Қирғизистон Республикаси Давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот ўтказди. 26 октябрь куни Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари телефон орқали суҳбатлашгани ҳақида Атамбаев матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзаро мулоқот чоғида томонлар ўзбек-қирғиз ҳар томонлама ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишган.
Алмазбек Атамбаев, шунингдек, Президент в.б. Шавкат Мирзиёевга, Ўзбекистон раҳбариятининг икки томонлама муносабатлардаги долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратаётгани, икки давлат ўртасидаги яхши қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдирган. Қирғиз раҳбари биродар Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган, дейилади хабарда.
Аввал маълум қилганимиздек, бугун 26 октябрь куни Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Республикасига ташрифни амалга оширади. Бундан кўзланган асосий мақсад – ўзаро қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳисобланади.
Октябрь ойи бошида Мухамметкали Абулгазиев бошчилигидаги Қирғизистон делегацияси Ўзбекистон томони таклифи билан Андижон вилоятига ташриф буюрган ҳамда қирғиз-ўзбек муносабатларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларда иштирок этган эди.
***
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев ўзаро мулоқот чоғида чегараларни делимитация қилиш хусусида сўзлашди
26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев ўртасида Қирғизистон томонининг ташаббуси билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди.
ЎзА хабарига кўра, давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари тўғрисида атрофлича фикр алмашиб, ўзаро муносабатларнинг бир қатор асосий йўналишларида ижобий ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида қайд этдилар.
Мулоқот чоғида таъкидланганидек, Фарғона водийсининг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилиги иштирокида Андижон ва Ўш шаҳарларида ўтган Ўзбекистон ҳамда Қирғизистоннинг нуфузли делегациялари учрашувлари кўп асрлик анъанавий дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини, халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдор эканини таъкидладилар.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган қатор минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бундан буён ҳам турли даражадаги ўзаро алоқаларни давом эттириш ва рағбатлантиришга келишиб олдилар.
***
Икрамов: Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг яхши қўшничилик алоқалари ҳамкорликни ривожлантириш гарови
Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг яхши қўшничилик алоқалари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг гарови бўлиши лозим. Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов ўзининг Ўш давлат университетига қилган ташрифида сўз юритди.
Олий ўқув юрти талабалари олдида чиқиш қилган Икрамов икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничиликнинг барбод бўлмаслигини таъкидлаган.
Адҳам Икрамов шунингдек, таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликка эътибор қаратган. Унинг қайд этишича, Ўзбекистондаги университетлар ЎшДУнинг хорижлик талабаларни ўқитиш ва ўқув жараёнида электрон воситаларни қўллаш борасидаги ижобий тажрибасига диққат қаратади.
Ўзбекистон делегацияси ЎшДУга ташрифи чоғида, ўқув бинолари ва тиббиёт клиникасини бориб кўришган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адҳам Икрамов раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Респубилкасининг Ўш вилоятига дўстлик сафарини амалга оширмоқда.
http://kun.uz/
Сўнгги фикрлар