Қаймоқ яхшими ё ғалва?

Иккита хотин олгунча, иккита сигир олсанг-чи! Ғалва ичра яшамай, сут, қаймоққа тўйсанг-чи!

Қуйидаги қўшхотинлик балоси ҳақидаги мақолани ўқиб Дониш домла беихтиёр ўша сатрларни қоғозга туширди. Ҳақиқатан ҳам иккита сигир олсангиз, сут-у қаймоққа тўясиз! Бу ишингиздан мамнун бўлган жуфти ҳалолингиз ҳам сизга олам лаззатини бахш этади-ку! Ана шу фариштадек жуфти ҳалолингиздан қўймасин, биродар! Иккита хотинли бўлиш икки дарё ўртасида бахтсизлик гирдобига ғарқ бўлиб кетишга олиб келади… Энг ёмони, икки ожизани ҳам бахтсиз қилиб, кўзларини ёшлаганингиз қолади… Ундан кўра, ўз жуфти ҳалолингизни қаймоққа тўйғизиб, ўзингиз сарёғдек ялтираб юрганингиз яхши эмасми, дейди яна Дониш домла куюнчаклик билан.

Шаръий адолат ёки қўшхотинлик

Аввалдан эслатмоқ лозим: мамлакатимиз қонунлари қўш ва кўпхотинликни ман этади. Аммо, жамиятда амалдаги қонунларни билиб-билмай четлаб ўтмоқчи бўлган шахслар ҳам йўқ эмас.

Қуйидаги мулоҳазаларимиз ана шундай кишилар тафаккурига зиё олиб кирмоқ, шаръий никоҳнинг ўзига хос талаб ва ҳукмларини эслатиб қўймоқдан иборатдир.

Оила — бу муқаддас қўрғон, мажозий маънода ифодалаганда, мўъжаз бир музофат. Оила соҳибларидан қай бирининг маънавиятдан чекиниши, гўзал ахлоқ мезонларига дарз кетказиши ўз номи ўзи билан хиёнат, деб аталади. Одатда хиёнат кечирилмайди.

Афсуски, айрим юртдошларимиз бугунги тўкин-сочинлик, файзу-барокат, тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётган эмин-эркин замонамизда кўнгил истакларига майл қўйиб, хотин устига хотин олишни ихтиёр этмоқни қўмсаб қолаяптилар. Аксарият ҳолларда бундай эркаклар меъёрий ҳужжатларни яхши билмаганлари ва шаръий ҳукмлардан ҳам бехабарлиги боис, шундай мулоҳаза ва ҳавойи орзуларга бериладилар.

Аслини олганда, эр киши учун бир оилани бекаму кўст таъминлаш, қарамоғидагиларга эътиборли, меҳр-муҳаббатли бўлиш, уларнинг тарбияси билан шуғулланиш ва келажакда ўз меҳнатлари ҳосилини кўриб, завқланишдан ортиқ бахт бормикан?

Ана шундай ҳою ҳаваслар ақлу ҳушини ўғирлаган зотлар ҳам хаёлларини рўёбга чиқармасдан аввал теварак-атрофга, мозий ва яқин тарихимизга бир назар ташлаб кўришларини маслаҳат берган бўлардик. Ўйлаб кўринг, улкан сарҳадларни қўл остига олиб, йирик салтанат яратган бобомиз Амир Темур давлати чок-чокидан сўкилиб кетишига кимлар сабаб бўлди? Тан олиб айтмоқ жоизки, шундай қудратли юрт жигар- гўшалар, ўгай ака-укалар ўртасида талашда қолди, десак янглишмасмиз.

Энди масалага янада яқинроқ манзилдан далил излайлик. Сиз таниш-билишлар, ёр-оғайнилар, зодагону пулдорлар, раҳбарлару тадбиркорлар орасида қўш хотинли кишиларни биласиз ёки учратгансиз. Эҳтимол, сиз таниганларнинг айтгани-айтган, дегани — деган, пичоғи мой устидадир. Аммо, хулоса чиқаришга шошилмайлик. Ҳар бир тақдир пировард натижага қараб баҳолангай. Шу чоққача қўшхотинлиларни умрининг охирига қадар шоду ҳуррамликда, бахту саодатда, нашъу номада яшаб ўтганини эслаш қийин. Чунки, кундошлар тил топишишлари мумкин, аммо ўгай ака-укаларнинг бир ёқадан бош чиқаришлари амри маҳол. Чунки, ўртада мерос масаласи бор. Шунинг учун ҳам ҳазрати Али «Кундошлар мағрибу машриқ кабидир, бирига яқинлашсанг, иккинчисидан узоқлашасан», деб насиҳат қилган эди.

Лекин, бу ҳали ҳаммаси эмас. Асосий мезон — бу шаръий адолатда.

Қутбуддин Изникийнинг «Муршиди Мутааҳҳилийн» («Ёш келин-куёвларга маслаҳатнома») асарида шундай ёзилади: «Икки ёки ундан ортиқ хотини бўлган киши аёллар ўртасидаги адолат қоидаларига риоя қилмоғи шарт. Хотинлардан бировини бева, бировини ёш олганми, бировини мусулмон, бировини аҳли китоблардан, яъни христиан ёки яҳудийларнинг имонлисидан олганми, бунинг фарқи йўқ: адолат қилишга мажбур!

Фақиқ Абдуллайс Самарқандий айтади: «Бир киши хотинлари орасида адолат ҳукмларига риоя этишига ҳақиқатан ишонсагина икки хотин олиши мумкин. Эрнинг хотинлари орасидаги адолат эса ушбулардир: нафақаларини, яшайдиган уйларини таъминлайди, барча масалада тенглик қилади. Ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Бир кишининг икки хотини бўла туриб, биттасига кўпроқ майл этса, қиёмат куни бир томони ўпирилган ҳолда тирилади».

Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: «Итоатли, латиф, покиза ва ширинсухан хотинли эрлар бошқа уйланмаслиги лозим. Чунки, аёллар ўртасида адолат ва мусоват (тенглик) ўрната олмаганларнинг жойи жаҳаннам!».

Айримлар ҳаётда қийналиб қолган беваларни ҳифзи-ҳимояга олиб, рўзғорига, фарзандлари тарбиясига кўмаклашиши савоб эмасми, деган саволни кўндаланг қўядилар.

Имомларимиз бу мурожаатларга «Агар биринчи хотинингиз қаршилик билдирмаса, яъни рози бўлса, унда шариат ман этмайди», дея жавоб берадилар. Лекин, халқимизнинг «Эр бермоқ — жон бермоқ» нақлини ёддан чиқармаган ҳолда бир фикрга келмоқ жоиз.

Шу ўринда яна бир ривоятни ёдга олиш ўринлидир. Замонамизнинг солиҳ ва оқил зотларидан бирининг икки хотини бор экан. Иттифоқо, иккаласи ҳам бир кунда рихлатга чекинибди. Фозил киши ўйга толибди: адолат юзасидан энди қай бирини эшикдан аввал чиқармоқ керак? Ниҳоят йўлини топибди. Шартта деворни буздириб, яна бир дарвоза қурдирибди. Иккала тобут бир пайтда охирги манзилга кузатилибди.

Дафн маросимидан сўнг, ўзи қўллаган тадбирдан кўнгли тўлган ориф киши кечқурун уйқуга кетибди. Тушига катта хотини кирибди, у анча ғамгин, дилгир сўзлашибди. «Нега хомушсан?», деган сўроғига «Ахир нега азобланмай, янги кўзанинг суви тоза деганларидай, ёш хотинингизни янги дарвозадан, мени эса сийқаси чиққан остонадан кузатдингиз!», деб жавоб қайтарибди.

Ана шунақа, қўшхотинликнинг ўзига яраша ҳукмлари борки, Аллоҳдан қўрққан банда албатта, оёғи остидан кўра, етар манзилини тафаккур қилади, оила бобида давлат ва жамият олдидаги бурч ва масъулиятни ҳеч қачон унутмайди.

Абдумутал АБДУЛЛАЕВ

http://hordiq.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *