Ҳамкорлик Меморандуми – мақсадли ҳамкорлик кафолати
Ҳамкорликда ҳикмат кўп.
Ҳамкорлар бир-бирининг ютуқларидан, илғор технологияларидан андоза олади, тажриба алмашади, ўрни келганда амалий ёрдам қўлини чўзади. Айтайлик, хориж университетида малака оширган, уларнинг аудиторияларида талабаларга маъруза ўқиган профессор дунёвий тажрибага эга бўлиб келади. Талабалар алмашинуви ҳам ёш илм толиблари онгига, маърифатига ўзгача таъсир кўрсатади.
Бинобарин, таълим тизимини тобора такомиллаштириб боришда ҳам халқаро ҳамкорлик алоқлари муҳим ўрин тутади. Шундай эзгу мақсадда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қатор ривожланган мамлакатларнинг университетлари билан Ҳамкорлик Меморандумлари асосида илмий-маърифий алоқаларни тобора ривожлантирмоқда.
Навбатдаги ҳамкорлик алоқалари Белоруссия Миллий техника университети ва республика касб-ҳунар таълими институти билан ўрнатилди.
Жорий йил 3 март куни Беларус Республикаси таълим вазири Игорь Карпенко бошчилигида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига ташриф буюрган Беларус Миллий Техника университети, Беларус информатика ва радиоэлектроника давлат университети, Франциска Скорина номидаги Гомелск Давлат университети ва бошқа қатор олий таълим муассасалари ректор ҳамда проректорларидан иборат делегация билан ЎзМУ ректори Иномжон Маджидов ҳамда соҳа проректорлари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Иномжон Маджидов меҳмонларни университетга ташриф буюргани билан самимий қутлаб университет тарихи, тузилмаси ва бугунги кундаги стратегик режалари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида Беларус Республикаси таълим вазири Игорь Карпенко Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимидаги узоқ йиллик ҳамкорлик, эришилган ютуқлар ва келгусида ҳамкорлик тармоқларини янада кенгайтириш йўлидаги ўзининг аниқ ва мақсадли таклифларини билдирди. Шунингдек, Игорь Карпенко бугунги кунда Белорус Республикаси олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган Ўзбекистонлик ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқи, қизиқиши ва интилишларини юксак баҳолаб рақобатбардош кадрлаш тайёрлашда доимо очиқ эканлигини айтиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Белорус республикалари бир-бирига муҳим ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарашини, халқаро ҳамкорликни ўзаро ишонч тамойиллари асосида кенгайтириш ва икки халқ манфаатларига хизмат қилишда доимо бир бирларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган учрашувда Белоруссия Миллий техника университети ва республика касб-ҳунар таълими институти билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга асосан 2021-2022 ўқув йилида “Лазер физикаси, “Материалшунослик ва материаллар технологияси” (тармоқлар бўйича) ҳамда “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф муҳит физикаси” йўналишларида 2+2 қўшма таълим дастури йўлга қўйилади.
Учрашув жараёнида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини тобора кенгайтириш, кўплаб соҳаларда шартномалар имзолаш ва уларни амалга оширишда самарали ишларни олиб бориш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар. Айниқса, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган истиқболи йўналишларда кадрлар тайёрлаш, профессор ўиқтувчиларни малака ошириш, илмий стажировкаларини йўлга қўйиш, ўқув ва илмий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, докторантура ҳамда мустақил тадқиқотчиларни тайёрлашда илмий лаборатория ҳамда илмий тадқиқот институтлари имкониятларидан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Келгусида бу ҳамкорлик самараси илм-маърифат тараққиётида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Раима Ширинова,
ЎзМУ Халқаро алоқалар бўйича проректори
Сўнгги фикрлар