Қоч, коррупционер келяпти…
Ушбу мақоламизни ҳозиржавоблик билан ёритган hordiq.uz ижодий жамоасига
самимий ташаккур изҳор этамиз. Илоҳим, газетасининг адади 5 миллион, сайтининг мухлислари 5 миллиард, ижодий жамоанинг қалам ҳақлари ойига 5 миллион ва маошлари 10 миллион сўм бўлсин, дея дуо қиламиз, дейди Дониш домла қўлини кўксига қўйиб.
Одамлар уйғоқ бўлиши учун уларни мудом уйғотиб туриш керак!
Тошкент метросига тушсангиз, вагонлардаги микрафонлардан доим қуйидаги огоҳлантирувчи сўзлар жаранглаб туради:
“Ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг!”
Йўловчилар ҳам шунга кўникиб қолишган. Ўша сўзларни эшитганлари ҳамоно ён-атрофига қараб қўйишади, жой берилиши лозим бўлганларга албатта илтифот кўрсатишади.
Катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бу ҳикматли сўзларни кунига неча бор эшитсангиз-да меъдангизга тегмайди, билъакс, бошқалар ҳам эшитишини ва унга амал қилишини истайсиз.
Худди шундай жамиятимизда коррупцияга қарши кураш йўлларидан бири – у ҳақда муттасил эслатиб туришимиз, ҳаммани огоҳликка чорлаб туришимиз, бу борада жамоатчилик фикрини ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
“Ўзбекистон” телеканалида намойиш этилаётган жонли эфир – “Муносабат” кўрсатувида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навбатдаги кўрсатув ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган фикрларини ёдга олишдан бошланди.
«Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир,– деди давлатимиз раҳбари.– Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт».
Эътибор берсангиз, ҳамманинг кўзи кўзига тушиб яшайдиган қишлоқда ўғри дея номи чиққанлар яшамайди. Ўғри, деб номи чиқдими, яхшиси, бошқа ёққа кўчиб кетади. Чунки, уни кўрганлар дарҳол “ўғри!” деяверишади. Болалар эса, қишлоқни бошига кўтариб “ўғри, ўғри!” деб жар солишади. Ҳатто, турмуш ўртоғига “ўғрининг хотини”, фарзандларига “ўғрининг боласи” деб таъна қиладиганлар кам бўлмайди.
Хуллас, ўғрининг узоқларга кўчиб кетишдан ўзга чораси қолмайди. Тавбасига таянган банда бу номаъқулчиликни қилмайди. Қўним топган жойида ҳам юзи қора бўлишини, оиласига, бола-чақасига иснод келтиришни истамайди.
Қишлоқликларнинг ўғрига нисбатан бунақа муносабатлари кимларгадир эриш туюлар, уларни маданиятсизликда айблашар, бироқ, эътибор билан қарасангиз – асл жамоатчилик назорати шу эмасми! Қаранг, қандоқ самарали назорат! Ўғрини – ўғри бўлганига пушаймон қилдиради! Шу тариқа ҳамма ҳарёқдан тарбиялайди!
Демак, коррупцияга қарши курашни кучайтиришда беғубор қишлоқликларнинг ана шу “тажриба”сидан андоза олиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун биз ҳам ҳар куни, ҳар қадамда коррупционерларни кўз очирмаслигимиз керак! “Муносабат” кўрсатувидан андоза олган ҳолда бошқа телеканалларда ҳам ҳар куни коррупция мавзусида мулоқотлар, баҳс-мунозараларни авж олдиришимиз зарур!
Айтайлик, шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақидаги гап-сўзлар шу билан тўхтаб қолмаслиги керак. Уларнинг ҳар бирини “чиройли” суратлари билан газеталарда аёвсиз фош этадиган фельетонлар ёритиш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар орқали бонг уриш даркор. Керак бўлса, суратларини кулгили карикатуралар қилиб, маҳалла-кўйларига, ишхоналарига илиб қўйиш лозим. Токи, қишлоқда ўғрилар бош кўтара олмагани каби бу коррупция ботқоғига ботганлар ҳам без бўлиб юра олмасин…
Агар бундай ҳол тегишли қонунларда белгиланмаган бўлса, ўша қонунларга зарур ўзгартишлар киритишимиз керак.
Қизиқ, бирорта порахўр айбини тан олмагани, ҳеч қачон “мен порахўрман” демагани каби ҳеч бир виждонли, қалби ҳам, қўли ҳам тоза инсон ўзининг ана шу покдамонлигини очиқ-ойдин гапирмайди. Мабодо, айтган тақдирида ҳам унча-мунча одам ишонмайди. Ҳеч бўлмаганда, уни мақтанчоққа чиқаришади…
“Муносабат” кўрсатувидаги баҳс-мунозаралар фикрлашга ундади. Хўш, бугун жамиятимизда ҳалол, пок, виждонли инсонлар кўпми ёки коррупция ботқоғига ботганлар?.. Ўзимча уларни санашга ҳаракат қилдим. Мана хулосаларим:
1970 йилда мактабга борганман ва уни тамомлагунимча бирорта ўқитувчим порахўрлик қилганини кўрмаганман, эшитмаган, ҳатто тасаввур ҳам қилмаганман.
1980 йилда ҳозирги ЎзМУ Журналистика факультетига ҳеч қанақа таниш-билишсиз, ўз билимим билан кирганман. Талабаликка қандоқ қабул қилинганимни шахсан кўрган-билган устозларим билан ҳамон фахрланиб юраман. Беш йил ўқиш даврида бирорта профессор-ўқитувчимиз таъма ё шаъма қилганини билмайман. Фақат, кўп китоб ўқишимизни талаб қилишган, билимимизга яраша баҳо қўйишган.
1985 йилда Қибрай туман газетасида меҳнат фаолиятимни бошлаганман, сўнг қатор республика газета-журналларига таклиф этилганман. Бирор таҳририят бош муҳаррири ё бошқа мутасаддиси қинғир ишга қўл урганини учратмадим.
Бу гапларни йилма-йил ёзишдан мақсад: ўша даврдаги одамларнинг деарли ҳаммаси шундоқ яшаганлар. Бизга каттароқ авлодлар ибрат кўрсатишган! Улар коррупция ботқоғидан йироқ замондошлариммиз эди!
Анча йиллардан буён қадрдон Журналистика факультетида дарс бераман ва талабаларимдан гоҳ очиқча, гоҳ “аноним” тарзида сўров ўтказиб тураман. “Бирор факультетимиз ўқитувчиси пора оладими ёки таъма қиладими?” деган саволимга шу кунгача “ҳа” деган жавоб эшитмадим.
Ўқишга қабул бўладиган жойларга деарли яқинлашмаганман. Бирор кимса менга “таниш-билишчилик қилайлик” демаган. Мабодо, шунақалар чиқиб қолган тақдирида мен нима қилишимни, бунақа “сир”ни қандоқ самарали сақлашимни талабаларим жуда яхши биладилар. Фармонбибининг мелиса ўғли пора таклиф этган аёлнинг кавушини тўғрилаб қўйгани каби ман ҳам “дардим”ни интернетга ёзаман! Шуни билганлари учун ҳам ҳеч ким бир қоп пулини орқалаб, боласини етаклаб даргоҳимга келмайди! Шул боис ҳар доим қулоғим тинч, ҳаётим осуда!
Кам эмас, 38 йилдан буён меҳнатларим эвазига уйлик-жойлик бўлдим, рўзғор тебратдим, китобларим чоп этилди, мукофотлар олдим. Шукрки, бирор марта пора беришимга тўғри келмади! Умрим давомида бирор кимса менга пора бер деб қўл чўзмади, ҳеч ким “манави порани олиб фалон ишимни ҳал этиб бер” демади!
Мени тарбиялаб, шу қадар камолга етказган азиз Устозларимнинг бирортаси ҳақида салбий фикр эшитмаганман. Ўз навбатида, юзлаб шогирдларим орасидан ҳам “ола чиққани”ни билмайман.
Гоҳо, қалбда эҳтирослар жўш уриб, телеминбарлардан “Ҳар бир инсоннинг мана шундай коррупциядан ҳоли, тоза ва покиза яшашини жуда-жуда истайман!” деб ҳайқиргим келади.
Дилга таскин берадиган ҳол шуки, харом-харишдан йироқ, кўнгли хотиржам яшаётган бахтли инсонлар жуда кўп. Улар пора беришни ҳам, олишни ҳам ўйлаб юрмайдилар! Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик, деган нақлни ҳаётларининг мазмуни деб биладилар.
Кўрсатувда иштирок этган бир отахоннинг сўзларидан тўлқинланиб кетдик.
“Биз таълим олган 1960-70 йилларда университетларга пора бериб ўқишга кириш, пул билан баҳо олиш” деган гаплар мутлақо йўқ эди-ку,– дейди у.– Қачон пайдо бўлди бу иллат?! Уни таг-туги билан йўқ қилишга кучимиз етмайдими? Хўш, ўша порахўрлар уйида болаларига харом луқмани егизишдан ҳазар қилмайдими? Бунақаларга ҳеч қачон бефарқ қарамаслигимиз керак…”
Беш қўл баробар эмас, деганларидек, ҳаётни коррупциясиз, порахўрликсиз тасаввур этолмайдиганлар ҳам кам эмас.
Бир даврада мен шундоқ коррупция, пора-мора балосидан йироқлигимни айтсам, ўттиз беш ёшлардаги бир банда эс-ҳушини йўқотаёзди!.. Кўзлари нақ косасидан чиққудек бўлиб: “Қўсангиз-чи, ҳаммамиз порахўрликнинг орқасидан шу кунимизга етиб келганмиз-ку” деб ёзғиришини кўрсангиз…
Демак, у боғчасидан тортиб қаерларда “тарбияланган” бўлса фақат шундоқ харом-хариш йўллардан бошқасини кўрмаган. Бу иллат оиласидан бошланган, кўз очиб кўргани – коррупция бўлган, ўзи тан олганидек, жирканч йўллар билан шу ерга етиб келган…
Энди у тоза ва покизаликни, шундоқ табаррук инсонларни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Унинг кўзига ҳамма бирдек ўзи каби жирканчли кўринаверади…
Минг афсуски, бунақалар ҳам ҳаётимизда кам эмас…
Худо сақсалин, шунақалар каттароқ мансабга ўтириб қолса нима бўлишини тасаввур этиш қийинмас…
Бир қизиқ ҳодисанинг гувоҳи бўлганман. Кабинетида қўлга олиниб, анча йил жазосини ўтаган (ишхонаси ва оиласининг шаънига қора доғ туширган) порахўр озодликка чиққач, ҳашаматли тўйхонада ош берган. Маҳалла аҳли, қариндошлари росмана тўйга чақирилгандек келишиб, ундан “хизматни яхши ўтаб келдингизми?” деб кўнгил сўрашган…
Ана сизга “меҳрибончилик…”
Олижаноблик ҳам эви билан-да…
Бунақалар қилмишига пушмон қилишмайди. Билъакс, “пешонамга битилгани шу экан” дея ўзларини овутишади. Бир кун яна имкон туғилгани ҳамоно ҳеч нарса кўрмагандек харом-хариш ишларини давом эттираверади.
Демак, юқоридаги ҳолатда ўша одамлар ҳам айбдор. Улар порахўр қилган ошга бормасликлари лозим эди. Ҳатто, уни қучоқ очиб кутмасдан, нафрат билан қарашлари шарт эди! Қишлоқ одамларидек: “порахўр!” дея маломат қилишганида унинг тезроқ тузалиб кетишига кўмаклашган бўлармиди!..
Бу фикрларимизни ўқиганлар, “хато қилган бўлса, жазосини олди, шу етади”, деб хомтама бўлишади. Хўш, жазосини олганига яраша тавба-тазарру қилдими? Бошқа шундай жиноятга қўл урмаслигига ишонасизми?
Журналист дўстим Шарофиддин Тўлаганов бу мавзуда шундай ёзади:
“Коррупцияга қарши курашишда шафқатли бўлиш керак эмас. “Ҳокимиятни пулга сотиб олганлар ундан фойда олишни истайди”, деган эди файласуф Арасту. Қадимги Грек файласуфи яшаб ўтган даврдан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо коррупция билан боғлиқ муаммо ўз долзарблигини йўқотмаган. Бунинг устига унга қарши курашишда самарали қурол ҳам яратилмаган”.
Наздимда, коррупцияга қарши курашишда оқкўнгил ва доно халқимиз ғоят самарали кураш усулини яратиб қўйган. Яъни, юқорида қайд этганимдек, қишлоқ аҳлининг “ўғри!” деб туриши – энг самарали кураш усулидир. Ундан андоза олиб коррупция ботқоғига ботган порахўрлар ҳақида биз ҳам телекўрсатувларимиз, радиоэшиттиришларимиз, газеталаримиз орқали муттасил бонг уриб туришимиз мақсадга мувофиқдир.
Соддадил қишлоқликлар “ана, ўғри келяпти” деганларига ўхшатиб биз ҳам шунақаларни кўрганда “қоч, коррупционер келяпти…” дея изза қилсак, балки кўзи очилар… Токи, бундай манфур кимсалар қишлоқларимизда, маҳаллаларимизда бош кўтариб юра олмаса, оиласи олдида ҳам юзи шувит бўлиб, қадди букилса, тўғри йўлга кирармикин?..
Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати-ю маънавий-маърифий таъсирини шу тариқа йўлга қўйсак қандоқ бўларкин? Уларнинг ўша жаҳолатига қарши жайдаригина маърифий курашимиз ижобий самарасини кўрсатса не ажаб?
Хўш, Сиз бунга нима дейсиз?
Тўлқин ЭШБЕК,
журналист
http://hordiq.uz/2018/12/14/qoch-korrupcioner-kelyapti/
Jamiyatning og’riqli nuqtasi ,jirkanch illati- korrupsiya Donish domla qalamining uchli tig’iga necha bor to’qnashgan, necha bor kurashga kirgan.
Bu gal ham achchiq iztirob, ming bir hasrat bilan haqiqat ixtiyorsiz o’ylardan ixtiyorsiz so’zlarga ko’chibdi. Bu mavzu haqida gapirish qanchalar og’ir. Agar shu maqola qog’ozda chop etilsa, (etilgan ham) ehtimol o’sha qog’oz sarg’ayib, o’z-o’zidan titilib ketsa kerak.
Ammo, domlamizning » Ўқишга қабул бўладиган жойларга деарли яқинлашмаганман.»- degan fikrlaridan birozgina xafalandim. Shunday jo’shqin , pokdomon, adolatpesha, faqat haqiqat deb yashaydigan inson nega endi qabul jarayoniga yaqinlashmagan?! Nega endi ko’ra-bila turib , loaqal bitta noto’g’ri yo’ldagi kimsani to’g’ri yo’lga boshlamagan?! Bilaman , bu holatda kurashish mushkul. Ammo bittagina bo’lsa ham bilimli, tafakkur
dunyosi keng, zukko abituriyentni o’qishga kirishi butun millat uchun yutuq emasmi? Nega endi domla bir
chetda jim turib kuzatishlari kerak? Axir , domla Qodiriy ta’biri bilan aytganda , «adolatsizlik tig’i ko’tarilganda» faqatgina «ixxx», attang deb qo’yadiganlardan emas-ku!!!