Қонунлар мукаммал бўлмоғи лозим
Ҳаёт ва жамият муттасил ривожланиб бориши асносида қонунларимиз
ҳам унга монанд такомиллашиб бораверади. Қонунларни давр тақозосига кўра такомиллаштириб бориш барча ривожланган давлатларда кузатилади. Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини ўқир эканмиз, унга киритилаётган муҳим ўзгартишлар давримиз тақозосига қанчалик мос эканлиги кўриниб турибди.
Шунга асосан шу пайтгача сайловлар декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилаётган эди. Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳам, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайланган депутатлар ҳам ўз фаолиятларига тўлақонли киришгунларига қадар маълум вақт талаб этиларди.
Ваҳоланки, 8 декабрь куни энг катта умумхалқ байрамларимиздан бири — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун нишонланади. Ҳар йили декабрь ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаати мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеликка айланиб қолган. Қолаверса, мамлакатимиздаги барча ташкилот, корхона, муассасаларда йил якунларини сарҳисоб қилиш ва янги йил режаларини белгилаш айнан декабрь ойида бўлиши тақозо этилади. Ана шу муҳим вазифаларни тўлақонли амалга ошириш йўлида сайловларнинг октябрь ойида ўтказилиши ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқдир.
Қуйидаги қонун лойиҳаси шу тарзда қабул қилинган тақдирда мамлакатимизда улкан сиёсий воқеликлар амалга оширилиши учун муҳим қадамлар қўйилган ҳисобланади. Яъни, октябрь ойида сайланган давлат раҳбари ҳамда парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари янги йилга янги режаларини пухта белгилаб олишлари учун катта имконият яратилади. Муҳими, улар янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ ўз фаолиятларига тўлақонли киришиш имконига эга бўладилар.
Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига киритилаётган ўзгартишлар ҳам назаримизда бугунги давр тақозосига мос келади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикасининг «Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартишларни қўллаб-қувватласак мақсадга мувофиқ бўларди.
Тўлқин Эшбеков,
халқ депутатлари Тошкент шаҳар Олмазор туман Кенгаши депутати
Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикасининг
ҚОНУНИ
Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан _______________ қабул қилинган
1-модда. 1992 йил 8 декабрда ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 1, 4-модда; 1994 йил, № 1, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 3–4, 27-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, № 4, 162-модда; 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 4, 100-модда, № 12/1, 343-модда; 2014 йил, № 4, 85-модда; 2017 йил, № 4, 135-модда, № 5, 201-модда, № 8, 383-модда; 2018 йил, № 10, 674-модда; 2019 йил, № 3, 162-модда, № 9, 588-модда) 117-модданинг иккинчи қисмидаги «декабрь ойи» деган сўзлар «октябрь ойи» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 4 апрелда қабул қилинган «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги 350–II-сонли Конституциявий Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 4–5, 60-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 637-модда; 2011 йил, № 12/1, 344-модда; 2012 йил, № 4, 104-модда;
2019 йил, № 9, 588-модда) 3-модданинг матнидаги «декабрь ойи» деган сўзлар «октябрь ойи» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апрелда қабул қилинган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги
617–II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 5, 86-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 йил, № 12, 452-модда;
2019 йил, № 12, 880-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:
1) 6-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Сиёсий партиялар сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун Ғазначиликда ҳисобварақ очилади»;
2) 8-модданинг:
номи қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«8-модда. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш»;
биринчи қисмдаги «Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олингандан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.
Сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган маблағлар сиёсий партия томонидан:
ташвиқот олиб боришга;
номзодларнинг ишончли вакиллари ва ташвиқот ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;
сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланади»;
3) 10-модда:
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун очилган ғазначилик ҳисобварағига белгиланган тартибда ўтказилади»;
учинчи ва тўртинчи қисмлари тегишинча тўртинчи ва бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
4) 16-модда:
иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сиёсий партия ҳар йили қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ҳамда тартибда молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Адлия вазирлигига уставда назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот тақдим этади»;
қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Сайловда иштирок этган сиёсий партия сайлов кунига қадар оралиқ ҳисоботини ва сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин якуний ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади»;
учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
олтинчи қисми қуйидаги мазмундаги олтинчи – тўққизинчи қисмлар билан алмаштирилсин:
«Сиёсий партиянинг молиявий ҳисоботида давлат маблағларининг келиб тушиши ва сарфланиши алоҳида қисмда назарда тутилади.
Уставда назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
Сайловда иштирок этишини молиялаштириш тўғрисидаги ҳисобот шакли ва уни топшириш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.
Сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади».
5) 17-модданинг иккинчи қисмидаги «Қонунчилик палатасига» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
6) 18-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг сиёсий партиялар молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади».
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июнда қабул қилинган ЎРҚ–544-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 6, 327-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:
1) 19-модданинг иккинчи қисмидаги «етти – ўн беш» деган сўзлар
«ўн бир – йигирма бир» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
2) 20-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Туман, шаҳар (Тошкент шаҳри бундан мустасно) сайлов комиссияси мазкур Кодекснинг 22, 23, 32, 59, 60 ва 95-моддаларида назарда тутилган округ сайлов комиссиясининг ваколатларини ҳам бажаради»;
3) 21-модданинг:
биринчи қисмдаги «маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан» деган сўзлар «Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси эса тегишли вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси томонидан» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
тўртинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Халқ депутатлари туман, шаҳар (Тошкент шаҳридан ташқари) Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
4) 22-модданинг:
саккизинчи хатбошиси чиқариб ташлансин;
тўққизинчи – ўн тўртинчи хатбошилар тегишинча саккизинчи – ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
ўн биринчи хатбошидаги «туман, шаҳар» деган сўзлар «Тошкент шаҳар» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5) 25-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналарда ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларидаги участка сайлов комиссиялари мустасно»;
6) 27-модданинг олтинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
7) қуйидаги мазмундаги 271-модда билан тўлдирилсин:
«271-модда. Чет давлатларда бўлиб турган фуқароларни
сайловчилар рўйхатига киритиш
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.
Чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида сайловчиларни хабардор этади.
Чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловга ўн беш кун қолгунга қадар мурожаат қилиши мумкин.
Чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси фуқаронинг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади
ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш масаласини ҳал қилади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади»;
8) 29-модданинг:
биринчи қисм қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилсин:
«Чет давлатларда бўлиб турган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналарининг расмий веб-сайтлари орқали ҳам сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти таъминланади»;
бешинчи қисмдаги «уч кун» деган сўзлар «беш кун» деган сўз билан алмаштирилсин;
9) 31-модданинг олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар тайёрланиши мумкин»;
10) 32-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар сони ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенларини чоп этади ҳамда етказиб берилишини таъминлайди»;
иккинчи қисми учинчи қисм деб ҳисоблансин;
11) 33-модданинг:
иккинчи қисмидаги «ўн беш кун» деган сўзлар «ўн кун» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Кузатувчилар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида, ҳарбий қисмларда ташкил этилган сайлов участкаларига ташрифи ҳақида камида уч кун олдин участка сайлов комиссиясини хабардор қилиши лозим»;
12) 41-модданинг иккинчи қисмидаги «сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
13) 42-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Номзод сайловга қадар вафот этган, мақомидан маҳрум этилган ёхуд номзодликдан воз кечган тақдирда нашр этилган сайлов бюллетенларида ушбу номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр ўчирилади. Бундай номзодга муддатидан олдин овоз бериш жараёнида ёқлаб берилган овозлар участка сайлов комиссиялари томонидан овоз бериш натижаларини санаб чиқишда ҳақиқий эмас деб топилади»;
14) 44-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Қуйидагиларга сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланади:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг мансабдор шахслари (агар улар номзоднинг ишончли вакили бўлиб рўйхатга олинмаган бўлса);
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, судьялар;
сайлов комиссиялари аъзолари;
диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.
Номзоднинг ишончли вакили этиб рўйхатга олинган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахси сайловолди ташвиқоти даврида ўзининг мансаб ва хизмат мақомидан бирон бир сиёсий партия ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.
Сайловолди ташвиқоти даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига қуйидагиларни амалга ошириш тақиқланади:
қўл остида бўлган ёки хизмат бўйича бўйсунадиган шахсларни сайловолди ташвиқоти ўтказишга жалб этиш;
давлат органи фаолияти учун берилган бинодан сайловолди ташвиқоти мақсадида фойдаланиш, агарда ушбу бинодан бошқа номзодларга худди шундай шароитда ўша бинодан фойдаланиш кафолати берилмаган бўлса»;
15) 46-модданинг бешинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ташвиқот мақсадида оммавий ахборот воситаларидан бепул фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партияларнинг фикрини ўрганган ҳолда тегишли сайлов комиссияси томонидан белгиланади»;
16) 48-модданинг иккинчи қисмдаги «мазкур комиссиялар бу ҳақда сайловчиларни олдиндан хабардор қилади» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
17) 50-модданинг биринчи қисми:
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«сайлов қутилари»;
олтинчи – ўн тўртинчи хатбошилари тегишинча еттинчи – ўн бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
18) 51-модда:
қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ҳудудларидаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 га қадар ўтказилади»;
иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;
19) 54-модда учинчи қисми иккинчи хатбошисининг ўзбекча матни «овоз бериш» деган сўзлардан кейин «учун» деган сўз билан тўлдирилсин;
20) қуйидаги мазмундаги 561-модда билан тўлдирилсин:
«561-модда. Чет давлатларда сайловчининг турган жойида овоз
бериш
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти идоралари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларда сайловчилар зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш даврида сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.
Сайловчининг турган жойида овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси иштирокида ўтказилади.
Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси аъзолари кўчма сайлов қутисини очиб, унинг ичидаги сайлов бюллетенларини санамасдан махсус қопга жойлайди, қопни пломбалайди ва бу ҳақда далолатнома тузади.
Сайлов бюллетенлари солинган қоп пломбаланган ҳолда далолатнома билан сайлов участкасига олиб борилади ва сайлов куни овозларни санаб чиқиш жараёни бошлангунга қадар сақланади»;
21) 57-модданинг:
иккинчи қисмидаги «тегишли округ сайлов комиссияси» деган сўзлар «Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
бешинчи қисмидан «ва овоз берувчининг имзоси» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
22) 58-модданинг олтинчи қисми «округ сайлов комиссиясига» деган сўзлардан кейин «Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича эса тегишли туман, шаҳар (Тошкент шаҳри бундан мустасно) сайлов комиссиясига» деган сўзлар билан тўлдирилсин;
23) 86-модданинг матнидаги «уч кун» деган сўзлар «беш кун» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
24) 95-модданинг учинчи қисми қуйидаги мазмундаги учинчи – тўртинчи қисмлар билан алмаштирилсин:
«Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади. Мазкур баённоманинг кўчирма нусхаси ҳамма танишиб чиқиши учун округ сайлов комиссияси биносига камида қирқ саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйилади.
Халқ депутатлари туман, шаҳар (Тошкент шаҳри бундан мустасно) Кенгашлари сайловида округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ушбу моддада белгиланган тартибда туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади»;
25) 96-модданинг:
олтинчи қисмидаги «ўн кун» деган сўзлар «беш кун» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
еттинчи қисмидаги «ўн кун» деган сўзлар «беш кун» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
26) 99-модда қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:
«Сайлов комиссиялари аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида белгиланган миқдорда транспорт, овқатланиш ва бошқа харажатларни қоплаш мақсадида компенсация тўлови амалга оширилади.
Сайлов комиссиясининг доимий иш жойига эга бўлмаган аъзоларига,
шу жумладан пенсионерларга, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасига мувофиқ иш ҳақи тўланади»;
27) 100-модданинг иккинчи қисмидаги «ва бошқа тегишли сайлов комиссиялари» деган сўзлар чиқариб ташлансин;
28) 102-модданинг матнидаги «ўн кун» деган сўзлар «беш кун» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
29) қуйидаги мазмундаги 1021-модда билан тўлдирилсин:
«1021-модда. Марказий сайлов комиссияси аъзосининг
транспортдан фойдаланиш ҳуқуқи
Марказий сайлов комиссияси аъзоси аэропортлар ва аэровокзаллар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегациялар учун мўлжалланган залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси ўз гувоҳномасини кўрсатганидан кейин темир йўл вокзаллари ва станцияларининг чипта сотадиган кассалари, фуқаро авиацияси агентлиги ёки аэропортлар унга поезд вагонидан, самолёт салонидан навбатсиз жой беришлари шарт. Марказий сайлов комиссияси аъзоси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисига бораётганда унга самолёт чиптаси парвоздан камида икки соат олдин, бошқа ҳолларда эса, камида бир сутка олдин берилади».
5-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
7-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти
http://parliament.gov.uz/uz/laws/discussed/33438/
Сўнгги фикрлар