Ҳожибой Тожибоев ва Тўлқин Эшбек
Оллоёр Бегалиевнинг мазкур мақоласини «Тошкент
ҳақиқати» газетасида «Ҳожибой қизиққа Қибрайдан мактуб» сарлавҳаси остида ёритган фидойи Бош муҳаррир Ғайратжон Шералиевга самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Ёзувчи дўстим Тўлқин Эшбек мумтоз адабиёт тарбияси ила суяги қотган. Ҳаммасига ишонарди. Мумтоз адабиёт вакилларининг ёзишмаларини топиб ўқирди ва ўзини ўшандай буюк тарих учун ёшликдан тайёрлаб борарди. Айниқса, ёзишмаларда. Деярли ҳар ҳафта кўришиб турсак ҳам, менга хатлар ёзарди. Бари адабиётга оид. Бирор нарсанинг маъносини сўрар ва албатта ёзма жавоб қайтаришимни илтимос қиларди. Телефонда сўрасангиз ҳам бўлади-ку, дердим: “Қуруқ гапни “дело”га тикиб бўлмайди, келажакда адабиётшунослар учун бу мактубларимиз бебаҳо материаллар бўлиши мумкин, уларни алоҳида папкада йиғиб боряпман, сиз ҳам йиғиб қўйинг”.
Мен уларни ташлаб юборганман, десам, ўзида қора қоғозда кўчирилган нусхаларини кўрсатарди: “Ҳеч бўлмаса, уй-музейимизда туради, болаларимиз, келажакдаги адабий муҳит вакиллари ёзишмаларимизни кўришади-ку, устоз!”
Бирор ўн йилдан кейин ҳаёт бутунлай ўзгариб кетди…
1995-йили Бекободдаги “Ўзметкомбинат”да таржимон бўлиб ишлаётганимда ҳам Тўлқиндан хатлар келиб турарди. Ҳамма қандай қилсам бугунга нон топаман, дея бозор иқтисодиёти билан кураша ётган бир пайтда кўнглига адабиёт муаммолари сиққанини қара…
Ана шу хатлардан бирида, раҳматли қизиқчи Ҳожибой Тожибоевга ёзилган мактуб ҳам бор экан. Тўлқин журналист сифатида санъат ва адабиёт дарғаларидан интервьюлар олишни қойиллатарди. Мен бундай устозлар олдига боришга юрагим бетламас, ёки бўйним ёр бермасди.
Тўлқин кўпинча: “Юринг фалончи устозни йўқлаб, интервью оламиз, ёнимда туринг, хотирам унча яхшимас, ҳамма гапни эслаб қололмайман, кейин қизиқарли саволларга устасиз, бир калла – битта калла, иккитаси эса…” – дея ияртиб, дам ҳофиз Фаҳриддин Умаров, гоҳ Пиримқул Қодиров, гоҳ Носир Фозилов, дам Олмахон Ҳайитованикига бориб қолардик. Жонли ижроларни эшитардик. Бу ҳофизларни жуда димоғдор бўлса керак деб ўйлар эканман. Йўқ, ҳамма қатори уйида эски кийимда, шортикда, бепардоз ҳолда гулларига шлангда сув қуйиб юришаркан. Яхши кутиб олишар экан. Матбуотда ёзиб бўлмайдиган қилиқлар қилишар, бепарда анекдотлар, хотиралар айтишаркан. Бари табиий, самимий.
Ҳожибой Тожибоевга ёзилган мактубда Тўлқин унинг санъатига шайдолиги, агар имкони бўлса, Қибрайдаги уйимга келиб меҳмони бўлиш ва сўз устаси ҳақида ёзмоқчи бўлган китоби учун интервью беришни сўраганди.
Мен Ҳожибой Тожибоевни шахсан 1986-йилдан бери танирдим. Қўшни тумандан, бизнинг қишлоқдан Яҳёхон эшонбобонинг невара-қизига уйланган (яна битта невараси “Исканжа” ва “Денгиз гули” сериалларида соқолдор бойоталар ролини ижро этаётган актёр Абдуқодир Яҳёев), почча қатори эди. Айрим тўйларда мен давракаш бўлганман, Ҳожибой ака қизиқчилик қиларди. Тошкентдаги театр институтини битказиб келганидан кейин бир муддат Душанбедаги тожик театрида ишлаб, кейин ўзимизнинг Нов туманидаги Шукур Бурхонов номидаги ўзбек театрига ишга келганди. Нов театрига ишга келган пайти қизиқчи сифатида Тожикистонда танилиб қолган, бир-икки маротиба ЎзТВда ҳам чиқиш қилганди. Ўша пайти Обид Асомов ва Мирза Холмедовлар ҳам Ҳожибойдан икки йилча кейин чиқишларни бошлашган бўлишса-да, Тошкентда улар кўпроқ машҳур эди. Ўша даврларда видеокассеталар кам, асосан аудио-микрокассеталар ҳамда тўй хизматлари билан машҳур бўлиш мумкин эди. Тошкентдаги битта тўйда вилоятлардаги ўнта тўйдан кўра кўпроқ машҳур бўласан ва соққа ишлайсан.
Ҳожибой ака актёрликни тугатган бўлса-да, саҳнада рол берилмасди. Негаки, Ҳожибой ака қўшилган спектаклнинг расвоси чиқарди – томошабин фақат унинг чиқишини кутар, бошқа актёрларнинг ўйини кўзларига кўринмас, “янгисидан бўсин!” каби луқмалар тушаверарди. Шу сабабли ҳам бошқа ёши катта актёрлар Ҳожибой акани ёмон кўришарди. Ҳожибой ака эзилган қул образида чиқса ҳам одамлар кулаверарди, бўлмаса бу асар фожеавий, яъни босмачилар комсомол Абдулла Набиевни қийнашмоқда!
Шу сабабли Ҳожибой ака спектакллар орасидаги танаффусда одамларни кулдуриб турар, парда ортида усталар тарақ-туруқ қилганча саҳнани ўзгартиришётган бўлишарди.
Ана шундай келишмовчиликлар орқасидан, Ҳожибой ака ҳофиз Шерали Жўраев таклифига кўра Андижон театрига ишга кетворди. Кейин у ердан ҳам қайтиб келиб, Тошкентга азимат қилишни мўлжаллаб турган пайти мен қизиқчига Тўлқин Эшбекнинг мактубини қишлоғидаги ҳовлисига олиб бордим.
Ҳожибой ака Тошкенга ишлаш учун кетишни мўлжаллаётгани, бирор ойнинг ичида бирор ишхонага ўрнашиб, ижарахона топганидан кейин Тўлқиннинг уйига ўтишини айтди.
Хуллас, қизиқчи сўзида турган, Тўлқиннинг Қибрайдаги тўрт хонали квартирасига борган, икки соатлик суҳбатлари тўрт соатларга чўзилиб кетган. Боиси қўни-қўшнилари машҳур қизиқчи келибди деганча, Тўлқинникига кириб бораверишган. Бу суҳбатлар натижасида каттагина китоб яратилган, уни кўриб чиқиш ва ўзимнинг ҳам хотираларимни киритишим учун Тўлқин почта орқали менга юборганди. Мен бу қўлёзмани таҳрир қилдим, Ҳожибой Тожибоевга дахлдор хотираларимни қўшимча қилдим. Кейин бу нарса сўзга талабчан кулгу устасининг нигоҳидан ўтказилган ва ёзилганларнинг ярми йўққа чиқарилган. Ана шунақа ўжар одам эди Ҳожибой Тожибоев!
Тўлқин ҳам сўзининг устидан чиқди: кўп ўтмай “Қизиқчилик мўъжизаси” сарлавҳали бадиаси “Адолат” газетасида ёритилди. Кўпчиликда катта қизиқиш уйғотган бу бадиа 2000 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида 5000 нусхада чоп этилган “Адашган қиз қисмати” тўпламидан ҳам ўрин олди. Тўпламга сўзбоши ёзган атоқли адиб Пиримқул Қодиров ўша бадиа ҳақида илиқ фикрлар билдирган.
Талабчан қизиқчи Ҳожибой Тожибоев ҳам Тўлқиннинг ўша бадиасига тан бериб кетди. Негаки, унда қизиқчининг бектарор санъати, ажиб “мўъжиза”си маҳорат билан ёритилганди.
Оллоёр ХЎЖАНДИЙ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Сўнгги фикрлар