ҚАЛДИРҒОЧЛАР УЧАЖАК…
Шоир Йўлдош Эшбекка
Иккимиз ҳам иштихонлик Эшбек боболар зоти,
Бизга бирдек қизғалдоғин сийлиқ этгандир Оқтов.
Бизга бирдек илҳом берган қалдирғочлар қаноти,
Сиздан ўтиб унга ким ҳам бита олибди мақтов…
Мана қирқ йил Тошкент нони насиб этибди бизга,
Соғинтирса юртим сизнинг шеърингизга юкундим.
Сиз бор экан, ғам денгизи келмайди сира тизга,
Ўн акаси бор боладек на сиқтаб, на ўкиндим.
Янги замон бахшиси Сиз, ўланчиси даврнинг,
Сиз, овози Асқартоғлар қоясига солган дарз!
Биз ёшларга андозаси бўлган улуғ сабрнинг,
Бир укалик меҳри эрур заммамда қиёмат қарз!
Ватан ишқи эрур лим-лим шоирнинг илҳом жоми,
Бундай ижод йитмай бадар, мудом зафар қучажак.
Доим тилда бўлар шаксиз Йўлдош Эшбекнинг номи
Токи юртнинг осмонида қалдирғочлар учажак!
Тўлқин ЭШБЕК
Сўнгги фикрлар