Ҳақиқатпарварнинг «қора рўйхат»и

«Даракчи» газетасининг 2020 йил 5-сонида (31 январь) ёритилган қуйидаги

фельетонимизнинг «қаҳрамон»лари Сизнинг маҳаллангизда ҳам учрайдими? Агар унақалар бўлмаса, манзилингизни айтинг, ўша маҳаллага жон деб кўчиб борамиз, дейди Дониш домла фиғони фалакка етиб…

Ҳақиқатпарварнинг қора рўйхати (фельетон)

Қишлоқда юрганимда шаҳарликлар, айниқса, кўп қаватли уйларда яшайдиганларга ҳавасим келарди. Иссиқ-совуқ сувлар, табиий газдан тортиб ҳамма нарса муҳайё қилинган шароитда яшаш қанчалик бахт эканини ўзимча тасаввур этганча энтикиб кетардим. Шундай бахтга эришсам борми!..

Ниятимга фаришталар омин деган экан, йигирма йилча бурун бир шаҳардаги (узр, номини айтишга истиҳола қиламан) нақ тўққиз қаватли уйининг энг тепасида 4 хонали кошона соҳибига айланиб қолсам, денг.

Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганларидек, бутун шаҳри азим кўриниб турадиган уйимни ҳамқишлоқларимга кўз-кўз қилгим келарди. Кичкина “Ташрифнома” (“Визитка”)га уйим манзилигача ёзиб қўйдим.

Маҳаллага аралашиб юрган кезларим Остонақул бува деган отахон билан танишиб қолдим. Отахоннинг айтишича, маҳаллада бири-биридан оқкўнгил, элпарвар инсонлар кўп, бироқ, билиб-билмай иснод келтирадиган кимсалар ҳам кам эмас экан…

Бир гал оқсоқол сайловида Остонақул буванинг “накази”ни эшитиб лол қолдим. Отахон бўлғуси маҳалла раисига “Талабнома”сини дангал айтган:

– Қадрли маҳалладошлар! Фахрлансак арзийдиган ишларимиз кўп. Бироқ, маҳалламиз шаънига доғ бўлаётган баъзи қусурларни ҳам дангал айтиш ва уларга барҳам беришимиз керак. Мен уларни “Қора рўйхат”имга ёзиб юрибман. “Қора рўйхат”дан мақсад – оқлик-поклик сари курашдир! Бўлғуси оқсоқол шунақа иллатларга қарши муросасиз курашса, шахсан мен жон деб қўллаб-қувватлардим!

Маҳалла аҳли Остонақул буванинг сўзларидан чайқалиб кетди. Чол дафтарини варақлай бошлаганида нечундир баъзиларнинг ранги гезарди. Дафтарда нималар ёзилганидан кўпчилик хабардорга ўхшайди. Бир киши туриб кетмоқчи эди, Остонақул бува кескин ишораси билан ўтқазиб қўйди. Сўнг, “қора рўйхат”ини ҳижжалаб ўқий бошлади:

– Биринчиси, ҳаммага тегишли гап: нонни увол қилманг! Биз урушда қон кечган, нонга зор бўлиб ўсган, очликдан ўлганларни ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Ана, ахлат ташлайдиган жойда махсус “Нон қути”лар ҳам қўйиладиган бўлди. Бу исрофгарчиликлар яхшиликка олиб келмайди…

Ноннинг уволи ҳақида гап кетганда ҳамманинг боши хам тортиб қолди. Бошига гулли рўмол ўраб олган бир онахон ҳиқ-ҳиқ қилиб йиғлашга тушди. Рўмолининг учи билан кўзёшларини артганча ўрнидан туриб кетди…

– Иккинчиси, Соқивой ошна, чиқиндингизни йўлакка қоп-қоп қилиб тахлаб қўйманг. Улар орасида кўрсичқонлар ин қуришгача борибди…

Соқоли сийрак ўсган Соқивой чол бунга жавобан жимгина бош ирғиб қўя қолди.

– Дўст-дўстга ойна, деганларидек, хатоларни тан олганимиз яхши,– давом этди чол.– Учинчиси, Таиса Муртазина пақилдоқ деган портловчи модда сотади. Урушда ҳам бунчалик қулоғимиз қоматга келмаганди… Бомба йўлда қолиб кетади-я… Қулоқнинг пардасини йиртиб, юрак ўйноғи қип қўйяпти-ку бу! Тинч ётган мусордан юз марта баттар асабни бузмаяптими?!

Гап фақат Таиса опа ҳақида бўлганида қўшнилар ҳозир чолни жон-жон, деб қўллаб-қувватлашарди. Ўзлари ҳақида бундан баттарроқ гап чиқишини яхши билганлар жимгина тилини тишлаб ўтиришарди.

Таиса опа эса бундай пайт ўзини эшитмаганга солиб ўтираверади.

Чол “Қора рўйхат”ини ўқишда давом этди:

– Тўртинчиси, Миртўра Шоқосимов икки ўғлини армиядан олиб қолиш учун пропискадан ўчиртирган…

Бешинчиси, Маҳзуна вояга етмаган болаларга папирос сотади.

Олтинчиси, Қўзивойникида талабалар ноқонуний ижарада туради.

Еттинчиси, Марям Иноғомова ва Гули Сотиволдиевалар антисанитария ҳолатида ҳолва ясаб, пуллайди…

Саккизинчиси, Муборак Саъдуллаева хонадонига кираверишдаги қўшимча деворини буздириб ташлаган. Ахир, биринчи қаватдагилар деворини бузса, кейин… Худо кўрсатмасин, ер салгина қимирлаб кетса, бутун «дом» адойи тамом бўлади-ку?!

Тўққизинчиси, Бунёд суратчи ёш болаларга уятсиз расмлар тарқатмоқда.

Ўнинчиси, Ақида иккинчи эри билан беникоҳ яшаяпти…

Ўн биринчиси, собиқ мактаб директори Ҳакимова бир пайтлар анчагина янги аттестатларни уйига яшириб қўйганидан бохабарман. Энди ўқимаган болаларга уларни сотаётганини исботлаб бераман!

Ўн иккинчиси, Мансур монтёрга ким пул берса, ток ҳисоблагичини орқага қайтариб беради. Ўтган ойда саккизта хонадоннинг счётчигини ноль қилиб қўйибди…

Ўн учинчиси, Қўзивой соғ кўзини касал деб ҳужжат тўғрилаб, автобусда текин юрибди.

Ўн тўртинчиси, Соливой уч жойда ишлашини солиқчилардан яширган.

Ўн бешинчиси, маҳалламизда қалбаки «прописка» билан юрган етти кишини аниқладим. Уларнинг паспортига муҳр босилган, аммо, ўша “Уй дарфтари”да қайд қилинмаган… (Чоли тушмагур эринмасдан уларни номма-ном ошкор қилди).

Ўн олтинчиси, Миршакар (менинг қўшним!) кунда-кунора ичиб келиб, саккизинчи қаватга чиққунича тупуриб, папиросини саситиб ташлайди. Лифт ишлаганда, ачиб-сасиганидан унга чиққинг келмайди, бошқа пайт зиналарга оёқ қўйиб бўлмайди, буям камлик қилгандек, нафасинг бўғилиб, ўлай дейсан. Дунёда шунчалик маданиятсиз одам бормикин?.. Суф, сенга-ей…

Бу гапдан Миршакар қўшнимиз тутоқиб кетса керак, деб ўйлаган эдим, йўқ, чивин чаққанчалик таъсир қилмади. Қайтага, “чирт” эткизиб тупурганча, бурқситиб чекаверди…

Чол ҳам “маъруза”сини давом эттирди:

– Ўн еттинчиси, Матқобил хонадонида яширин цех ташкил қилган.

Ўн саккизинчиси, Жаннатхон уйида исловотхона очганига беш ойдан ошди. Қўшнилар билиб билмасликка, кўриб кўрмаслика олиб юрганига куюб кетаяпман. Ахир, насоғи ҳаммамизга тегмайдими, ёш ўғил-қизларимизнинг онгини бузмайдими бу шармандалик?!

Айтиб қўяй, ҳамма фактларим аниқ тасдиқланади!..

Юзига чаплаган бўёқлари хунукдан хунук кўрсатадиган Жаннатхон деган аёл чолнинг гапини эшитмаганга олиб, шартта ўртадаги йўлакка кириб кетди…

Эҳ-ҳе, чоли тушмагур “қора рўйхат”ини тегишли идорага бериб юборса, кўпқаватли уйимиз ҳувиллаб қолади-ку…

Ҳаммаси бири-биридан баттар жиноят эмасми?!

Жалолиддин Румий: “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл”, деб ёзган экан. Хўш, қаршимда ўтирган қўшниларимнинг аслими бу, ё кўрингани?!

Чол ҳаммасини аёвсиз ошкор этиб ташлади.

Шу билан мажлис поёнига етди, деб нотўғри ўйлаган эканман. “Қора рўйхат”да ўзим ҳам борлигимни билиб, ҳайрон қолдим. Бўлиши мумкин эмас. Ахир, мен ҳеч кимнинг мушугини “пишт” демайман-ку…

– Янги қўшнимизнинг давлатга келтираётган зарарини чўтга ташласак, ҳамманикидан ошиб тушаркан,– деди чол кекирдагини чўзиб.– Меҳмондўст бўлиш яхши, бироқ, эви билан-да. Меъёр деган нарса бўлиши керак-ку, ахир. Бўрибойнинг (яъни, каминанинг) уйига ўтган ойда кам эмас – ўттиздан ортиқ меҳмон келган. Булар ҳали мен кўрганларим! Кўрмай қолганларим-чи? Қанча иссиқ сув, ичимлик суви, газ беҳудага сарфланяпти?! Уйида пропискада бўлган уч киши учун пул тўланса-да, ўттизталаб одамга сув, газ ва бошқа нарсалар исроф бўлаверишини қандоқ изоҳлаш мумкин?

Чолнинг сўнгги сўзлари учун исбот талаб қилишимга ҳожат йўқ эди!..

У, гапим тамом, дегандек дафтарини ёпди.

Ё, алҳазар! Айбим ҳамманикидан зиёдага ўхшайди-я?! Наҳот, шунчалик зараркунанда бўлсам?! Шу тобда ўзимдан нафратланиб кетдим…

Бир алфозда уйга чиқсам, кеча меҳмонга келишган собиқ синфдошлар бамайлихотир ўтиришибди. Бири душга тушаётган экан (ичкарида сувнинг шалоплаган товушидан юрагим бир қалқиб тушди), иккинчиси сочиқни елкасига ташлаганча навбат кутяпти. Бошқалари балконда папирос тутатиб, хуморидан чиқишяпти…

Жимгина ошхонага ўтдим. Газнинг тўртта «кўзи»да ҳам олов пориллаб турибди. Бирининг устида қозон, иккинчисида чойнак. Қолганлари эрмакка ёқиб қўйилганга ўхшайди. Уларни шартта ўчириб қўйдим. Негадир иккала жўмракдан ҳам сув оқизиб қўйилган. Сабабини сўрасам, хотиним мунча майдакаш бўлмасангиз, дегандек ғалати қараш қилди-да, секин минғирлади: «қувурларни тозалаш учун атай шундай қилдик…»

Кўз олдим тундлашиб, Остонақул буванинг кўлкаси пайдо бўлди. У гўё: «Ноинсоф!» деяётганга ўхшарди. Нима бало, туш кўряпманми ё ақлдан озяпман?!

Ижодхонамга киргач, катта кўзгуга боқдим. Ҳар куни ишга кетишдан аввал бўйинбоғимни тақаётиб, ўзимга бағоят бамаъни, салобатли кишидек кўринардим. Ҳозир эса, қандайдир пандавақига ўхшардим…

“Бу маҳалладан тинчгина кўчиб кетаман. Бошқа уйда ҳаётни янгидан бошлайман…

Шундан буён тўрт марта уйни алмаштирдим. Шаҳримиздаги энг чиройли кўп қаватли уйларда яшадим. Ҳамма маҳаллада ўша “Қора рўйхат”дагига ўхшаганлар етарли экан. Фақат, Остонақул бувадек ҳақиқатпарвар чолни қайтиб учратмадим…

Тўлқин ЭШБЕК 

http://darakchi.uz/uz/84247

МУТОЛАА 31.01.2020, 18:41
 Теглар: фельетон

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *