Қаҳрамонлар мангу яшайди
Замонлар ўтган сари турфа воқеликларнинг сараги саракка, пучакка
чиқиб қолаверади. Ўтмиш ҳақида эҳтиросга берилиб ё бошқа мақсадларда айтилаётган холис-нохолис гаплар ҳам худди шундай. Энг ёмони, қайсидир амалдорга яхши кўриниш учун ялтоқланиб ўтмишга тош отишдир. Таассуфки, бундай мудҳиш ҳолларни раҳматли Шароф Рашидов вафотидан сўнг кўриб, миллионлаб миллатдошларимиз азият чеккан эдилар. Яна бир бора афсуски, ҳамон кечаги ўтмишимизга ҳам «тош отишга тиш қайраб» юрганлар йўқ эмас… Шундай бир вазиятда узоқ йиллар давлат ва жамоат арбоби сифатида ном қозонган иқтисод фанлари доктори, профессор Мавлон УМУРЗОҚОВдек забардаст миллатдошимизнинг ўтмишга холисона ёндашиб ёзган қуйидаги таҳлилий мақоласи ёш ижодкорлар учун катта сабоқ, таъбир жоиз бўлса, маҳорат мактаби бўлмоғи жоиз. Шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, ўтган асрнинг 70-йилларида мактабга борган бизнинг тенгдошлар, замондошлар ўша суронли воқея-ҳодисалар ичида улғайганмиз. Катта мансабларда ишламаган бўлсам-да оддий ижодкорлар қатори раҳматли Шароф Рашидов, Ислом Каримовларнинг ўзларини ҳам, фаолиятларини ҳам ўз кўзим билан кўрганман. Бу борада ўз фикрим, аниқ хулосаларим бор. Узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатишган давлат ва жамоат арбоблари бўлишган Исмоил Жўрабеков, Мавлон Умрзоқовларнинг залворли фаолиятларига ҳам шоҳидмиз. Уларнинг ибратли жиҳатлари жуда кўп, албатта. Вақти келиб улар ҳақида туркум очерклар ёзиш ниятидаман.
Бой ўтмишимиз ҳақида ҳали бундай таҳилилий мақолалар кўплаб ёзилиши аниқ. Фақат, холислик ва энг муҳими, келажакка нафи тегадиган, ибрат оладиган жиҳатларига кўпроқ урғу бериш мақсадга мувофиқдир.
Тўлқин ЭШБЕК,
публицист
Мавлон УМУРЗОҚОВ: Бу кунларга етганлар бор…
Ҳар бир раҳбар ходимнинг обрў-эътибори ва мавқеи, энг аввало, унинг эл-юрт равнақи йўлидаги меҳнати билан белгиланади. Шукрки, мамлакатимизда бундай инсонлар сафи кенг.
Хусусан, моҳир сиёсатчи, сув хўжалиги бўйича Марказий Осиёда етук мутахассис, ўта талабчан, ташаббускор ва ташкилотчи раҳбар Исмоил Ҳакимович Жўрабековни нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларда ҳам яхши билишади ва ҳурмат қилишади. У фаолиятини Усмон Юсупов давридан бошлаб, Шароф Рашидовдай донишманд ва бунёдкор инсон раҳбарлигида ишлади, мамлакатнинг мартабали лавозимларида меҳнат қилди. Шунингдек, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов, Ислом Каримовлар мамлакатни бошқарган ўта зиддиятли даврларда ҳам Исмоил Ҳакимович давлат бошқарувининг муҳим бўғинларида фаолият кўрсатиб, эл-юрт корига яраган инсонлардан бўлиб қолди.
Исмоил Ҳакимовични 1985 йилдан бери биламан. У киши республиканинг барча вилоятлари, шаҳару туманлари, қишлоғу маҳаллаларини бир неча марталаб айланиб чиққан. Қаерга бормасин, Исмоил Ҳакимович нафақат туман раҳбарлари, ҳатто колхоз-совхозлар раислари ва бригада бошлиқларини ҳам исми-шарифини айтиб чақирарди. Бундай яқинлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, албатта.
Ўзбекистон аграр соҳага ихтисослашган республика ҳисобланарди. Қишлоқ хўжалигининг тараққиёти бевосита ирригация ва мелиорация соҳасининг нечоғлик ривожлангани билан белгиланади. Умрини, жўшқин фаолияти ва бор салоҳиятини сув хўжалиги ривожига бағишлаган инсон сифатида Исмоил Ҳакимович кун тартибидаги масалаларни кабинетда ўтириб ҳал қилиб бўлмаслигини яхши тушунар эди. Шунинг учун у мамлакатни кадамма-қадам кезиб чиқади. Деҳқонлар, оддий сувчилар ва мироблар билан яқиндан суҳбатлашади. Уларнинг ўй-ташвишларига қулоқ тутади, мавжуд муаммоларни бартараф этишга доир мулоҳазаларини ўртоқлашади. Бу, ўз навбатида, соҳа ривожига хизмат қиладиган халқчил қарорлар ва лойиҳалар қабул қилинишига хизмат қилади. Бу билан чекланиб қолмасдан, Исмоил Ҳакимович шу қарор ва лойиҳа изидан бориб, уни амалга оширишда бевосита иштирок этади, камчиликлари бўлса, тузатади, ижрочиларга ёрдам беради. Деҳқоннинг камтар дастурхонида таомланиб, чўпоннинг оқ шўрвасидан ичиб кетаверади.
Шу тариқа вазир, Бош вазир ўринбосари, Президентнинг Давлат маслаҳатчиси мавқеида туриб ҳам қишлоқ аҳлининг “ўз одами”га айланиб қолган эди.
Ҳалқимизда шундай ҳикматли гап бор: “Баъзан бир дўстингнинг қалбига қанчалик кириб борсанг, сен уни шунчалик йўқота борасан. Ва аксинча, дўстингнинг (ҳатто душманингнинг) қалбига қанчалик яқин бўлаверсанг, унинг ўзи билан қалбан яқин бўлиб бораверасан”. Исмоил Ҳакимович шундай одамки, у киши билан суҳбатлашганингиз сари тўғри сўзлиги, самимияти, эл-юрт учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр инсон эканлиги сизни оҳанрабодай ўзига тортиб олади, ҳурматингиз ошади, эъзозлайсиз.
Шароф Рашидовнинг содиқ шогирди
Исмоил Ҳакимович деярли чорак аср республикамизни бошқарган Шароф Рашидов даврида халқчил раҳбар сифатида шаклланибгина қолмай, бу инсон ташаббуси билан амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларининг бевосита ва билвосита иштирокчиларидан бири эди. Тўғри, у пайтларда Шароф Рашидов билан бирга ишлаган, унинг ғамхўрлигидан баҳраманд бўлганлар республикамизда кўплаб топилар эди. Лекин Исмоил аканинг ҳар қандай шароитда ҳам устози ва сафдошига айрича садоқати, чуқур ҳурмати ва эътиқоди бизни доим ҳайратга солган. Шароф Рашидов ҳақида гап кетганда,ўз устози ҳақида соатлаб завқ-шавқ билан сўзлаб чарчамас эди. Ваҳоланки, ўша йилларда Рашидов ҳақида сўз айтишнинг ўзи “гуноҳларнинг гуноҳи” бўлган.
“Шароф Рашидов йўлбошчилик қилган йилларни Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаётган даври, деб ҳисоблайман, — деган эди Исмоил Ҳакимович. — Ўша даврда республика иқтисодиётини ҳар томонлама ривожлантириш, халқнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва маданиятини юксалтириш ўз-ўзидан амалга ошмаган. Унинг замирида катта курашлар, Московдаги собиқ марказнинг корчалон раҳбарлари билан тил топишиш, ҳатто бир тонна цемент ундириш ёки битта ариқ ковлаш учун уларнинг розилигини олиш осон иш эмас эди. Бундай ва бунга ўхшаш бошқа турли эҳтиёжлар заруриятини исботлаш учун юрт оғасининг асаблари қанча чийралгани-ю, қанча соғлиғидан айрилганини бир тасаввур этинг!»
Улуғ сиймоларнинг эзгу ишлари халқ хотирасида абадий яшайди. Шароф Рашидов бутун куч-ғайрати, ақл-заковатини Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги учун сарфлаган ана шундай назаркарда инсон эди. Мамлакат халқ ҳўжалигининг ҳамма тармоқлари унинг бевосита назоратида бўларди. 1984 йилга келиб ялпи ижтимоий маҳсулот ва миллий даромад 1960 йилга нисбатан тўрт баробар, ишлаб чиқариш асосий фондлари эса 10,3 баробарга ошди. Ижтимоий соҳа, фан, маданият, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқлар нафақат ҳалқимиз, балки чет элликларнинг ҳам эътироф ва олқишларига сазовор бўлди. Афсуски, Шароф Рашидов вафотидан сўнг марказда ҳам, юртимизда ҳам “ўлдинг –ўчдинг” қабилидаги тушуниксиз сиёсий қарашлар кўпчиб қолди.
“Сизни адо қилди тўраларингиз…”
1983 йил 23 декабрда Шароф Рашидов номини абадийлаштириш бўйича Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети ва Министрлар Советининг қарорини маъқуллаган ҳолда КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг қарори қабул қилинади. Бироқ кўп ўтмай, Ўзбекистон бўйлаб Шароф Рашидовнинг пок номини қоралаш бўйича КПСС Марказий Комитети аппарати ва раҳбарияти ташаббуси билан ақлбовар қилмайдиган кампания бошланади. Алал-оқибат Ўзбекистон Компартиясининг ХХI съездида собиқ Марказдаги қора кучлар ўз мақсадига эришадилар: съезд Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетига Ш. Рашидов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарорни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар юзасидан КПСС Марказий Комитетига мурожаат билан чиқиш вазифасини юклайди. Бу мурожаат талаблари шошилинч равишда, ҳатто съезд делегатлари уйларига етмасданоқ бажарилади.
КПСС МК ва СССР Министрлар Совети 1986 йил 22 май қарори билан “Ш.Р. Рашидов хотирасини абадийлаштириш бўйича” 1983 йил 23 декабрда қабул қилган қарорини бекор қилди. Бу ҳужжатга асосан Ўзбекистон Компартияси МК ва Ўз.ССР Министрлар Совети 1986 йил 4 июлда ўзининг шармандали қарорини қабул қилади.
Президент Ислом Каримов Шароф Рашидов хотирасини абадийлаштириш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги қарорларни ўрганиб, хулоса бериш юзасидан топшириқ бергани учун сафарлардан бирида Исмоил Ҳакимовичдан сўрадим:
— Биринчи қарорни бекор қилиш тўғрисидаги иккинчи аксил қарорда сизнинг имзонгизни кўрмадим?
— Тўғри эътибор қилибсиз, — деган эди Исмоил ака ўшанда. — Мен бу қарорга имзо қўймаганман, қўймас ҳам эдим. Менга ўзимиздаги айрим раҳбарлар имзо қўйишимни айтишди, розилик бермадим. Ҳатто КПСС Марказий Комитетидан келган масъул ходимлар, имзо қўймасангиз, лавозимингиздан кетишингиз мумкин, деб пўписа қилишди. “Ишдан кетишга тайёрман, бироқ виждонимга қарши бормайман, миллат шаънини топташга йўналтирилган бу қарорга қаршиман”, — деб лойиҳани қўлимга ҳам олмадим. Бу ҳужжатга ҳам ўша субутсиз раҳбарлар, Шароф Рашидов билан бирга ишлаган “содиқ” шогирдлари ва “яқинлари” имзо чеккан эдилар…
Ўша кунларнинг сиёсий руҳини истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф топиб шеърга солган эди:
Сизни алқаганлар бир ҳалқ, бир денгиз,
Сизни қарғаганлар – жўраларингиз.
Сизни адо қилди тўраларингиз,
Биздан рози бўлинг, руҳи нотинч зот.
Қарор лойиҳасига Исмоил Ҳакимович имзо чекмагач, собиқ Марказда қандай бўлса-да уни лавозимидан бўшатиш, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш фикри ҳам йўқ эмас эди. Республика ва ўзбек халқи ўша йилларда оғир аҳволга тушган эди. Бир томондан Марказ республикани тобора ўз исканжасига олмоқда, иккинчи томондан эса Ўзбекистон ичидаги зиддиятли ҳолат, ола-тасир курашлар, сотқинлик, иккиюзламачилик, айниқса, раҳбарлар орасида тобора кучаймоқда эди. Марказдан келган “десантчи”ларнинг асосий мақсади “тартиб ўрнатиш” шиори остида ўзбек халқининг миллий ғурурини синдириш, элни қирғинбарот тузоқларга осон тушувчи оламонга айлантириш бўлган. Ўша пайтда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг 5 котибидан 3 киши, 13 та вилоят партия комитети биринчи котибларидан 9 киши жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Сапармурот Ниёзов қандай лавозим таклиф қилганди?
Исмоил Ҳакимович Московнинг югурдаклари билан ўзи ўртасида бўладиган муқаррар курашни яхши ҳис этарди. Чунки унинг устида ҳам қора булутлар пайдо бўлмоқда эди.
Айнан ўша кезларда Туркманистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Сапармурот Ниёзовнинг Исмоил Ҳакимовичга қилган ғамхўрлиги алоҳида эътиборга молик бўлган.
— Делегат сифатида КПСС нинг ХХIV съездида иштирок этаётган эдим, — деб хотирлайди Исмоил Ҳакимович. — Танаффус пайтида С.Ниёзов билан кўришиб қолдик. Икки қўшни республикаларнинг Амударё сувидан биргаликда фойдаланишга бағишланган тадбирларда кўп учрашганимиз учун мени яхши танир эди. “Кечқурун учрашайлик, хонамга келинг”, деди хайрлашаётганимизда. “Россия” меҳмонхонасига қўнган эдик. Шу куни мажлисдан сўнг С.Ниёзовнинг хонасига бордим. Иккимиз дастурхон атрофида анча суҳбат қилдик.
— Эшитдим. Сизни жиноий ишга тортишмоқчи. Менинг ёрдамим шундай: сизга Туркманистон Министрлар Советининг биринчи ўринбосари лавозимини таклиф қилмоқчиман. Бир йил ичида СССР Олий Совети депутатлигига номзодингизни қўямиз, — деди С. Ниёзов.
Бу таклифни ўйлаб кўришимга вақт беришини илтимос қилдим. Тошкентга келганимдан кейин С.Ниёзовнинг таклифи устида узоқ ўйладим. Атрофимдаги муҳит кун сайин чигаллашиб бораётган эди. Прокуратурага сўроққа чақириш доимий тусга кираётган, тўқилган айбловни бўйнимга қўйишмоқчи бўлишарди. Шу кунларда кутилмаган воқеа юз берди: жаноб Р.Нишоновни Москвага ишга олишди. СССРнинг тақдири ҳам ўша кезларда ҳал бўлиш — тарқалиш арафасига келиб қолганди.
1989 йил июль ойининг охирларида Ўзбекистон Республикаси Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари лавозимига Ислом Абдуғаниевич Каримов сайланади. Марказдан юборилган прокуратура ходимлари Иттифоқнинг парчаланиши арафасида эканлигини сезиб тезлик билан Ўзбекистонни тарк эта бошлади. Воқеалар ривожини таҳлил қилиб, Ўзбекистондан –— ўз юртимдан кетмасликка қарор қилдим. Сўнг бу ҳақида С.Ниёзов билан телефонлашдик.
“Ҳозирги шароитда Ислом Каримовга сиздай салоҳиятли кадр жуда зарур”, деб у киши менинг фикримни маъқуллади.
Жиззахда ўтган юбилей
Ислом Каримов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб сайланганданоқ “Пахта иши” бўйича айбсиз қамалган юртдошларимизни озод қилиш масаласини ўз олдига мақсад қилиб қўяди. КПСС Марказий Комитети ва СССР Бош Прокуратурасининг эътирозларига қарамасдан, обрўли кишилар, фаоллар, кенг жамоатчилик ва СССР ҳалқ депутатлари гуруҳининг талабига асосан Республика Олий суди ва Бош прокуратураси ходимларидан иборат комиссия тузиш ҳақида Ўзбекистон Компартияси Марказқўми бюросининг қарори қабул қилиниб, И.Жўрабеков мазкур комиссиянинг раиси, А.Полвонзода унга ўринбосар этиб тайинланади. Исмоил Ҳакимович раҳбарлик қилган бу комиссия аъзоларининг тинимсиз меҳнатлари туфайли ноҳақ қамалган минглаб юртдошларимиз ўз оилалари бағрига қайтишди.
Ислом Каримов Президентлиги йилларида мамлакатимиз мустақилликка эришди ва жуда кўп ижобий ўзгаришларни рўёбга чиқариш насиб этди. Неча минг йиллар давомида шаклланган миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз тикланди. Юртимизда яшаб ўтган дунёга машҳур алломаларимизнинг пок номлари улуғланиб, қадамжолари обод этилди. Улар қаторида халқимизнинг фидойи фарзанди Шароф Рашидов хотирасининг абадийлаштирилиши маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа сифатида эътироф этилади.
1992 йилда Президент қарорига асосан, Шароф Рашидов таваллудининг 75 йиллигини нишонлаш комиссияси тузилиб, Исмоил Жўрабеков унга раис этиб тайинланди. 1992 йил ноябрь ойида Жиззах шаҳрида юбилейи кўтаринки руҳда ўтди. Қўшни республикаларнинг собиқ раҳбарлари Д.Кунаев, Т.Усубалиев, И.Жабборов, М.Ғафуровлар бу анжуманда иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Шубҳасиз, бу анжуманнинг юксак даражада ўтишида комиссия раиси И.Жўрабековнинг меҳнати ва саъй-ҳаракатлари катта бўлди.
«Наманган воқеалари» — аслида нима бўлган эди?
1991 йил декабрь ойининг биринчи декадасида содир этилган «Наманган воқеалари» нафақат ушбу вилоят ёки Фарғона водийси аҳлини, балки соғлом фикрлайдиган ҳар бир ўзбекистонлик қалбини ларзага солган эди. Ўшанда, 1991 йил 8 декабрда И.Каримов Президентликка номзод сифатида Наманган вилояти сайловчилари билан учрашувга боради. Бир кун олдин Ўзбекистон Президентининг Ташкилий-кадрлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчи сифатида И.Жўрабеков билан бу тадбирга тайёргарлик кўриш учун Наманганга самолётда учиб борган эдик. Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши раиси Б.Ҳакимов чет эл сафарида эди. Шунинг учун унинг биринчи муовини С.Тошпўлатов ва шаҳар совети раиси Ф.Қутбидинов бизга ҳамроҳлик қилди. 8 декабрь тушдан кейин вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Президент шаҳар ва туманлар вакиллари билан учрашув ўтказди. Номзодни қўллаб-қувватлаш учун бўлган музокараларда ўнга яқин вакиллар сўзга чиқди. Музокарада «Мингчинор» маҳалласи раиси Т.Абдуллаев минбарда нутқ сўзлаётган пайтда инсульт олди. Соғлиқни сақлаш вазири Ш.Каримов нотиқнинг аҳволини сезиб, минбардан қулаётган жойида уни ушлаб қолди ва биринчи ёрдамни кўрсата бошлади.
Мамлакат бош шифокори ҳамроҳлигида бемор вилоят шифохонасига ётқизилди. Лекин ўша куниёқ вазият кескинлашиб, шаҳар маркази ва вилоят партия қўмитаси биноси олдида одамлар тўплана бошлаган эди. Учрашув тугагандан кейин Президент ва бошқа мутасаддилар Тошкентга қайтишди. И.Жўрабеков пойтахтга келгач, Наманганга телефон қилади. Шаҳарда нотинчликлар бошланган, маҳалла раиси Т.Абдуллаев оламдан ўтган эди.
Эртаси куни эрталаб Президент, Исмоил Жўрабеков, муфтий Муҳаммад Содиқ ва камина Наманганга етиб борганимизда вилоят партия қўмитаси биноси олдида ўн мингдан ортиқ турли ёшдаги одамлар, асосан ёшлар тўпланган, бино пештоқига яшил ислом байроғи осилганди.
Ўзини “Наманган амири”, деб эълон қилган Тоҳир Йўлдошев қонуний ҳукуматга қарши одамларни жиҳодга чақираётган бир пайтда Президент Ислом Каримов билан изма-из Исмоил Жўрабеков ва бошқалар оламон ичига кириб боради. Вазият жуда хатарли эди. Тоҳир Йўлдошев оломон номидан Президент олдига Ўзбекистонни Ислом жумҳурияти, деб эълон қилиш, диний сиёсат асосида давлатни бошқариш каби ўндан ортиқ Ўзбекистон Конституциясига тўғри келмайдиган талабларни қўйди.
Ислом Каримов бу масалалар ваколатли органлар томонидан кўриб чиқилгандан сўнг бир қарорга келиш мумкинлиги ва унгача ҳамкорликда маслаҳатлар ўтказиб туришни таклиф этди.
Шундан сўнг Ислом Каримов бошчилигида вафот этган маҳалла қўмитаси раиси Т.Абдуллаевнинг уйига фотиҳага борилади. Наманган аэропортида Исмоил Жўрабеков тинчлик ўрнатилмагунча бир муддат шаҳарда қолиш ҳақида Президентдан топшириқ олади. Бу муддат бир ярим ойдан ошишини ўшанда у билмаган эди.
Исмоил Ҳакимович куну тун тиним билмасди. Гоҳ дин уламолари билан учрашиш учун масжидга, гоҳо ўқув юртларга, гоҳо ҳурматли оқсоқолларнинг хонадонларига борар эди. Муаммоларни жойида ўрганиш ва фаоллар билан ечимини топиш, эртанги кун учун истиқболли режалар белгилаш ва уларни амалга оширишга соғлом кучларни сафарбар этиш доирасида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Натижада шаҳардаги аҳвол аста-секин ўз ҳолига қайта бошлади. Ақидапарастлар таъсирига адашиб тушиб қолган ёшларнинг катта қисми давлат томонга ўта бошлашди.
Ўзини “Наманган амири” деб эълон қилган Тоҳир Йўлдошев, унинг шериги Жума Намангоний ушбу ҳаракатларининг келажаги йўқлигини сезишгандан сўнг хорижга қочишга улгуришди. Вилоят ва шаҳар маъмурияти ходимлари орасида ҳам ақидапарастларнинг тегирмонига сув қуйиб юрган кимсалар аниқланди. 1992 йил январь ойининг бошида (03.01.1992) Президентнинг розилиги билан вилоят раҳбарияти тубдан янгиланди.
Ўшанда подадан аввал чанг чиқармаслик нақлига амал қилиниб, Наманган вилоятининг бўлажак раҳбари Бургутали Рапиғалиев хавфсизлик бошқармаси идорасига чақирилади: эрталаб хонага қўлида катта тўр халта, ичида кийим-кечаклар шекилли, юзларида қўрқув аломатлари яққол кўриниб турган ҳолда Бургутали Рапиғалиев кириб келади. Хонадаги таниш чеҳраларни кўриб юзига қон югура бошлайди. Исмоил Ҳакимович Президентнинг мулоҳазаларини лўнда қилиб тушунтиргандан сўнг Бургуталининг кўзларида ёш қалқий бошлади. Ўрнидан туриб “Худога шукур-ей, мен бу ташкилот идорасига чақиришгани учун бошқача фикрга борган эканман”, дейди.
Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши сессиясида Бургутали Рапиғалиев якдиллик билан вилоят раҳбари этиб сайланди. Шаҳар раҳбарлигига завод директори лавозимида ишлаётган Акмалхон Икромов номзоди маъқулланди. Кейинги йилларда бу икки раҳбар бошчилигида Наманган вилояти ва марказида ижтимоий-иқтисодий, маданий, мафкуравий, саноат, қурилиш ва бошқа соҳаларда кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
«Ўш фожиалари»га бир ўқ отилмай барҳам берилди
«Ўш фожиалари»ни эслар эканман, уни янада кенгайиб кетмаслиги, икки қардош ҳалқларнинг ўртасидаги қирғинбарот урушлар, хунрезликларнинг олдини олишда Исмоил Ҳакимовичнинг етакчилик иродаси катта роль ўйнаганини эътироф этмасдан бўлмайди. Ўша кунларда Президент топшириғига кўра, Исмоил Жўрабеков раҳбарлигида кечаю кундуз қўшни Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларда назорат ўрнатилади.
Президентнинг 1990 йил 8 июндаги фармони билан Андижон шаҳрида ва Ўш вилоятига чегарадош бўлган туманларда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Чунки ўша кунлари Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Ҳўжаобод, Марҳамат ва бошқа туманлардан минглаб андижонликлар Ўшда қирғин қилинаётган қариндошлари учун қирғизлардан ўч олиш ниятида чегарадан ўтишга чоғланиб туришган эди.
— Биз Андижон вилояти раҳбарлари ва маъмурий органлар вакиллари билан Ўзбекистон — Қирғизистон” чегарасининг ўртасидамиз, — деб эслайди Исмоил Ҳакимович. — Оламон ичидан “уларни уриб бўлса ҳам чегарадан ўтамиз” деган ҳайқириқлар келарди. Бизни урганлар ҳам, сўкканлар ҳам бўлди. Нима дея оласиз! Улар ғазабда, ахир Ўшда уларнинг қариндош-уруғлари ўлдириляпти, азобланяпти… Кечга яқин аранг оломон билан тил топишдик. Устимга қарасам, костюмим йиртилган, кўйлагимнинг тугмалари йўқ. Лекин ич-ичимдан хурсанд эдим: отишма бўлмади, ўлим бўлмади. Ўша пайтда вазиятни четроқда кузатиб турган ҳарбийларга, қуролни асло ишлатмайсизлар, деб буйруқ бериб тўғри қилган эканман.
«Ўш фожиалари» ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Московдагилар бу воқеаларда жуда яхши хабардор бўлиб турсалар-да, атайдан ёрдам кўрсатишга тайсаллашган эди. Ўрта Осиё давлатлари ва халқлари ўртасидаги қонли тўқнашувлар, миллатлараро хунрезликлар янада кучайишидан Марказ гўё манфаатдордек кўринарди. Шундай ҳам бўлди.
— Ҳақиқий қаҳрамон, — деган эди белоруссиялик ёзувчи, Нобель мукофоти совриндори Светлана Алексеевич. — Бу бошқа бировни нишонга олиб отмайдиган кишидир. Шу маънода, Исмоил Жўрабековнинг Ўш — Ўзган воқеаларининг ҳақиқий қаҳрамони дейиш мумкин эди.
Зое кетган оламшумул лойиҳа
Исмоил Ҳакимовичнинг ҳаёти ва фаолиятидаги оғриқли нуқталардан бири доимо Орол масаласи бўлиб келган. Бу бежиз эмас. Чунки Московнинг тазйиқи билан юзага келган пахта яккаҳокимлиги туфайли Оролни суғориб турган Сирдарё ва Амударё сувларини бўғиб олган ўнлаб тўғонлар қурилишида у кишининг шахсан ўзи иштирок этган, бунинг фожиали оқибатларини ҳам ўша пайтдаёқ яхши тушунар, бироқ иложсиз эди.
Оқибатда Марказий Осиё табиатини яшнатиб турган баҳри муҳит йўқликка юз тутди. Денгизнинг қуриб бориши билан боғлиқ экологик муаммо аллақачон регионал доирадан чиқиб, глобал аҳамият касб этди ва чинакам фожиага айланди. Оролни сақлаб қолишнинг ягона йўли бу Сибирь дарёларини денгиз томон йўналтириш эди.
Шароф Рашидов бошчилигидаги республика раҳбарияти бу масалани собиқ Иттифоқ олдида кўтариб чиққан. Марказнинг барча вазирлик ва органлари билан келишув асосида КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг мазкур масала бўйича қўшма қарори қабул қилинади. Собиқ СССР сув хўжалиги вазири Н.Ф. Васильев ташаббуси билан ушбу лойиҳа бўйича махсус комиссия тузилган ва унинг таркибига И.Жўрабеков ҳам киритилган эди. Бироқ КПСС Марказий Комитети Бош котиби лавозимига М.Горбачёв келгандан кейин бу лойиҳа тўхтатилган.
— Ваҳоланки, — деб эслайди И.Ҳакимович. — Мазкур лойиҳа устида 160 дан ортиқ ташкилотлар, 48 лойиҳалаш ва 112 та илмий-тадқиқот институти, иттифоқдош республикаларнинг 9 та вазирлиги ишлаган. Унинг ташаббусчиси Ўзбекистон эди. Сарфланган қанча меҳнат ва капитал маблағларни айтмайсизми?! Ҳаммаси зое кетди!..
Кўпгина мутахассисларнинг фикрига кўра, Сибирь дарёларини Орол томон йўналтириш шимолий Россия учун ҳеч қандай оғирлик ёки зарар олиб келмасди. Бу ҳавзалардан олинадиган сув атиги 5,5-6,0 фоизни ташкил этарди холос. Кейинги пайтда у томонларда юз бераётган тошқинларни эътиборга олсак, бу ҳажмдаги сувнинг Россия экологиясига, иқлимига ва атроф-муҳитига ҳеч қандай таъсири йўқ эди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш Марказий Осиё давлатларида қўшимча қўриқ ерларни ўзлаштиришга, янги қишлоқлар ва шаҳарлар барпо бўлишига, қўшимча иш жойлари яратишга, бу ўз навбатида, ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошишига олиб келарди.
Шу ўринда Исмоил Ҳакимовичнинг айни куч-ғайратга тўлган даврлари Республика сув хўжалиги вазирлиги билан боғлиқлигини таъкидламоқ жоиздир.
“Минода Шайтонни қилдик тошбўрон…”
— 1972 йил август ойида мен Ўзбекистон сув ҳўжалиги вазирининг биринчи муовини этиб тайинландим, — деб хотирлайди И. Жўрабеков. — Ўша йиллари бу вазирлик асосан сувни тақсимлаш ва ирригация-мелиорация ишлари билан шуғулланар эди. Йирик қурилишлар Ўзбекистон сув қурилиши бошқармаси орқали бажарилар эди. Ирригация тизимларини, сув омборлари иншоотларини ва ҳоказоларни қуриш учун бу бошқарманинг кучи етмасди. Шароф Рашидовнинг қўллаб-қувватлаши сабаб, юқорида ўтирган айрим раҳбарларнинг қаршилигига қарамасдан, вазирлик таркибида индустриал база яратдик. Шундан сўнг, вазирлик йирик объектларни қура олиш имконига эга бўлди. Ўша йилларда Ҳисорак сув омборини қуриш ишлари бизнинг вазирликка топширилди. Бу объект қисқа муддатда қурилиб ишга туширилди.
Бундан ташқари, “Тўполон” сув омбори, “Туямўйин” гидроузели иншоотлари қурилишида И.Жўрабековнинг хизматлари беқиёс бўлган. У кишининг бевосита раҳбарлигида бу объектлар муддатидан олдин фойдаланишга топширилган эди.
Умр Аллоҳ томонидан иноят этилган катта донғил йўл демакдир. Ҳаёт ҳам, ўзинг ва ўзлигинг учун кураш ҳам йўлдан иборат. Гуржиларнинг шундай мақоли бор: “Ишхонангдан чиқиб уйга кетаётганингда, ортинган итлар чопмаса, билгинки сен бошқа кўчага кириб қолгансан”. Исмоил аканинг ҳаёт йўлига назар солсак, унинг ҳеч қачон “бошқа кўчадан” юрмаганини кўрамиз.
Ўзбекистон мустақиллигининг биринчи ўн йиллигида мавжуд социалистик иқтисодиётни бозор иқтисодиёти локомативига кўчиришга маъсул фигурантлардан бири Исмоил Жўрабеков бўлган.
Собиқ район партия комитети, обком ёки район кенгаши, област кенгаши каби тушунчалар ўрнига ҳокимлик иниститутини жорий этиш ҳақидаги таклифни Президент маъқуллади. Олий Мажлис томонидан тегишли Қонун қабул қилинди. Уни ижро этиш механизми ишлаб чиқилди. Исмоил Ҳакимович республиканинг барча қишлоқ туманларига бирма-бир бориб, туман кенгашлари сессияларида ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари сайловини ўтказганди. Бу ишлар собиқ СССРдан мерос бўлиб ўтган йўқчилик, саккиз турдаги рўзғор учун энг зарур молларни талон билан тарқатиш давом этаётган шароитда олиб борилди. Бунинг устига, Ўзбекистон мустақиллигини кўролмайдиган қора кучлар ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, турли иғво ва тўпалонлар чиқариб туришар эди. Шундай шароитда халқни бошқара оладиган кадрни топишнинг ўзи бир муаммо бўлса, унинг янгича муносабатлар тизимида ишлаб кетишини таъминлаш иккинчи муаммони келтириб чиқарар эди. Шунинг учун баъзи бир вилоят ва туманларга такрор-такрор боришга тўғри келарди. Шундай пайтларда Исмоил Ҳакимовичнинг жойлардаги кадрларни яхши билиши ва одамлар билан тезда тил топиша олиш қобилияти қўл келарди.
Колхоз ва совхозларни фермер хўжаликларига айлантириш, дастлабки пайтларда қаддини тиклаб олишлари учун етиштирган ҳосилнинг бир қисмини ўзлари мустақил сотишларига қўйиб бериш ҳақидаги лойиҳанинг бош меъмори ҳам Исмоил Ҳакимович бўлган. Ислом Каримов қишлоқ хўжалиги соҳаси инон-ихтиёрини бу жабҳада катта билим ва тажрибага эга бўлган Исмоил акага топшириб қўйган эди. Буни кўролмаганлар “қишлоқнинг бойиб кетишига йўл қўйиб берди”, деб Президентни ишонтиришди ва фермерлар режадан ошиқ етиштирган маҳсулотни ҳам тортиб олиб, қишлоқни абгор қилишди. Натижада оддий кетмончилар, ҳатто сиқувда қолган айрим фермерлар ҳам қишлоқни ташлаб ер юзининг турли ўлкаларига мардикорчиликка чиқиб кета бошладилар.
Собиқ СССР даврида шаклланган кооперация тизимининг издан чиқиши ва унинг муқобили ҳали яратилмагани туфайли тўхтаб қолган юзлаб қурилиш ташкилотлари ва корхоналарнинг талон-тарож этилишига бефарқ қараб турмагани учун ғанимлари Исмоил Ҳакимовичнинг устига мағзава ағдаришар, у киши эса тўғрисўзлиги, қатъяти, ҳалоллиги ва энг муҳими ўзига ишонгани учун туҳмат тошларини бошидан итқитиб ташлаб, яна енг шимариб ишга киришиб кетаверар эди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ҳаж дафтари” китобидаги “Шайтон” шеърида шундай мисраларни ўқиган эдим:
Минода Шайтонни қилдик тошбўрон,
Лаънатга кўмилди бадбахт у лаъин.
Дедик, шунча юкнинг остидан Шайтон
Минг йиллар чиқолмай ётмоғи тайин.
Шодумон йўл олдик Ватанга қараб,
Шайтон қолди, дея чуқурда-чоҳда.
Манзилга қайтгандик, Шайтон, во ажаб,
Бизни кутиб олди тайёрагоҳда.
Ҳа, бу Шайтон қайтмас чиқди. Бу шайтонлар Исмоил Ҳакимовични чалишнинг бошқача усулини танладилар. Ёлғиз чинор ўрмон бўлолмаслигини улар ҳам яхши билишарди. Шунинг учун аввал унинг қаватида-ёнида турган, ҳар қандай шароитда ҳам унга кўмакчи ва суянчиқ бўлган дўстлари ва шогирдларини қайчилашга киришдилар. 2005 йилдан Исмоил Жўрабеков изидан суриштирувлар, текширувлар ва терговлар бошлаб юборилди. Бир умр Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ривожи учун курашган инсонни энди қишлоқ хўжалигини издан чиқаришда айиблашаётган эдилар. Лекин олтин айнимас деганлари ҳақ гап экан. Исмоил ака бу синовларни ҳам мардона енгиб ўтди. Аксинча, ғанимлари ўзлари қазиган чоҳга ўзлари бир-бир қулаб кетавердилар. Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор, деб шунга айтсалар керак-да.
Улуғ тўқсон ҳикмати
Исмоил ака Жўрабековнинг ҳаёти ва жўшқин меҳнат фаолияти ҳақида қанчалик кўп ёзсак ҳам кам. Айни пайтда меҳнатнинг роҳати, хизматнинг эътирофи ҳам бўлиши керак, деган ўй кечади кўнглимдан. Аслида улуғ тўқсон ёшни қаршилаётган одамнинг фарзандлари, набиралари, эвара-чеваралари даврасида очиқ юз билан ўтиришнинг, шогирдлари, дўстлари ва одамларнинг юзига тик қарай олишнинг ўзи катта бахт, юксак мукофот бўлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 авгусдаги Фармони билан мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардаги фаол иштироки, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, жамиятимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни қарор топтириш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдаги катта хизматлари учун Исмоил Жўрабеков Ватаннинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
Албатта, юксак нишон кўкракка тақилади. Унинг билан баробар билдирилган юксак ишонч ва эътибор эса нақ юракдан жой олади. Бу ўз навбатида, инсоннинг умрига умр қўшади, вужудига ғайрат бағишлайди.
Исмоил Ҳакимович Жўрабеков ҳозир ҳам меҳнат қўйнида, шогирдлари билан эл-юрт ташвишида!..
Нима ҳам дердик, ҳеч чарчаманг, устоз!
Мавлон УМУРЗОҚОВ,
иқтисод фанлари доктори, профессор
http://uza.uz/oz/society/mavlon-umurzo-ov-i-tisod-fanlari-doktori-professor-27-04-2020?fbclid=IwAR1CTEYD-x191QPwlJc7VpzsfdeJQfsjQ_9z9KSg7CojLn8h6BcnfIYxzfE
Сўнгги фикрлар