Қорқизга
Ўқимаганларга янги, ўқиганларга эски ҳазил шеър, дейди Дониш домла.
Ҳар янги йил оқшомин,
Қорбобосиз кутмасдик.
Кичкинтойлар шод-хуррам,
Совғани унутмасдик.
Улғайишди дилбандлар,
Ўғил ўқир хорижда!
Турмуш қуриб кетгач қиз,
Хотин ҳар кун нолишда…
Таскин топ, деб жўнатдим,
Отасининг уйига.
Куйиб-пишар қайнонам,
Шу қизининг кўйида…
Ташқарида оппоқ қор,
Кўринмоқда дўппайиб.
Янги йилни мен ёлғиз,
Кутаяпман сўппайиб.
Сочга қиров қўнса-да,
Кўнгил қаримас ҳаргиз.
Кошки эди эшикдан,
Кириб келса бир Қорқиз!
Қорбобоси шарт эмас,
Не қилардик икки чол?
Ҳар қадамда болалар,
Уни кутар эҳтимол.
Совға тўла қоп билан,
Борса қанча уйларга.
Ҳаммага завқ улашиб,
Рақсга тушар куйларга.
Дилга қувонч бахш этиб,
Келақолгин, Қорқизим.
Дастурхонни безатиб,
Ўтирибман бир ўзим!..
Тўлқин ЭШБЕК
Койилман))
🙂
Ajoyib she’r ☺