Қалбларга муҳрланган Самарқанд
Ёшларни маънан ва руҳан рағбатлантириш, буюк келажакка бўлган
интилишларини янада юксалтириш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шу йил Наврўз умумхалқ байрамида университетимизда ўтказилган спорт мусобақалари, турли танловларда ғолиб бўлган бир гуруҳ иқтидорли талабалар кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрига саёҳатга бордилар!
Эрта тонгда Тошкент вокзалидан “Афросиёб” тезюрар поездига ўтирган талабалар хурсандчилигининг чеки йўқ. Икки соатдаёқ фусункор Самарқанд шаҳрига етиб келдик! Бизни бу ерда махсус автобус кутиб олди. Шаҳар бўйлаб саёҳатни бошладик. Дастлаб Имом ал-Бухорий зиёратгоҳига бордик. Муқаддас ислом дини тарихида ўчмас из қолдирган бобокалонимиз руҳига тиловат ўқилди.
Буюк аждодимиз Мирзо Улуғбек расадхонасини мўъжиза, деб аташ ҳам камлик қилади. Расадхонага ташриф буюрар экансиз, гўё коинот сари парвоз этаётгандек ҳис этасиз ўзингизни. Ўз даврида 1018 та юлдуз-у осмон жисмларини кашф қилган Мирзо Улуғбек бобомизнинг ақлу заковатига тан берасиз. Расадхона ёнида музей ҳам жойлашган бўлиб, унда ўша даврга оид тарихий топилмалар, астрономик асбоблар, китобларни кўриб ҳайратга тушасиз.
Самарқанддаги “Хумо чойхонаси”ни кўрмабсиз – дунёга келмабсиз, деган гап бежиз айтилмаган экан…
Буюк бобокалонимиз, дунё тарихида ўчмас ном қолдирган давлат арбоби, саркарда Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш асносида миллатимизнинг нечоғли улуғворлигини яна бир каррра дилдан ҳис этдик.
Жумлаи жаҳонни мафтун этган Регистондаги Шердор, Улуғбек ва Тиллакори мажмуалари ўзининг бетакрор жозибаси билан ҳар қандай инсонни сеҳрлаб қўяди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов зиёратгоҳига айланган Ҳазрати Хизир мажмуасида тиловатлар ўқилар экан, улуғ сиймонинг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган оташин сўзлари қулоқларимиз остида яна бир бора жаранглагандек туюлди…
Кечки салқинда “Афросиёб” тезюрар поездида жонажон Тошкентга қайтар эканмиз, таассуротларимизни сўз билан ифода этишга қалам ожизлик қиларди!..
Биз ёшларга пухта билим, муносиб таълим-тарбия бериш билан бир қаторда маънавий камол топишимиз учун шундай тадбирлар, саёҳатлар ташкил этаётган Миллий университетимиз раҳбариятига, касаба уюшмаси қўмитасига ва азиз устозларимизга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
Беҳрўзабону Абдуназарова,
ЎзМУ Журналистика факультети 1-курс талабаси.
Сўнгги фикрлар