Ҳақиқий шогирданинг дил сўзлари

Журналистика факультетида гоҳида энг истеъдодлилар гуруҳи

пайдо бўлиб қолади. Мен ҳам 2002-2004 йилларда меҳр ва ҳаяжон билан дарс ўтган бир курсдан Нурхон Элмирзаева, Беҳзод Шукуров, Фахриддин Ҳайит, Олим Тўрақулов, Феруза Қувонова, Шуҳрат Ориф, Ҳусниддин Бердиев каби забардаст журналистлар етишиб чиққанидан қалбим ғурурга тўлади. Уларни фахр билан «Устозидан ўтаётган шогирдлар» дегим келади, дейди Дониш домланинг кўзларида қувонч ёшлари қалқиб.

Қуйида Нурхон қизимизнинг нурли, ўтли сатрларини ўқиб чиндан ҳам кўзёшларимни тия олмадим. Ота-она ва Устоз дуоси — саодат калитидир, деганларидек, барча шогирдларимизга фақат омад тилаб, эзгу тилаклар ила дуо қиламиз.

жур

УСТОЗИНГ КИМ ДЕБ СЎРСАЛАР, СИЗ ДЕЙИШДАН ҚУВОНАР КЎНГЛИМ
Устозим, меҳрибоним, дардкашим. Тўғриси, кеча кайфиятим йўқ эди, уйга қайтишда сизнинг фикрларингиз ўқиб, ўзимни тўхтатолмадим, кўз ёшларим шунчалик қуюлиб келдики, ҳатто жамоат жойида бўлишимга қарамай тиёлмадим уни (яхшиям қўёшдан ҳимояловчи кўзойнагим пана қилиб турди). Мен сизни нафақат бугунги улуғ айём, балки ҳар кун ҳар он қўлимга қалам олганимда эслайман. Устозимнинг йўлини бер деб сўрайман худодан. Сир эмас, болалагимдан адабиётни севардим ,усиз туролмасдим, китобларни саккиз опа, ака-сингиллар талашиб тортишиб ўқирдик, қизғонардик бир-биримиздан. Аммо сиз бизга дарс берганингиздан кейин ҳатто йўлимда ҳам китоб ўқиб юрадиган бўлдим. Мактабга боришда ёки қайтишда йўлга бир разм солиб олардимда четгинадан юрганча китоб ўқиб кетаверардим. Асардаги воқеалар ривожи шунчалик маҳлиё этардики, уйқу келмасди кўзга. Жуда кечгача китоб ўқиганимдан онам «кўзингни тамом қиласан болам, бугунга етади, бўлди ухла», деб чироқни ўчириб кетардилар. Аммо қани уйқу келса, кейин нима бўлади деган савол тинчлик бермасди. Уйимизда ҳамма чироқлар ўчгани билан айвондаги чироқ ўчирилмасди, астагина эшикни қия очардим, лентадек ёруғлик мени хонамга югуриб кирарди худди уям менга илҳақдек, бесамар кетаётган нурларини менга илингандек. Хуллас севимли китобимни ана шу лентага тўғрилардимда яна мутолаани давом эттирардим. Унинг завқини туйиш нақадар бахт, сокин кеча, табиат уйқуда, фақатгина чигиртка ва қурбақаларнинг суҳбатигина эишитилади, улар ҳам худди «ўқи, биз ҳам уйғоқмиз», деяётгандек туюларди. Шу зайлда тонг отганини ҳам билмай қолардим. Айтингчи, мени китобга яанада ошно қилган инсонни устоз демай бўладими, агар устозлик мақомига айтиладиган бунданда юқори таъриф бўлса унга ҳам лойиқсиз минг карра. Дарс вақтида достонларни шундай ўқиб берардингизки, юракларимиз сел бўлиб тинглардик, адабиёт дарси биз учун гўё байрам эди, бадиий кеча эди. Сиз туфайли узундан узун достонларга муҳаббатим ошди, ўзингиз айтганингиздек достонларни ўқиш одамни нотиқ қилиб қўяр экан, яхши суҳбатдошга айлантирар экан. Ундан кейин сизнинг суд материаллари асосида ёзганингиз – суд очеркларингизга ҳавасим тушди, менам ўзим билмаган ҳолда шу йўналишда қалам тебрата бошладим. Адолатчсизликка чидолмас эдингиз, ўзим ҳам шу йўлдаман ҳозир ва бундан роҳат оламан. Тўғри, бундай феъл билан бепарво яшаш анчайин мушкул, аммо унинг савоблиги, бир кунлик адолатнинг минг кунлик ибодатдан афзаллиги мени бу йўлдан қайтмасликка ундайди. Ўйлаб қарасам, мен айни кунларда сиз босиб ўтган йўллардаман ва бундан хурсанд бўламан! Чунки мен сизнинг йўлингизни, машаққатли йўлингизни, одамлар дардига шерик бўла олиш мартабангизни орзу қилган эдим. Аллоҳга шукр, ўзи шу бахтга етказаяпти. Бизга берган бир соатлик дарсларингиз учун минг кеча адолат йўлида курашсам ҳам кам. Чунки, ўқувчисининг кўнглига эзгулик, ҳақиқатпарастлик, шукроналик уруғини экиш ҳар қандай ўқитувчининг ҳам қўлидан келавермайди. Сизга тилакларим бир олам, бугун муборак сана баҳонасида уларнинг бир чимдиминигина баён эта олдим, ҳали бўғзимдагилари яна қанча. Аллоҳ бундан буён ҳам сизга муносиб, сизни юзингизни ерга қаратмайдиган ШОГИРД бўлиш бахтини берсин. Бу муқаддас сўз йўли, ҳақ йўли, адолат йўли, савоб йўлларидан айро тушмасин йўлимиз. Ўзи шундай сўзлари билан бизни сийласинки, ёзганларимиз одамлар қалбига сабодай кириб борсин, малҳам бўлсин! БОРИНГИЗГА ШУКР УСТОЗ!

Нурхон Элмирзаева,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *