Қудратимиз жўш урар ҳамон!
– Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 14 апрель
куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтган ҳаётбахш сўзлари халқимизда умид, эртанги кунимизга янада ишонч уйғотди.
Мана шу йилимиз бошиданоқ депутатлик фаолиятини шижоат билан бошлаган эдик. Халқпарвар депутатларимиз одамлар қалбига йўл топишга, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашишга бел боғлаганларини сайловчиларимиз эътибор билан кузатиб туришибди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш жойлардаги барча мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлмоғи лозим”. Бу ҳаммамиз учун энг масъулиятли вазифамиздир.
Юртбошимиз “Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, деган чуқур маъноли сўзлар бор”лигига яна бир бора эътибор қаратгани кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Дарҳақиқат, ҳозирги мураккаб ва синовли дамларда биз улуғ ва меҳнаткаш халқимизнинг қудрати, ақл-заковати, сабр-матонати, меҳр-оқибати билан эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз.
Биз депутатлари шунга яраша халқимиз, айниқса ёшларимиз қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдириш учун тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам изчил давом эттириб боришимиз лозим.
Бугунги кунда кўплаб зиёли депутатларимиз халқ, айниқса, ёшлар билан видеомулоқотлар ўтказаётганлари эътиборга моликдир. Биз мана шундай замон талабига мос саъй-ҳаракатларимиз билан олдимизга қўйган эзгу мақсадларимизга албатта эришамиз.
Эл дарди ила яшаган инсон албатта одамлар қалбига қулоқ тутади. Партиямиз аъзоларидан бири ёзган мана бу дил сўзлари барчанинг дилида иштиёқ уйғотган бўлса ажабмас:
“Биз асрий халқмиз, маънавиятимиз, маданиятимиз, маърифатимиз, бой меросимиз, қадриятимиз, урф-одатларимиз, интеллектуал бойлигимиз, инсон деган қудратимиз бор! Шундай экан, ҳаммамиз бир тан-у бир жон бўлиб бирлашиб, меҳр-мурувват, муҳаббат билан эртанги кунимиз қандай бўлишини ўзимиз ҳал этишимиз керак. Сизга уйдан чиқмай ўтиринг!” деб айтиляптими, бундан мақсад – ҳаётингизни, оилангизни асраб қолишдир!”
Партиямиз аъзолари, депутатларимиз бугун бу борада янада фаол бўлишимиз, ҳаётбахш қонунларимиз, Президентимиз фармонлари ва қарорлари, ҳукуматимизнинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини тўғри тарғиб этиб, элимиз қалбига жо этишимиз ҳам фарз, ҳам фарздир.
Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,
Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати,
Шаҳноза РАҲМАТУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Миллий Тикланиш демократик партияси Олмазор туман Кенгаши масъул ходими
Сўнгги фикрлар