атрофида жанглар қаттиқ бўлганди, – дея чуқур тин олиб сўзларди отам. – Ўшанда полкимиз душманнинг катта қисмини асир олгани сира ёдимдан чиқмайди. Уларнинг 30 та танки, 17 та тўп ва 30 пулемёти, 250 та ҳарбий машинаси, анжом-аслаҳалари қўлга киритилганди. Ўшанда Собир Раҳимов ва кўплаб жангчилар турли орден ва медаллар билан тақдирланган эдик. Ҳаммамизга туғишган акамиздек қадрдон бўлиб қолган Собир Раҳимов 1942 йил ёзида дивизия командири этиб тайинланди. Ўзбек ўғлонининг жанговар салоҳияти, саркардалик қобилиятига яраша берилган бу вазифа биз учун шараф эди. Шундай ғурур билан жангга кириб, уч ой орасида душманнинг 8 минг аскар ва офицерини қириб ташлаганимиз ҳақида фронт газеталарида ҳам мақолалар ёритилган эди. Собир Раҳимов бошлиқ дивизия Краснодар йўлидаги душман мудофаасининг 3 линиясини босиб ўтиб, шаҳар озод этилишига улкан ҳисса қўшгани катта воқеа бўлган. 1943 йил март ойида Собир Раҳимовга генерал-майор унвони берилганида барча ўзбек аскарлари жуда фахрланган. Шу тариқа полкимиз жангчиларини ардоқлаб «Раҳимовчилар» деб атайдиган бўлганди. «Раҳимовчилар» энг қийин шароитларда зафар қозониш рамзи бўлиб қолганини барча эътироф этарди. Оддий халқ ичидан чиққан ва ҳаммага бениҳоя меҳрибон инсон Собир Раҳимов ҳар бир аскар учун туғишган оға-инидек бўлиб қолган эди. Уруш пайти жангчиларга руҳ ва мадад берадиган куч – шу меҳр ришталари бўлган. Биз Собир ака тимсолида ўзбекнинг ҳақиқий ғурурини, матонатини кўрардик ва ундан ўрнак олишга интилардик. Белорусь тупроғида кечган жангларимизда генерал-майор Собир Раҳимовнинг ҳарбий саркардалик маҳоратига маршаллар тан бергани ҳақида эшитиб, ғурурланардик. Бу ғурур катта куч бағишлар ва фақат ғалабага ундарди.
– 1945 йил 26 март куни генерал-майор Собир Раҳимовнинг жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлгани ҳақида машъум хабарни эшитганда туғишган жигаргўшамиздан айрилгандек йиғладик, – дея хотирларди отам. – Ғалабага эришиш арафасида қаҳрамонларча ҳалок бўлган қўмондонимиздан жудо бўлиш нақадар оғир эди. Кўз ўнгимда ўзбек генераллари ҳамон савлат тўкиб тургандек туюлаверади. Фақат шунча қаҳрамонлик кўрсатган генерал-майор Собир Раҳимовга нега қаҳрамонлик унвони берилмаганини тушунмасдик. Унга ҳатто маршаллик унвонини беришса ҳам арзирди… Шукрки, она шаҳри Тошкентда дафн этилган ўзбек генералига вафотидан 20 йил ўтиб бўлса-да Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган.
Отам қачон Тошкентга келса албатта Собир Раҳимовнинг маҳобатли ҳайкали қошида узоқ ўйга чўмиб ўтирарди. Собиқ қўмондонини зиёрат қилиш асносида у билан руҳан “дардлашаётгандек” бўларди. Гоҳо отамнинг кўзларида шашқатор ёшларни кўриб эзилиб кетардим…
1995 йили отажонимни сўнгги манзилга кузатдик…
Орадан кўп ўтмай урушда «темир генерал» деб ном қозонган Собир Раҳимов ҳайкали негадир олиб ташланганида юрагим дарз кетганди…
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан генерал Собир Раҳимов ҳайкали Олмазор туманидаги тарихий жойига қайтарилганида жуда енгил тортдим.
Бугунги кунда ўзбек генерали Собир Раҳимовнинг маҳобатли ҳайкали атрофида барпо этиладиган Ғалаба боғи муқаддас зиёратгоҳлардан бирига айланади, албатта. Бу гўшада улуғ қўмондони билан ёнма-ён раҳматли отам каби халқимизнинг қаҳрамон ўғлонлари руҳлари шод бўлишига ишонаман.
Тўлқин ЭШБЕК,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси
http://uza.uz/oz/culture/alaba-bo-ida-shod-kezar-ru-lar-07-05-2020
Сўнгги фикрлар