ҚОЧ, КОРРУПЦИОНЕР КЕЛЯПТИ…

Одамлар уйғоқ бўлиши учун уларни мудом уйғотиб туриш керак!

photo_2023-11-28_22-29-39

Тошкент метросига тушсангиз, вагонлардаги микрофонлардан доим қуйидаги огоҳлантирувчи сўзлар жаранглаб туради:

«Ёш болали, ногирон ва ёши катта йўловчиларга жой беринг!»

Йўловчилар ҳам шунга кўникиб қолишган. Ўша сўзларни эшитганлари ҳамоно ён-атрофига қараб қўйишади, жой берилиши лозим бўлганларга, албатта, илтифот кўрсатишади.

Катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бу ҳикматли сўзларни кунига неча бор эшитсангиз-да меъдангизга тегмайди, билъакс, бошқалар ҳам эшитишини ва унга амал қилишини истайсиз.

Худди шундай жамиятимизда коррупцияга қарши кураш йўлларидан бири – у ҳақда муттасил эслатиб туришимиз, ҳаммани огоҳликка чорлаб туришимиз, бу борада жамоатчилик фикрини ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

«Ўзбекистон» телеканалида намойиш этилаётган жонли эфирдаги «Муносабат» кўрсатувида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Навбатдаги кўрсатув ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларини ёдга олишдан бошланди:

«Давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавф – коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш борасида ҳам аниқ чоралар кўрилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мана шундай оғир жиноятни содир этган 1 минг 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг яққол далилидир, – деди давлатимиз раҳбари. – Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт».

Эътибор берсангиз, ҳамманинг кўзи кўзига тушиб яшайдиган қишлоқда ўғри дея номи чиққанлар яшамайди. Ўғри деб номи чиқдими, яхшиси, бошқа ёққа кўчиб кетади. Чунки уни кўрганлар дарҳол «ўғри!» деяверишади. Болалар эса, қишлоқни бошига кўтариб «ўғри, ўғри!» деб жар солишади. Ҳатто, турмуш ўртоғига «ўғрининг хотини», фарзандларига «ўғрининг боласи» деб таъна қиладиганлар кам бўлмайди.

Хуллас, ўғрининг узоқларга кўчиб кетишдан ўзга чораси қолмайди. Тавбасига таянган банда бу номаъқулчиликни қилмайди. Қўним топган жойида ҳам юзи қора бўлишини, оиласига, бола-чақасига иснод келтиришни истамайди.

Қишлоқликларнинг ўғрига нисбатан бунақа муносабатлари кимларгадир эриш туюлар, уларни маданиятсизликда айблашар, бироқ, эътибор билан қарасангиз – асл жамоатчилик назорати шу эмасми? Қаранг, қандоқ самарали назорат! Ўғрини – ўғри бўлганига пушаймон қилдиради! Шу тариқа ҳамма ҳар ёқдан тарбиялайди!..

Коррупцияга қарши курашни кучайтиришда беғубор қишлоқликларнинг ана шу «тажриба»сидан андаза олиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун биз ҳам ҳар куни, ҳар қадамда коррупционерларни кўз очирмаслигимиз керак! «Муносабат» кўрсатувидан андаза олган ҳолда бошқа телеканалларда ҳам ҳар куни коррупция мавзусида мулоқотлар, баҳс-мунозараларни авж олдиришимиз зарур!

Айтайлик, шундай оғир жиноятни содир этган
1 177 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақидаги гап-сўзлар шу билан тўхтаб қолмаслиги керак. Уларнинг ҳар бирини «чиройли» суратлари билан газеталарда аёвсиз фош этадиган фельетонлар ёритиш, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар орқали бонг уриш даркор. Керак бўлса, суратларини кулгили карикатуралар қилиб, маҳалла-кўйларга, ишхоналарига илиб қўйиш лозим. Токи, қишлоқда ўғрилар бош кўтара олмагани каби бу коррупция ботқоғига ботганлар ҳам без бўлиб юра олмасин…

Агар бундай ҳол тегишли қонунларда белгиланмаган бўлса, ўша қонунларга зарур ўзгартишлар киритишимиз керак.

Қизиқ, бирорта порахўр айбини тан олмагани, ҳеч қачон «мен порахўрман» демагани каби ҳеч бир виждонли, қалби ҳам, қўли ҳам тоза инсон ўзининг ана шу покдомонлигини очиқ-ойдин гапирмайди. Мабодо, айтган тақдирида ҳам унча-мунча одам ишонмайди. Ҳеч бўлмаганда, уни мақтанчоққа чиқаришади…

«Муносабат» кўрсатувидаги баҳс-мунозаралар фикрлашга ундади. Хўш, бугун жамиятимизда ҳалол, пок, виждонли инсонлар кўпми ёки коррупция ботқоғига ботганлар?! Ўзимча уларни санашга ҳаракат қилдим. Мана хулосаларим:

Камина 1970 йилда мактабга борганман ва уни тамомлагунимча бирорта ўқитувчим порахўрлик қилганини кўрмаганман, эшитмаган, ҳатто тасаввур ҳам қилмаганман.

1980 йилда ҳозирги ЎзМУ Журналистика факультетига ҳеч қанақа таниш-билишсиз, ўз билимим билан ўқишга кирганман. Талабаликка қандоқ қабул қилинганимни шахсан кўрган-билган устозларим билан ҳамон фахрланиб юраман. Беш йил ўқиш даврида бирорта профессор-ўқитувчимиз тама ё шаъма қилганини билмайман. Фақат, кўп китоб ўқишимизни талаб қилишган, билимимизга яраша баҳо қўйишган.

1985 йилда Қибрай тумани газетасида меҳнат фаолиятимни бошлаганман, сўнг қатор республика газета-журналларига таклиф этилганман. Бирор таҳририят бош муҳаррири ё бошқа мутасаддиси қинғир ишга қўл урганини учратмадим.

Бу гапларни йилма-йил ёзишдан мақсад: ўша даврдаги одамларнинг деярли ҳаммаси шундоқ яшаганлар. Бизга каттароқ авлодлар ибрат кўрсатишган! Улар коррупция ботқоғидан йироқ замондошларимиз эди!

Анча йиллардан буён қадрдон Журналистика факультетида дарс бераман ва талабаларимдан гоҳ очиқча, гоҳ «аноним» тарзида сўров ўтказиб тураман. «Бирор факультетимиз ўқитувчиси пора оладими ёки тама қиладими?» деган саволимга шу кунгача «ҳа» деган жавоб эшитмадим.

Ўқишга қабул бўладиган жойларга деярли яқинлашмаганман. Бирор кимса менга «таниш-билишчилик қилайлик» демаган. Мабодо шунақалар чиқиб қолган тақдирда мен нима қилишимни, бунақа «сир»ни қандоқ самарали сақлашимни талабаларим жуда яхши биладилар. Фармонбибининг мелиса ўғли пора таклиф этган аёлнинг кавушини тўғрилаб қўйгани каби мен ҳам «дардим»ни интернетга ёзаман! Шуни билганлари учун ҳам ҳеч ким бир қоп пулини орқалаб, боласини етаклаб даргоҳимга келмайди! Шул боис ҳар доим қулоғим тинч, ҳаётим осуда!

Неча ўн йиллар мобайнида ҳалол меҳнатларим эвазига уйлик-жойлик бўлдим, рўзғор тебратдим, китобларим чоп этилди, мукофотлар олдим. Шукрки, бирор марта пора беришимга тўғри келмади! Умрим давомида бирор кимса менга пора бер деб қўл чўзмади, ҳеч ким «манови порани олиб, фалон ишимни ҳал этиб бер» демади!

Мени тарбиялаб, шу қадар камолга етказган азиз устозларимнинг бирортаси ҳақида салбий фикр эшитмаганман. Ўз навбатида, юзлаб шогирдларим орасидан ҳам «ола чиққани»ни билмайман.

Гоҳо, қалбда эҳтирослар жўш уриб, телеминбарлардан «Ҳар бир инсоннинг мана шундай коррупциядан холи, тоза ва покиза яшашини жуда-жуда истайман!» деб ҳайқиргим келади.

Дилга таскин берадиган ҳол шуки, ҳаром-ҳаришдан йироқ, кўнгли хотиржам яшаётган бахтли инсонлар жуда кўп. Улар пора беришни ҳам, олишни ҳам ўйлаб юрмайдилар! Меҳнатдан келса бойлик – турмуш бўлар чиройлик, деган нақлни ҳаётларининг мазмуни деб биладилар.

Кўрсатувда иштирок этган бир отахоннинг сўзларидан тўлқинланиб кетдик.

«Биз таълим олган 1960–1970 йилларда университетларга пора бериб ўқишга кириш, пул билан баҳо олиш» деган гаплар мутлақо йўқ эди, – дейди у. – Қачон пайдо бўлди бу иллат?! Уни таг-туги билан йўқ қилишга кучимиз етмайдими? Хўш, ўша порахўрлар уйида болаларига ҳаром луқмани егизишдан ҳазар қилмайдими? Бунақаларга ҳеч қачон бефарқ қарамаслигимиз керак…»

Беш қўл баробар эмас, деганларидек, ҳаётни коррупциясиз, порахўрликсиз тасаввур этолмайдиганлар ҳам кам эмас.

Бир даврада мен шундоқ коррупция, пора-мора балосидан йироқлигимни айтсам, ўттиз беш ёшлардаги бир банда эс-ҳушини йўқотаёзди! Кўзлари нақ косасидан чиққудек бўлиб: «Қўсангиз-чи, ҳаммамиз порахўрликнинг орқасидан шу кунимизга етиб келганмиз-ку» деб ёзғиришини кўрсангиз…

Демак, у боғчасидан тортиб қаерларда «тарбияланган» бўлса фақат шундоқ ҳаром-ҳариш йўллардан бошқасини кўрмаган. Бу иллат оиласидан бошланган, кўз очиб кўргани – коррупция бўлган, ўзи тан олганидек, жирканч йўллар билан шу ерга етиб келган…

Энди у тоза ва покизаликни, шундоқ табаррук инсонларни тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Унинг кўзига ҳамма бирдек ўзи каби жирканч кўринаверади…

Минг афсуски, бунақалар ҳам ҳаётимизда кам эмас…

Худо сақласин, шунақалар каттароқ мансабга ўтириб қолса нима бўлишини тасаввур этиш қийинмас…

Камина фельетонимда ёзганимдек, бир қизиқ ҳодисанинг гувоҳи бўлганман. Кабинетида қўлга олиниб, анча йил жазосини ўтаган (ишхонаси ва оиласининг шаънига қора доғ туширган) порахўр озодликка чиққач, ҳашаматли тўйхонада ош берган. Маҳалла аҳли, қариндошлари росмана тўйга чақирилгандек келишиб, ундан «хизматни яхши ўтаб келдингизми?» деб кўнгил сўрашган…

Ана сизга «меҳрибончилик…»

Олижаноблик ҳам эви билан-да…

Бунақалар қилмишига пушмон қилишмайди. Билъакс, «пешонамга битилгани шу экан» дея ўзларини овутишади. Бир куни яна имкон туғилгани ҳамоно ҳеч нарса кўрмагандек ҳаром-ҳариш ишларини давом эттираверади.

Демак, юқоридаги ҳолатда ўша одамлар ҳам айбдор. Улар порахўр берган ошга бормасликлари лозим эди. Ҳатто, уни қучоқ очиб кутмасдан, нафрат билан қарашлари шарт эди! Қишлоқ одамларидек: «порахўр!» дея маломат қилишганида унинг тезроқ тузалиб кетишига кўмаклашган бўлармиди!..

Бу фикрларимизни ўқиганлар, «хато қилган бўлса, жазосини олди, шу етади», деб хомтама бўлишади. Хўш, жазосини олганига яраша тавба-тазарру қилдими? Бошқа шундай жиноятга қўл урмаслигига ишонасизми?

Журналист дўстим Шарофиддин Тўлаганов бу мавзуда шундай ёзади:

«Коррупцияга қарши курашишда шафқатли бўлиш керак эмас. «Ҳокимиятни пулга сотиб олганлар ундан фойда олишни истайди», деган эди файласуф Арасту. Қадимги Грек файласуфи яшаб ўтган даврдан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо коррупция билан боғлиқ муаммо ўз долзарблигини йўқотмаган. Бунинг устига унга қарши курашишда самарали қурол ҳам яратилмаган».

Наздимда, коррупцияга қарши курашишда оқкўнгил ва доно халқимиз ғоят самарали кураш усулини яратиб қўйган. Яъни, юқорида қайд этганимдек, қишлоқ аҳлининг «ўғри!» деб туриши – энг самарали кураш усулидир. Ундан андаза олиб коррупция ботқоғига ботган порахўрлар ҳақида биз ҳам телекўрсатувларимиз, радиоэшиттиришларимиз, газеталаримиз орқали муттасил бонг уриб туришимиз мақсадга мувофиқдир.

Соддадил қишлоқликлар «ана, ўғри келяпти» деганларига ўхшатиб биз ҳам шунақаларни кўрганда «қоч, коррупционер келяпти…» дея изза қилсак, балки кўзи очилар… Токи, бундай манфур кимсалар қишлоқларимизда, маҳаллаларимизда бош кўтариб юра олмасин, оиласи олдида ҳам юзи шувит бўлиб, қадди букилсин, ана шунда тўғри йўлга кирармиди?..

Коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назорати-ю маънавий-маърифий таъсирини шу тариқа йўлга қўйсак қандоқ бўларкин? Уларнинг ўша жаҳолатига қарши жайдаригина маърифий курашимиз ижобий самарасини кўрсатса не ажаб!

Хўш, сиз бунга нима дейсиз?

photo_2019-04-15_22-04-39

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

«Коррупциясиз ҳаёт завқи» (Маърифий қўлланма) китобидан, 2023 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *