Қайдадур ул муҳаббат…

Бугунги кунда ёшларимиз орасидаги севги-муҳаббатга назар

солиб, беихтиёр ҳайрат ёқасини ушлайман. Боз устига кўпчилиги баралла “севгига ишонмайман, у йўқ” дея, ишонч йўқолганини “эътироф” этишади.

Ҳазрат Навоий бир рубоийларида:

Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун,

Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун.

Ишқсиз ул танки, онинг жони йўқ,

Ҳуснни нетсун кишиким они йўқ.- дея бежиз айтмаган.

Эндиликда олдинги замонлардагидай, йигит ва қизларимизнинг баҳру-байтлари, саволу-жавоблари ёки бўлмасам ҳусну малоҳат таърифига бағишланган шеърлар, лапарлар, яллалар ва ҳоказолар, ҳеч бирини учратмайсиз. Гўзал ёр таърифига бағишланган сўзлар эса асаб бузувчи ибораларга айланиб қолгандай гўё…

Илгариги ёшлар ўз ёрларига атаб шеърлар ёд олишган, бунинг натижасида уларда кучли “қувваи ҳофиза”, эслаб қолиш салоҳияти ҳамда инсоннинг ҳайвондан фарқлантириб турувчи қалб покизалигига эришилган. Муҳаббат инсонга инсонийлик билан боғлиқ жудаям кўплаб фойда келтирган. Бундан ташқари тафаккур юрита олиш салоҳиятини шакллантиришда ҳам муҳаббатнинг ўрни алоҳида эътиборга молик.

Тўғри, замонлар тўхтаб қолмайди. Замон вақтнинг қурбони. Аммо бу инсонийлик, эҳтирос ва самимиятга бой муҳаббат ҳам эндиликда бизни тарк этиши керак, дегани эмаску.

Бугунги кун ошиқ ва машуқаларига қараб ачинасан киши. Қуруқ ҳою-ҳаваслар, бойлик ҳақидаги чўпчаклар, турли кўринишдаги баландпарвоз мақтанчоқликлар, олди-қочди майнавозчиликлар ва алламбалолар… Бир-бирлари билан узундан-узоқ суҳбатлар қуриб ўтиришлар яхши бўлса бордир, лекин фикрсиз, илмдан йироқ, маъно ва мазмун яқинига йўламайдиган суҳбатларнинг кимга ва нимага кераги бор… жавоб тополмайсан. Жавоб топишга ҳам эҳтиёж қолдиришмайди. Оғиз очиб кўрингчи, “китобий гапларингни фалон жойга бориб айт” дея, ёқангизга ёпиштириб, гапларингизга пушаймонлик тамғасини ёпиштиришади.

Бойлик, мол-дунё… эҳ эссиз! Пайғамбаримиз “Фақирлик фаҳрим менинг” деб нега айтганларини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бугунги кун дунёқарашини забт этиб бўлган биргина реал ҳақиқат: бойлик, мол-дунё, тамом! Ҳамма нарса шу билан ўлчанади. Бахт ҳам, муҳаббат ҳам ўша мол-дунёнинг измида. Қаерга борсангиз боринг. Китобий сўзларингиз билан бошимизни қотирманг!

Қаерга ҳам борардик… Дардимизни, фикру шууримиздаги қўйилиб келаётган сўзларни изҳор этмоққа оқ қоғоз ва қалам бор. Сийқаси чиққан бўлсада, айтай: қиз боланинг жамики бойлиги-унинг иффати ва номусидир. У ҳар қандай мол-дунёдан қимматлироқ. Йигитнинг ғурури ва мардлиги ҳам худди шундан кам баҳоланмайди. Шоҳдан шоҳга қўниб юриш мардлик ва ғурурдан анча йироқ тушунча бўлган “пасткашлик” эканини англаш қийин эмас аслида.

Уруғидир, аймоғидир ё биронта маймоғидур буларни тушунтирмаса, ёшларимизга ким тушунтирар экан…

Соф севгидан, самимий, тоза юраклардан сизга – САЛОМ АЗИЗ ЎЗБЕК ЁШЛАРИ!

 

Ражаббек Ражабов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази,

Маданият ва санъат ташкилотлари билан

ишлаш бўлими бошлиғи

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *