Қирғиз талабалари ўзбек адиблари асарларини тадқиқ қиладилар
Ўш мамлакат университети Қирғиз филологияси жана журналистика факультети декани Нурмамат Турганбаевга
Ҳурматли Нурмамат Орозович!
Азал-азалдан ўзбек ва қирғиз халқлари тарихий илдизи, тили, дили, дини ва миллий-маънавий қадриятлари бир эл сифатида энг яқин қардошларча яшаб келмоқдалар. Адабий, илмий алоқалар икки халқ зиёлилари томонидан ҳамиша бирдек эъзозланиб келмоқда. Шундай меҳр ришталари ҳосиласи сифатида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” экспозицияси фаолият кўрсатаётгани ҳамда “Талабалар алмашинуви” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ана шу дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.
Мазкур лойиҳа доирасида иқтидорли талабаларингиз Gadaeva Aizirek ва Sagynbek Kyzy Sezim 2022 йил март-апрель ойларида ЎзМУ Журналистика факультетида таҳсил олиб, билим ва малакаларини оширдилар. Улар одобли, маданиятли, илмга чанқоқ ва журналистика амалиётида ноёб истеъдод соҳибалари эканлигини намоён этганларини эҳтиром ила таъкидламоқчимиз.
Уларга юқори курсда “Ўзбек публицисти Аҳмаджон Мелибоев ижодида Чингиз Айтматов образининг ўзига хос жиҳатлари” ҳамда “Ўзбек адиблари Пиримқул Қодиров ва Хайриддин Султон ижодида қирғиз-ўзбек ришталари талқини” мавзуларида Битирув-малакавий иши ёзишни таклиф этдик.
Таклифимизни қабул қилиб, талабаларингиз ушбу мавзуларда Битирув-малакавий иши ёзсалар, уларга ЎзМУ Журналистика факультети профессор-ўқитувчилари оппонентлик қилиши мумкинлигини маълум қиламиз.
Яна бир таклифимиз: факультетларимиз ўртасида илмий-педагогик алоқаларни йўлга қўйиб, етакчи профессор-ўқитувчиларимиз вақти-вақти билан бир-биримизнинг аудиторияларимизда оффлайн ва онлайн тарзда дарслар ўтиб туришимизни йўлга қўйсак мақсадга мувофиқ бўларди.
Ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш умиди билан,
Маҳлиё Мирсоатова, (+998946540573)
ЎзМУ Журналистика факультети декани
Рамзиддин Абдусатторов, (+998977119266)
Журналистика кафедраси мудири
Тўлқин Эшбек, (+998909120963)
Журналистика кафедраси доценти
Сўнгги фикрлар