Ҳашар соғинчи…

Бадиҳа

Эййй, азизларим, қадрли ҳамкасбларим!

Қандоқ кунларнинг қадрига етиб-етмай юрган эканмиз-а. Ҳашар деганлари – бамисоли тўй, серфайз байрамдан кам эмас экан-ку. Каттаю-кичик енг шимариб келса, меҳр тўла кўз-кўзга тушиб, салом-алик қилингач, ҳамма ишга киришса!.. Ёши улуғлар дуо қилиб туришса, ёшлар ғайрат-шижоатини кўрсатишса!.. Ана Сизга ҳақиқий ҳаёт завқи, умр шавқи!

Севимли хонандамиз Ғиёс Бойтоевнинг “Наврўзингдан айланай, ўзимнинг элим!” деган қўшиғини жон қулоғимиз билан тинглаганмиз. Бугун шунга ҳамоҳанг: “Ҳашарингдан ўргулай, ўзимнинг элим!” дея хиргойи қилгим келди.

Наврўз каби азалий қадриятларимиздан бирига айланган ҳашаримизни ҳам жуда-жуда соғинган эканмиз.

1 2 3 4
68

Қарийб уч ойдан бери давом этаётган “Карантин”дан озми-кўпми димиқиб кетдик. Қафасда ўтирган қушдек қанотларимиз парвозларни жуда-жуда қўмсади. Бир пайтлар анча-мунча танқидий кўз билан қараётган “Виртуал олам”га ўзимиз ҳам шўнғиб кетдик. Эртаю-кеч кўзимиз интернетда, телеграм каналларида бўлиб қолди. Салом-алик, кўнгил сўраш, раҳбарлар топшириғию, уларнинг ижросидан тортиб ҳисоботларгача, берилган вазифалар талаб даражасида ижро этилмаган бўлса “дашномлар”ларгача ҳаммаси телеграм орқали бўлишига кўникдик…

Раҳбар-ходим, ҳамкасблар муносабатлари телеграм орқали фақат “руҳий” бир тарзда амалга ошишига ноилож кўникдик.

Бир ҳисобда шунисига ҳам шукр, деймиз. Ҳар қалай, ишлар тўхтаб қолмади. Билъакс, баъзи соҳалар, айрим йўналишлар илгаригидан ҳам кўпроқ ривожланиб кетди. Масофавий таълим деган гаплар қоғозда ёки тил учида эди. “Карантин” даврида айнан ўша масофавий таълим кунимизга яраб қолди. Ўқитувчилар билан талабалар ўртасида у катта маънавий кўприкка айланди. Бу борада профессор-ўқитувчилар илгаригидан беш-ўн ҳисса кўпроқ ишлаганлари алоҳида мавзу. Гап шундаки, илгари профессор-ўқитувчилар (уйда китоб титишларини ҳам ҳисобга олганда) 8-9 соат ишлаган бўлса, масофавий таълим талабларига кўра 15-16 соат ишлаганлари ҳам камлик қила бошлади. Кўзимиз компьютерга михланиб қолди, очқасак кинодаги Шурикка ўхшаб дастурхонга қарамай тамадди қиламиз, чарчаб сулайиб қолсак, жиндек мизғиб оламиз… Сўнг, яна компьютерга ёпишиб қоламиз… Пайти келиб бу мавзуда айтадиган таҳлилий фикрларимиз ҳам анчагина.

Ижтимоий тармоқлар орқали бошқа соҳаларни ҳам кузатиб юрибмиз. Банк, иқтисодиёт каби ўнлаб соҳаларда ҳам электрон фаолият салмоқли самарасини кўрсатаётгани ҳақида ўқиб, ҳам ҳайратга тушдик, ҳам ўйланиб қолдик…

Бир журналист-педагог сифатида мулоҳазам шу бўлди: яхшиям ёппасига компьютер, мобил телефонлари орқали интернетдан фойдаланишни ўзлаштириб олган эканмиз. Аслида, бу ноёб технология мўъжизасини бутун аҳолимизга бир-икки кунда ўргатиб бўлмасди. Йиллар мобайнида каттаю-кичик уни иштиёқ билан ўрганди. Шаҳарда ўқийдиган йигит-қизлар олис қишлоқлардаги ота-оналари, ҳатто нуроний бува-бувилари билан бир-бирларини “жонли экран”ларда бемалол кўриб гаплашадиган бўлиб кетганди. Бир гуруҳ одамларгина эмас, балки бутун халқимиз шундай маҳоратга эга бўлиб қолганди.

Ана шу маҳорат жуда қўл келиб, биз ҳам масофавий таълимни қийналмасдан йўлга қўйдик.

“Карантин” деганлари ортда қолиб, бир кун ҳақиқий реал ҳаётга қайтсак ва фаолиятимизни амалда давом эттирганимизда ҳам “электрон ҳукумат”, “виртуал олам”, масофавий таълим деган мўъжизаларни ташлаб қўймаслик зарурлигини дил-дилимиздан англаб етдик.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси юртимиз тараққиётига хизмат қилишини тушуниб етдик.

Бироқ, ҳамма нарсадан ҳам меъёр бўлгани яхши. “Карантин” деганлари ана шу меъёридан ошиб кетди. Минг файзли, баракотли бўлмасин уйимизда “уюлиб” ўтираверишдан “чарчадик”. Эркин қуш парвоз қилгиси келгани мисол ишхонада, кўча-кўйларда эмин-эркин юришни қўмсадик.

Шундай кезда деканимиз Маҳлиё Мирсоатованинг телеграм канали орқали “Эртага ҳашар!” деган эълонини ўқиб қўзимиздан олов чиқиб, юраклар ҳапқириб кетди. Наҳотки…

“Қаерда? Қай пайтда? Нима иш қиламиз?” деган саволга у:

“Факультет аудиториялари ва ўқув биномиз ёнбош томонидаги Олмазор боғимизни тозалаймиз” деган сўзлари нақадар ёқимли, ҳаётбахш бўлиб туюлди. “Фақат, “Карантин” талабларига риоя этиш ёддан чимасин…”

Хулласи калом, эрталабдан жонажон факультетимизга елиб бордик. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика ва Ижтимоий фанлар факультетлари битта кўркам бинода жойлашган. Битта бинода ишлагач, икки факультет профессор-ўқитувчилари бир оиладек қадрдон бўлиб кетганмиз. Ҳашарда эмас, гўё тўйда ё бирор байрамда дийдор кўришгандек ҳамкасблар меҳр ила бир-биримизга боқишимизни кўрсангиз…

7

– Мен Олмазор туман ҳокимлигига ва “Ёшлик” шаҳарчаси мутасаддиларига ташаккур изҳор этмоқчиман,– дейди Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова.– Мана шу ҳудудимиз бўйича халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатига қишда мурожаат қилиб, Мирзо Ғолиб номидаги маҳалладан факультетимизгача бўлган йўлни созлаб, асфальт қилиб беришларини сўраган эдик. Мана, қисқа фурсатларда нафақат ўша йўлимиз, шу билан бир қаторда Тарих факультети ортидаги қаровсиз ётган йўлаклар “Университет” маҳалласи бўйлаб сифатли асфальт қилингани жуда хайрли иш бўлибди. Бунинг учун биз Олмазор туман ҳокимлигига, шу ишга бош қўшган ташкилотларга, йўлсозларга алоҳида ташаккур изҳор этмоқчимиз. Бугунги ҳашаримизни ана шу янги йўлимиз бўйлаб бегона ўтларни тозалаб ташлашдан бошладик. Энди йўларимизнинг ҳам, факультетимиз биноларининг ҳам қадрига бошқача етадиган бўлдик.

Журналистика факультети профессор-ўқитувчиларидан Зоир Тоҳиров, Рамзиддин Абдусаторов, Равшанжон Омонов ва бошқалар қўли-қўлига тегмай ўқув биномиз атрофида ўсган бегона ўтларни тозалаб ташлади. Камина ҳам (фақат суратга тушиш учун эмас!) қўлимга кетмон олиб, ариқчаларни тозалаб, сўнг токқайчи билан баъзи гулларнинг тарвақайлаб кетган шохчаларини тартибга келтиришга ҳаракат қилдим.

Ижтимоий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари ҳам басма-басига ишлаб, умумий ўқув биномизнинг иккинчи ён томонини эпақага келтирдилар.

Ҳеч ким чарчоқ нелигини билмас, билъакс, қанотларини баралла қоқаётган қушлар мисол ҳамма роса яйрарди!

Жуда ёқимли ашула тинглаётганингизда дилингиздан мудом бир ўй кечади: шу оҳанг кўпроқ давом этса, тез тугаб қолмаса. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, худди шундай ҳашаримиз ҳам тез тугашини ҳеч ким истамасди!..

Чор атроф ёғ тушса ялагудек топ-тоза бўлгач, барибир, ҳашар ҳам поёнига етди-қолди.

Дилдан ҳис этганимиз шу бўлдики, ойдин кунларимиз олдинда!

Коронавирус балоси рўйи заминдан тамомила даф бўлиб, “Карантин” даври поёнига етгач, қандоқ яшашни яхши биламиз, деган ўй ҳар бир ҳамкасбмизнинг юзларида, кўзларида акс этиб турарди. Илоҳо, Яратган эгам тезроқ ўша ойдин кунларга етказсин.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика фаультети кафедра мудири,

халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутати

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *