Бугун Ўзбекистонимизда ёришган тонгни рамзий маънода — Ғолиблар тонги дегим келди, дейди Дониш домла.
Бир неча кундан буён 25 ноябрь тонгида уч полвон йигитимиз АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида профессионал бокс жангларида рингга чиқишини интизорлик билан кутаётган эдик. АҚШда оқшом чўккан пайтида бўлиб ўтган бу спорт беллашувида ўзбек полвонлари рингда АҚШлик ва мексикалик манаман деган рақиблари устидан қоғонган ажойиб ғалабалари қалбларимизни тўлқинлантириб юборди. Биз учун — Ғолиблар тонги (уларнинг мухлисларига мағлубият туни) бошланди.
Ўзбеклардан кейин рингга кўтарилган қардошимиз — Россиялик 27 яшар полвон (унинг чеҳраси ўзимизнинг йигитларга жуда ўхшар экан!) 36 ёшли (ўйин бошланишидан олдинги хатти-ҳаракатларидан жуда мақтанчоқдек таассурот қолдирган) ҳабашни мағлуб этганида ҳам қувониб кетдик.
Ғолиблар тонги абадий бўлсин, азиз юртдошлар!
***
Якшанба тонгининг хушхабарлари: Шаҳрам, Исроил ва Муроджондан ажойиб ғалабалар
Уч боксчимиз ҳам жангларни муддатидан аввал ўз фойдаларига ҳал этишди.
Якшанба тонги ўзбекистонлик бокс мухлислари учун океан ортидан янграган хушхабарлар билан бошланди. АҚШнинг Атлантик-Сити шаҳрида бўлиб ўтган профессионал бокс оқшомида уч нафар ўзбекистонлик боксчилар рингга кўтарилишди ва уччаласи ҳам рақибларини муддатидан аввал мағлубиятга учратишди.
Оқшом жангларида ҳамюртларимиздан биринчи бўлиб бухоролик Шаҳрам Ғиёсов рингга кўтарилди. Шу кунгача профессионал боксда бешта жанг ўтказиб, унинг тўрттасида муддатидан олдин ютуқни қўлга киритганди. Мексикалик Мигель Замудиога қарши бу галги рейтинг жанги ҳам юртдошимизнинг тўла устунлигида ўтди.
Боксчимиз саккиз раундга мўлжалланган жангнинг биринчи раундидаёқ рақибини нокаутга учратди. Шаҳрамнинг зарбаларидан ўзига кела олмаган ва икки бор вақт чўзилмаганлигини инобатга олмаганда биринчи раунднинг 47-сониясида бош ҳакам жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Шу т ариқа юртдошимиз фаолиятидаги олтинчи ғалабасини тантана қилди.
Ваҳоланки, Шаҳрамнинг рақиби Замудио анча тажрибали боксчилар сирасига киради. 27 ёшли мексикалик профессионал боксда 54 маротаба жанг қилишга улгурган. Жангларнинг 41 тасида ғалаба қозонган (25 таси нокаут эвазига), 12 та жангда эса мағлубият аламини тотиб кўрган (10 та нокаут). Яна битта жангда дурангга эришган.
Профессионал боксдаги дебютини нишонлаган Исроил Мадримов чемпионлик камари учун мексикалик Владимир Эрнандесга қарши рингга кўтарилади ва тинимсиз устунлигига қарамай олтинчи раунда рақибини таслик эта олди. Ҳамюртимиз профессионал рингдаги илк жангини мексикалик Владимир Эрнандесга қарши ўтказди.
10 раундга мўлжалланган жангнинг олтинчи раундида ҳамюртимиз рақибини нокаутга учратди ва проф рингдаги фаолиятини ғалаба билан бошлади. Боксчимиз ушбу ғалаба орқали дебют жангидаёқ WBA Intercontinental камарига эга чиқди. Исроилнинг рақиби ҳам анча тажрибали ҳисобланади. Эрнандес проф боксда 13 т жанг ўтказиб, 10 тасида ғалаба қозонган. Олтита жангда рақибларини нокаутга учратган. Мадримовга қарши жангда у учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.
Ва ниҳоят, юртдошларимиздан сўнггиси сифатида рингга чиққан Муроджон Аҳмадалиев ўзига тегишли бўлган WBA International чемпионлик камарини америкалик Исаак Заратедан ҳимоя қилди.
Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати совриндори, Осиё чемпиони Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги бешинчи жангини ҳам кўтаринки руҳда ўтказди ва кутилганидек у ҳам ғалабасини нишонлади. 10 раундга мўлжалланган жангнинг барча раундларини фаол ўтказган ҳамюртимиз тўққизинчи раундга келиб рақибини нокаутга учратди.
Аҳмадалиев профессионал фаолияти давомида бугунгиси билан қўшиб ҳисоблаганда беш маротаба рингга чиққан ва уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг тўрттасини нокаут эвазига ўз фойдасига ҳал қилган. Унинг бугунги рақиби Зарате эса 23 та жанг ўтказиб, 16 та ғалабага эришган. Учта жангда дуранг қайд этилган ва яна 4 та баҳсда мағлубиятга учраган.
Ойбек Юнусов, ЎзА
http://uza.uz/oz/sport/yakshanba-tongining-khushkhabarlari-sha-ram-isroil-va-murodzh-25-11-2018
Сўнгги фикрлар